Мавзу бўйича фойдаланилган адабиётлар
Ўзбекистон тарихи. Муаллифлар жамоаси. Тошкент. Академия. 2011.
Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Тошкент. Шарқ. 2000.
Шамсутдинов Р., Каримов Ш., Убайдуллаев Ў. Ватан тарихи. 2-китоб. Тошкент. Шарқ. 2010. (Лотин алифбосида).
Тиллабоев С.Б. Туркистон ўлкасининг маъмурий бошқарув тизимида маҳаллий аҳоли вакилларининг иштироки. Тошкент. Фан. 2008.
Усмонов Қ., Содиқов М., Обломуродов Н. Ўзбекистон тарихи. 1-қисм. Тошкент. 2002.
Юнусова Х. Тошкентда 1892 йилги халқ қўзғолони. Сариёғоч. 1998.
Исмоилова Ж. Х1Х асрнинг иккинчи ярми ХХ аср бошларида Тошкентнинг “янги шаҳар” қисми тарихи. Тошкент. Фан ва технология. 2004.
Мусаев Н. Туркистонда саноат ишлаб чиқаришининг вужудга келиши ва ривожланиши тарихидан (Х1Х асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошлари). – Тошкент, Молия-иқтисод, 2011.
Иргашев Ф.Р., Абдурахимова Н.А. Мустамлакачилик сиёсати ва Туркистоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи. – Тошкент, Академия. 2005.
Саидаҳмедов И. Давлат ва ҳуқуқ тарихи. Тошкент. Фан. 2006.
Абдурахимова Н.А. Ўзбекистон Россия империяси таркибида. Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. Тошкент. Шарқ. 2001. 128-149 бб.
Беҳбудий. Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси // Жаҳон адабиёти. 2003. Август. Б.146-156.
Ислам в Санк-Петербурге. Энциклопедический словарь. Выпуск 3. Москва-Нижний Новгород.: Медик. 2009.
Аҳмедов С. Тарихий ҳақиқат // Исмоил Гаспринский ва Туркистон. Тошкент. Шарқ. 2005.
Алимова Д. Жадидчилик ҳаракати ва унинг ижтимоий-сиёсий моҳияти. Жадидларнинг давлатчиликка оид қарашлари // Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. Тошкент, Шарқ. 2001. Б.149-171.
10- МАВЗУ. ТУРКИСТОНДА СОВЕТЛАР ҲУКМРОНЛИГИНИНГ ЎРНАТИЛИШИ. СОВЕТЛАР ОЛИБ БОРГАН МУСТАБИД СИЁСАТ
1-§. Туркистонда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши.
1917 йил 27 февралда Петроградда демократик инқилоб ғалаба қозониб, Россия императори Николай II тахтдан ағдариб ташланди. Бу инқилоб Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Хусусан, Туркистон жадидлари, зиёлилари ва ислом уламоларининг ташаббуслари билан 1917 йил мартида “Шўрои Исломия”, 1917 йил июнида “ Шўрои Уламо”, 1917 йил июлида “Турк Адами Марказияти” (“Турк федералистлари партияси”), 1917 йил сентябрда “Иттифоқи муслимин” каби сиёсий партиялар тузилди.
1917 йил 7 апрелда Петрограддаги Муваққат ҳукумат қарори билан Н.Н. Шчепкин раислигида Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети тузилди. Аммо, 1917 йилнинг апрел ва сентябр ойларида бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг I ва II қурултойлари Туркистон Мухторияти ташкил этиш ғоясини илгари суриб, ҳокимиятни ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларига беришга қарши чиқди. 1917 йил 20 сентябрдида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмон-ларининг қурултойидаги асосий масала Туркистон ўлкасининг сиёсий тузумини белгилаш эди. Ўша даврдаги манба тили билан айтганда “Қурултой... Туркистон Мухториятини тайин этишга жазм қилди”. Қурултой мухториятга “Туркистон Федератив Республикаси” деган номни қуйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойил ва меъёрларини белгилаб берди. Афсуски, бу режалар амалга ошмади.
1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) В.И.Ленин бошчилигидаги большевиклар (коммунистлар) Петроградда Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни зўравонлик билан эгалладилар. Тошкент шаҳрида 28 октябрда бошланган қуролли тўқнашувлар 1 ноябрда Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитасини қамоққа олиш билан якунланди. Туркистон большевиклари ўлкадаги бутун ҳокимиятни қўлга олиш учун шафқатсиз курашга киришдилар. Демократик кучлар эса бу ҳолга қатъий норозилик билдирдилар.
1917 йил 13-17ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган шаҳар ўз-ўзини бошқариш ташкилотларининг Туркистон ўлка съезди қатнашчилари ҳокимиятни тўлалигича большевиклар қўлига ўтишига кескин қаршилик кўрсатишди. Съезд ҳокимият масаласига оид қуйидаги резолюцияни қабул қилди: “ Туркистонда ҳокимиятни ишчи, деҳқон ва солдат депутатлари қўлига ўтиши билан ҳокимият масаласидаги мунозара шундай хулосага келди:
1.Россия инқилоби кўтарган халқнинг озодлиги, тенглиги, дўстлиги шиорлари остида Туркистон аҳолисининг 98 фоизини ташкил этувчи, 10 млн. сонли мусулмон аҳолиси миллий-маданий ўз-ўзини бошқаришнинг барча ҳуқуқларига эга;
2.Мусулмонларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва умуминсоний тараққиётига бўлган қизиқиши Қуръон ва Шариат қонунларидан ўзгача бўлиши мумкин эмас. Мусулмонлар инқилоб натижасида қўлга киритган ҳуқуқларни амалга оширирар экан Россиядаги сиёсий партияларнинг биронтаси таркибида фаолият кўрсатиши ва уларнинг партиявий курашларида қатнашиши мумкин эмас. Лекин, Россия фуқаролари билан умумий жамият манфаатларини ҳисобга олиб мамалакатни Таъсис мажлисига олиб борувчи ҳокимиятни қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқдир;
3.Бутун Россия доирасида ҳокимият қандай тузилишидан қатъий назар мусулмонлар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқларини маҳаллий шароитни яхши билган, мусулмонларнинг урф-одатлари ва яшаш шароитлари билан яхши таниш бўлган, халқнинг ҳоҳиш иродасига кўра янгича ҳаёт тартибларини жорий қила оладиган кишилардан иборат маҳаллий ҳокимият орқали амалга оширишлари мумкин. Шунинг учун маҳаллий ҳокимият биринчи навбатда мусулмон вакилларидан, маълум миқдорда бошқа сиёсий ташкилотларда фаолият кўрсатувчи, лекин мусулмонларга хайрихоҳ бўлган вакиллардан ташкил топиши керак;
4.Ҳокимиятни маҳаллий аҳоли манфаатлари учун тасодифий ва бегона бўлган ҳарбийлар, ишчилар ва деҳқон(крестьян)ларнинг майда гуруҳлари қўлидагина тўпланиб қолиши демократик принципларга мос эмас ва маҳаллий аҳолини ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги эркин ҳаракатларига кафолат бера олмайди”.
1917 йил 15-22 октябр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг III съездида 15 кишидан иборат ҳукумат- .Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети тузилди. Унда 8 та ўрин сўл эсерларга, 7 та ўрин большевиклар билан максималистларга берилиб, ҳукумат таркибига туб аҳоли вакилларидан битта ҳам вакил киритилмади. ХКС раиси лавозимини Ф.Колесов эгаллади.
Туркистонда ҳокимият большевиклар қўлига ўтиши билан ўлкада Муваққат ҳукуматнинг барча бўғинлари тугатилиб, ўрнига аввало жазо органлари ва совет бошқарув тизими ўрнатилди.
Туркистон ХКС 1917 йил 28 ноябрда ўлкада қизил гвардия бўлинмаларини тузиш ҳақида қарор қабул қилади. Бу бўлинмалар Совет тузуми ва большевикларга қарши кўтарилган дастлабки онгли чиқишларни бостиришда фаол иштирок этди.
Туркистон ХКС 1917 йил охирларида ўз қарори билан “Шўрои исломия” ва бошқа маҳаллий демократик ташкилотларни тарқатиб юборди. Бу ташкилотларнинг раҳбарлари кейинчалик Туркистон Мухторияти ҳукуматига қўшилдилар, айримлари истиқлолчилик ҳаракатига ғоявий раҳнамолик қилдилар. “Шўрои Уламо” ташкилотининг Тошкент шўбаси фақат 1918 йил 13 майда ёпиб қўйилди.
Туркистон ўлкаси ХКС ўзининг тузилиши ва бошқарув аппаратлари жиҳатидан тубдан фарқланувчи ҳукумат эди. Туркистон ХКС таркибига кирган 15 та комиссарлик ўлкадаги бошқарув ишларини бутунлай қамраб олган бўлиб, бошқарув тизимининг фарқли томони шунда эдики, Туркистон ХКС ташкил топган пайтдаёқ Россиядаги Марказий ҳукуматни тан олди. Чунончи, Туркистон ХКС раиси Ф.Колесов Петрограддаги ХКС номига юборган телеграммада қуйидагича таъкидлаган эди: “Комиссарлар Совети ўз олдига сизнинг ҳамма декретларингизни амалга ошириш вазифасини қўйди... Бизнинг тўла-тўкис қўллаб қувватлашимизни ҳисобга олишингизни сўраймиз”.
Тадқиқотчиларнинг (Қ.Ражабов, М. Ҳайдаров) фикрича, Туркистон ўлкаси янги ҳукумати ўша куннинг ўзида (1917й. 23 ноябр-Э.Б.) аҳолига қилган мурожаатида ҳам ўзининг асл мақсадларини яшириб ўтирмади. Мурожаатда ҳам телеграммада бўлгани каби қуйидагиларга алоҳида урғу берилган эди: “Халқ Комиссарлари Совети марказий ҳокимиятнинг барча декретларини оғишмай амалга оширади ва ўз фаолиятида съезднинг ...қарорларига амал қилади. Бу топшириқларни бажариш йўлидаги ҳар қандай қаршилик советлар томонидан кескин чоралар кўриш билан кутиб олинади”.
Тадқиқотчилар тўғри таъкидлаганларидек, Туркистон ХКС ўз фаолиятининг биринчи кунларидан бошлаб Совет сиёсатини амалга оширишга, Туркистон ўлкасида совет ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаттиқ ва астойдил киришди. Барча маҳаллий советларга зудлик билан қизил гвардия тузишга киришиш таклиф қилинди. Ўлка комиссарлиги таркибида бўлган ва бошқарувда асосий рол ўйнайдиган ҳарбий, ташқи савдо, шунингдек, почта, телеграф ва темир йўллар бошқаруви масалалари бутунлай Россиядаги тегишли идораларга бериб қўйилиши оқибатида Туркистон ХКС ижрочи органга айланиб қолди. Марказдан юборилган барча масъул ходимлар, турли комиссия ва ташкилотлар ўз сиёсатларини қўғирчоқ органга айланган ўлка ХКС орқали юритдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |