Аёллар
Ўзбекистон телевидениесида шўх болаларни тинчлантириш учун дори реклама қилишяпти. АҚШда бундай болаларни «даволашарди», бизга ҳам етиб келибди. Ушбу синдромнинг номи кўп, масалан – ADD (Attention Deficit Disorder/синдром дефицита внимания и гиперактивности). Бола шўх, фикрини, ҳаёлини жамлай олмайди, дарс қилиши қийин ва чўзилиб кетади.
Сабабларидан бири, туғилганда болани «кесарево» қилиб, раҳмдан кесиб олиш. Яъни бола табиий йўл билан туғилмайди, керакли бактерияларни онасидан олмайди. Оқибатда еган овқати нерв тизимига таъсир кўрсатиб туради, чунки яхшилаб ҳазм бўлмайди. Устига-устак, рационимизда карбогидратлар (углеводлар: шакар, нон, макарон, ширинлик-пишириқлар, картошка, крахмал) кўпайиб кетган. Булар ҳам асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Замонавий ҳаётда «кесарево» ҳаммага қулай, онага ҳам – туғишга қийналмайди, докторларга ҳам, – кутиш керак эмас, нархи ҳам қимматроқ.
Ундан ташқари, халқ орасида агар биринчисини «кесарево» қилиб туғса, аёл кейинги фарзандарини ҳам шу йўл билан туғиши шарт деган афсона тарқалган. Аслида, кейинчалик аёл ўзи ҳам табиий йўл билан фарзанд кўриши мумкин. Аммо, биринчи галда «кесарево» қилдиришгача олиб бориш керак эмас. 2-3та «кесарево»дан кейин бачадон ишдан чиқади, яъни аёл кўп туға олмайди, бу ҳам бир тарафдан бола туғмасликка қулай баҳона.
5-10 йил олдин модага кирган «кесарево»нинг таъсирини энди кўраяпмиз.
Мактабга чиқаётган болага келсак, унга сағал эътибор бериш керак бўлади, уни дориларга «ўтказиш» шарт эмас. АҚШда бўлсангиз ё бошқа ривожланган ва медицинаси «илғор» давлатларда яшасангиз, мактаб маъмурияти мажбуран фарзандингизни дориларга «ўтказиб» қўяди, бизда эса энди телевизордан реклама қилиняпти, витамин сифатида.
Эрга бериш
Бир кишининг синглиси четэлдаги ўқишдан қайтибди, дилемма – эрга чиқсинми ё ўқишни давом эттирсинми? Бакалаврни битиргандан сўнг, керак бўлса ундан илгари ҳам қизларимиз олдида турган альтернативаларни кўриб чиқайлик.
Эрга чиқиш.
Ўқиш. Бакалавр, магистратура.
Ишга тушиш.
Четэлга ишга ё ўқишга бориш. Бу ҳақда кўп ёзмайман. Шахсан қаршиман.
Қизлар олдидаги энг катта муаммоларни санаб ўтайлик, бу юқоридаги альтернативаларни танлашга ёрдам беради. Қизлар ҳозирда йигитлардан кўп, анча кўп. Эркаклар сони кам. Миллионлаб ўзбек Россияда ёки бошқа жойда деганимизда, уларнинг аксари эркаклар. Албатта ёши катталари ҳам бор, йигитлар ҳам бор. Буларнинг хотинлари, қизлари Ўзбекистонда қолган. Дисбалансни билиш учун қандайдир махфий тадқиқот маълумотига эга булиш шарт эмас. 2002 йили Москвага борганимда, битта-иккита ўзбек борлигини эшитгандик. 2003 йилда ҳам шундай. 2008 йилда борганимда Москвада ўзбеклар кўпайиб кетганидан ҳайратлангандим. 2010 йилдаги ташрифимда эса ўзимни Москвада худди Тошкентда юргандек ҳис қилгандим.
– Вам не мешают приезжие, – деб сўрасам москваликлардан,
– Йўғе, не мешают, деб жавоб беришганди.
Бу албатта демографик ўзгаришларга, аёллар касалликларига ҳам сабаб бўлаяпти. Кўкрак бези саратони кўпайгани, бу касаллик билан курашиш ва ташхис қўйиш, марафонлар югуриб, маблағ йиғиш ҳаракатларини ҳамма эслайди. Аёллар бачадони касалликлари ҳам бир-неча марта ортгани ҳам бошқа бир индикатор. Эркаклар йўқ, аёлларни вақтида ҳеч ким севмаяпти, улар ҳомиладор бўлмаяпти, туғмаяпти; бу нарсалар аёл организми учун мажбурий ҳолатлар, хоҳишга қараб эмас – ё туғаман ё карьера қиламан ё дунё айланаман эмас. Шу сабабли бу касалликлар кўпайиб кетди.
Қолаверса, яқин-яқингача аёл киши умри давомида 30-40 марта ҳайз кўрган ҳолос. Ҳозирда эса фарзанд кўриши камайиб кетгани учун жуда кўп сонли ҳайзлар аёл организмини зўриқтириб қўймоқда.
Бошқа бир параметр, бизда ёшлар кўп, шу жумладан эрга тегиши мумкин бўлган қизлар кўп, йилдан йилга улар сони ортиб бораверади. Радио ва телевидениеда 18 ёшда эрга тегиш ҳали эрта, деб ташвиқот қилингани билан, 16-18 ёшдаги ўзбек қизларини хотин қилса бўлади, лицейда ўқиса ҳам – улар туға олади, дунё қараши ҳам хотинлик ва келинлик қилишга етади, биз Якутия эмасмиз-ку… Уларда инсонлар анча кеч етишади, балоғатга етади, деб эшитгандим. Албатта, бутун бу турмушга чиқишга лойиқ қизлар армияси босим ўтказаверади жамиятга – «ўнинчи синф қизлари, дўмбоққина юзлари…»
Психологияда эскейпизм – воқеликдан қочиш, ҳаёт муаммолари кўпайиб кетганда турли фойдасиз ишлар ортига беркиниш тушунчаси мавжуд. Масалан, кунлаб компьютер ўйнаш, китоб ўқиш, алкоголизм, наркомания шулар жумласидан. Замонавий эскейпизмнинг яна бир кўриниши – магистратура. Бакалавриатни эндигина битириб яна ўқиш шарт эмас. Магистратурани нотўғри тушунамиз, бакалаврда билим чала берилган, деган фикр бор. Албатта, бунга институтлар ҳам ёрдамлашади, кичик бизнес – катта ғурур, студент кўп бўлса, нур устига.
АҚШда магистратурага 40-50 ёшларда кирадилар – билимни янгилаш мақсадида. Англияда магистратурага эса асосан илм-фан билан шуғулланмоқчи бўлганлар киради, бу докторантурага қадам. Қайтараман, бакалаврнинг ўзи етарли, агар олим ё домла бўлиш ниятингиз бўлмаса. Шунда ҳам амалиётни, ҳаётни кўринг, тажриба муҳим.
Демак, ёши ўтиши билан, магистратурага ё ишга, ҳатто бакалаврга кириб, чалғиб қолган қизлар ўзларидан ёшроқ, ёқимлироқ қизларга қарши рақобатда бўлишга мажбур бўлиб қоляптилар. Эрга тегиш, хотин бўлиш ҳам бир бозор. Талаб ва таклиф қоидаларига бўйсунади. Йигит ва эркаклар ҳозирда бўлажак турмуш ўртоқларини қўпол бўлса ҳам, чертиб-чертиб, энг зўрини, «пробеги» йўғини, соғлом-чиройлисини танлашлари мумкин. Вақт эса қиз-жувонларимизга қарши. Ўқишни давом эттиради, практика дейди, ишхона дейди, арзимас ойликка ясан-тусан, миниюбка, туғилган кунлар, байрамлар дессерт-кафе ва чизкейклар – хуллас, муҳим нарса, оила қуриш, она бўлиш қолиб кетяпти, қарабсизги 27-30 ёшни «уриб» қўяди, ундан ёшроқ қизлар эса легион. Ишхонадаги аҳвол ҳам маълум, аёллар ишхонада бошқарилиши осон ва арзон бўлган иш кучи.
Ишга кириб, ойлик олгандан кейин эса, ота-онасини боқишга тушади, ўз оиласи унга боғланиб қолади. Фараз қилинг, 1-2 млн сўмлик ойлик ҳозирги кунда рўзғорда муҳим роль ўйнаяпти. Қиз 6-8 млн сўм (1000$) ишлаб топса, уни ота-онаси эрга бериб қўярмиди? Эрга бермасликни, келиб турган пулдан айирмасликнинг баҳонаси кўп – яхши жойдан совчилар келмаяпти, қизимиз карьера қилмоқчи, ўта инжиқ ва ҳоказо. Ҳозирда эрга чиққан қизларини ҳам, керак бўлса, ажратиб, уйга қайтариб олиб келиш бошланган, ҳаммасига қизининг ойлик маоши сабаб. Шунинг учун ҳам қизларни ҳаддан ташқари ўқитиб юборишни ёқтирмайман, инглиз тили, компьютер, кўп пул топадиган касблар – албатта, шунча инвестициядан кейин, у қиз пул топишни бошлагандан сўнг – «такая корова нужна самому» бошланади. Унинг ўрнига қизларимизга хотин бўлишни ўргатайлик: эри билан муомала қилишни, тўғри кийинишни… Тошкентдаги бир меҳмонхонасининг ёнида чамаси 5-6 ёшдаги гадой қизга хурсанд бўлиб пул бердим, чунки ўзбекча кўйлак ва лозим кийган экан, баракалла, демоқчи бўлдим. Атрофдаги танноз бўйи етган қизларимиз тирсиллатиб шим кийиб олган, оғзида сақич, қора кўзойнак, ўзбекча гапиришни эп кўришмайди, хуллас «Мадоннасан-де, ягонасан-де…»
Барибир, вақтида эрга чиқмаган аёл бизларнинг диёрда ҳаётидан қониқмайди. Европа ё АҚШда феминизм асрлар давомидаги феномен, улар гормонал дори ичади, турли психологик ҳийлалар қўллашади ва ҳоказо. Лекин бизда уйда ўтириб қолган қизларимизда афсусланиш пайдо бўлади, айниқса ака-укасининг хотинларини, турмушга чиққан опа-сингилларини кўрганида, уларнинг ўз фарзандлари билан қувонишганида. Буни ўн йиллаб муддатга кўпайтиринг. Қолаверса, эркаксиз яшаган аёлда жинсий эҳтиёж қондирилмайди, бу сабабли у жиззаки ва қўпол муомалали бўлиб қолади. Атрофдагилар учун бу албатта катта юк.
Ушбу эрсиз аёллар ўзларининг ота-оналари, ака-укалари оилаларида туради. Уларнинг алоҳида квартиралари бўлиш эҳтимоли кам. Асосий ижтимоий муҳофаза институтимиз бу оила. Ёш болалар ҳам, қариялар ҳам, қари қизлар, ногиронлар ҳам оилада боқилади. Биз АҚШда эмасмиз-ку, – у ерда қариб қолган Нью-Йоркдаги яҳудийга поляк, мексикалик ё ўзбекларни хизматкор қилиб бириктириб қўйишади, ўз оиласи эса бемалол ялло қилиб юради. Йўқ, қизларнинг тақдирига аралашиш лозим, қизларни эрга бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |