Kechikish
– Hech gul bermaysiz, – maʼyus kuldi ayoli.
– Toʻyimizda berganman-ku! – hazilga oldi erkak.
– Shungayam oʻn yil boʻlibdi-ya…
– Hali senga koʻp gul beraman. Hayotimiz oldinda…
Ammo har kuni gulbozordan oʻtarkan, erkak oʻylardi: “Biror kun albatta gul olaman!”
…Vaʼdasini bajarib nihoyat guldasta oldi. Uni ayolining qabriga qoʻydi.
Vatan va sevgi
Ular internetda tanishishdi. Uch yillik yozishmalardan soʻng bir-birisiz turolmasliklarini tushunishdi. Ammo, bir “lekin”i bor edi. Yigit boshqa millat, qiz oʻzga ellik edi.
– Men vatanimni, uyimni tashlab ketolmayman, – dedi qiz. – Birga boʻlishimizni istasangiz, oʻzingiz keling! Shu yerda, mening diyorimda bir umr baxtli-saodatli yashaymiz…
Yigit koʻp oʻylanmadi: darrov rozi boʻldi. Koʻp oʻtmay qizning qarshisida paydo boʻldi.
– Sizga turmushga chiqolmayman, – dedi qiz poyiga choʻkkan yigitga qarab. – Vatanidan, oilasidan bir zumda kechgan inson mendan qancha vaqtda kechib ketarkin? Ortingizga qayting, sizni oq yuvib, oq taragan tuprogʻingizdan ayrilmang.
Ijodkor
– Men katta yozuvchi boʻlmoqchiman! – dedi u xotiniga, farzandlariga. – Ijod qilayotganimda halal bermanglar!
U tunu-kun ijod qildi. Unga koʻzlarini moʻltiratib tikkan qizini ham, yurak yutib boʻyniga osilolmagan oʻgʻlini ham koʻrmadi. Juftiga bagʻishlolmagan izhorlarini kitobiga bitdi. Farzandlariga ayta olmagan shirin soʻzlarini kitobiga yozdi. Oilasiga koʻrsatolmagan gʻamxoʻrlikni kitobda isbotladi!
U tanildi. Uning shoh asarlari minglab nusxalarda chop etildi. U shon-shuhratga burkandi.
– Endi yetar, – dedi bir kun qoʻlidagi qalamni qoʻyib. – Keksayibman…
Shunday deya atrofiga qaradi: hech kim yoʻq edi. U bir uyum kitoblari ichra yolgʻiz qolgandi.
БЎЛГАН ВОҚЕА.
Уйда ота-бола суҳбатлашиб ўтирар эди, тўсатдан кимдир эшикни зарда билан тақиллатибди. Ўғил эшикни очибди. Ғазабнок бир киши турган экан. У ичкарига кириб на салом бермай, на алик олмай чолга қараб бақира кетибди:
- Аллоҳдан қўрқинг! Қарзларингизни қайтаринг. Узоқ йиллар кутдим. Сабр косам тўлди. Пулларимни беринг! - дебди...
Отасининг бундай ноқулай аҳволга тушиб қолганидан ўғил хафа бўлибди, кўзларидан ёшлари қуйилибди. Сўнг келган кишидан:
- Отамнинг сиздан қанча қарзлари бор? -дея сўрабди. Киши:
- Тўқсон мингдан ошиқ. Ўғил:
- Отамни ўз ҳолларига қўйинг, пулингизни мен бераман. -дебди-да хонасига кириб кетибди.
Ойликларидан тежаб йиғаётган йигирма етти минги бор эди. У бу пулларни, ўзи сабрсизлик билан кутаётган тўйига йиғаётган экан. Лекин отасининг ғамини аритишни устун деб билибди. Пулларни олиб чиқибди ва:
- Мана пул олинг. Худо хоҳласа қолганини ҳам тез орада тўлаймиз, - дебди.
Бечора ота йиғлаб юборибди ва қарзини сўраб келган кишидан, пулларни ўғлига қайтаришини сўрабди. Бу пуллар ўғлига жуда зарурлигини, унинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтиб ёлворибди.
Пулларни олган киши чолнинг гапларини эшитмай хонадан тезда чиқиб кетибди. Ўғил кетидан чиқибди ва пулларни ўзида олиб қолишини, отасига бошқа қарз масаласида мурожаат қилмаслигини, ўзига айтишини илтимос қилибди.
Сўнг отасининг ёнига келиб, унинг пешонасидан ўпиб:
- Отажон! Бу пуллар сиздан азиз эмас! Қолган ишлар вақт-соати билан бўлади, - дебди.
Қари ота ўғлини қучоқлаб, ўпиб қўйибди:
- Аллоҳ сендан рози бўлсин ўғлим! Ишларингни ўнгласин! Хатоларингни кечирсин!
....Эртаси куни йигит терга ботиб ишлар экан, анчадан бери кўришмаган дўстлари келиб қолишибди. Салом аликдан сўнг уларнинг бири:
- Дўстим, кеча бой-бадавлат, катта тадбиркорлардан бўлган бир танишим билан суҳбатлашган эдим. У мендан ишончли, омонатдор, хулқ-атвори гўзал, холис ва ишини уддасидан чиқадиган қатъиятли одам топиб беришимни сўради. Мен сендан бошқа бундай сифатларга эга инсонни танимайман. Нима дейсан шу ишга киришасанми? Кел ҳозироқ ишдан бўшагин-да, кечки томон ўша тадбиркор билан учрашамиз.
....Йигитнинг кўзлари қувончдан порлаб кетибди:
- Бу отамнинг дуоси! Аллоҳга ҳамд бўлсин, ижобат қилди.-дебди.
....Кечқурун катта тадбиркор билан учрашув бўлибди. Йигит маъқул келибди. Ундан қанча ойлик олишини сўрабди.
Йигит:
-Ойлигим 4970 -дебди.
Тадбиркор:
-Эртага эрталаб бориб, ишдан бўшаб кел. Бугундан эътиборан ойлигинг 15000. Қўшимчасига даромаднинг 10% и сеники бўлади. Шинам уй-жой, замонавий машина ва олти ойлик маошингни сенга инъом қиламан. Уст-бошингни тўғирлаб оласан.
....Йигит қулоқларига ишонмабди. Ўзини тутиб туролмай йиғлаб юборибди. Тадбиркор ундан йиғлашининг сабабини сўрабди. Йигит икки кун аввал бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берибди. Йигитнинг гапларини эшитган тадбиркор қолган қарзларини ҳам қоплабди.
Do'stlaringiz bilan baham: |