СОПОЛЛИТЕПА — Сурхондарё вилоятининг (Музрабод тумани) Шеробод чўлини кесиб ўтган Ўланбулоқсой ёқасига жойлашган жез даврига оид археологик ёдгорлик. У 1968 й. археолог Л. Альбаум томонидан топилган. 1969—74 й.ларда А. Асқаров томонидан ўрганилган С.нинг майдони тахм. 3 га. Унинг 1 га.га яқин марказий қисми мудофаа деворлари б-н ўраб олинган. Қалъа атрофидаги майдоннинг катта қисми бузилиб, пахта далаларига айлантирилган. Тепанинг устки қисмида сопол синиклари калашиб ётганлиги учун у маҳаллий аҳоли орасида С. деб аталган. С.да ўтказилган археологик казишмалар натижасига кўра, унинг марказий қисми мурабба (82x82 м.) шаклида қурилган қалъадан иборат. Қалъанинг томонлари гўё 3 қатор мудофаа деворлари б-н ўраб олинган. Аслида эса, қалъани ўраб олган деворлар тизими ички ва ташқи йўлаксимон қопқонлардан ташкил топган бўлиб қалъа ташқи мудофаа чизиғида томонларга параллел қилиб 8 та йўлаксимон қопқонлар жойлаштирилган. Қалъанинг ички мудофаа чизиғининг марказига ва ҳар тўрт томон бурчакларига биттадан, ҳаммаси бўлиб 8 та йўлаксимон қопқонлар жойлаштирилган. Йўлаксимон қопқон тизимининг жойлашиш режасига кўра, қалъага кириш дарвозаси ҳам гўё 8 та. Аслида эса ҳақиқий дарвоза қалъа жан. томонининг марказига жойлашган, қолган «дарвозалар» ҳарбий хавф туғилганда қопқон вазифасини бажарган. Қалъанинг ички мудофаа тизимида, йўлаксимон қопқонлар оралиғида, ҳар томонда иккитадан мурабба шаклида қурилган хоналар бўлиб, уларга қалъа ички томонидан эшик очилган. Айнан ана шу хоналар томон қалъа ичига жойлашган турар жой мажмуалари оралаб тор кўчалар ўтган. Қалъа ичидаги турар жой мажмуалари унинг ички деворлари бўйлаб жойлашган. Улар ана шу кўчалар орқали 8 та маҳаллага бўлинган. Қалъа марказида эса очик, майдон бор. Қалъа дарвозасидан бошланган кенг йўл ва тор кўчалар ана шу майдон б-н боғланган. Буларнинг барчаси С. жамоаларининг мудофаа тизимини ташкил этган. Бундай мураккаб меъморий иншоот олдиндан ўйланган аниқ режа ва ғоя асосида қурилган. С. қалъа қўрғонининг меъморий тариҳи протошаҳар таркибини эслатади, уни махсус ўйлаб топилган мудофаа режаси эса амалий тажрибадан келиб чиқиб, қалъа бош режаси ғоясига қатьий бўйсундирилган. Айнан, мана шундай мудофаа тизими С. хавфсизлигини юкори даражада таъминлай олган. С. мудофаа тизимини ташкил этган узун йўлаклар дастлаб мудофаа иншооти вазифасини бажарган. Уларга мудофаа иншооти сифатида талаб сўнгач, секин-аста бошқа мақсадларда фойдаланилган. Mac, шим. ва шарқий ички йўлаклар хилхона сифатида фойдаланилса, ғарбий ва жан. йўлаклар кулолчилик устахоналари сифатида фойдаланилган. Ҳар бир маҳаллада уруғ жамоаларининг хилхоналари бўлиб, марҳумлар мудофаа деворлари остига, уйларнинг поли остига кўмилган. Уруғ бошликларининг қабрлари эса, одатда, оила ўчоғи рўпарасида учратилади.
С.да ўтказилган қазиш жараёнида 150 дан ортиқ турар жой мажмуалари очилди. Уларни маҳалла бўйича тақсимлаганда ҳар бир маҳалла майдонига 15—20 тагача оилавий турар жой мажмуалари тўғри келади. Лекин, улар бир вақтда бунёд этилмаган. С.да одамлар канча вақт яшаганлигини ўрганиш мақсадида унинг ҳар хил жойларида шурфлар солинди. Шурф кесмаларига кура, мудофаа иншоотлари ва уй-жой мажмуалари пойдеворсиз қурилган. Оилавий уй-жой мажмуалари кўп хонали бўлиб, ҳар бир оилага қарашли кўп хонали уйнинг бири деворининг остида мўрили ўчоқ, иккинчисида сандал ўрни ёки тоза кулли қурбонгоҳ чуқурчаси, учинчисидан эса омборхона сифатида фойдаланилган. Булар оила бирлигини англатувчи муҳим белги эди. Бир неча шундай оила бирликлари катта патриархал уруғ жамоасини ташкил этган. С. ана шундай катта патриархал уруғ жамоаларидан 8 тасини бирлаштирган қишлоқ жамоаси эди. С. уйлари ва мудофаа иншоотлари сомон қўшилган хом ғиштлардан қурилган. Уй деворлари андавалар ёрдамида силлиқ килиб сувалган (топилмалар орасида сопол андава ҳам бор), сувоқ устидан ҳаворанг оҳак б-н окланган.
Ҳар бир патриархал жамоа маҳалласи қошида уларнинг кундалик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кулолчилик цехи ва металл эритиш устахоналари мавжуд. Хоналарнинг баъзи бирлари тўқимачилик мақсадларига мослаб қурилган. Улар кенг ва узун бўлиб, тўқув дастгоҳини ўрнатишга мўлжаллаб қурилган. Ана шундай хоналарда урчуқ тошлар, суяк тароқлар, тош ва сопол қадоқтошлар кўпроқ учратилган. С.да тўқимачилик ипак, пахта ва ҳайвон юнги хом ашёси асосида қурилганлиги ҳақида далолат берувчи топилмалар бор.
С. сополлари чархда ясалган, 2 қаватли хумдонда пиширилган. Улар нафис, жарангдор, нақшсиз. Кулоллар сопол и. ч.да асосий эътиборни мутаносиблик ва шаклга қаратган. Улар жуда сифатли узун оёқли вазалар, конуссимон косалар ва нимкосалар, қадахлар ва хурмачалар, кўза ва кўзачалар, хум ва хумчалар, чойнак ва пиёлалар, тоғора ва лаганлардан иборат. С.да жездан қирғич ва пичоқлар, болта ва тешалар, игна ва бигиз, искана ва ранда тишлари, кўзгу ва муҳр, сурмадон ва хилма хил идишлар, билагузук, соч турмаклагичлар, сирға ва узуклар, тиллақош ва қош тергичлар ишлаб чиқарилган.
С. да 158 та қабр очилган. Уларнинг деярли барча ашёвий далиллари бутунлигича бизгача етиб келган. Қабрлар ҳоз. замон қабрларидан фарқ қил-майди: айвонча, айвончаларнинг ғарбий четида, ундан пастроқда лаҳад — жасадхона, унинг оғзи ярим энгаштирилиб терилган ғиштлар б-н беркитилган. Айвонча лаҳаддан чиққан тоза тупроқ б-н тўлғизилиб усти суваб қўйилган. Биргина фарқи С. лаҳадлари кенгроқ, қабр оғзига яқин бўш майдонга турли идиш товоқлар, меҳнат ва б. ҳарбий қуроллар, тақинчоқ, безак буюмлари ва б. қўйилган. Лаҳадда эркаклар ғужанак ҳолда ўнг томони б-н, аёллар эса чап томони б-н ётибди. Ҳар икки жинс ҳам кафанда эмас, балки ҳаётлик вақтидаги байрамона кийимда кўмилган. Эркаклар қабрида меҳнат ва ҳарбий қуроллар, аёллар қабрида турли хил тақинчоқ ва безаклар учрайди. Қабрлардан топилган ашёлар таркибига қараб, марҳумларнинг касбини аниқ айтиш мумкин. Демак, сополлитепаликлар эътиқодига кўра, улар нариги дунёда ҳам яшашда давом этишларини тасаввур қилганлар. Мозордаги ашёларнинг «бой ва камбағаллиги» уларнинг ёши ва жамоада тутган мавқеи б-н боглик бўлган. Қабрларда битгадан, баъзан эса иккитадан скелетлар учрайди. Баъ-зида аёлни эмизикли боласи б-н кўмиш ҳоллари ҳам учрайди. Узоқ ўтмишдаги аждодларимиз удумига кўра, она ўлса унинг эмизикли боласи б-н кўмиш табиий ҳол ҳисобланган бўлса керак. С.да ўрганилган жуфт қабрларда эркак ва аёл бирга кўмилган бўлиб, уларнинг биронтасининг суягида мажбурий ўлим излари учрамайди. Демак, улар ўз ажали ила ҳаёт б-н видолашганлар. Кейинроқ, кўчманчи мулкдор чорвадорлар орасида кўп хотинлик табиий ҳолга айланган ҳарбий демократия даврида «нариги дунёда ҳаётнинг давом этиши» ҳақидаги ибтидоий ақидага кўра, скиф подшолари ва қабила сардорлари б-н уларнинг хотин ва чўриларидан бир қисмини мажбурий ўддириб бирга кўмиш одат тусини олган. Ана шу одатнинг дастлабки илдизлари С.да кўзга ташланади, қабрларда одам жасади ўрнида майда ҳайвон скелетлари учратилган, бундай қабрлар кенотаф номи б-н аталади. Уларга бедарак йўқолган марҳум ўрнига жамоа дафн анъанасига кўра, унинг тирик жон мулкидан бир қўйни ўлдириб кўмиш лозим топилган. С. кенотаф қабрларининг деярли барчаси эркакларга тегишли эди.
С аҳолиси эътиқодида қуёшга, оловга сиғиниш ўз аксини топган. Унинг излари айрим хоналар майдонида учратилган сандал ўтхонаси сифатида қабул қилинган тоза кулли чуқурчалар эди. Буларнинг барчаси оташпарастлар эътиқодига алоқадор белгилар эди.
С. жамоаси мазкур масканда 150—200 й.лар чамаси яшаб, сув танқислигидан, сувга қулай янги унумдор ерлар қидириб, Шеробод дарёнинг қад. ўзани Бўстонсой сохилларига кўчиб кетадилар. Бу воқеалар мил. ав. 2-минг йилликнинг биринчи ярмида содир бўлди. С. деҳқонлари янги жойни ўзлаштириб, Ўзбекистон жан.да энг қад. илк шаҳарни барпо этадилар. У шаҳар Ўзбекистон тарихида Жарқўтон номи б-н аталиб, унинг протошаҳри С хисобланади.
Ад. Аскаров А., Сапаллитепа, Т., 1973; Аскаров А., Древнеземледельческая культура эпохи бронзы юга Узбекистана, Т., 1977.
Do'stlaringiz bilan baham: |