Миссионерликда нима учун ёшларга алоҳида эътибор берилади?
Ёшларнинг фаол ижтимоий кучга айланиб бораётгани бугунги кунда уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва, айни пайтда, энг ҳаракатчан қатлами экани инобатга олинмоқда.
“Ёшларнинг онгида қандай кайфият устунлигини айтсанг, мен сенга кейинги авлоднинг табиати қандай бўлишини айтиб бераман”,-деб ёзган эди инглиз сиёсий арбоби Эдмунд Берк. Шу нуқтаи назардан қараганда, миссионерларнинг жамиятнинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлод онгини эгаллаш, назорат қилишни кўзлаб иш юритаётганини қайд этиш лозим.
Қайд этилган мулоҳазалар нега ёшлар миссионерлик фаолиятининг асосий объектига айланганини муайян даражада тушуниш имконини беради. Миссионерликнинг таниқли назариётчиси П.Джонстоун талаба ёшларни миссионерлик фаолиятининг асосий объекти деб қараб, ўзининг “Дунё операцияси” китобида жумладан, шундай ёзади: “Бутун дунёда университет ва коллежларда 37 миллион талаба таҳсил олади. Уларнинг кўплари 20 йилдан сўнг йирик мансабларни эгаллашади”.
Тасаввур қилинг эртага ана шундай прозелитлардан бири, юқори давлат мансабларидан бирига кўтарилди. Ўша мансабдор энди давлат манфаати учун хизмат қилармикин ёки ўз раҳнамолари нағмасига ўйнармикан? Афсуски, ёшларимиз орасида ҳам бундайлар йўқ эмас. Уларнинг тилларидан Ватан танқиди ва Европа тақлиди тушмайди. Ўзларини «лидер», “юқори сиёсий онг эгаси” деб билган ҳолда улар хориждан келган айғоқчи миссионерларни ўзларига идеал қилиб олганлар.
“Зарғалдоқ” инқилоблар, турли диний экстремистик ҳаракатлар, террорчилик хуружларининг асосий иштирокчилари ёшлар экани эса юқоридаги каби эътиқодий ва ғоявий таъсир ва тазйиқлар қандай оқибатларга олиб келишини, ўсиб келаётган авлодга хос фаоллик ва социал энергиядан ғайриинсоний мақсадлар йўлида нечоғлик усталик билан фойдаланиш мумкинлигини яққол намойиш этади.
Миссионерларнинг аёллар орасида иш олиб боришга алоҳида эътибор бераётганининг сабаблари нимада?
Маълумки, аёллар ўз табиатига кўра, ишонувчан, ташқи таъсирга мойил бўладилар. Айни пайтда, улар ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадилар. Миссионерларга ўз мақсадларига эришишда аёлларга хос мана шундай маънавий-руҳий хусусиятлар айниқса қўл келади.
Оила - мўъжаз бир жамият. Миллатнинг бирлиги ва жипслиги, мамлакатдаги барқарорлик ва тараққиёт ана шу кичик жамият – оиладаги якдиллик ва аҳиллика боғлиқ. Бу прозелит аёлни тарбиялашга интилиш ортида жамиятда беқарорликни келтириб чиқариш, ижтимоий ва миллий тотувлик асосларига раҳна солишдек мақсад-муддаолар ётганини кўрсатади.
Оила - миллат ва мамлакатнинг келажаги бўлган ёшлар тарбияси амалга ошириладиган қутлуғ маскан. “Илк тарбия ҳамма нарсадан ҳам муҳим бўлиб, у шубҳасиз аёллар зиммасидадир”,-деб ёзган эди француз файласуфи Ж.Ж.Руссо. Шу нуқтаи назардан қараганда, миссионерларнинг аёлларга бўлган эътибори уларнинг эътиқодини ўзгартириш орқали фарзандлари дунёқарашини ҳам тегишли йўналишда шакллантириш, миллат, жамиятнинг эртанги кунини муайян йўсинга солишга бўлган интилиш билан белгиланишини ҳам таъкидлаш зарур.
Аёлларнинг улуши баптистлар ва пятидесятниклар черковларига қатнайдиганлар орасида 70, адвентистлар ва “Иегово шоҳидлари” орасида 80, пресвитериан черковларига қатнайдиганлар таркибида 90 фоизгача бориши эса миссионерларнинг ана шу мақсадлар йўлидаги хатти-ҳаракатларининг ҳаётий-амалий натижасдир.
Миссионерларнинг пенсионерларга бўлган эътиборини нима билан изоҳлаш мумкин?
Пенсионерлар бўш вақт ресурсига эга бўлган қатлам ҳисобланади. Муайян ҳолларда, уларда бу вақтни банд қилиш муаммоси ҳам бор. Шу билан бирга, пенсионерлар буви ва бува сифатида набиралар тарбиясида ҳам фаол иштирок этишларини иноабатга оладиган бўлсак, миссионерларнинг уларга бўлган эътиборининг туб моҳиятини англаб етиш мумкин.
“Тўлиқ Инжил христианлари”, пресвитериан, "Еттинчи кун адвентистлари”, баптистлар черковларига қатнайдиганларнинг ижтимоий таркибида пенсионерларнинг улуши 30-80 фоизни ташкил этиши ана шу эътиборнинг самарасидир.
Миссионерларнинг ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, хўжалик ва уй ишларида кўмаклашиш, уларга турли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олган совғаларни тақдим этиш амалиётини йўлга қўйгани эса бундай самарадорликка эришишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Нима учун миссионерлар кам сонли бўлган ногиронлар қатламига ҳам алоҳида эътибор билан қарайдилар?
Дарҳиқат, воқелик миссионерлар ногиронларга ҳам алоҳида эътибор билан қараётганини кўрсатмоқда. Албатта, бундай эътиборда ҳам психологик омилнинг ўрни бор. У ёки бу сабабга кўра ногирон бўлган одам бошқаларнинг кўмагига, маънавий-руҳий қўллаб-қувватлашига доимий эҳтиёжманд бўлади. Айнан мана шуни инобатга олган миссионерлар ногиронлар, жумладан, кар-соқовлар орасида иш олиб боришга ҳаракат қилишмоқда.
Шу билан бирга, яна бир ҳолатни унутмаслик лозим. Айрим касалликлар билан боғлиқ ҳолатларни истисно этганда, ногиронлар, кўзи ожизлар, кар-соқовлардан ҳам соғлом фарзанд туғилади. Бунда миссионерларнинг стратегик мақсади ногирон ота-оанлар орқали ана шу соғлом болаларнинг келажагига эгалик қилишдек манфур ният ётганини англаш қийин эмас. Хусусан, “Тўлиқ Инжил христианлари”, баптистлик йўналишларига мансуб айрим черковлар кар-соқовлар билан ишлашга алоҳида эътибор бераётгани, ибодат пайтларида сурдо таржимани йўлга қўйганини, баъзи ҳолларда махсус ибодат хоналари ташкил этганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.
Тажриба аксарият ҳолларда жойлардаги соҳага мутасадди ташкилотлар ва раҳбарларнинг ногиронларнинг мавжуд муаммоларини ҳал қилишга масъулиятсизлик билан ёндашиши, эҳтиёж, қизиқиш ва интилишларига бефарқлиги ҳам бу қатлам вакилларининг миссионерларнинг осон ўлжасига айланишига олиб келишини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |