ЕТТИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин. Бу киши соҳиби каромат, олими раббоний, Қуръони карим ва пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини халққа етказиб, ислом дини ривожига муҳим ҳисса қўшган валиюллоҳдир.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари 1318 йил Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Ул зоти шариф шарофатидан қишлоқнинг номи Қасри Орифонга айланган.
Абулҳасан Муҳаммад Боқир бин Муҳаммад Алининг “Мақомоти шоҳи Нақшбанд” китобида ёзилишича, Баҳоуддинга бевосита Саййид Мир Кулол устозлик қилган. Ҳазрат она томонидан сиддиқийдир, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари 1389 йил Қасри Орифонда вафот этган
Бухоро... Таъбир жоиз бўлса, тарихнинг ўзидан-да қадимийроқ, жаҳон маънавий-маърифий хазинасини ўзининг фозил фарзандлари ақлу тафаккури билан бойитган бошқа бир воҳани топиш қийин. Мозийга доялик қилган бу гўшани бир кўрмоқ, унда бир кунгина бўлса-да, бўлмоқ армони не-не улуғларни безовта қилмаган дейсиз.
Барҳаёт анъаналар
Бухоро... Таъбир жоиз бўлса, тарихнинг ўзидан-да қадимийроқ, жаҳон маънавий-маърифий хазинасини ўзининг фозил фарзандлари ақлу тафаккури билан бойитган бошқа бир воҳани топиш қийин. Мозийга доялик қилган бу гўшани бир кўрмоқ, унда бир кунгина бўлса-да, бўлмоқ армони не-не улуғларни безовта қилмаган дейсиз.
Айниқса, ўзига хос фазилатлари кўп бўлган Хожагония тариқатининг етти улуғ пири мангу қўним топган қадамжоларни зиёрат қилиш кўплаб мусулмонлар учун алоҳида орзу ҳисобланади.
Албатта, ислом маърифий оламида пирлар, мўътабар фозиллар кўп ўтган. Аммо Хожагония-Нақшбандия тариқатининг асрлар силсиласида ҳамиша обрў ва эътибор қозониши боиси шундаки, у инсонни ҳамиша яратувчиликка, меҳнатга, ҳалол ризқ топишга ундайди. Ҳар қандай зуҳд ё тарки дунёчиликдан фарқли ўлароқ, “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда, қалбинг Оллоҳда бўлсин” ақидаси жамиятнинг барча қатлами учун бирдек аҳамиятга эгадир.
Давлатимиз раҳбарининг Етти пир зиёратгоҳлари мажмуаларини реконструкция қилиш ва янги сайёҳлик йўналишини очиш борасидаги кўрсатмалари нафақат бухороликлар, балки маърифатдан хабардор барча зиё аҳлининг кўнглини равшан этди. Эндиликда умумий узунлиги 120 километр бўлган ушбу мажмуалар ягона сайёҳлик маршрути орқали туташмоқда. Зиёратгоҳлар атрофи, уларга олиб борадиган йўллар ободонлаштирилиб, таъмирланмоқда. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуалар негизида меҳмонхона, чойхона, савдо шохобчалари, автотураргоҳлар бунёд этилмоқда.
Келинг, ҳозир сиз билан бирга кўҳна ва боқий Бухорода жойлашган Етти пир бўйлаб саёҳат қилайлик.
Саёҳатимизни Етти пир силсиласининг боши ҳисобланмиш “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” зиёратгоҳидан бошлаймиз.
Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Илму ҳол ва илму қолни ўзлаштириб улғайган. Мусулмонларни тўғри йўлга бошлаб шайхлик даражасига етган. Ул зотга “Хўжаи Жаҳон”, “Қалб зикри султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби кўплаб нисбалар берилган. Ҳазрат Хожагон тариқатига асос солган. Шу жойда тариқат пешвоси бўлиб “бўз тўқиш” касби билан шуғулланган. Хожагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашган, инсониятни тамаъ ва миннатдан қайтариб, ҳалол меҳнат орқасидан кун кечиришга, Оллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаган. Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йил (баъзи манбаларда 1220 йил) Ғиждувон шаҳрида вафот этган, қабрлари ҳам шу ерда жойлашган.
Буюк соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо уни амалга ошира олмайди. Бу эзгу ниятни кейинчалик Мирзо Улуғбек амалга оширади. 1433 йилда ёшларнинг Қуръон, ҳадис, фиқх ва тафсир илмларини ўзлаштириши учун “Улуғбек” номли мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдиради. Кейинчалик Бухоро амири Абдуллахон Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.
Собиқ шўролар даврида 1957 йили ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса селитра, аммафос каби кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхонага айлантирилади.
Истиқлол шарофати билан 2003 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг 900 йиллик таваллуди муносабати билан кенг кўламли ободончилик ишлари амалга оширилди. Жумладан, ҳазрат қабрининг устида ўн устунли айвон янгидан барпо қилинади. Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганлиги рамзий белгиси эди. Мақбара ёнида 1500 кишини сиғдира оладиган янги жомеъ масжиди қурилиб, шўролар даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта тикланади. Масжид ва мажмуа атрофида 4 гектарли кўркам хиёбон барпо этилади.
Хожагон-нақшбандия тариқатидаги “Силсилаи шариф”нинг муҳим халқасидан ўрин олган Абдухолиқ Ғиждувоний меъморий мажмуасидаги жомеъ масжиди (айниқса, ҳайит кунлари) камида 6-7 минг нафар намозхон билан гавжум бўлар экан. Мажмуа таркибидаги мадрасада эса, аниқроғи, тасаввуф мактабида юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган имо-хатиблар қайта ўқитилаяпти. Мажмуада айни пайтда барпо этилаётган янги айвон ва масжидни ҳам яқин вақтларда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Хазирани ҳам қайта тиклаш режалаштирилган бўлиб, яқин орада бу муҳим ишга киришилади. Таҳоратхона, кушхона ва ошхона қурилиши жадал давом эттирилмоқда.
Қайта таъмирдан чиқарилган масжид аввал 700 намозхонга хизмат қилган бўлса, бугун бу ерда 1000 киши намоз ўқияпти. Меъморий мажмуа атрофида барпо этилаётган 3 қаватли янги меҳмонхонада ҳам ишлар жадал бормоқда. Ҳудуддаги Улуғбек мадрасасида қисман реставрация ишлари амалга оширилди. Музей ташкил қилиниб, ундан XV-XX асрга мансуб экспонатлар жой олди.
Маълумотларга кўра, ушбу мажмуага ҳар куни 200 га яқин маҳаллий, 50 нафардан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюради.
Етти пирнинг иккинчиси, яъни Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳи сари Шофиркон туманига борар эканмиз, катта йўл бўйидаги “Ҳалол-Фут” кафесига кўзимиз тушди. Ўзига хос тамаддихона маҳаллий ва хорижий саёҳатчиларни хушнуд кутиб олишга ҳамиша шай. Исми жисмига монанд ушбу масканда меҳмонлар энг сара миллий таомлар, янги узилган мева-чевалар билан тамадди қилади.
Ғиждувондан Шофирконга, яъни Абдухолиқ Ғиждувоний меъморий мажмуасидан “Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон” зиёратгоҳига етиб келиш учун турли автоуловларда 2-3 минг сўмга етиб келишингиз мумкин. Етти пирдан бири сифатида донг таратган, машҳур “Орифнома” номли мўътабар асар муаллифи Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси бўлиб, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг тариқат, маърифат, ҳақиқат осмонида парвоз қилишида бир қанот бўлган. “Хожа Орифнинг илму маърифати шарофати билан, - деб ёзган эди шофирконлик адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул – Шофирконда такрорланмас руҳоният “қасри” майдонга келган. Афсуски, Хожанинг ўлимлари билан ўша мавжудлик ҳам ғойиб бўлган. Лекин Хожа Орифнинг камолот тажрибалари, диний-тасаввуфий сабоқлари боқий қолган”. Хожа Ориф Ревгар қишлоғида таваллуд топиб, 100 йилдан ортиқ умр кўрган, ҳаётининг асосий қисмини шу қишлоқда ўтказган. Хожа Ориф 1259 йилда вафот этган.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон номи билан аталадиган жомъе масжиди ул зотнинг ўзи ҳаётлик чоғида қурилган бўлиб, ҳозирги жомеъ масжиди ўрнида катта хонақоҳ, унинг шимол тарафида 40 зинали азон айтиш учун мослама бўлган. Муаззин ўша ердан туриб азон айтган.
Зиёратгоҳдаги даҳма ёғочдан ўраб олинган бўлиб, ҳазрат қабри устида оппоқ тиканли ўсимлик ҳеч оқлигини йўқотмасдан кўкариб турар экан. Зиёратгоҳнинг қибла томонида чиллахоналар бўлган ва узун айвон шимолга қараган ҳамда юқори тарафида катта мевали боғ бўлган. Кўпчилик мусофирлар зиёратга келиб, шу боғ мевасидан танновул қилганлар. Айвон олдидаги катта ҳовуздан сув ичилган. Ҳозирги зиёратгоҳдаги 3 томонли айвон жуда қадимий.
Шофиркон туманида жойлашган Хожа Ориф Ревгарий қадамжосида яқинда қурилиб, фойдаланишга топширилган туман тарихи ва маданияти музейи биносида 100 га яқин турли адабий-бадиий, маънавий-маърифий адабиётлар жам бўлган мўъжаз кутубхона ҳам ташкил этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур зиё масканига маҳаллий аҳоли ҳам кутубхона фондини янада бойитишга ўз ҳиссасини қўшаяпти.
Музей экспонатлари орасида X-XII асрларга оид буюмлар, кулолчилик намуналари, ўша даврга оид либосларни ҳам учратиш мумкин. Музейнинг археология бўлими яқин кунларда фаолият бошлаб, ташриф буюрувчилар учун кўплаб янги экспонатларини ҳавола этади. Шунингдек, музейда Шофирконнинг улуғ алломалари, фан ва маданият намояндалари ҳақида маълумотлар, ўзининг бутун онгли ҳаётини эл-юрт фаровонлиги йўлида бахш этган кишиларнинг фото суратлари ўрин олади.
Ҳудудда қўшимча равишда 40 ўринли меҳмонхона қурилмоқда, шунингдек, яқинда фойдаланишга топширилган 3 қаватли 100 ўринли замонавий меҳмонхона сайёҳлар хизматида эканини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.
Кейинги манзил Вобкент туманидаги “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” зиёратгоҳи. Бу ерга ҳам турли автоуловларда 2-3 минг сўмга етиб олиш мумкин.
“Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” зиёратгоҳи шўролар замонида қаровсиз, жуда хароб ҳолда эди. Бу ердаги масжид эса колхоз омборига айлантирилган. Истиқлол йиллари ушбу зиёратгоҳда ҳам қайта қуриш ва ободончилик ишлари амалга оширилди. 1999-2000 йиларда ҳашар йўли билан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қабри устига икки қаватли мақбара, 300 кишини сиғдирадиган уч айвонли янги жомеь масжиди, ҳовуз, дарвозахона, меҳмонхона, замонавий таҳоратхона қуриб битказилди. Масжид ҳовлисида манзарали ва мевали дарахтлар ўтказилиб, боғ-роғлар ташкил қилинди. Зиёратга ва намозга келадиганлар учун барча қулай шароит яратилди. Жомеь масжиди эса 1998 йил расман рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсата бошлади. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий силсилаи-шарифда ўн иккинчи ҳалқанинг пири муршиди, Хожа Ориф Моҳитобоннинг шогирди, Хожа Али Ромитанийнинг устози бўлиб, 13-асрда Вобкент ҳудудида яшаб ўтганлар.
Анжир Фағнавий меъморий мажмуасида кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишларидан кўз қувнайди. Жорий йил май ойида фойдаланишга топширилган кўркамгина меҳмонхонада бир йўла 70 нафар зиёратчи мазмунли дам олиши мумкин. Меҳмонхона нархи ҳам қиммат эмас, Ўзбекистон фуқаролари учун 150 минг сўм (бир кеча-кундуз), хорижий меҳмонлар учун 40 АҚШ доллари. Таъмирдан чиқарилган имом-хатиб хонаси, кушхона, худойихона ҳамда 13 метрли минорани таъмирлаш ишлари ҳадемай поёнига етказилади. Мажмуа таркибида музей фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
Етти пирнинг тўртинчиси Ромитан туманида жойлашган “Хожа Али Ромитаний” зиёратгоҳи. Вобкент туманидан салкам 37 километр йўл босилади. Турли автоуловларда келмоқчи бўлганлар албатта Вобкент туманидан Ромитан тумани марказига келиши керак. Бунинг учун 5-6 минг сўм сарфланади. Ромитан тумани марказидан “Хожа Али Ромитаний” зиёратгоҳига бориш учун 5-6 минг сўм харажат қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |