БИРИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирриҳу – Хожаи Жаҳон. 1103 йилда туғилган. Муборак хоклари Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳри марказида.
ИККИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий қуддису сирриҳу Хожа Ориф Моҳи- тобон номи билан ҳам машҳур бўлган. Хожа Ориф Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Ревгар қишлогида туғилган, юз йилдан зиёд умр кўриб, 1259 йилда вафот этган. Қабри Шофиркон марказида обод зиёратгоҳга айлантирилган.1996 йил Хожа Ориф жомеси қурилди.
Нақл этилишича, Хожа Ориф ўрта бўйли, очиқ юзли, катта кўзли, камон қошли, вужудидан мушку анбар ҳиди анқиб турадиган зот бўлган экан.
Хожа Ориф Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси ҳисобланади. Ҳазрати Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг “Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” асарида нақл қилинишича, Ҳазрат Хизр алайҳиссалом ҳазрати Абдулхолиқ ҳузурларига келардилар. Ўша чоқ ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хизр алайҳиссалом кетганларидан сўнг шогирдлар беихтиёр уйқудан уйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши бўлган Хожа Муҳаммад ар-Ревгарий Хизр алайҳиссаломнинг суҳбатидан баҳраманд бўлай деб кўзларига туз сепдилар ва оғрикнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмади. Суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Бу ҳолни кўриб Хизр алайҳиссалом дедилар: Сиз ориф бўлгайсиз, иншаоллоҳ!” Хожа Хизр алайҳиссалом нафасларининг баракотидан бутун дунёга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар. Хожа Ориф ар-Ревгарий “Орифнома” китобининг муаллифи. “Орифнома” 1994 йил нашр этилди. “Орифнома”да ёзилганки, “Одоб нек одамлар зийнатидур!.. Авлиёлик аломати учтадур: биринчиси – баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ; иккинчиси – сабру тоқати етгунча парҳез қилмоқ, учинчиси – то кучи етгунча инсоф қилмоқ. Очлик – зоҳидлар, зикр – орифлар таоми”.
УЧИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу Вобкент туманидаги Анжир Фағни қишлогида туғилиб, ўша ерда вафот қилган. Бу қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғдир.
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий илми қол ва илми ҳолни ҳазрати Хожа Ориф Ревгарийдан ўрганган. Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнул ҳаёт” китобида ёзилишича, Хожа Али ар-Ромитаний Хизр алайҳиссаломдан: “Шу асру айёмда пир деб кимнинг этагидан тутса булади?” деб сўраганида Хизр алайҳиссалом: “Шу асру айёмнинг муршиди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдир!” деганлар. Хизр алайҳиссаломнинг. тавсиясига мувофиқ Хожа Али ар-Ромитаний Хожа Маҳмудга мурид бўлади. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қабрлари устида янги макбара, мақбара ёнида ҳовуз ва жомеъ масжиди қурилиб ушбу жой обод зиёратгоҳга айланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |