ТЎРТИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Хожа Али Ромитоний қуддису сирриҳу Хожаи Азизон номи билан машҳур. Бу зоти шариф Ромитоннинг Кўргон қишлогида туғилган. Мақомати гоят олий, каромати бисёр, касблари тўқувчи бўлган. “Рашаҳот”да ёзилишича, 1310 йил, “Мақомати Шоҳи Нақшбанд”да таъкидланиши- ча, 1321 йилда вафот қилган. Қабри Кўҳна Урганчда, обод зиёратгоҳдир.
Хожа Алининг Ромитондаги Қўрғон қишлоғида табаррук қадамжолари бор. У ер обод қилинмоқда. Хожа Алининг тўртта машҳур халифалари бўлган: Хожа Муҳаммад Кулоҳдуз, Хожа Муҳаммад Халлож, Хожа Муҳаммад Бовардий, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий.
Ҳожи Теша бобо Нақшбандийнинг айтишича, Нақшбандхон ибн Султонхон (1958 йил вафот қилган) Хожа Али ар-Рометани авлоди эди.
Хожа Али Ромитонийнинг “Рисолаи Азизон” китоби машҳур. Бу китобни форс тилидан ўзбек тилига нақшбандийшунос олима Гулчеҳра Наврўзова таржима қилиб нашр эттирди.
БЕШИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Хожа Мухаммад Бобойи Самосий қуддиса сирриҳу. Бу муборак зотнинг муборак қабри Бухоро вилоятининг Ромитон туманидаги Симос қишлогида.
ОЛТИНЧИ ПИРИ МУРШИД
Саййид Амир Кулол қуддису сирриҳунинг асли исми Саййид Амир Калон бўлиб, Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида туғилган. Бу зот тахминан 1287 йилларда дунёга келган. Кулолчилик билан шуғуллангани сабабли Мир Кулол номи билан машҳур бўлган. Мир Кулолнинг бир юз ўн тўртта авлиё бўлган халифаси бор эди. энг етуклари Баҳоуддин Нақшбанд, Мавлоно Ориф Дегароний, Шайх Ёдгор Валий, Шайх Жамолиддин Деҳаи Осиёи, Шайх Шамсиддин Кулол, Хожа Дарзунийлардир.
“Мақомоти Амир Кулол”да нақл қилинишича, Ҳазрат Мир Кулол мужаррад (бўйдоқлик) даврида тенгқурлари билан боғда иттифоқ бўлиб, чопонларини ювибтилар ва биродарларига айтибтики, “Эй ёронлар, чопонларни пахса девор устига ёймайлик, чунки у ердаги тиканларга озор берилур. Зинҳор дарахтлар шохига осмайлик, шохлар эгилиб, жабр булур. Заминга ҳам ташламайлик, ўт-ўланлар хароб бўлур”. Бу гапларни эшитиб, не қиларини билмай қолган биродарлар сурабтики: “Амир, сиз чопонингизни қандай қилиб қуритасиз?” Ҳазрат дебти: “Мен чопонимни устимга ташлаб, офтобрўяда ўтираман ва шундай қилиб қуритаман. Эй ёронлар, агар пахса девордан бир парча узилиб эрга тушса ё дарахт шохи синса, ё чорва ейдиган ўтларга зарар этса, Худовандга не узр билдирурмиз? Зинҳор номашруъ (шариатга зид) ишлар, кичик бўлса ҳам қилманг. Чунки кичик гуноҳ такрорланаверса, дўзахга олиб борур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфор (кечирим сўраш) билан катта гуноҳлар кечирилади, муттасил қилинаверилса, кичик гуноҳлар ҳам каттага айланади, деганлар”.
Собиқ Иттифоқ даврида Ҳазрат Мир Кулол жомеси йиқитилди, зиёратгоҳи эса шўр босган, қаровсиз ҳолга келган эди. Истиқлол йилларида Мир Кулол зиёратгоҳида янги жоме масжид, меҳмонхона, дарвозахона қурилди. 2007 йилда Сайид Мир Кулол қабри устида маҳобатли мақбара қад ростлади. Атрофида улкан боғ барпо қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |