Баннер рекламаси Интернетда энг кўп тарқалган ва фақатгина глобал тармоқ учун хос реклама туридир. Бу хилдаги реклама эълонлари ўз самарасини бир неча йилдирки, исботлаб келмоқда. ОАВ томонидан веб-сайт яратиш ғояси пайдо бўлгач, саҳифа структурасида реклама майдони учун жой ажратиш керак. Шуни инобатга олиш керакки, веб-саҳифаларда жойлаштирилаётган реклама баннерлари сайтни техник жиҳатдан оғирлаштириши мумкин. Сайтнинг экранда секин пайдо бўлиши, тўлиқ очилмаслиги уни яратишда мураккаб маълумотлардан, айниқса фото ва флеш анимациялардан кўп фойдаланилганидан далолат беради. Шунинг учун маълумотларни кўзни қамаштирувчи, экрандан ўқишда халақит берувчи шаклда эмас, қатъий тизимда жойлаштирилиши мухим.
ОАВ веб-саҳифаларининг фаолиятини такомиллаштириш йўллари: ёзилган ва ёзилмаган қоидалар
Веб-сайтни ташкил қилишда айрим қоидаларга риоя этиш саҳифа муваффақиятининг гаровидир. Улар бевосита сайтнинг ташкилотига боғлиқ.
Веб-саҳифага ташриф буюрган ҳар бир фойдаланувчи томонидан уни баҳолашда бир неча жиҳат муҳим аҳамият касб этади. Уларни веб-сайтни баҳолашнинг бирламчи кўрсаткичлари деб белгилашимиз мумкин. Нега бирламчи? Сабаби, айнан бирламчи кўрсаткичлар сайт экранда пайдо бўлиши билан ўқувчида таассурот уйғотади, уни интернетдан жой олган мана шу сайтда 1-2 дақиқадан кўпроқ қолишини таъминлайди.
Визуал кўрсаткичлар. Визуал кўрсаткичлар деганда бевосита интернет нашрнинг умумий кўриниши назарда тутилади. Булар веб-саҳифа дизайни ва вёрсткаси. Кўп ҳолларда веб-саҳифа эгалари дизайн кўринишига катта эътибор қаратиб сайтнинг Интернетдаги манзилини белгилашни охирги ўринга қўяди. Шошилинчда белгиланган, жуда узун ва ноаниқ манзиллар кейинчалик ўз хатосини кўрсатади, сайтни оммалаштириш ва уни эслаб қолишда панд беради. Эслаб қолиш учун қулай ва таҳририят номига мос бўлган манзилларга мисол: www.mohiyat.uz,www.hurriyat.uz,www.znamya.uz,www.region.uz. қисман нотўғри танланган веб-адреслар: www.fermervatomorkachi.uz,www.buhorookshomi.uz, www.vabkenthaeti.uz. Дизайн асосан техник ходимлар томонидан ишлаб чиқилади. Аммо дизайн устида иш олиб бориш жараёнида таҳририят ижодий ходимларининг иштироки доимий бўлиши керак. Техник ходимга топшириқ беришдан аввал таҳририятда веб-сайт қандай кўринишда яратилса, нашрнинг хусусиятига тўғри келиши, веб-сайтнинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш лозим. Бунинг учун сайт ташкил этишдан аввал интернетда мавжуд, дизайн ва вёрстка жиҳатдан сизга маъқул бўлган сайтларни танлаб олиш ва уларни техник ходимга кўрсатиш керак. Бу унга иш бошлашдан аввал тўғри йўналиш белгилашга ёрдам беради. Сайтни ишлаб чиқувчи ўз навбатида уларни ўрганиб чиқиб, ҳар бирининг хусусияти, дастурий тузилиши, амалга оширилиш имконияти, иш ҳажмини ва харажатини белгилайди. Сўнг келишилган ҳолда (кўп ҳолларда администраторнинг ўзи томонидан) сайтни яратиш учун «Техник топшириқ» ишлаб чиқилади.
Алоҳида эътибор рангларга қаратилиши лозим. Улар танланганда кўзни толиқтирмайдиган, аммо эътиборни жалб этадиган бўлишига аҳамият бериш лозим. Сайтнинг вёрсткаси ўқувчи учун қулай ва бир қарашда тушунарли бўлиши, меню, реклама, матн, текст – барчаси ўз ўрнида, ўқувчи психологияси инобатга олинган ҳолда тузилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Информацион архитектура — сайт таркибий тузилишининг мазмуни. Бу тушунча бироз ноаниқдек туюлса-да, веб-саҳифанинг муваффақиятли яратилишида муҳим роль ўйнайди. Информацион архитектурани яратишда веб-нашрга қандай ном берилиши, менюларнинг жойлаштирилиши ва хусусиятлари, реклама майдончасининг ўрни ва ҳажми, рукнларнинг номи ва техник жиҳатлари, қайта алоқа инструментларининг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш керак. Иш сайтнинг «Техник топшириғи» ишлаб чиқилаётган пайтданоқ ўз аҳамиятини кўрсатади. Негаки, ҳар бир таъкид этилган жиҳатга қўйилажак мақсад ва вазифалар техник томонидан таъминланиб берилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |