Aim.Uz
Билиш методологияси: асосий тушунчалар
"Метод" ва "методология" тушунчалари. Метод (юнон. metods — усул) кенг маънода йўл, ижодий фаолиятнинг ҳар қандай шакли каби маъноларни англатади. Методология тушунчаси икки асосий мазмунга эга — фаолиятда қўлланиладиган маълум усуллар тизими (фанда, сиёсатда, санъатда ва ҳ.к.); тизим ҳақидаги таълимот ёки метод назарияси.
Фан методологияси унинг структураси, тараққиёти, илмий тадқиқот воситалари ва усуллари, унинг натижаларини асослаш йўллари, билимни тажрибага татбиқ қилиш механизмлари ва шаклларини ўрганади. Шунингдек, методология методлар йигиндиси ва фаолият тури ҳақидаги таълимотдир.
Метод у ёки бу шаклда маълум қоида, тартиб, усул, ҳаракат ва билим мезонларининг йиғиндиси ҳамдир. У тамойиллар, талаблар тизими бўлиб, субъектни аниқ вазифани бажаришга, фаолиятнинг шу соҳасида маълум натижаларга эришиш сари йўналтиради. У ҳақиқатни излашда вақт, кучни тежайди, мақсадга энг яқин ва осон йўл билан етишишга ёрдам беради.
Методнинг асосий вазифаси фаолиятнинг билиш ва бошқа шаклларини бошқарувдан иборат. Бироқ:
-биринчидан, метод ва методологик муаммоларнинг ролини инкор қилиш ёки тўғри баҳоламаслик ("методологик негавизм");
-иккинчидан, методнинг аҳамиятини бўрттириш, мутлақлаштириш, уни барча масалаларнинг калити, илмий янгиликларни яратишнинг энг қулай воситаси (методологик эйфория), деб тушуниш нотўғридир.
Ҳар қандай метод маълум назария асосида яратилади ва тадқиқотнинг зарурий шарти сифатида намоён бўлади. Ҳар бир методнинг самарадорлиги унинг чуқур мазмун ва моҳиятга эгалиги, назариянинг фундаменталлиги билан асосланади. Ўз навбатида, метод мазмуни кенгайиб боради, яъни билимнинг чуқурлашиши ва кенгайиши, тажрибага татбиқ этилиши билан методнинг кўлами ҳам ўзгаради.
Илмий билишда нафақат илмий натижа (билимлар мажмуи) ва предметнинг моҳиятини англаш, балки унга элтувчи йўл, яъни метод ҳам ҳақиқий бўлмоғи лозим. Шунга кўра, предмет ва методни бир-биридан айри ҳолда тушуниш мумкин эмас. Ҳар қандай метод у ёки бу даражада реал ҳаётий жараёнларда шаклланади ва яна унга қайтади. Метод ҳар қандай тадқиқот бошланишида тўла ҳолда намоён бўлмаса-да, маълум даражада предметнинг сифат ўзгариши билан ҳар сафар янгидан шаклланади.
Метод билиш предмети ва ҳаракатни сунъий равишда боғламайди, балки уларнинг хусусиятлари ўзгариши билан ўзгариб боради. Илмий тадқиқот предметга дахлдор далил ва бошқа белгиларни жиддий билишни талаб қилади. У маълум материалнинг ҳаракати, унинг хусусиятлари, ривожланиш шакллари ва ҳ.к.ларда намоён бўлади. Демак, методнинг ҳақиқийлиги, энг аввало, тадқиқот (объект) предметининг мазмуни билан боғлиқ.
Метод субъект билан чамбарчас боғлиқдир. Бошқача қилиб айтган-да, "инсон умум методологиянинг марказидир" (Фейербах). Иккинчидан, ҳар қандай метод y ёки бу даражада бошқарув қуроли вазифасини бажаради.
Метод субъект ва объективликнинг мураккаб диалектикаси acoсида ривожланади ва бунда охиргиси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Шу маънода, ҳар қандай метод, энг аввало, объектив, мазмунли ва конкрет бўлсада, айни пайтда, y субъектив ҳамдир. Бироқ у фақат мавжуд қоидалар тизими эмас, балки объектив илмийликнинг давоми сифатида намоён бўлади.
Методлар хилма-хиллигига қараб, турли мезонлар асосида классификация қилинади. Энг аввало, маънавий, ғоявий (шунингдек, илмий) ва моддий, амалий фаолият методларини ажратмоқ лозим.
Ҳозирги даврда методология фақат илмий билиш соҳаси билан чекланиши мумкин эмаслиги аён бўлди ва y албатта, билиш чегарасидан чиқиши ва ўз соҳасида амалиётда ҳам қўлланиши зарур. Бунда билиш ва амалиётнинг узвий алоқадорлигига эътибор қаратмоқ керак.
Фан методлариларининг гуруҳларга бўлиниши бир нечта асосларга эга. Билиш жараёнида унинг роли ва ўрни нуқтаи назаридан: формал, эмпирик, назарий тадқиқот, изоҳлаш, шунингдек, бошқа методларга ажратиш мумкин. Ўз навбатида, билишнинг сифат ва сон, билвосита ва бевосита оригинал ҳамда фаолиятли методлари ҳам мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |