Кун ботди. Қоронғу тушяпти. Уйга боргим келмаяпти. Шаҳнозанинг юзига қарашдан қўрқяпман!
Августнинг йигирманчи куни
Кўчада Турсунбой акага дуч келдим. Велосипед миниб кетаётган экан...
Яхшимисан, укам, хурсандчиликми? — деб сўради. Ҳеч ким бизнинг гап-сўзимизни тингламаяптими, деган андишада атрофга алангладим. Назаримда Турсунбой ака атайлаб овозини баралла қўйиб гапираётгандек, бутун қишлоқ бири деразадан, бири дарвозадан мўралаб тургандек туюлди. Турмайман бу ерда! Ҳар бирининг кўзи лазер нурига, ҳар бирининг қулоғи локаторга айланган, бекорчиликдан бировнинг тўшагида нима бўлаётганини суриштирадиган майдакаш одамлар орасида туролмайман! Уй талаб қиламан! Жиллақурса, кафтдек бошпана берсин менга. Мен учун эмас, ақалли оилам учун, Шаҳноза учун!
Ўша куни
Талабалар шаҳарчаси арининг уясига ўхшайди. Мандат деган серғалва тадбир авж палласига чиққани учунми, тумонат одам. Ҳали шаҳар ҳавосига кўникиб улгурмаган, кўйлак-шими ғижимланган йигитлар, узун лозим кийган, сочини майдалаб ўрган қизалоқлар... Бақатераклар соясида Ўзбекистоннинг минг бир бурчагидан келган машиналар... Ойнабанд эшиклар олди қий-чув. Бири ялиниб, бири пўписа қилаётган оталар, атлас кўйлагининг ёқасига «Қаҳрамон она» медалини тақиб олган оналар... Ҳай-ҳай-ҳай! Қўрқади медалингдан! «Ие, онахон, сиз Қаҳ- рамонмисиз? Ўнта бола туққанмисиз, марҳамат, киринг! — дейди. — Ўғлингиз ким бўлмоқчи? Инженерми? Кимёгарми? Юристми? Бош устига, илми борми ишқилиб? Бўпти-да! Сизнинг болангиз ўқимаса, ким ўқийди?» Овора бўласан! Ўқишга кирадиганларнинг рўйхати икки ой олдин тайёрлаб қўйилган. Мен ҳам юрист бўлмоқчи эдим. Шу ниятда саккиз ой судда дастёрлик қилганман. Яхшисиниям кўрдим, ёмониниям... Охир-оқибат ҳафсалам ҳам совиди... Тағинам ўзимизнинг факультетда адолат бор экан. Бўлмаса, бунгаям киролмасдим.
Билагига қизил латта ўраган иккитаси йўлимни тўсди. Қийин шуларгаям, воситачи бўлиш осонми?
Нари турсанг-чи, ука! Ўқишга олиб кирадиган одамим йўқ. Бошқа иш билан келдим. Йўлаклар кимсасиз. Ифлос. Қоғоз парчалари сочилиб ётибди.
Эшигига «местком» деган ёзув илинган хонада ўтирган, сочи калта қилиб қирқилган қиз ачиниб бош чайқади.
Санжар Оллоберганович ҳозиргина чиқиб кетувдилар. Нима деб қўяй?
Ўзи билан гаплашишим керак, — дедим ҳафсалам пир бўлиб. — Зарил ишим бор эди.
Энди янаги жумага келадилар. — Қиз астойдил ёрдам бергиси келаётгани кўриниб турарди. — Биласизми, — деди дераза олдига бориб. — Ҳов анави қайрағоч соясида турган қора «Волга» Санжар Оллобергановичники. Йўлдан деканатга кирмоқ-чи эдилар. Машина олдида пойлаб турсангиз, тушиб қоладилар.
Номери неччи?
Ниманинг номери? — деди қиз тушунмай.
Машинанинг.
Билмасам... — Қиз бир зум ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: — Менимча, бошланиши ўн бир.
«Бошланиши ўн бир» «Волга» олдида узоқ туриб қолдим. Шаҳарча ҳамон ғужғон ўйнар,
ойнабанд эшик тарафдан шовқин-сурон эшитиларди. Ниҳоят, ярашиқли кийинган, қизларникига ўхшаш лўппи, оппоқ юзларида ўзига ишонч, хотиржамлик акс этиб турган хушмўйлов йигит вазмин қа-дамлар билан яқин кела бошлади.
Танидим! Ахир бу — ўзимизнинг «вожак»-ку! Пахтадаги воқеадан кейин мени ўқишдан ҳайдашга ваъда берган комсомол сардори Санжар! Ўзгармабди. Фақат сал тўлишибди. Янаям салобатли бўп қопти.
Мен томонга шубҳали қараб қўйди-да, машина эшигига калит солди.
Сизни кутиб турувдим, — дедим яқин бориб.
У менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди-да, элас-элас таниди шекилли, самимий жилмайиб, қўл узатди.
Сиз бизда ўқирдингиз-а! — деди ҳамон жилмайиб. Қўлига тутқазган аризамни синчиклаб ўқиб чиқди.
Проблема йўқ! — деди ишонч билан. — Ётоқхонадан алоҳида хона ажратамиз. Ўқишни битиргунча келин билан тураверасизлар.
Ҳаммаси аён! Энди Шаҳноза ётоқ йўлагида турсичан юрган талабалар орасидан ўтиб, бурчакдаги ошхонага бориб, чой қайнатиши қолувди.
Тушунмадингиз, — дедим совуққонлик билан. — Бизга ётоқхона эмас, уй керак. Алоҳида квартира...
У астойдил ажабланди:
Ўйлаб гапиряпсизми, Рустамбек! Домлаларнинг ўзидан юзга яқин одам навбатда турибди. Сизга, кечирасиз-ку, аспирантлар уйидан ҳам жой беролмаймиз.
Менга аспирантлар уйи керакмас, — дедим қайсарлик қилиб. Санжар Оллоберганович тағин бошимдан оёғимгача қараб чиқди.
Тўғри, — деди қўлидаги аризани силкитиб. — Афғонистонда бўлган экансиз. Лекин у ёққа сизни биз юборган эмасмиз. Қолаверса, бизда «афғон» болалар кўп. Ҳар биттасига алоҳида квартирани қаердан оламиз?
Мен «бола» эмасман! — дедим ғашим келиб. — Гап шу, Санжарбек! Аризамни қабул қилдингиз, деб ҳисоблайман. Келаси жума куни нечанчи навбатда турганимни тасдиқловчи қоғоз ёзиб берасиз. У ёғи менинг ишим!
Чамаси, турқи тароватим қўрққувли эди шекилли, «местком» елка қисганча машинага ўтирди-да, осойишта ҳайдаб кетди. Шунда... қора «Волга»ни аввал ҳам кўрганим ёдимга тушгандек бўлди. ЗАГСга ариза топширадиган кунимиз «Пахтакор» метроси олдида Шаҳноза шу машинадан тушган-ди... Тағин билмадим...
Do'stlaringiz bilan baham: |