...Кундалик ёзиш – қизларнинг иши. Қизларда бунақа «касал», шоирлар айтмоқчи, «шудринг томчисидек мусаффо қалбига илк муҳаббат чўғи тушгач» пайдо бўлади. Ўз хаёлида муҳаббат деб аталмиш қасрни бунёд этади. Хаёлий Малика хаёлий Шаҳзодасига айтолмаган гапларини қоғозга туширади... Ёзаверади... Ёзаверади... Бир куни кўз ёшларидан суйкалиб кетган дафтарни сирдош дугонасига ўқиб беради. Икковлари бир хонага кириб олиб, тонготар пичир-пичир қилишади...
Шуям машғулот бўлди-ю! Тажаннинг қум барханларида Устингдан қора комбинезон, ичингдан ўн саккиз килоли ўқ ўтмас нимча кийиб югуришнинг ўзи бўладими? Фақат бир нарсани орзу қиласан: тўйиб сув ичсанг-да, ётиб ухласанг... Қоғоз қоралашни ким қўйибди сенга, солдат!
Шунақа-ку, барибир ёзишим керак. Эрта-индин Афғонистонга «ташлашлари» аниқ. Худо насиб этиб, уйга омон эсон қайтсам, эсдалик бўлиб қолади. Бир нарсани аниқ биламан. Дафтарни ҳеч ким кўрмайди. Ҳеч ким! Ойим ҳам, дадамнинг вақти йўқ, акам ҳам... Шаҳноза ҳам. Умуман, ҳеч ким! Мен уни ҳеч кимга кўрсатмайман! Нима кераги бор?!
Май ойининг йигирма учинчи куни
Военкомат дегани қассобхонадек гап. Қайси молни қачон сўяди, қандоқ сўяди — қассобнинг иши. Дўхтирлари ҳам баайни мол дўхтири!
Болаларни трусичан қилиб қўяди-да, худди молнинг қанча тош босишини чамалагандек, тортиб кўради. Кейин бўйингни ўлчайди. Бошингни, белингни, оёғингни... Турнақатор турасан.
Бир томонда дўхтирлар. Бир томонда ярим яланғоч «призивник»лар.
Энди сенлар одам эмас, ҳамманг бир хилда «призивник»сан.
Қулоқсолиб турсанг, антиқа савол-жавобларни эшитасан...
Шикоятинг борми?
Бор. Бошим оғрийди. Кечалари ухламай чиқаман, дўхтир!
Менинг бошим ёрилиб кетай деяпти! Ўт! Яроқли!
Сен нима дейсан?
Жигарим касал. Сариқ бўлганман...
Қачон?
Уч йил аввал.
Мен яқинда гепатит бўлиб, госпиталдан чиқдим. Яроқли! Следуюший!
Бир касалим бору... айтишга уялиб турибман, дўхтир...
Гапиравер! Бу ер сенга хотинлар монастири эмас.
Шу... кечаси... тагимни ҳўллаб чиқадиган одатим бор. Болалигимдан бери шу... Ҳеч тузалмаяпти.
Зарари йўқ! Мен кун ора «каттасини» қилиб чиқаман. Ўт! Яроқли! Сен-чи! Сен нима дейсан?
Тутқаноғим бор, дўхтир. Рост айтяпман. Ишонмасангиз, госпиталга ётқизиб текшириб кўринг.
Шуям касал бўпти-ю! Мен кеча жиннихонадан қочиб чиқдим. Следуюший!
...Қараб туриб ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг. Булар-гаям осонмас. Ҳамма жойда план бор. Пахта плани, пилла плани, газлама плани... Военкоматники—одам плани! Бажариш керакми ахир? Европа томонларда хотинлар кам туғадиган бўлиб қолган. Бундан чиқци, Ватан ҳимоячиларинингўрнини ўрта Осиёлик болалар билан тўлдириш керак! План — қонун дегани! Бажармай кўрсин-чи?
Дўхтир қалин гардишли кўзойнаги устидан менга олайиб қаради.
Ҳеч касал бўлмаганмисан?
Йўқ!
Маладес! Спорт билан шуғулланасанми?
Ҳа!
Қайси тури билан?
Каратэ. Сариқ белбоғим бор.
Маладес. Ўт!
Каталақдек хонага кирдим. Бояги «беморлар» тағин сўроққа тутилди.
Ҳунаринг борми?
Йўқ.
Ўқийсанми?
Ҳа!
Нечанчи курсдасан?
Биринчи.
Сен-чи?
Иккинчи.
Имтиҳонларингни топширганмисан?
Йўқ, ўртоқ капитан. Битта қарзим бор.
Меники иккита. Навбат менга келди.
Ҳунаринг борми?
Шўпирман. Курсни битирганман.
Ўқийсанми?
Ўқийман.
Нечанчи курс?
Биринчи.
Имтиҳонларни топширганмисан?
Топширганман.
Ранги заҳил капитан ҳужжатларим солинган папканинг тепасига қизил қалам билан йўғон қилиб «А — 20» деб езди.
Индамай турган эдим, тушунтирди:
Боравер, бир ҳафтада повуска оласан.
Айтинг-чи, — дедим кўнглим ғаш тортиб. - Мен қаерга боришим мумкин?
ТуркВО ихтиёрига.
Қанақа қисмга? Тахминан қаерга?
Билмайман! — Капитан пашша қўригандек қўлини силкитди. — Следуюший!
Юрагим шиғ этди. Демак — Афғонистонга жўнатади. Ташқарига чиқсам, бояги — мендан олдин навбатга турган талабалар гурунглашиб, сигарет тутатяпти.
Бир эмас, учта имтиҳондан қарзим бор, деб қўя қолмадинг-да, Роберт! Бу - салдофонлар билиб ўтирибдими!
Индамай нари кетдим. Нуқул ўзимни сўкаман. «Аҳмоқ! Мақтанчоқ эшак! Каратэга бало бормиди! Ҳайдовчилик гувоҳноманг борлигини айтиб нима қиласан? Ақалли битта зачётдан қарзим бор, десанг-қу, кузги чақириққача тинч қўярди!»
Заҳил капитан «А — 20» деб ёздими? ТуркВО ихтиёрига ўтасан, дедими? Тамом!
Авваллари болаларни Ленинградга борасан, Литвага юборамиз, деб лақиллатган-да, шаппа босиб, Афғонга олиб кетган. Капитаннинг гапидан кўриниб турибдики, энди алдамай қўйишибди. «Афғонистон», демади-ку, ақлинг бўлса, тушуниб олавер, қабилида гапирди. «Бир ҳафтада повуска оласан», дедими? Бундан чиқди...
Соатга қарасам, тўртдан ошибди. Шаҳноза уйига келган бўлиши керак. Метродан қўнғироқ қилдим. Телефондан одатдагидек ингичка, эрка овоз эшитилди.
Овозидан танидим: Шаҳнозанинг синглиси. Опасини чақириб бергунча одамни қон қилиб юборади.
Илтимос, Шаҳнозани чақиринг.
Ким ўзи бу-у?
Авваллари қизалоқнинг эркалигига кулиб қўя қолардим. Бу гал ғашим келди. Ҳали Пскентга ҳам бориб келишим керак.
Чақир Шаҳнозани! — дедим зарда билан.
Бахтимга Шаҳноза яқинроқ жойда экан шекилли, телефон қулоғидан «Бер бу ёққа, жинни!» деган товуш эшитилди.
Шаҳноза, — дедим иложи борича вазминлик билан. — Бир соатдан кейин кўришсак...
«Ўзимиз-нинг» жойда.
Тинчликми? — Шаҳнозанинг овозида хавотир бор эди.
Тинчлик! — дедим кулиб. — Жудаям кўргим келяпти сизни. ...Шаҳноза атлас кўйлак кийиб, сочини бежирим турмаклаб олибди. Анҳор бўйида, наъматак тагидаги харрақда ўтирибмиз. Нариги соҳилда калта иштони жиққа ҳўл қора-қура болалар қий-чув солиб чўмиляпти. Бошимиз устида ярим-ёрти гулини тўккан наъматак шохлари эгилиб турибди... Тиканлари хали қотмаган. Юзингга, бўйнингга урилса, оғритмайди... фақат қитиқлайди... Эрта- индин беозор бу тиканлар найзадек қайрилиб, ҳар биттаси ўққа айланиши мумкин... Қизиқ, ўқ тегса қандай аҳволга тушаркин одам?..
Нима гап? — деди Шаҳноза кўзимга термулиб. Мунча чиройли бу кўзлар! Мунча ақлли! Мунча жозибали бу қайрилма киприклар! Ҳозир... Капалак қанотидек бир-икки силкинади-ю... айнан юракнинг ўзини сўраб турган кўзлардан ёш оқади...
Ҳеч гап йўқ... — дедим илжайиб. — Шунчаки, сизни соғиндим. Кўргим келди. Ёмонми шу?
Шаҳноза анойи экан-да! Кафтлари билан юзимдан беозор тутиб, ўзига қаратди.
Ростини айтинг...
Нимани?
Рустам ака? — Шаҳноза кўзимга узоқ, синчков тикилди. — Ёлғон гапиришни эплолмайсиз. Айтинг, нима бўлди?
Чақиришди... — дедим хушчақчақ гапиришга уриниб... — Бир ҳафтада кетсак керак. Шаҳноза кафтини бўшатди.
Қаёққа? — деди аламроқ ўйчанлик билан.
Ярқ этиб қарасам, елкасини харрак суянчиғига ташлаганча номаълум нуқгага, осмонга термилиб ўтирибди. Чеҳраси шу қадар хомуш, шу қадар аянчли эдики, қўрқиб кетдим.
Билмайман, — дедим ростини айтиб. — Билмайман... Ҳар қалай, чет элга бўлса керак.
Германиями, Мўғулистонми...
Шаҳноза қилт этмай ўтирар, ўзи ёнимда-ку, хаёллари узоқ-узоқларда кезаётганини ҳис этиб турардим.
Қўй энди, Шаҳноз... — дедим умримда биринчи бор сенсираб. — Кўрасан, ҳаммаси яхши бўлади.
Анчадан кейин осойишта бурилиб қаради.
Алдаманг! — деди овози титраб. — Алдаманг, Рустам ака! Афғонистонга юборади. — Тўсатдан ўкраб йиғлаганча бўйнимдан қучоқлаб олди. — Ўзингиз хоҳлагансиз! Ўзингиз айтгансиз! — деди чинқириб. — Аҳмоқсиз! Аҳмоқ! Мени Ўйламадингизми?
Жиннимисан? — дедим ҳансираб. — Рустам ака! Нега унақа қиласиз, Рустам ака! Кўз ёши оқиб турган юзларидан, ёш таъми анқиётган лабларидан ўпарканман, титрар эдим.
Бирин-кетин ёпирилиб келган аламли, аёвсиз саволлар юрагимни ғижимлар, дод деб юборгим келарди. «Сен аҳмоқ, сен галварс, нега қадрига етмадинг шундай қизни! Эслаб кўр! Бирон марта, ақалли бирон марта айтдингми? «Сени яхши кўраман, сенсиз менга у дунёю бу дунё қоронғи,» дедингми? Сенинг нимангни севади бу қиз?»
Шаҳноза... — дедим ялиниб. — Қўй энди, Шаҳноз! Худо урсин! Рост айтяпман. Ҳали қаёққа боришимиз маълум эмас.
У эса ҳамон йиғлар, бўйнимдан, юз-кўзимдан, лабимдан тўхтовсиз ўпар эди. Вужудим таранг тортилиб кетган. Худо ҳаққи, бунақа паллада шайтон эркак кишини ҳар кўйга солиши мумкинлигини ҳис этиб турардим.
Шаҳноз, — дедим энтикиб, — Шаҳноз... Илтимос. Жон Шаҳноз...
Мен сизни кутаман, Рустам ака! Кутаман... — У илкис қучоғимдан чиқиб ёш тўла кўзлари билан илтижо қилди: — Э, Худо! Бизга раҳминг келсин. Караминг кенглиги рост бўлса, шафқат қил бизга!
Тўсатдан жимиб қолди-да, менга ўгирилди.
— Агар... — деди пичирлаб. — Агар... сизга бир нима бўлса... — Кўз ёши аралаш жилмайди. Эркаланиб елкамга бошини ташлади. — Мен Худога ишонаман, — деди хўрсиниб. — Кўнглим сезиб турибди. Сиз соғ-саломат қайтиб келасиз. — Бирпас ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди: — Рустам ака... Мен... кутаман. Келинг, бир нарсани келишиб оламиз. У ёқдан қайтган кунингиз мана шу ерда, худди шу ерда учрашамиз. Хўп?
Do'stlaringiz bilan baham: |