Ноябрь ойининг боши
Хосиятсиз туш кўрдим. Отам ҳовлидаги сўрида ётганмиш. Тагида кўрпача ҳам йўқ, қуруқ тахта устида ётибди. Дада, кўрпача солиб берай, десам, индамайди. Нуқул йиғлайди. Дадамнинг йиғлашини ҳеч кўрган эмасдим. Қўрқиб кетибман. Ёнига югуриб борсам, дадам ғойиб бўлиб қопти.
Ярим кун хомуш бўлиб юрдим. Охири Хайриддинга дардимни ёрдим.
Қизиқмисиз, жўра! — деди Хайриддин кулимсираб. — Кўз ёши ёруғлик бўлади. Ниятни яхши қилинг, жўра! Яхши ниятгаям, ёмон ниятгаям фаришта омин дейди.
Айтганингиз келсин, — дедим елкасидан қучиб. Ажойиб йигит-да Хайриддин! Кўзлари шунақа самимийки, ичида ғубор йўқлиги шундоқ кўриниб туради. Танк ўқлаш эмас, бошланғич синф болаларини ўқитиш ярашади Хайриддинга!
Ноябрь ойининг ўрталари
«Губба»га тушишимга бир баҳя қолди. Худо ярлақаб қисмга келган эдим. Онда-сонда постдан қисмга келиб-кетишга рухсат бўлади. (Ўшанда ҳам «карвон»га қўшилишга ижозат тегса.) Постдагиларга почта, сигарет, лезвие, совун дегандек майда-чуйдаларни олиб келиш сенинг зиммангга тушади. Менга хат йўқ экан. Руҳим тушди. Шаҳнозадан-ку, ҳафтада хат келиб турибди. Қизиқ, уйдагилар нега ёзмайди? Тинчликмикан? Гарангсиб, магазинга кирдим. Магазин тушгача офицерларга, пешиндан кейин солдатларга хизмат қилади. Инсоф билан айтганда, дўконда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор: Югославия сигаретидан тортиб, япон магнито-фонларигача, ялтироқ «сим» рўмолдан тортиб, шода-шода дурларгача...
Солдатлар ўзига теккан маош — «чек»ларга нима харид қиларди? Сигарет, зажигалка... Хайриддин қуюлтирилган сут сўраган эди (нима қилсин, чўчқа консерваси емайди, нуқул сутга ружу қўйган). Саша билан Виктор сигарет сўрашган... Дўкон эшигидан киришим билан лабини беармон бўяган, совуқ бўлса ҳам кўксини ярим яланғоч очиб, бўйнидаги шода-шода дурни намойишкорона ялтиратиб турган сотувчи бобиллаб берди:
Магазин ёпиқ, чиқ!
Ҳозир очилди-ку, — деган эдим, негадир жахди чиқиб кетди.
Переучёт деб ёзиб қўйибди-ку, галварс! — деди бакириб. — Рус тилини биласанми ўзи?
Генераллардек қаддини ғоз тутиб буюрди. — Кругом марш!
Эй, баба! — дедим ғазабдан титраб. — Сен ким бўпсанки, менга буйруқ берасан! Кимдир билагимдан тутди.
Юр, танкист, юр!
Жаҳл билан бурилиб қарасам, ёнимда бушлат кийган танкчи йигит турибди. Ўрис йигит.
Танимадим-ку, ҳар қалай ўзимизнинг батальондан бўлиши керак.
Юр, земляк, юр, — деб ташқари судради.
Беш-ўн қадам юришимиз билан рўпарадан келаётган майорга кўзим тушди. Ўлганимнинг кунидан честь бердим. Шилтиллатиб қор босганча нари кетдик.
Эсинг жойидами, земляк! — деди танкчи овозини пасайтириб. — Олиша кўрма бу хотинлар билан. Эрига бир оғиз, «ҳақорат қилди», деб шипшиб қўйса, нақ трибуналга тушасан, тентак!
Кимнинг хотини у? — дедим ҳамон ғижиниб.
Қаёқдан билай! — танкчи елкасини қисди. — Биронта каттароқ офицернинг «прокат»га олган хотини-да! Бу ерда ҳамма катталарнинг «вақтинча» хотини бор: сотувчи, кир ювувчи, санитарка... Нотаниш ҳамкасбим ғалати илжайиб Қўйди.
Тўғри-да! Ўлсинми, булар ҳам. — У елкамга дўстона қоқди. — Сен жангга кириб, ўлмай чиқсанг Ватан номидан раҳмат эшитасан, катта офицернинг «прокат»га олган хотини бўлса, Ватан олдидаги «хизматлари» учун орден олади! Билдингми!
Ниманидир англагандек бўлдим.
Янги келган кунларим кечалари офицерлар модули томонидан қулоғимга бот-бот кириб турган гармонь товуши, хотинларнинг қийқириғи, кулгиси эсимга тушди.
Эҳ, танкист, танкист! — деди ҳамкасбим аламнок илжайиб. — Содда экансан. Солдат уйига тирик қайтса дипломатига бир пачка сақич солиб кетади. Ўшандаям таможняда олиб қўймаса! Офицер таътилга борса, чамадонларини самолётга чиқаргунча терлаб кетасан. Қаёқдан олади шунча нарсани? — Нотаниш танкчи овозини янаям пасайтирди: — Афғондан! Тушундингми? Афғондан.
Анграйиб қолганимни кўриб, тағин елкамга қоқди:
Уруш ўз йўлига, ҳаёт ўз йўлига! Бизда нима кўп: диз-топлива, керосин, КамАЗ ғилдираклари, алюмин қошиқлар... Афғонда нима кўп: радиотехника, япон соатлари, наркотик, латта-путта... Қарабсанки, савдо авжида. Воситачилар ҳам топилади, таржимонлар ҳам. Бир айтдим-қўйдим, танкист! Офицерни сен десанг ҳам, «прокат»га олган хотинини сиз дегин!
Do'stlaringiz bilan baham: |