Замполит тағин мажлис қилди. Социализм душманлари Афғонистондаги Савр инқилобини бўғиб ташлашга жон-жаҳди билан уринаётганини, ўзининг интернационал бурчини адо этаётган совет жангчилари порлоқ ғалабаларга эришаётганини айтди. Афғонистон биз билан тарихда биринчи бўлиб дўстлик битимини тузган қардош мамлакат эканлигини, эрта-индин биз ҳам Афғон тупроғига кириб Ватан олдидаги йигитлик бурчимизни адо этажагимизни тушунтирди.
Июнь ойининг охирлари
Бир йўла иккита хат олдим. Биттаси — акамдан, биттаси — Шаҳноздан.
Акам дадамнинг, ойимнинг, келинойим, жиянларимнинг номидан қизғин дуойи саломлар йўллабди. «Мабодо у ёққа олиб кетишса Мўғулистонга тушдик, деб ёзавер, бўлмаса ойимлар Рустам борган шаҳарнинг адресини нега ёзмайди, деб шубҳаланадилар», дебди. Акамнинг гапи жўяли. Конвертга барибир «полевая почта» деб ёзилади-ку!
Шаҳнозанинг узундан-узоқ хатида қайта-қайта такрорланган бир илтижо бор эди:
«Ўзингизни асранг! Мен сизни кутаман.. Соғиниб-соғиниб кутаман!»
Июль ойининг бошлари
Экипажимиз тўрт киши. Мен - командир. Темур ака механик ҳайдовчи. Саша — отувчи.
Хайриддин — ўқловчи.
Машқ пайти танкнинг ичи дўзахдек ёниб кетади. Люкни очсанг, қум тўзони ёпирилиб киради. Тўрт-бешта снаряд отмасингдан танк ичи порох исига, тутунга тўлиб бўғиб
ташлаётгандек бўлади.
Биров йўталади, биров хириллайди... Фақат Темур ака бепарво.
Қўявер, ука! — дейди нуқул қўл силтаб. — Ҳали «у ёқда» шунақанги тутунларни кўрасанки...
Темур аканинг ёши ҳаммамиздан катта — бақувват, чайир йигит. Бир гал ечинганида кўрсам, кўкрагига нина билан ўйиб бургутнинг расми солинган экан. Чап билагида «Темур» деган кўкимтир ёзув.
Нима бало, гражданкада рассом бўлганмисиз? — десам кулди.
Ҳар бало бўлганман, ука! Сўрама!
Хайриддин — Темур аканинг акси — гавдаси муштдеккина. Қизларникига ўхшаган чиройли кўзлари ўйчан боқади. Айтишига қараганда Форишда турадиган онасидан бўлак ҳеч кими йўқ экан. Педагогика билим юртини битирган заҳоти армияга олибдилар. Хайриддин — художўй бола. Пайқашимча, намоз ўқигиси келади-ю, атрофидагиларга кулги бўлишдан истиҳола қилади. «Бандасининг боши — оллонинг тоши, — дейди чоллардек салмоклаб. — Худо хоҳласа юртимиз-га омон-эсон қайтамиз, жўра... Кўнглим сезиб турибди».
«Ёғочнинг бўшини қурт ейди», деганлари рост экан. Танк экипажида энг «қора касб» — ўқловчи ҳисобланади. Хайриддин ўрисчани яхши билмагани, ювошлиги учун ўқловчи бўлиб қолган. Бироқ ўз юмушини сидқидилдан бажаради. Баъзан муштдек жасади билан ҳар бири салкам қирқ килоли снарядларни кучаниб ташишини кўриб, раҳмим келади. Ёрдам берай, десам ийманиб рад этади... «Қўйинг, жўра, сиз — командирсиз...»
Do'stlaringiz bilan baham: |