Бугун Ёвуз Руҳни кўрдим. Гастрономда гўштга навбат кутиб тургандим, қарасам, олдинроқда у ҳам турибди. Кўзлари оловдек ёниб, менга узоқ тикилди. Салом беришимни кутди. Кўзига тик қараб туравердим.
Ёшлар айниб кетди, — деди ёнидаги кампирга ҳасрат қилиб. — Катталарни иззат қилмайди. Ҳасрат қиляпти-ю, овози ўктам, қаҳрли.
Қариганда аҳволи шу бўлса, ёшлигида қанақа бўлганийкин? Хаёлимга келган гапдан ичимда кулиб қўйдим: «Қари бўри!» Бундан чиқди Ёвуз Руҳ шу атрофда туради.
Октябрнинг йигирманчи куни
«Қўлга тушишим»га сал қолди. Кундалигимни «ўз жойи»га — балкондаги эски қақир- қуқурлар солинган шкафнинг энг пастки тортмасига яшираётганимда Шаҳноза чиқиб қолди.
«Нима қидиряпсиз?» деган эди, сигарет чекишга чиққанимни айтдим. Маънилироқ баҳона тополмасам нима қилай? Шаҳноза кўзимга узоқ тикилиб турди-да, индамай уйга кириб кетди. Шунақанги синчковки, хохласанг, нима туш кўрганинггача айтиб беради...
Октябрнинг йигирма иккинчи куни
Рўпарадаги домда турадиган қўшнимиз ўғлини уйлантирди. Улар билан кириш-чиқишимиз йўқ... Умуман, домда туриш ғалати... Қишлоқда, борингки, шаҳардаги маҳаллаларда ҳам қўни- қўшни бир-бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб тура-ди. Ён қўшнилар биров-бировига бир коса овқат узатади. Эркаклар кечқурунлари чойхонага чиқиб гурунглашишади. Бировникида яхши тўй, ёмон ўлим бўлса, ҳамма ёпирилиб келади... Домдагилар... Нима десам экан... тошбақага ўхшайди. Аҳён-аҳёнда зинадами, эшигингиз рўпарасидами, қўшнингизга дуч келасиз. Бошини косаси ичидан чиқариб, хўмрайиб қараб қўяди. На салом бор, на алик... Бирпас қараб туради-да, ўрмалаб инига кириб кетади...
...Тўйга чиқмокчи эмасдик-ку, Қурбоной хола койиб берди:
Вой, худо урди-кетди, Рустамжон болам! Кўздек қўшнининг тўйига чиқмайдими одам деган? Шаҳноз келинимгаям айт: холам тайинладилар, дегин, силкиниб-силкиниб хизмат қилсин! Тўй дегани кўпчилик билан бўлади-да, холанг қоқиндиқ! Худо хоҳласа, эртага сенлар ҳам бешик тўйи қиласан, ўғил тўйи кўрасан...
Хўп, дедим. Шаҳноза эрталабдан чиқиб «силкиниб-силкиниб» хизмат қилди. Мен ҳам наҳорги ошда лаган ташидим. Кечқурун икки дом ўртасига ёзилган никоҳ дастурхонини безатишда кўмаклашдим... Қизиқ, тўй деган нарсанинг Худо назар солган ғалати файзи бўлади, шекилли. Ўзимнинг руҳим-да ҳам ажиб енгиллик сездим...
Тўй кечаси очиқ деб эълон қилинганида рўпарамизга ингичка мўйловли сумакдек озғин йигит билан атлас кўйлак кийган, қорни қаппайиб, юзини сезилар-сезилмас доғ босган аёл келиб ўтирди. Келин-куёв шаънига айтилган биринчи табрикдан кейин рўпарамизда ўтирган аёл жилмайган кўйи менга гап отди:
Танимадингиз-а, Рустам ака! — Ёнидаги йигитга ўгирилиб, таништирди. — Бу киши —
Бахтйёр акам...
Бир зум тикилиб турдим-да, эсладим.
«Сиз» дейишни ҳам, «сен» дейишни ҳам билмай, каловланиб қолдим.
Ахир бу — Ҳабиба-ку! Ўнинчи синфда ўқиётганимда саккизинчида эди. Менга замондош шоирларнинг шеърлари қўшилган ишқий мактублар ёзавериб, бошимни қотириб юборган
қизалоқ! Боядан бери танимай ўтирганимга ўзим ҳайрон бўлдим. Жудаям ўзгариб кетибди.
Яхши юрибсизми, Ҳабибахон? — дедим бошқа гап тополмай.
Ништякман! — Ҳабиба шўх жилмайиб «Бахтиёр акаси»га юзланди. — Рустам ака билан мактабдошмиз... Келинойимизни таништирмайсизми, мундоқ, Рустам ака!
Шаҳнозани таништирарканман, хаёлимга нохуш ўйлар келди. Назаримда, Ҳабиба, кўриб қўй, сен писанд қилмагандинг, тенгимни топдим, яқинда фарзандли бўламиз, деётгандек, Шаҳнозага истеҳзо аралаш тикилиб-тикилиб қараётгандек эди... Худога шукр! Ит эгасини танимайдиган Тошкентдек шаҳри азимда ҳам яна бир ҳамқишлоғим топилди... Ким билсин, қишлоқдаги висир-висирлар Ҳабибанинг ҳам қулоғига етгандир. Ҳаммаси жонга тегди! Ичгим келяпти!
...Базм айни қизиганда тўртинчи қават деразаси очилиб майкачан бўлиб олган айиқбашара барзанги «ўчир даранг-дурунгингни» деб ҳокимона буйруқ берганда вужудимга титроқ кирди. Қарасам, тўйхонадаги уч юзга яқин одам дами ичига тушиб, мунғайиб турибди. Куёв билан келин саросимада, машшокдар созини ғилофига соладиган... Бу қандоқ гап! Тўй қилиш гуноҳми? Кимдан қўрқасан? Нимага қўрқасан, қўйга ўхшаган овсарлар! Умрим бино бўлиб, қўлимни кўтарган бола эмасдим. Атайлаб «Лазги»га ўйнадим. Девор тагидаги столда қий-чув кўтарилганини, беш-олти хотин-халаж орасида Шаҳноза ҳам сапчиб ўрнидан туриб кетганини, жиққа ҳўл бўлиб, баданига ёпишиб қолган кўйлагининг ёқасини ғижимлаётганини кўриб, тепага қарадим. Барзанги деразани ланг очганча қўлида яшил пластмасса пақир ушлаб турибди.
...Тўртинчи қаватга қандай чиққаним эсимда йўқ. Худо ҳаққи, мен унга қўл кўтармоқчи эмасдим. Қўлидаги вино шишасини бошим устида кўтарганидан кейин... у ёғи нима бўлгани ёдимда йўқ. Шаҳнозанинг «Ўлдириб қўясиз!» деган чинқириғидан ўзимга келдим... Ким нима деди, нима қилди, бунисиниям эслолмайман. Фақат гўрдан чиққандек гулдураган садо қулоғимга аниқ-равшан кирди:
Ғирт миллатчи экансан, бола! Умринг турмада чириб кетади!
...Бу — Ёвуз Руҳнинг овози эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |