Эшикни иккиланиб очдим. Майли, Жингалаксоч қайнотамнинг сўзини ерда қолдирмаслик учун мени қабул қилишга-ку қилар. Аммо ўша одам мен эканимни қаёқдан билсин? Кўради-ю, ҳайдаб чиқаради. Юз йилдан кейин кўришишга ваъдалашганмиз, ахир!
Қабулхонада оёғини чалиштириб сигарет чекиб ўтирган котиба қиздан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Қиз исми шарифимни сўради.
Бир минутга! — деди-да, сигаретни кулдонга босиб ўчирди. Шошилмай ўрнидан турди. Жинси юбкаси шунақанги калта эканки, хаёлимга бемаъни ўй келди: табиий зарурат юзасидан анавинақа жойга борса, юбкасини кўтариб ҳам ўтирмаса керак. У чарм қопланган эшик ортида ғойиб бўлди-да, дарҳол қайтиб чиқди. Оппоқ, лўмбиллаган сонларини намойиш қилиб, дик-дик юриб келиб, жойига ўтираркан, мулойим жилмайди:
Марҳамат, ўртоқ Шоматов.
Хона унчалик катта эмасди. Ортиқча ҳашамлар йўқ. Деворда «Партия — давримизнинг ақл- идроки ва виждонидир» деган шиор осиғлиқ турибди. Кириб борганимда Жингалаксоч хона ўртасида турган экан. Осойишта юриб келиб, кўришиш учун қўл чўзди.
Дмитрий Степанович! — деди ўзини таништириб. Анграйиб қоддим. Наҳот танимаган бўлса? Икки ҳафта олдинги даҳанаки «жанг» наҳот ёдида бўлмаса!
Шоматов, — дедим минғиллаб.
Ўтиринг, ўртоқ Шоматов. — У тўрдаги столдан ғижимланиб кетган таниш папкани олиб келди. Стол қиррасидаги курсига, ёнимга ўтирди. — Қани, кўрайлик-чи, нима гап ўзи? — деди вазминлик билан.
Қоғозларни шошмасдан варақлашини кузатиб ўтирибман-у, хаёлимда нуқул бир гап айланади. «Мазах қиляпти! Ҳозир мулойим жилмаяди-да, узр, йигитча, юз йилдан кейин келасиз, дейди».
Ўртоқ Шоматов! — деди у ҳужжатларни обдан текшириб бўлгач. — Гарчанд қонунни четлаб ўтишга тўғри келса-да, сизга ёрдам берамиз. Интернационалист-жангчиларга кўмаклашиш — бизнинг бурчимиз. Ҳозирча эски фонддан ажратиб турамиз. Кейин ўйлашиб кўрамиз...
Нима? — дедим ўз қулоғимга ишонмай.
Дмитрий Степановичнинг мовий кўзларида табассум пайдо бўлди.
Эски фонддан, — деди тушунтириб. — Чилонзорда бир хонали квартира бўшаган.
Англашимча, сиз жуда ҳам муҳтожсиз. Янги уй қурилиб битишини кутолмайсиз.
Гап оҳангида «Хафа бўлмайсиз-да, биродар», деган маъно бор эди.
Ордерни келар чоршанба куни Чилонзор ижроқўмидан оласиз! — У хайрлашаётиб қўлимни самимий қисди. — Уй тўйига таклиф қилсангиз, албатта, бораман!
Гарангсиб эшик олдига борганимда қўшиб қўйди:
Редакцияга расмий жавоб хати қиламиз. Унгача ўзингиз Ҳам ишим ижобий ҳал бўлди, деб айтиб қўйсангиз ёмон бўлмасди.
Эшик тутқичидан ушлаганча узоқ туриб қолдим. Демак, таниб турибди. Мақолани ҳам ўқиган. Ўша кунги «безорилигимни» бир оғиз юзимга солмади.
Раҳмат, Дмитрий Степанович! — дедим ҳаяжонланиб.
Арзимайди. Бирон проблема туғилса, бемалол келаверинг.
Ташқари чиқиб, рўпарасидаги қайрағочга суяниб қоддим. Узоқ турдим. Курант соати тантанавор занг урар, япроқлари эрта сарғайган қайрағоч куз шамолида оҳиста шовуллар эди. Юрагим шодон гурсилларди. Бор экан-ку адолат! Бу дунёда ҳақиқат деган нарса ҳам бор экан- ку!
«Маузер аканинг олдига бораман. Ҳозир! Ҳозироқ! Кейин Шаҳнозадан суюнчи оламан. Адамга телефон қиламиз! Раҳмат, деймиз! Раҳмат, ада, ҳақиқатни тиклашга ёрдам берганингиз учун минг раҳмат!»
Do'stlaringiz bilan baham: |