Оллоберганов Санжар. Йигирма олти ёшда. Олийгоҳ аспиранти. Миллати — ўзбек. Ота-онаси билан Бахт кўчасидаги хусусий уйда истиқомат қилади. Уйланмаган. Аввал судланмаган. Комсомол аъзоси.
Шоматовни танирмидингиз?
Қайси Шоматов?
Шоматов Рустам. Сиз аспирант бўлган олийгоҳда ўқиган. Биринчи курсни битириб, ҳарбий хизматга кетган. Афғонистонда бўлган.
Э, бўлди, анави йигитми?
Қайси маънода «анави йигит?»
Байрамнинг эртаси куни ҳалок бўлган...
Худди ўша! Танирмидингиз?
Умуман, танирдим. Ўқиш бошланмасидан олдин уй олишим керак, маълумотнома беринг, деб борди. Ёзиб бердим.
Нега маълумотномани сиздан сўрайди?
Менга жамоатчилик вазифаси сифатида куллиёт месткомлигини юклаб қўйишган.
Тушунарли. Шоматов билан ораларингда гап қочмаганмиди?
Менинг Шоматовга нима хусуматим бўлиши мумкин?
Шоматова Шаҳнозани танийсизми?
Нима десам экан...
Борини айтаверинг.
Умуман... танийман. Қўшни бўлгандан кейин...
Ўшанда Шоматовлар оиласи Чилонзорга кўчиб келганига икки ой ҳам бўлмаган эди.
Бировнинг хотини билан танишиб олиш учун анчайин қисқа муддат эмасми бу?
Нега энди? Шаҳноза ўзимизда ўқийди... Танийман-да!
Қанча одам ўқийди ўша даргоҳда?
Факультетдами? Аниқбилмайман-ку... беш юздан ортиқ.
Беш юздан ортиқ талаба орасида нега айнан Шаҳнозани танийсиз?
Қулоғим сизда.
Гап шундаки, Шаҳноза — Дилянинг дугонаси. Иккаласи курсдош.
Ким у Диля?
Дилфуза... Илтимос қиламан, ўртоқ терговчи, бу ишга Диляни аралаштирманг! Яқинда тўйимиз бўлиши керак. Ваъда берасизми?
Ўйлаб кўрамиз... Шоматова сиз айтаётган Диля билан дугона эканини ким исботлайди?
Марҳамат, Шаҳнозанинг ўзидан сўранг! Дилфуза Шаҳнозанинг ЗАГСига борган, тўйида қатнашган. Иккаласи сирдош ўртоқ...
Яхши, гражданин Оллоберганов! Фақат... Баъзи деталларга аниқлик киритишга тўғри келади. Шоматов ҳалок бўлган куни, эрталаб сиз ўша атрофда югуриб юрганингизни кўрган одамлар бор.
Тўғри! Ҳар куни ўша ерда югураман!
Ўша куни айнан Шоматовнинг подъезди рўпарасида нима қилаётган эдингиз?
Менми?
Сиз!
Эсимда йўқ.
Эслаб кўринг! Бақатерак панасида турган одам сиз эдингиз.
Э-ҳа, бўлди! Ноқулай бўлса ҳам айтаверайми?
Бемалол!
Қистаб қолди. Туман эди... Дарахт панасига ўтиб...
Нима учун Шоматовнинг ўлиги тепасига келиб, «Шунақа бўлишини билардим!» дедингиз?
Ким? Менми?
Сиз!
Гапиринг!
Ўртоқ терговчи! Бордию мен Шоматовнинг жонига қасд қилган бўлсам, шунақа гапни айтармидим?
Айтгансиз-ку!
Қайси аҳмоқ бировни ўлдиради-да, тепасига келиб, ҳаммага эшиттириб, «ажаб бўпти», дейди? Қани мантиқ!
Қайси аҳмоқ худди шунақа, мантиққа сиғмайдиган мантиқдан фойдаланмайди?
Сиз мени... мени...
Ҳаяжонланманг, гражданин Оллоберганов!
Чақиринг Шаҳнозани! Ҳозир чақиринг! Мен нима ёмонлик қипман уларга!
Ҳар қалай «шунақа бўлишини билардим», деганда нимани назарда тутгандингиз?
Рустамнинг ўзи жанжални пулга сотиб оладиган йигит эди. Йўқ ердан бағис топарди. Шу феъли учун университетдан ҳайдалишига оз қолган. Биринчи курсда... Уй масаласида анави маълумотномани олгунча ҳам жонимдан тўйдирди. Қўйиб берсам, сўйиб ташлайдиган важоҳати бор эди...
Еттинчи ноябрь, байрам куни кечқурун соат олтилар атрофида қаерда эдингиз?
Нима?
Эслаб кўринг, гражданин Оллоберганов. Шоматов билан нега ёқалашдингиз?
Бўлди! Эсладим! Мен у билан эмас, у мен билан ёқалашди! Шаҳнозани қўлида оғир юки бор экан. Уйига элтиб қўйганим учун гуноҳкор бўлдимми?..
Do'stlaringiz bilan baham: |