Ўша куни
Гарангсиб кўчага чиқдим. Чарс чекким келарди. Майли, биз камбағалларга «Прима» ҳам тешиб чиқмайди! Энди сигарет тутатсам, ёнбош томондан ғўлдираган овоз келди:
Энсам қотиб бурилиб қарадим. Ким бўлди бу? Аввалига эслолмай турдим-у, тамакидан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайганидан таниб қолдим.
Ие, Маузер ака!
Қалайсан? — деди у қўлимни қисиб. — Шомансур акадан хабар борми?
Хат келди. Юрганмишлар...
Майли, ука, сабр қилинглар! — деди у сигарет тутатиб. — Мени айтди, дерсан, бу олатасирлар босилади. Нариси билан уч-тўрт йил. Жим юрибсанми ишқилиб? Ҳеч қаёққа бормадингми?
Бордим. Республика прокуратурасига.
КПЗга тиқмадими?
Яна бир марта келсанг, жиннихонага жўнатаман, деди.
Тўғри айтибди! — Маузер Соатович илжайиб қўйди. — Жўнатадиям! Уларга чекланмаган ҳуқуқ берилган.
Дадамнинг орденини топширдим. Амбарцумянга бериб қўйсин.
Бекор қипсан! — У кескин бош чайқади. — Даданг орденни ҳалол меҳнат қилиб олганлар.
Бўлмаса, ҳалол меҳнат қилган одамни қамоққа тиқмасин.
Маузер ака «шу гапни менга айтяпсанми?» дегандек таънаомуз қараб қўйди. Бирпас сукут сақлаб турди-да, сўради:
Бу ерда нима қилиб юрибсан?
Уй масаласида келгандим.
Уйни нима қиласан?
Уйландим, — дедим хушламай.
Зарилмиди? Нима қилардинг ёш бошингга бўйинтуруқ илиб? Ғашим кела бошлаганини сезиб, елкамга қоқди.
Мен-ку, овқатланиб олдим, — деди кулимсираб. — Қорнинг қалай? Бу ернинг
ошхонасида лағмонни боплайди. Ейсанми?
Индамай бош чайқадим.
Юр, бўлмаса, салқинроққа борайлик.
Рўпарадаги боққа кирдик. Камалакранг харракка бориб ўтирдик. Боғ ичи дим, болалар қий- чув солиб отўйин учар эди.
Комиссия мажлиси бўлдими? — деди у менга қарамай.— Зампред бошқаргандир йиғилишни? Сочлари жингалак Васильев?
Бош ирғадим.
Нима деди?
Юз йилдан кейин навбатим келаркан.
— Тўғри айтибди! — Маузер ака хунук хириллаб кулди. — Бу ўртоқ, — деди тушунтириб.
Ўзбекистонга ёрдам бериш учун Марказдан келганлардан.
Менга нима? Марказдан келадими, Америкаданми? Маузер ака мунғайиб ўтирганимни кўриб, елкамга қўл ташлади.
Ўзбекнинг мақолини эшитганмисан? — деди кўзимга тикилиб, салқиган қовоқлари липиллаб кетди. — Меҳмон — отангдан улуғ. Зўр мақол-а? — Тағин кулган эди, йўтал тутди.
Шунақа! — деди туфлаб. — Уйингни тўрини бўшатиб берасан. Охирги кўйлагингни сотиб бўлса ҳам дастурхон ёзасан. Ноз-неъматларни тўлдириб ташлайсан. Мехмон, ия, булар жаннатда яшаркан-ку, деб ўйлаб қолади. Кетаётганида елкасига тўн ёпасан. Хотинига бир жўра атлас берасан. Болаларига мева-чева... Меҳмон яна ўйлаб қолади. Ие, пора беряпти-ку, бундан чиқди, бир балоси бор, дейди... Кейин мазахўрак бўлади. Эртасига ўнта меҳмон келади. Сенга пойгак ҳам тегмай қолади. Ҳовлига чиқасан. Индинига юзтаси келади. Ҳовлигаям эга чиқади. Кўчага чиқиб кетасан. Кўчаям торлик қилиб қолса, «фиш-ш-шт!» — У ҳуштак чалган эди, оғзидан тупук сачраб кетди. — Учасан, космосга!
Маузер Соатович жимиб қолди. Салқиган қовоқлари орасида милтираб турган кўзларида ғусса бор эди.
Халқлар биродарлиги деган нарса — муқаддас тушун-ча,—деди хўрсиниб. — Аммо бир юрт иккинчи юртни азбаройи бахтли қилиш учун босиб олмас экан. Бундан ўттиз йил, қирқ йил аввал юртимизга келган биродарларимизда инсоф бор эди... Энди бўлса... — У ҳафсаласизлик билан қўл силтади. — Ўзимизда юз минглаб ишсизлар юрибди саланглаб, иттифоқ тасарруфидаги корхонани қуради-да, йигирма минг-ўттиз минг «мутахассис» олиб келади. Қурган заводи республикага шимилдириқ ҳам бермайди. Ҳаво билан сувни заҳарлагани қолади.
Бирпас жим қолди-да, ўрнидан турди. — Бўпти, кетдик, укам, сениям юрагингни сиқиб юбордим...
Катта кўчани кесиб ўтаётганимизда, истеҳзоли илжайди.
Марказ нега шунақа қилаётганини биласанми? Халқаро қонун бор: қайси юртда туб аҳоли сони эллик фоиздан кам бўлса, «миллий озчиликка» айланиб қолади, яъни ўша юртга эгалик ҳуқуқини йўқотиши мумкин. Мана, мақсад қаерда ётибди! Бўпти, хайр! — У асабий қалтираётган қўлини чўзди. — Сенинг уйинг масаласи бўйича, албатта, мақола ёзаман! — деди ишонтириб. — Яна эллик учта «афғон»нинг хати қўлимда турибди!
Do'stlaringiz bilan baham: |