Шайдуллаев Улуғбек Эшкуватович Термиз Давлат Университети
“Археология” йўналиши магистранти
Аннотация Мазкур мақола Бақтрия давлатининг топографик,географик жойлашиши ва Бақтрия давлати ёхуд Бақтр шаҳри номининг этимологияси муаммосига бағишланган.Бу муаммони ёритишда Марказий Осиёнинг бронза ва темир асрига оид ёдгорликларидан топилган археологик маълумотлар; Бақтрия тарихи, ижтимоий - иқтисодий ҳўжалиги, аҳолиси, Бақтрия, Бақтр этимологияси ҳақидаги ёзма манбалар асос қилиб олинди.
Калит сўзлар: Бақтрия, Бақтр, этимология, Зариаспа, зардуштийлик, ибодатхона, Юнон-Бақтрия, скиф. Аннотация Данная статья посвящена проблеме топографии, географического положения Бактрийского государства и этимологии названия Бактрийского государства или города Бактра. Для освещения этой проблемы были использованы археологические данные памятников бронзового и железного веков Средней Азии, письменные источники по истории, социально-экономического хозяйства, населения, а также этимологии Бактрии.
Ключевые словы: Бактрия, Бактр, этимология, Зариаспа, Зороастризм, храм, Греко-Бактри, скифы. Abstract This article is devoted to the topographic, geographical location of the ancient state of Bactria or the city of Bactra. Archaeological data from the Bronze and Iron Age monuments of Central Asia, written sources on the history of Bactria, socio-economical farms, population, Bactrian etymology were used to cover this problem.
Index terms: Bactria, Bactra, etymology, Zariaspa, Zoroastrianism, temple, Greek-Bactria, Scythians.
1-расм. Қадимги Бақтрия давлатининг харитаси
Тарих илми давлатчиликнинг келиб чиқиши билан узвий боғлиқдир.Зеро, инсоният тамаддуни шаҳар-давлатларнинг пайдо бўлишидан тортиб, токи ҳозирги замон давлатларигача бўлган тарих силсиласида ўзининг юқори такомил даражасига мушарраф бўлди.
Шу жиҳатдан қараладиган бўлса,Ўрта Осиёдаги қадимий давлатчилик тузилмаларидан бири бўлган Бақтрия давлати ҳам тарих зарварақларида ўз ўрни ва аҳамиятига эгадир. Қадимий манбалар шундан далолат берадики, бронза давридаги ижтимоий-иктисодий ривожланиш (Сополли,Жарқўтон,Олтинтепа ва бошқалар) кейинги даврларда янада ривожланди.Натижада мил.авв. IX-VIII асрларда Бақтрия худудида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган сиёсий бирлашмалар ташкил топди.Маркази Бақтр (Зариаспа) шаҳри бўлган бу подшолик шимолда Сўғд, жанубда ва жанубий-шарқда Арахосия,Гандҳара, ғарбда Марғиёна (Мурғоб воҳаси) билан чегарадош эди.
Барча далилий ашёлар мил.авв. сунги мингйиллик бошларида Ватанимиз ҳудудларида 3та: Бақтрия, Катта Хоразм ҳамда сак ва массагетларнинг конфедерацияси кўринишидаги дастлабки давлатлар шаклланганлигини кўрсатади. Бу давлатлар ўзига хос ривожланиш жараёнини босиб ўтган. Айниқса,бу илк давлатлар орасида Бақтрия нисбатан барқарор бўлганлиги билан ажралиб туради. Катта Хоразм “ишлаб чиқаришнинг Осиё усули”га эга булган давлатларнинг кадимги шарқ типига мансуб эди. Сак ва массагетларнинг конфедерацияси эса чорвадор турларнинг кўчманчи ва ярим кўчманчи кабилаларнинг харбийлашган давлатидан иборат эди.
Мил.авв. VII-VI асрларда Қадимги Бақтрия подшолиги ҳудудига Сурхон, Қашқадарё ва Зарафшон воҳалари, Марғиёна ва Суғд ерлари кирган.Бақтриянинг йирик шаҳарлари Қизилтепа, Ерқўрғон, Узунқир ва Афросиёб ҳудудларида жойлашган.
Қадимги Бақтрия маданияти ёдгорликлари Бақтриянинг Шеробод дехқончилик воҳаси(маркази-Жондавлаттепа), Бойсун деҳқончилик воҳаси (маркази –Қизилтепа), Сурхон дехқончилик вохаси(маркази –Ҳаитободтепа), Кофирнихон деҳқончилик воҳаси (маркази -Қалъаи-Мир), Вахш деҳқончилик воҳаси, Панж деҳқончилик воҳаси(маркази-Байтудашт IV), Қизил-Су деҳқончилик воҳаси каби ўн бир деҳқончилик воҳасида жойлашган.[21.Б.42]
Жанубий Бақтрия ҳудудида шу давр ёдгорликлари тўртта деҳқончилик воҳасида жойлашган бўлиб,булар Даштли, Фарухобод, Олтин-Дилёр ва Наибобод воҳаларидир.[20.Б.134]
Қадимги Бақтрия маданияти ёдгорликлари қуйидаги типларга ажралади: 1.Шаҳарлар, 2.Қишлоқлар (Бандихон II ёдгорлиги атрофида жойлашган ёдгорликлар мажмуаси), 3.Ҳарбий истеҳкомлар (Талашқонтепа I,Бандихон II), 4.Уй қўрғонлар (Қизилча I,VI) [21.Б.43]
Қадимги Бақтрия маданияти даврида ҳарбий ишлар ва ҳарбий қурилишларга алоҳида эътибор қаратилган. Шаҳарлар ривожланган фортификация ёрдамида мудофаа қилинган, алоҳида мудофаа истеҳкомлари – қалъалар шаклланади (Талашқонтепа I ).Бу даврга келиб баланд платформа устига уй қурилишига барҳам берилса-да, Кучук I даврида қурилган шундай иншоотлардан фойдаланиб келинади ва улар қўшимча мудофаа деворлари билан ўралади (Кучуктепа). Шаҳарлар мудофаа деворлари билан ўраб олиниши билан бирга чуқур ва кенг ҳандақларнинг ҳам мавжудлигининг гувоҳи бўламиз (Ҳаитободтепа, Қизилтепа).
Геродот қолдирган маълумотларда Бақтрия ва Сўғдиёна алоҳида сатрапликлар сифатида тилга олинган.Бақтрия XII, Сўғдиёна эса Хоразм билан бирга XVIсатраплик сифатида талқин этилади. В.В.Бартольд ва В.М.Массон бу Геродотнинг хатоси деган фикрда бўлган бўлсалар, бошқа тадқиқотчилар эса Доро I нинг Марғиёна,Бақтрия,Сўғдиёнанинг иқтисодий ва ҳарбий мавқеини бўлиб қўйиш сиёсати натижасида Сўғд XVI сатраплик таркибига киритилган деган фикрда[18.Б.37-42]
Қадимги юнон ва рим муаллифлари Ўрта Осиё вилоятлари (Бақтрия,Сўғдиёна) ҳудудий чегаралари ҳақида сўз юритганда,антик давр тарихчилари маҳаллий элатларнинг аралаш жойлашуви ҳолатини ҳисобга олмаганлари каби, турли вилотларнинг ўзига хос географик хусусиятларини ҳамда қадимий халқларнинг ҳудудий жойлашиш чегараларини аниқ белгилаб беролмаганлар.Геродотнинг асарида “Бақтрия халқи” тушунчаси тилга олиниб, Бақтриянинг ҳудудий чегаралари ҳақида маълумотлар йўқ.
Страбон “Окс дарёси Бақтрия ерларини Сўғдиёнадан ажратади “ деб ҳисоблаган.[14.]. Унинг фикрига кўра, Бақтрия Арея чегараси бўйлаб , шимол йўналишда Марғиёна ва Сўғд оралиғида бўлиб, Окс-Амударёдан жанубда жойлашган.
Бақтрия ерлари – бу Афғонистоннинг шимоли-шарқи (Балхоб, Қундуз, Панж, Бадахшон воҳалари), Жанубий Тожикистон (Кофирниҳон,Вахш,Панж воҳалари) ва Сурхондарё воҳаси.
Ёзма манбаларда Бақтриянинг жанубий чегаралари Парнас,Паропамис – Ҳиндикуш тоғлари билан белгиланган.Қадимги дунё муаллифлари бақтрийлар жойлашган ҳудудни жуда тор қилиб кўрсатганлар.Баъзиларининг айтишича, Ҳинд дарёси бошланган Паропамис тоғларига Бақтрия рўпара бўлиб турган(Плиний). Страбон ҳам Эратосфеннинг маълумотларига асосланиб, “Бақтрийларнинг асосий қисми Паропамис ёнбағрида жойлашиб, унинг бир кичик ери Ҳиндитонга рўпара бўлган” – дея таъкидлаган.[3.Б.78-79]
Рим тарихчисиКвинт Курций Руфнинг ёзишича,”Бактриянинг табиати бой ва турли туман.Айрим жойларда дарахт ва токлар ута сермахсул хосил беради,хосилдор ерлар куплаб булоклардан сув ичади.Юмшок ерларга бугдой экилади,колгани эса чорва учун яйловлардир”.
Ктецийнинг маълумотларига кўра Бақтрияга қарашли Ваҳш водийси оби-ҳаётга мўл-кўллиги, унумдор ерлари кўп бўлганлигидан, бу ҳудудда деҳқончилик маданияти тараққий топган,аҳоли боғдорчилик,мевачилик маҳсулотлари етиштиришда омилкор бўлган. Қашқадарё воҳасининг мил.авв. VIII-VII асрларга оид Сангиртепа, Чироқчитепа, Ерқўрғон сингари аҳоли манзилгоҳларини ўрганиш шуни кўрсатадики,бу жойларда ўтроқ турмуш кечирган қавм, элатлар деҳқончилик билан фаол шуғулланган.Тарихий ва археологик маълумотларга кўра, бақтрияликлар белбоғли кўйлак, чолвор ва кулох кийишган, чолворларининг почасининг учи юкорига қайрилган этикларининг қўнжига тиқиб юришган.
Қадимги Шарқ цивилизациясининг Месопатамия, Қадимги Ҳиндистон,Хитой, Мисрдан кейинги, янги- бешинчи ўчоги сифатида эътироф этилаётган Окс-Амударё цивилизацияси ҳудудининг катта кисмини Бақтрия ташкил этади[19.Б.466].Аммо, Месопатамия ёзма манбаларида Бақтрия ҳақида ҳеч қандай маълумотлар учрамайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, тадқиқотчиларнинг сўнги йилларда Бақтрия ва Марғиёнанинг бронза даври ёдгорликларида олиб борган тадқиқотлари натижасида Қадимги Шарқ шаҳарларига хос бўлган кўплаб моддий маданият наъмуналари кашф этилди.Олимлар Окс цивилизациясимаданиятининг Қадимги Шарқ маданиятига ҳослиги, унинг ажралмас бир бўлаги эканлиги ҳақида умумий фикрга келдилар[1.Б.640].
Бақтриядан Лал(Лазурит) ҳалқаро қадимий савдо йули орқали Қадимги Шарқ дунёсига олиб борилган Бадахшон ложувард-лазурити энг машҳур минераллардан бўлсада, Месопатамиянинг қадимги ҳалклар билан олиб борган сиёсий алоқалари орасида Бақтрия номи тилга олинмайди[4.Б.53].
2-расм.Бақтрия олтинлари.Бақтрия.
Бақтрия иборасининг Месопатамия ёзма манбаларида учрамаслиги табиий хол,негаки бу ибора анча кеч шаклланган. Бақтрия тўғрисидаги энг қадимги ёзма маълумотлар қадимги ҳинд манбаларида келтирилган бўлиб,уларда “Bahlika” шаклида ёзилган. Э.А.Грантовский “Bahlika” атамасини «Авесто»даги «Baxtis», кадимги форс манбаларидаги «Baxtris»ёки «Balx»-«Baxl» сузлари билан таққослайди ва ушбу географик ҳамда этник тушунчани катъий тарзда Бақтрия билан боғлайди[11.Б.106-107]. Демак, Бақтрия номи қадимги Оссурия ва Аҳамониялар давлати даврига оид форс манбаларидан аввал ҳам учрайди. Сўнги йилларда фан оламига кириб келган ушбу манба Аҳамонийлар даврига қадар ҳам Бақтрияя подшолиги “кавийлиги”нинг мавжуд бўлганлигини кўрсатди[22.Б.74-80]. Аммо, қачондан бошлаб Бақтриянинг шу ном билан аталиб келинаётганлиги ва у қандай маънони англатиши ўз ечимини топган масала эмас.
«Авесто»да энг қадимги вилоятларнинг номлари, шу жумладан Бақтрия номи Яшт китобининг учинчи ва Видевдат китобининг биринчи бобида санаб ўтилган. Видевдат китобига кўра, Ахурамазда пайғамбар Заратуштрага бундай хабар килади:”Мен,Ахурамазда энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган, баланд байроқли гўзал Баҳдига асос солдим[2.Б.21]
Геродот Бақтрия маркази Бақтра шаҳрини ва шу вилоятдаги Барка номли қишлоқни ўз асарида икки марта тилга олган[10.IV.Б.204;VI.Б.9;IX.Б.113].
Юнонлар томонидан Бақтр деб аталган қадимий шахар замонавий Балҳ шаҳри билан чамбарчас боғлиқдир.Мудофаа девори билан ўралган Боло Ҳисорда ва ундан жануброқдаги янги Балҳда Бақтр шаҳрининг харобалари ҳамда ўша давга мансуб турли-туман топилмаларнинг учраши бунинг тарихий исботидир. Шунингдек Бақтр сўзи пушту-дари тилида بلخ , яъни Балҳ деб аталади.
Бақтрия номи эрон(форс) манбаларида форсча “бохтар замин” , яъни , “шарқ томондаги ўлка” маъносини англатувчи атама билан тилга олинади[8.]. Унинг бош шаҳри эса форсларга Зариаспа ва юнонларга Бақтр номи билан маълум бўлган. (Юнонлар ҳам айни бир вақтда шаҳарни Зариаспадеб ҳам аташган)[10.Б.15]
Венециялик машҳур сайёҳ Марко Поло ўзининг кундалигида ўзи ташриф буюрган Балҳ(Бақтр) шаҳрини “ олийжаноб ва улуғвор шаҳар” сифатида тасвирлаган.
Француз буддисти Александра Давид-Неел Шамбҳалани Балҳ билан боғлади. Шунингдек, унинг номи этимологияси сифатида форсча Шам-и-Бала (“юқори даражадаги(баланд) шам”) атамасини таклиф қилди[7.Б.1]
Британиялик олим Ж.Г.Беннет ҳам ҳудди шундай фикрда бўлиб,Шамбалҳани Бақтрия қуёш ибодатхонаси Шамс-и-Балҳ (Шамс-Балҳ) деб тахмин қилган[5.]
Балҳ(Бақтра)нинг қадимий номларидан яна бири Бами бўлиб, Нага ҳинд-скиф маликаси Бами шарафига аталган[15.Б.279]Шаҳарнинг Бақтр тилидаги номиβαχλο сифатида қайд қилинган. Ўрта Форс манбаларида бу шаҳар Baxl номи билан тилга олинади.
Вилоят (сатраплик) ёки давлат номи саналмиш Бақтрия қадимги Форс ёзувларида Bāxtriноми билан ҳам учрайди.
Зардуштийларнинг муқадас манбаси- Авестода ҳам Bāxλiдеб ёзиб қўйилган.