Бадиий матннинг фонетик-фонологик хусусиятлари
Бадиий матнни таҳлил қилиш жараёнида фонетик бирликларнинг эстетик хусусиятларига ҳам алоҳида эътиборни қаратиш зарур. Шеърий матнда нутқ товушларининг эстетик имкониятлари тез ва қулай идрок этилади. Чунки шеърда ўзига хос жозибадор оҳанг бўлади. Бу оҳангдорликка товушларни услубий қўллаш натижасида эришилади. Шеъриятда асосан, аллитерация (ундошлар такрори), ассонанс (унлилар такрори), геминация (ундошларни қаватлаш) каби фонетик усуллардан фойдаланилади. Насрда унлиларни чўзиш, ундошларни қаватлаш, товушларни такрорлаш, сўзларни нотўғри талаффуз қилиш, товуш орттириш ёки товуш тушириш каби фонетик усуллар ёрдамида экспрессивлик таъминланади. Товушларни услубий қўллаш билан боғлиқ қонуниятларни ёзувда «айнан» ифодалаш имконияти чекланган. Бироқ, талаффуз ва баён мувофиқлигига фонографик воситалар ёрдамида эришиш мумкин. Афлотун ва Арасту яшаган замонлардаёқ сўзнинг талаффуз тарзи ва уни айнан ёзувга кўчириш муаммоси мутафаккирлар эътиборини ўзига жалб қилган эди. Ҳатто бу нотиқлик санъати билан боғлиқ бўлмаган равишда, сўзнинг, сўздаги ҳарфларнинг талаффузи билан боғлиқ оҳанглар гармонияси буюк файласуфларга илҳом манбаи бўлган эди. Улар сўз таркибига сингиб ўзига хос маъно ва оҳанг касб этиб улгурмаган ҳарфларга ҳам ўзгача мазмун беришга интилишган эди. Масалан, «r» ҳарфи – тезликнинг, шиддатнинг рамзи, «l» - ҳарфи виқорнинг, силлиқликнинг, ялтироқликнинг ифодачиси, «i» - торнинг, «а» - кенг ва каттанинг, «e» - абадиятнинг белгиси сифатида талқин қилинган. Кейинроқ товушлар табиати билан шуғулланувчи мутахассислар «u», «d», «r» товушлари даҳшатни ёдга солиши, «i» хурсандчиликнинг, «m», «n», «l» товушлари назокатнинг сирли рамзлари эканлиги ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилишган.46 Товушларга, айниқса, ҳарфларга бу тарзда маъно юклаш албатта жиддий илмий асосларга эга эмас. Бадиий асарларда руҳий ҳолатни ёзувда ифодалаш ўзига хос мураккабликни юзага чиқаради. Қаҳрамонлар руҳиятидаги ички ҳаяжон, хурсанд бўлиш, хафа бўлиш, розилик, таажжуб, ялиниш, ҳайратланиш, киноя, пичинг, кесатиқ, олқиш, сўроқ, таъкид, қониқмаслик, норизолик, тилак-истак, қўллаб-қувватлаш каби ҳолатларни айнан беришда ёзувчилар унли ёки ундошларни бирдан ортиқ ёзиш усули – фонографик воситалардан фойдаланадилар. Масалан:
1.Унлиларни бирдан ортиқ ёзиш. Бунда унлини чўзиб талаффуз қилинганлиги тушунилади. Унлини чўзиб талаффуз қилиш орқали қаҳрамоннинг воқеликка муносабати ойдинлаштирилади. Илмий адабиётларда мазкур усул орқали белгининг меъёрдан кучсиз ёки ортиқ эканлигини ифодалашда фойдаланилиши таъкидланади.47 Масалан, белгининг кучсизлиги: Ортиқ жиззаки кўринмаслик учун бос-и-иқ товуш билан деди... (П.Қодиров). Белгининг ортиқлиги: Узо-оқ йўл, аҳйо-онда бир келади, қато-ор иморатлар, ўйла-аб турсам, ўғлим, дунёни иши қизиқ.(А.Мухтор) «Шарқ» саҳнаси билан «Турон»нинг тўртта карнайи: ғо-о-о-о-от, ғо-о-оту-у-у ғо-о-о-от! Ғорт-ғорт-ғорт! Ҳа, товушинг ўчкур, ҳа, эгасиз қолғур!! (А.Қодирий)
- Қадрласангиз, қани, сиз ҳам бир дуо беринг,-деди муаллим. – Би-ир томоша қилиб, гуллар териб какликларингизни сайрашини эшитиб кетайлик.
Шунингдек, бадиий матнда унлиларни бирдан ортиқ ёзиш усулидан қаҳрамоннинг бирор нимадан ҳайратланиши, таажжубга тушиши каби ҳолатларини ифодалашда фойдаланилади. Масалан:
- Марҳамат... Ў-ў, какликнинг сайрашини дедингизми? – Унинг манглайи тиришиб ва ғижиниб давом этди: - Биз ҳам сизга қўшилиб эшитар эканмиз-да? (Ш. Холмирзаев)
- Ў-ўў, окахон, туда-суда тўлайсиз-да. (Ш. Холмирзаев)
-А-а-а, ўша сизмидингиз, буни қаранг-а, танимапман. Уйимизга яна бир келган экансиз. Йўқлигимни қаранг-а.(С.Аҳмад)
Мен ўзимнинг одми плашимни ҳам девордан даромад қилиб ясалган шифонерга илдим. – О-о! – деб яна ўзи ичкарига йўл тортди Таваккал.- Яхши-ии... А, Гулсара? Бир кишига бўлади-да! (Ш. Холмирзаев)
Мазкур фонографик усулдан бадиий матнда хитоб, чақириш, даъват, тингловчи эътиборини жалб қилиш каби мақсадларда ҳам фойдаланилишини кузатиш мумкин. Масалан, чақириш:
Зиёдни онаси пахтазор қараб-пахтазор қараб чақиради:
-Зиёд-у-у-у!
Мен Зиёдни онаси қўлидан тортиб-тортиб йиғлаб қўябераман.
Юринг кетамиз, момо! – дейди . – Юринг кетамиз, ҳозир самолёт келади!
Зиёдни онаси гапимни корламайди. Энтикиб-энтикиб чақиради:
-Зиёд-у-у-у!
Зиёдни онаси ўпкаси тўлиб-тўлиб чақиради:
-Зиёд-у-у-у! (Т.Мурод)48
2.Ундошларни бирдан ортиқ ёзиш. Аслида орфоэпик меъёр бўйича бир ундош талаффуз қилиниши керак бўлган сўзлар муайян вазиятларда экспрессия ва эстетик мақсад талаби билан атайин қаватлаб талаффуз қилинади. Сўзловчининг ички руҳияти (сиқилиш, хурсандлик кабилар) ва мақсадини китобхонга «айнан» етказиш учун ёзувчилар бадиий матнда бу ҳолатни ундошларни бирдан ортиқ ёзиш орқали ифодалашга ҳаракат қиладилар. Бунда белгининг меъёрдан ортиқлиги, ҳаракатнинг давомийлиги ёки онийлиги (бир онда рўй берганлиги), такрорийлиги, товуш кучининг баландлиги ёки пастлиги каби маънолар ифодаланган бўлади. Масалан, белгининг ортиқлиги: Айёрликда уччига чиққанман деб мақтансам ёлғон эмас (Ойбек). Ўзим шу байтни яккахонлик қилмоқдаман: Дарди йўқ - кессак, Ишқи йўқ - эшшак! (А.Қодирий)49
Do'stlaringiz bilan baham: |