Биосфера
Биосфера Ерда ҳаёт мавжуд бўлган қатлам. Ер юзида ҳаёт атмосфера, гидросфера ва литосфера билан чамбарчас боғлиқ. Атмосферада 6 км. баландликгача ҳаёт намуналарини кузатиш мумкин. Гидросферада энг катта чуқурликгача ҳаёт мавжуд. Литосферада бир неча юз метргача ҳаёт бўлиши мумкин.
Ер юзидаги ҳаёт амалда бу геосфераларнинг функциясидир деса бўлади; булардан бирортаси йўқ бўлса, Ер юзида ҳозирги вақтда юз бераётган ҳаёт йўқ бўлар эди. Атмосферада ҳаёт 6 км га яқин баландликкача, гидросферада океаннинг энг катта чуқурликларигача (10400) аниқланган. Литосферанинг қайси жойлигача ҳаёт борлигини айтиш қийин. Лекин учламчи давр кўмирлари ҳақида келтирилган мисол шуни кўрсатадики, литосфера ичида, эхтимол, бир неча юз метр чуқурликларда ҳам ҳаёт бўлиши мумкин.
Одатда, Ер тарихини икки катта даврга бўладилар: Ер юзида ҳали ҳаёт пайдо бўлмаган давр (азой) ва Ер юзида ҳаёт пайдо бўлиб тезда ривожланган давр (зой). Шу вақтдан бошлаб литосфера ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаёт фаолиятининг маҳсули бўлган бир қатор минерал ва тоғ жинслари билан бойий бошлаган.
Геологик нуқтаи назардан қараганда айрим организмлар-нинг роли бир хил эмас, шунинг учун организмларнинг жинс ҳосил қилувчи организмларга ва тоғ жинслари ҳосил бўлишида иштирок этмайдиган организмларга ажратиш мумкин. Тоғ жинслари ҳосил қилувчи организмларга қуруқликда, ҳаво ва сувда яшайдиган ўсимлик ҳамда ҳайвонлар киради.
Тоғ жинсларини ҳосил қилишида каттагина рол ўйнайдиган денгиз ўсимликларидан ташқи скелети кремнийли диатом сув ўтларини ва кўпинча катта рифлар ҳосил қилувчи бир хужайрали ва кўп хужайрали оҳакли сув ўтларини биринчи галда кўрсатиб ўтиш лозим. Тоғ жинсларини ҳосил қилишда денгиз ҳайвонларидан оҳакли скелет қурувчи фораминифералар, кремнийли скелетга эга бўлган радиоляриялар, мшанкалар, маржонлар, чиғаноқлари икки табақали тикан терилилар, бриахиоподалар, пелециподалар ва шунга ўхшаш бошқа кўп жониворлар ҳам катта роль ўйнайди.
Литосфера
Литосфера - деб Ернинг тош қобиғига айтилади ва у жинсларнинг физик ҳолатига қараб ажратилган. Литосфера минераллар ва тоғ жинсларидан ташкил топган. Литосфера океанларда 2-5 км, тоғли ўлкаларда эса 200-250 км чуқурликгача бўлади.
Литосферанинг усти жуда нотекис бўлиб, ундаги баланд ва пастликлар ўртасидаги фарқ 19 км га боради ва ундан ҳам ортади. Литосфера устки қисмининг кўпи океан ва денгиз сувлари билан қопланган. Литосферанинг қалинлиги ҳам, унинг остки чегараси ҳам аниқ маълум эмас. Унинг қалинлиги тахминан 40-100 км деб ҳисоблайдилар.
Литосферанинг океан сатҳидан юқорига кўтарилиб турган ва материклар деб аталадиган қисмларигина бевосита ўрганиш ва текшириш мумкин. Ю.М. Шокальский ҳисобига кўра, материкларнинг океан сатхидан юқорига кўтарилиб турган қисмининг ҳажми океанлар ҳажмидан 12,7 марта камдир. Одатда геохимиклар литосферанинг химик таркибини белгилаш ҳақидаги хулосаларни 16-25 км чуқурликкача бўлган маълумотлар аосидагина чиқарадилар.
Литосферанинг анча чуқур қисмларида температура тахминан 14500С дан ортиқроқ ва тоғ жинсларининг босими 3000 атм. дан кам бўлмаса керак. Шунинг учун литосферанинг 16-25 км дан чуқур қисми қандай ҳолатда эканлиги тўғрисида аниқ фикр юритиш қийин: бундай чуқурликда моддалар чала суюқ ёки пластик ҳолда бўлиши мумкин. Литосферанинг қизиган ҳолдаги ана шу қисмини вулқон отилишининг манбаи деб ҳисоблайдилар, уни присфера (ўт сфера) деб атайдилар.
Ернинг литосфера ёки тош қатлами катаморфизм (устки) ва анаморфизм (остки) зоналарига бўлинади. Катаморфизм зонасини устки қисмини, яни атмосфера ва гидросферага тегиб турган қисмини нураш зонаси ва остки қисмини эса цементланиш зонаси дейилади. Анаморфизм ёки тоғ жинсларининг метаморфизмланиш зонасининг устки қисмини эпизона, ўрта қисмини мезазона ва остки қисмини катозона деб айтилади.
Геология тарихий фандир. У асосан 17-18 асрларда ривожлана бошлади. 18 ҳамда 19 асрларда чўкинди тоғ жинсларини нисбий ёшини аниқлаш усули ишлаб чиқилгандан сўнг жуда у тез ривожланди. Бу усул геохронологик жадвал тузиш имконини беради. Кейинчалик жинсларни абсолют ёшини аниқлаш усуллари яратилди, ҳамда Ернинг абсолют ёши 4-4,5 млрд йил деб аниқланди.
Геология фани бир қанча табиий фанлар билан чамбарчас боғлиқ ва уларга таянади. Маълумотларнинг йиғилиши билан эса у бошқа фанларнинг яратилишига сабаб бўлади.
Геология фанининг бир қанча йўналишлари бор:
1. Ернинг моддий таркибини ўрганувчи фан ёки геокимё.
2. Ерда вужудга келадиган жараёнларни ўрганувчи фанлар ёки динамик геология.
3. Ернинг тарихини ўрганувчи фанлар.
4. Регионал геология.
5. Амалий фанлар.
I. Ернинг моддий таркибини ўрганувчи фанларга кристаллография, минералогия, петрография ва геокимё фанлари киради.
Кристаллография - кристаллар, уларнинг ташқи формалари ва ички тузилишлари ҳақидаги фан.
Минералогия - Ер пўстини ташкил этган минералларнинг физик, химик хоссаларини, ҳамда уларни вужудга келтирадиган турли жараёнларни ўрганади.
Петрография - Ер пўстини ташкил этган бўш ва қаттиқ тоғ жинсларининг минерал таркиби ва тузилиши қонуниятларини, уларнинг ётиш шаклларини геологик ва географик жиҳатдан тарқалишини ўрганади.
Геокимё - Ер пўстидаги кимёвий элементларнинг тарихини ва физик-кимёвий шароитдаги ҳолатларини ўрганади.
II. Ерда вужудга келадиган жараёнларни ўрганувчи фанларга геотектоника, геофизик, магматизм, вулқонизм, сейсмология, метаморфизм, геоморфология, геофизика, гидрогеология, гидрология, океанология, океанография, гляциология ва бошқалар.
Геотектоника - Ер пўстининг структурасини ва унинг геологик тарихи давомида пайдо бўлиш жараёнларини ўрганади.
Геофизика - Ернинг физик хоссаларини физик усуллар, яъни асбоблар ёрдамида ўргатиш ва олинган маълумотларни математик йўл билан чиқариш асосида ўрганадиган фандир.
Магматизм - магманинг таркибини ўрганади.
Вулқонизм - вулқонлар ҳақидаги фан.
Сейсмология - Ер қимирлашини ўрганади.
Метаморфизм - тоғ жинсларини Ернинг остидаги ўзгаришларни ўрганади.
Гидрогелогия - Ер ости сувлари тўғрисидаги фан бўлиб уларнинг пайдо бўлиши динамикаси Ер пўстида тарқалиш, ҳамда уларнинг механик фаолиятини ўрганади.
Гидрология - Ер устки сувларини ўргатувчи фан.
Океанология ва океанография - денгиз ҳамда океан сувларининг фаолиятини ўрганади.
Гляциология - музликларнинг фаолиятини ўрганади.
Геокриология - доимий музликларни ўрганади.
Лимнология - кўл ва ботқоқликларни ўрганувчи фан.
III. Ернинг тарихини ўрганувчи фанларга тарихий геология, стратиграфия, фациялар, палеонтология, палеогеграфиялар киради.
Стратиграфия - қатламлар уларнинг жойлашишини ўрганади. Палеонтология - қирилиб битган, тошга айланган фауна, ҳамда флора қолдиқларини ўрганади.
Палеогеография - ўтмишдаги физик - географик шароитларни ўрганади.
IV. Регионал геология тоғ жинсларини ёши бўйича келишини, улар ҳосил қиладиган структура шаклларини; қитъа, океан, ҳамда Ер пўстинг ривожланиш тарихини ўрганади.
V. Амалий фанларга фойдали қазилмаларни ўргатувчи фанлар, саноат аҳамиятига эга бўлган, хом ашёларни ўрганувчи фанлар, рудали ва рудасиз конларни, ёнувчи қазилмаларни, қимматбаҳо минералларни ўрганувчи фанлар, ҳамда инженерлик геологияси киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |