3.9-Расм. Соф антипиреннинг (аммофос – 10%; сув – 90%; pH=7) термик анализи натижалари (дериватограммаси)
Кейинги тажрибаларда табиий тoлалардан тайёрланган матoларда антипирeнлар таъсир мeханизмини ҳамда самарадорлигини ўрганиш мақсадида соф пахта тoласидан иборат матoларни ишлаб чиқилган турли таркибли “SamUZ” антипирeн препаратлари билан ишлов берилди ва улар ҳам термик анализ усуллари ёрдамида тадқиқ этилди. 3.9-3.10-расмларда мос равишда “соф антипирен: аммофос–10%; сув–90%; pH=7” ҳамда у билан ишлов берилган намуналарнинг термик анализи натижалари келтирилган.
3.10-Расм. Соф целлюлозадан иборат материалнинг (оқ сурп, намуна массаси – 101 мг, юзавий зичлиги – 185 г/м2) № 1 таркибли антипирен эритмаси (аммофос-10%, сув-90%, pH=7) билан ишлов берилган намунасининг термик анализ натижалари (дериватограммаси)
Расмлардаги маълумотлардан антипирен препарат билан ишлов берилган мато намунасининг парчаланишининг бошланғич температураси 228 0С бўлиб, соф матога нисбатан (250 0С) пастлигининг сабаби аммофос таркибидаги дастлабки аммиак молекуласининг ажралиши нисбатан осонлиги билан тушунтирилади. Унинг кислородда ёнишидан инерт газ – азот ҳосил бўлади ва матога кислороднинг кириши камаяди, шунингдек, газ фазадаги кислороднинг парциал босими камайиши ҳисобига ёниш жараёни юзага келиши учун зарур шарт йўқолади ҳамда антипиреннинг энг биринчи таъсир самараси кузатилади.
Температуранинг 100÷600 0С оралиғининг барчасида антипирен билан ишлов берилган матони ишлов берилмаган пахта матосига нисбатан парчаланиш даражаси 1,5÷2,0 баробарга камроқдир. Яна бир жиҳати шундаки, ҳар иккала ҳолатда ҳам матонинг 50% қисми парчаланиш учун зарур температура 400 0С ни ташкил этиб, бу айнан шу температура оралиғида мато таркибидаги целлюлоза макромолекулаларининг парчаланиши юз беришини исботлайди. Бироқ, иккала графиклар (4.6, 4.8) ва жадваллардаги маълумотлар ўзаро таққосланса, Т500 ва Т600 даги парчаланишда кескин фарқни кўриш мумкин. 500 0С да ишлов берилмаган матонинг 84,76% қисми, антипирен билан ишланган матонинг эса 57,4% қисми ва 600 0С ҳам мос равишда 96,8% ва 66,83% парчаланишни кўрамиз. Бу деган сўз, целлюлоза макромолекулалари парчаланишидан ҳосил бўлган кокснинг термооксидланиш жараёнига антипирен препарати тўсқинлик қилади, деган маънони билдиради. Бу эса ёнғин вақтида аланга тарқалишини олдини олишда жуда муҳимдир.
Т2 авжли парчаланиш температураси ишлов берилган намунада бирмунча паст (2920С), тоза матода (3400С) эканлигини аммофос парчаланишидан ҳосил бўлган фосфат кислота иштирокида целлюлоза макромолекулаларининг термодеструкцияси (деполимеризацияси) осонлашиши билан изоҳлаш мумкин. Авжли парчаланиш температурасида парчаланиш тезлигининг (амплитудасининг) қийматида ҳам фарқ кўзга ташланади. Тоза матода А2=44,9 %/мин; ишлов берилган матода эса А2=35,9 %/мин ни ташкил этиб, қарийб 10%/минга камдир. Бу ҳам ўз навбатида таклиф этилаётган антипирен препарати иштирокида матонинг термодеструкция даражаси пасайганлиги, ва бир сўз билан айтганда препаратнинг ёнғин ҳимоя самарадорлиги юқорилигини исботлайди. Кул қолдиғи ҳам тоза матога нисбатан қарийб 2 баробарга кўпроқ.
Иссиқлик эффектларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, 1100С дан бошлаб енгил учувчан маҳсулотларнинг ажралиши ва уларнинг оксидланиши юз беради. 228 ва 292 0С да кузатиладиган эндоэффектлар антипирен препарат таркибидаги тузларнинг суюқланиш температураларига мос келади. Антипирен препаратнинг таъсир эффектларидан бири сифатида ушбу тузларнинг суюқланиши ва унинг мато юзасига кислородни киришига тўсқинлик қилишини келтириш ўринли. Ундан кейинги кузатиладиган (407, 550 ва 6900С) барча экзоэффектлар целлюлозанинг парчаланиши, кўмирланиши ва унинг термооксидланиши натижасидир. Жараённинг тўлиқ механизмини ёритиш учун антипиренларнинг таркибини ўзгартириш орқали олинган препаратлари иштирокида матоларнинг пиролизи ва термооксидланишли парчаланиш қонуниятларини ҳам тадқиқ қилиш лозим бўлади. Кейинги тажрибалар айнан шу мақсадга йўналтирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |