I Боб. АММОНИЙ ФОСФАТ ВА НООРГАНИК ТУЗЛАР АСОСИДА ЁНҒИН ҲИМОЯСИ ВОСИТАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ҲОЛАТИ.
(Адабиётлар шарҳи)
1.1. Ноорганик тузлар асосида ёнғин ҳимоя воситалари
Енгил ёнувчан материалларни (табиий, синтeтик ҳамда аралаш тoлалар асoсида oлинган тўқимачилик матoлари, ёғоч ва бошқалар) ёнғиндан ҳимоя қилиш асосан қуйидаги икки хил усулда амалга оширилади [1; с.138-139]:
Биринчиси – материалнинг термик парчаланиш тезлигини сусайтириш йўли билан ажралиб чиқадиган ёнувчан моддалар миқдорини камайтиришга асосланган усуллар;
Иккинчиси – термик парчаланиш жараёнида ҳосил бўлаётган маҳсулот таркибини ўзгартириб, ёнмайдиган моддалар ҳосил қилишга асосланган усуллар.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун материалларга турли ёнғин ҳимоя воситалари– антипиренлар билан ишлов бериш тавсия этилади.
Антипирен юнонча анти – қарши, рyr – олов, яъни оловга, алангага қарши маъносини англатади [2; с.6-9].
Антипиренларга қуйидаги умумий талаблар қўйилади [3; с. 127]:
ҳимоя қилинаётган материалнинг ёниши ва туташига йўл қўймаслик;
металларнинг коррозиясини юзага келтирмаслик;
таъсир даврини узоқ муддатли бўлиши;
материалнинг гигроскоплик хусусиятларини оширмаслик;
инсон ва ҳайвонлар учун заҳарли бўлмаслик;
ишлов берилаётган материалнинг биотурғунлигини таъминлаш;
материалга механик ишлов беришда қийинчилик туғдирмаслик;
материалнинг асосий эксплуатацион ва сифат кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмаслик;
танқис бўлмаслиги ва ҳ.к.
Антипирен воситаларига ёнғинга чидамли ҳимоя қопламалари, лаклар, эмаллар ва бўёқлар киради. Айниқса, турли матолар ва ёғочга антипирен билан ишлов бериб термоизоляция қатламини ҳосил қилиш орқали термик парчаланишни маълум муддатга тўхтатиб туриш катта аҳамиятга эга [4; с.23-34]. Яхши ҳимоя қопламаси ёғочнинг алангаланиб ёнишига йўл қўймаслиги лозим. Бунга ёнувчан материал юзасига антипиренни суюқланиб, сингиб кетиши натижасида юпқа газ ўтказмайдиган қават ҳосил қилиш орқали эришилади [5; с.34-45]. Ёнғин ҳимоя қопламалари ёнувчан материалнинг ёнишини тўхтатади, унинг алангаланишини сусайтиради ҳамда юза бўйлаб аланга тарқалиш тезлигини камайтиради. Ёнғин ҳимояси қопламаларининг самараси қуйидаги омиллар таъсирига боғлиқдир:
- қоплама таъсирида иссиқликдан ҳимоя қатлами пайдо бўлишига ва унинг ёнувчан материалга таъсир этаётган ёнғин манбаидан келувчи иссиқликни бирмунча сусайтиришига;
-ҳимоя қопламаси ёнувчан материалдан чиқаётган ёнувчи моддаларни чиқишини қийинлашишига ва ёниш юзасига кислороднинг боришини камайишига олиб келиши керак.
Ёнғиндан ҳимоя воситалари таъсир кўрсатиш механизмига кўра кўпикланувчи, олов ушловчи ва бошқа турларга бўлинади. Кўпикланувчи ҳимоя қопламалар юқори ҳарорат таъсирида иссиқлик ўтказмайдиган қуюқ майда кўпикчалар ҳосил қиладиган воситалардир. Улар юқори ҳарорат таъсирида парчаланиб, аммиак, карбонат ангидрид ва азот ҳосил қилади [4; с.123]. Мазкур ҳосил бўлган газ моддалар иссиқдан юмшаган қопламаларни кўпиклантиради. Шунингдек карбамид, меламин, уротропин каби моддалар ҳарорат кўтарилиши билан фақат газ моддалар ҳосил қилиб қолмасдан, балки қуюқ кўпикли қатлам ҳам ҳосил қилади ва ҳимоя самарадорлигини янада оширади [5; с.45-51].
Энг яхши ёнғиндан ҳимоя воситалари турли смолалар ҳамда полифосфатлар асосида ишлаб чиқилган. Айрим ҳолларда ушбу ҳимоя қопламаларига турли пегментлар, эритувчиларга ва бошқа моддаларни кетма-кет қўшиш натижасида уларнинг таркиблари мураккаблаштирилган [5; с.32]. Олов сақловчи қопламалар кўпикланувчиларига нисбатан камроқ самарага эга воситалар ҳисобланади. Бундай қопламалар қалин қават ҳосил қилиб суртилади. Улар ёнувчан материал юзасига ҳаво кислородининг киришини қийинлаштиради ва алангадан материални ажратиб қўяди. Бундай қопламаларга асосан ёнғин ҳимояси лаклари, бўёқлари ва бошқалар мисол бўла олади [5; с.44]. Уларнинг ёниши ёнувчан материалларни ёнишидан тубдан фарқ қилади, яъни уларнинг ёниши учун қарийб 2 марта кўп иссиқлик миқдори ҳамда ортиқча кислород талаб этилади.
Ёнғиндан ҳимояловчи лак-бўёқлар оловнинг кучайишига ва тарқалишига йўл қўймайди, натижада ёнғин ўчириш воситаларини тўлиқ жалб этишга вақт жиҳатдан имкон яратилади [4; 48-54]. Бироқ ҳимоя лак-бўёқлари узоқ муддат турганда ўз таъсирини йўқотади. Шу туфайли ҳимоя лак-бўёқлари антипирен билан ишлов берилган турли ёнувчан материалларга ранг беришда қўлланиши мумкин. Бугунги кунга келиб дунё бўйича турли русумдаги ёнғин ҳимояси лак-бўёқлари ва бошқа воситаларини ишлаб чиқариш ва улардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган [6; с.22-29. 7; с. 11].
Полимер ҳимоя қопламаларига меламин, формальдегидли смола, фенол ва акрил смола аралашмалари ва бошқалар қўшилади [8; с.28-31]. Адабиётларда келтирилган мавжуд ёнғин ҳимоя қопламалари ҳақидаги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, ёнувчан буюмларни ёнғиндан ҳимоя қилиш воситаларининг қатор камчиликлари мавжудлигини тасдиқлайди [9; с. 44]. Масалан, ушбу воситалар ёрдамида ҳосил қилинган ҳимоя қатламлар узоқ вақтга чидамайди, ёнувчан материал юзасида қолиб кетади ва танасига чуқурроқ кириб бора олмайди. Шу сабабли, ёнувчан материални ёнғиндан ҳимоя қилишда энг мақбул усул унга антипиренлар сингдиришдир. АҚШ, Япония, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ мамлакатлари бўйича олинган натижалар таҳлили ноорганик тузлар асосида олинган антипиренлар ёнғин ҳимоя воситалари орасида энг кўп тарқалган тури эканлигини тасдиқлайди [10; с.1-6]. Бу борада асосан аммоний гидрофосфат [11; с.1-3], аммоний хлорид (сульфат) [12; с.64], натрий фторид [13; с.23-24], ортофосфат кислотаси [14; 1-9], мочевина ва бошқа бирикмалар [15; с. 7] ҳамда уларнинг ўзаро аралашувидан ҳосил бўлган моддалар кенг тарқалган. Ушбу моддаларнинг топилиши осон, арзон ва енгил тайёрланади [16; с.1-8]. Антипирен тузлари кўпинча эритма кўринишида ишлатилади [17; с.1-4, 18;1-5]. Тузлар мажмуасининг эритмалари ёнувчан материал юзасидаги ёриқлар орқали ичкарига сингиб боради [19; с.1-2]. Таркибидаги суви қуриб қолгач, тузлар толалар орасида қолади ва натижада ҳимоя қоплами ҳосил бўлади. Пирилакс, Сенеж-ОБ русумли антипиренлар фосфат кислотаси ва мочевина асосида ишлаб чиқарилади ва қийин ёнувчан материаллар ҳосил қилишда етарли даражада чуқур сингдирилади [20; с.2, 21; с 3].
Антипирен тузлардан ташқари антипирен реагентлар ҳам ишлатилади [22; с.2]. Улар ёнувчан материалнинг устки қисми клетчаткаси билан реакцияга киришиб, қийин ёнадиган бирикма ҳосил қилади. Антипирен реагентларга диалкилфосфатлар, аммоний ва натрий полифосфатлари ва бошқалар киради [23; с.23-25]. Ушбу таркиблар ўзининг узоқ муддатга чидамли ҳимоя қатлами содир қилиши билан қулайликларга эга, бундай ишловдан кейин ёнувчан материални ҳар қандай лак–бўёқлар билан ёпиш мумкин бўлади [24; с.20-21].
Ёнувчан материалнинг ёнишини сезиларли даражада сусайтиришда юқори самарага эришиладиган таркибларга азот- ва фосфор сақлаган бирикмаларни киритиш мумкин [25; с.1-8]. Фосфорнинг ноорганик бирикмаларидан энг кўп ҳимоя воситаси сифатида тарқалган ортофосфат кислотаси, полифосфат кислоталардан – пирофосфат ва триполифосфат кислоталаридир. Шунингдек, аммоний полифосфати асосида фторидлар аралаштирилиб, ёнғин ва биоҳимоя воситаси таркиблари олинганлиги маълум. Япония олимлари томонидан аммоний полифосфатини целлюлоза, поливинилацетат ва полиуретан билан биргаликда амалда қўллаш имкониятлари ўрганиб чиқилган [26, с. 18-19].
Ёнғин ҳимояси самарадорлиги етарли даражада бўлган қаттиқ материалларни (ёғоч, металл ва бошқалар) ёнғиндан ҳимоялаш воситаларига турли кўпикланувчи бўёқлар ва сувоқ таркиблар киради [27; с. 54-56]. Кўпикланувчи ҳимоя воситаларининг вакилларидан бири ВУП-2 таркибли бўёқни юпқа қатлами олов таъсирида кўпикланиб, ёғоч ва металлни қизишдан ҳимоялайди ва алангани тарқалишига йўл қўймайди [21; с.4]. “СИОФАРБ” ҳимоя таркиби ҳидсиз, ишлатишда зарарли ва учувчан моддалар ажратмайди, юзага яхши ёпишади [6; с.22-29]. Препарат антисептик ва антикоррозия самарадорлигига эга. Юқори ҳарорат таъсирида ушбу таркиб димланади ва кўпикланади, натижада мустаҳкам иссиқлик изоляцияси ҳосил қилади.
Республикамизда маҳаллий азот ва фосфор сақлаган органик таркибли хом-ашёлар асосида экологик хавфсиз антипиренлар ва антикоррозион препаратлар яратиш соҳасида тадқиқотлар олиб борилмоқда [28; c.1-3; 29; c. 47-51; 30; c.60]. Ушбу тадқиқотларда бор сақлаган бирикмаларни мочевина ва формалин билан ҳамда меламин ва формалин билан тури шароитларда таъсирлашиш жараёнлари ўрганилган. Ўрганилган аралашмаларни антипирен хоссасига эга бўлган нисбатлари аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |