ХИВА ИЧАН ҚАЛЪА “Ичан қалъа” Хива шаҳри марказида жойлашган. “Ичан қалъа” девори илк бор милоддан аввалги V-IV асрларда қурилган бўлиб, ҳозирги ҳолатдаги кўриниши ХIII-ХIV асрларда бунёд этилган мудофаа девори асосида шаклланган ва бир неча бор таъмирланган.
Шаҳар тўртбурчак шаклида қурилган. “Ичан қалъа” деворининг узунлиги 2200 метр бўлиб, дунёнинг тўрт томонига қарата қурилган дарвозалари бор. Қалъа ичкарисининг умумий майдони 26 гектарни (650х400 м) ташкил этади. Шаҳарнинг ёшини аниқлаш мақсадида 1984-1990 йилларда кенг қамровли архелогик қазиш ишлари олиб борилган. Унда ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими (М. Мамбетуллаев раҳбарлигида) ва Хива “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси илмий ходимлари жамоаси (Ш. Матрасулов раҳбарлигида) қатнашдилар.
Кўҳна Аркнинг шимоли-ғарбий бурчагида Оқ Шайх бобо тепалиги ёнида 577 м2 майдонда амалга оширилган қазиш ишлари бу ерда 10 та тарихий даврга оид қурилиш сатҳини аниқлаш имконини берди. Натижада биринчи қурилиш сатҳида қум материк устига барпо этилган энг қадимги мудофаа девори қолдиғи очиб ўрганилган. Пахса пойдевор устига йирик ҳажмдаги (40-43х41-44х9-13 см) хом ғиштлардан терилган икки қаторли, яъни ташқи ва ички деворлардан ташкил топган мудофаа девори барпо этилган. Ташқи ва ички деворларни аскарларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган 2 м ли йўлак ажратиб турган. Хом ғиштлар лой қоришма устига терилган ва ғиштлар орасидаги қалинлиги 2-8 см ни ташкил қилади. Ғиштларнинг аксариятида тамғалар туширилган. Пол сатҳидан топилган хум, хумча ва қизил рангли кўзалар қолдиқлари мил.ав.V-IV асрларга тааллуқли бўлиб, девор ҳам айнан шу сана билан белгиланади.
1985 йилда “Ичон-қалъа” деворининг шимоли-ғарбий бурчагидан 110 м жанубда девор кесими (баландлиги 6,5 м, ўпирилган девор кенглиги билан 20 м) ўрганилган пайтда, унинг ички таркиби ва турли даврлардаги таъмирлаш излари яққол кузатилади. XIII-XIV асрларда қадимги деворлар текисланиб, унинг ўрнида пахсадан янги девор барпо этилган. Сўнгги ўрта асрлардаги таъмирлаш ишларида пахса билан биргаликда хом ғиштлардан (ҳажми 22-27х35-41х5-6 см) ҳам фойдаланилган. Хом ғиштлар ҳам горизонтал, ҳам вертикал ҳолатда терилган. Қалъа деворларининг тепа қисми кунгуралар билан ўзига хос равишда безатилган. Деворнинг ичкари томонидан душманга ўт очиш учун шинаклар қўйилган. Ҳар 30-50 метрдан эса буржлар – ярим айланали мудофаа миноралари қад ростлаган бўлиб улар асосий девордан 6-8 м олдинга туртиб чиққан. Уларнинг саҳнидан ҳимоя даврида тўплар ўрнатиб душманга ўқ отилган. Деворнинг баландлиги 7-8 метр, қалинлиги пастида 8-10, юқори қисмида 2-3 метрни ташкил қилади. Душмандан ҳимояланиш чоғида қалъа девори устида аравада юриш имкони бўлган.
Ўтган асрларда Ичон қалъа деворининг атрофида чуқур зовур бўлиб, бу зовур қалъа қурилиши учун олинган тупроқ ўрнида пайдо бўлган. Ҳосил қилинган чуқурлик сув билан тўлдирилиб, қалъа деворигача яна бир ҳимоя воситаси пайдо қилинган.