ЧИНГИЗТЕПА МАЖМУАСИ Чингизтепа мажмуаси Ҳазорасп шаҳридан 18 км шарқда, Тошсоқа ҳудудида жойлашган. Шу номда 3 та тепалик тадқиқ қилинган. Чингизтепа-1 – Катта Чингизтепа деб ҳам аталади. Ёдгорлик конуссимон шаклдаги тепалик бўлиб, баландлиги 18 м.ни ташкил этади. Айланаси юқори қисмида 20 м, асосида эса 60 м. Тепалик атрофидан топилган сопол буюмлар мил.авв IV-II асрларга ва милодий XII-XIII асрларга оид. Топографик жиҳатдан Хумбузтепа ёдгорлиги билан боғлиқ бўлиб, майда шағал тошлардан тикланган ёдгорлик. Унда девор излари ва жамоат бинолари кўзга ташланмайди.
Чингизтепа-2 (Кичик Чингизтепа) – Чингизтепа-1 ёдгорлигидан 300 м шимолда жойлашган айлана шаклдаги тепалик. Айланаси 21 м, баландлиги эса 3.5 м ни ташкил этади. Чингизтепа-2 ёдгорлиги асосан майда тош аралаш сариқ тупроқдан тикланган. Бу ердан топилган сопол буюмлар ҳам Чингизтепа-1 атрофидан топилган сополлар билан айнан бир хил.
Чингизтепа-3 – Катта Чингизтепадан 3 км жануби-ғарбда жойлашган. Бу тепалик ҳам қўрғон шаклида бўлиб, диаметри 30 м, баландлиги 3 м. Топилган сопол буюмлар мил. авв. IV-II асрларга тааллуқли.
Учала тепалик ҳам қум ва шағал тошлар аралашмасидан тикланган. Катта ва кичик Чингизтепанинг пайдо бўлиши хақида маҳаллий аҳоли орасида Чингизхон билан боғлиқ афсона юради. Афсонага кўра, Чингизхон Амударёни кечиб ўтганидан кейин ўз аскарларига бир қисм тупроқдан ташлаб кетишни буюради. Шу тариқа Катта тепалик пайдо бўлади. Хоразмни забт этганидан кейин орқага қайтишда аскарларига яна бир бор бир қисм тупроқдан ташлашни буюради. Ана шундан кейин Кичик тепалик вужудга келади.
Мазкур ёдгорликларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб борилмаган.
ОЛМАОТИШГАН –I ва ОЛМАОТИШГАН -II Олмаотишган ёдгорлиги Хива шаҳридан 18 км шарқда Янгиариқ тумани Каттабоғ қишлоғида жойлашган. Ёдгорлик икки қисмдан иборат. Ёдгорлик дастлаб 1948-1950 йилларда Я.Я.Ғуломов томонидан тадқиқ қилинган. 1973-1974 йилларда М.Мамбетуллаев ёдгорликда изланишлар олиб борган.
Олмаотишган-Iқадимда тўрт томони тенг хом ғиштли девор билан ўраб олган. Майдони 161х170 м. Деворда буржлар қолдиғи сезилиб турибди. Ёдгорликнинг сақланиб қолган баландлиги ер сатхидан 7-8 м. Шимоли-ғарбий томонида дарвоза жойлашган бўлиб, кенглиги 4 м. Я.Я.Ғуломов ёдгорликда ҳаёт мил.ав. IV-II асрлар вужудга келганлигини таъкидлайди. М.Мамбетуллаев тадқиқотлари натижаларига кўра, Олмаотишган-I мил. I-IV ва VII-VIII асрларга оид.