Машҳур раҳбар бўлиш учун нималарга эътибор бериш ҳақида: 5 машҳур афсонага раддия
Кўпгина корхоналарни қўя турайлик, умуман, ходимлар ва кишилар орасида бош директор қанақа бўлиши кераклиги ҳақида турли фикрлар, қарашлар мавжуд. Қолаверса, кўпчилик тадбиркор бўлиш ва йирик корхонани бошқаришда қандайдир қобилият соҳиби бўлиш керак, деб ўйлаши ҳам сир эмас. BBC телекомпанияси қуйида бу борадаги айрим кескин тушунчалар ноўрин экани ҳақида фикр юритади.
Эндрю Силвернейл Американинг Мэн штатидаги унча катта бўлмаган шаҳарчасида вояга етди. У ерда энг йирик корхона қоғоз фабрикаси ҳисобланарди. Аммо, кун келиб, шу каби йирик компания бош директори бўлиш унинг тушига ҳам кирмаган эди. Эндрю ҳар доим ўзини шифокор сифатида тасаввур қилган.
Унинг айтишича, «у бизнес ҳақида тушунчага ҳам эга бўлмаган». Ҳаммаси университетда остин-устун бўлиб кетди. Силвернейл қурилиш компанияси бошқарувчиси бўлган маҳаллий тадбиркорга сиёсий кампаниясини ишга туширишда ёрдам бериб келган. У шундай хотирлайди: «У одамларнинг қадрли жиҳатларини топа оларди. Бундан ташқари, у ҳар доим натижага интилар ва одамлар турмушини яхшилашга ҳаракат қиларди». Кейинчалик, Силвернейл молиявий фирма таҳлилчиси бўлиб ишлар экан, бошқа бир компаниянинг ижрочи директори билан танишиб қолди. У Силвернейлга бизнес билан шуғулланишни тавсия қилди. Ўшанда Силвернейл бу ғояга эътибор бермади. Чунки унга таниш бўлган кўплаб раҳбарлар якка ҳокимларча ва ўта қаттиққўл услубдан фойдаланишар, бу эса унга хушёқмас эди.
Бироқ вақт ўтиб у одамлар кўп ҳолларда қайси сифатлар инсонни муваффақиятли раҳбар қилиши борасида хато қилишига ишонч ҳосил қилди. Айни вақтда Силвернейл IDEX корпорациясига раҳбарлик қилади. Унинг капиталлашуви 8,6 млрд доллардан ортиқ. Компания қишлоқ хўжалиги, ёнғин хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш учун турли маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Силвернейлнинг қатъий ишонишича, сизнинг интроверт (одамови) ёки экстраверт (очиқ) эканингиз умуман аҳамият касб этмайди. Омадли раҳбар ходимларга ҳурмат билан ёндашуви, қўйилган мақсадни тўғри англаш ва келиша олиш қобилияти билан ажралиб туради. Унинг сўзларига кўра, «инсонни яхши раҳбар бўлишига доир қатор асоссиз фикрлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари йўқолиб бораяпти, бошқалари ҳамон кучли мақомини сақлаб турибди».
Силвернейл ўз қобилиятларига ишонмаган ягона раҳбар эмас. GhSMART консалтинг фирмаси ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳақиқий етакчининг сифатлари хусусида кўплаб хато фикрлар мавжуд. Уларнинг аксарияти компания томонидан ўтказилган ўрганишлар чоғида инкор этилди. Кўплаб салоҳиятли раҳбарлар, айни қарашлар сабаб, бош директор бўлишга даъвогарлик қилишдан аввал, етти ўлчаб бир кесишга мажбур бўлишган.
GhSMART эгаларидан бири Елена Литкина-Ботельо 10 йил мобайнида The CEO Genome лойиҳаси доирасида омадли раҳбарларга хос одатларни аниқлаш мақсадида минглаб компаниялар раҳбарларини ўрганди. У шундай дейди: «Кўп ҳолларда ҳеч ким бирор кишини 15-20 йилдан сўнг компания директори бўлади, деб ҳисобламаган. Бизнинг натижаларимиз кўрсатишича, энг қуйи қатламдан чиққанлар ҳам юқори чўққиларни забт этиши мумкин».
Do'stlaringiz bilan baham: |