Аввало шуни айтиш керакки, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда раҳбарлар тушунчаси қандай сўз билан ифодаланганининг ўзиёқ кишига бу борада керакли хулоса бера олади. Зеро, одатда ном беришда туйғу ва қарашлар ифодаланади.
Қуръони Каримда халқ ичидаги раҳбарлар «улул-амр» ‒ иш эгалари деб аталади (Нисо сураси, 59, 83-оятлар). Бу – халқнинг иши қўлида бўлган, уни битирадиганлар деганидир. Эътибор берилса, раҳбарларни, мисол учун, «улул-ҳукм» ‒ ҳукм эгалари ёки «улур-риаасати» ‒ бошқарув эгалари дейилмай, «улул-амр» ‒ иш эгалари дея таърифланиши бежиз эмас, албатта. Шу билан бирга, ояти каримада «иш эгаси» деб бирликда ҳам айтилмай, фақат кўплик шакли ишлатилишида ҳам айрим ишоралар бор. Жумладан, раҳбарлик яккаҳокимлик ‒ диктаторлик, буйруқбозлик билан эмас, балки шўро, яъни ўзаро маслаҳату машварат асосида, бугунги тил билан айтганда, парламент шаклида бўлиши кераклигини тушуниш мумкин. Шунинг учун Қуръони Карим ҳақиқий мўмин, жаннатий инсонларнинг ишлари шўро асосида бўлишини алоҳида таъкидлаган.
Ҳадиси шарифларда бирор ўлкага барча соҳада раҳбар бўлган шахс «волий» сўзи билан ифодаланади. Бу сўз аслида «яқин бўлмоқ», «қўшилмоқ», «ёнида бўлмоқ» дегани бўлиб, қариндош, васий, мутасадди маъноларини ҳам ўз ичига олади. Демак, волий халққа ана шундай яқин бўлиши, одамларнинг ёнида туриши керак экан. Қуйида келадиган «Ким мусулмонларнинг ишларидан бирор нарсага мутасадди бўлиб...» деб бошланган ҳадисда биз «мутасадди бўлиб» деб ўгирган иборада аслида «волий бўлиш» феъли ишлатилган.
Ҳадисларда раҳбар «имом» деб ҳам таъбир этилади. Бу сўз «пешво», яъни олдиндаги йўлбошчи маъносини англатади. Демак, раҳбар одам қўл остидаги кишиларнинг олдига тушиб, йўл бошлаб кетаётган инсондир. Шу боис, у ҳар соҳада илғор бўлиши, одамларга етадиган хавф-хатарни олдиндан билиши ва унинг олдини олиши, қўл остидагиларнинг ҳар бир қоқилиб-туртинишига ўзини сабабчи деб билиши, бунинг учун эса уларнинг ҳар бир ҳолатидан хабардор бўлиши даркор. Ҳадиси шарифда: «Ҳар бирингиз роъий ‒ мутасаддисиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Имом мутасаддидир ва у ўз раъияти учун масъулдир», дейилган (Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисда «имом» деганда аввало раҳбар назарда тутилган.
Ҳадисларда бу маънода энг кўп ишлатилган луғат «омил» сўзидир. Бу сўз «амалун» ‒ иш, амал ўзагидан олинган бўлиб, «ишчи» деганидир. Кейинроқ, саҳобаи киромлар ва халифалар пайтида ҳам маълум лавозимларга тайинланган кишилар «омил» деб юритилган. Ҳа, исломий таомилга кўра, раҳбар, мутасадди шахс эл-улус хизматидаги ишчи ҳисобланади. Раҳбарга итоат қилишнинг таъкидланиши эса раҳбар шахс кўпчиликнинг иродасини ва манфаатини ифода этгани учундир. Буларнинг барчаси Исломда раҳбарларнинг ўрни ва уларга бўлган муносабатнинг бир ифодаси ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиш баробарида юртга раҳбар ҳам бўлдилар. У зот киши қўлостидагилар билан қандай муносабатда бўлишини тугал кўрсатиб, ҳар қандай раҳбар учун энг олий намуна тақдим этдилар. У зот алайҳиссалом билан одамлар ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди, бой-камбағал, ҳуру қул, эркагу аёл у зотга бевосита мурожаат қила оларди. Ҳатто бир оддий чўри капмир ҳам бирор юмушини битириш учун у зотни Мадинанинг истаган тарафига олиб кетиши мумкин эди. У зот ҳар бир инсонни қадрлаб, унга қулоқ тутиб, сўзини инобатга олаверганларидан мунофиқлар у зотни ўзларича мазах қилиб, «Қулоқ» деб лақаблашди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Улардан (мунофиқлардан) Набийга озор берадиган ва: «У қулоқдир» дейдиганлар бор. «Сизга у яхши «қулоқ»дир. Аллоҳга иймон келтирадир, мўминларга ишонадир, сизлардан иймон келтирганларга раҳматдир. Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир», деб айт» (Тавбу сураси, 61-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим-тарбияларини олган саҳобаи киромлар ҳам улусга раҳбар этиб тайинланганларида Набийларининг тутумларини маҳкам тутдилар. Улар ўзларини чин маънода халқнинг ходими деб билишарди. Ер юзининг сал кам тўртда бирига ҳукмронлик қилаётган Умар розияллоҳу анҳу ҳар қандай мурожаатни бевосита қабул қилишдан ташқари кечалари кўчаларни айланиб, халқнинг ҳолатини ўрганар, одамларнинг турмушини ўз кўзи билан кузатиб, керакли ислоҳотларни олиб борардилар.
Исломда раҳбарларнинг қўл остидаги кишилар билан, халқ билан мулоқоти ҳақида сўзлар эканмиз, бу борада айтилган ҳадиси шарифлар ёдимизга келади.
Амр ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир имом ё волий бирор ҳожати, юмуши ва муҳтожлиги бор одамга эшигини ёпадиган бўлса, Аллоҳ унинг юмуши, ҳожати ва муҳтожлигига осмон эшикларини ёпиб қўяди», дедилар».
Аҳмад ва Термизий ривояти.
Имом Термизий ва Абу Довуд Абу Марям Аздий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким мусулмонларнинг бирор ишига мутасадди бўлиб, кейин уларнинг ҳожати ва фақирлигидан пардаланиб олса, Аллоҳ унинг ҳожати устидан парда тортади», дейилади.
Демак, одамларнинг бирор ишида раҳбар, мутасадди бўлган киши бирор зарур юмуш билан мурожаат қилган кишиларнинг ишини битириб беришдан ўзини олиб қочиб, уларни қабулига қўймаса, улардан яшириниб юрса, Аллоҳ бундай кимсанинг дуоларини қабул этмас, ишини бароридан келтирмас, ҳожатларини раво қилмас экан. Аксинча, агар у одамларга ёрдамда бўлса, унинг кўмакчиси Аллоҳ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда биродарининг кўмагида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг кўмагида бўлади», деганлар (Муслим ривояти).
Шу ўринда уламоларимиз мазкур ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, ҳоким ва қозиларнинг эшикбон (ҳожиб) тутиши хусусида муноқаша қилганларини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Имом Шофеъий ва бир гуруҳ уламолар «Ҳоким эшикоғаси тутмаслиги керак», деганлар. Шофеий мазҳаби уламоларининг буюк намояндалиридан Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ Имомнинг мазкур гапига қуйидагича муносабат билдиради: «Аммо бошқалар эса эшикбон бўлиши жоиз деган фикрни илгари суришган ва аввалгисини (яъни эшикбон тутмаслик керак деган гапни) одамлар осуда ҳаёт кечираётган, яхшиликда бирдам бўлиб, ҳокимларга итоатда бўлиб турган замонга тегишли, деб айтишган. Яна бошқа бир гуруҳ уламолар довлашувчиларнинг тартибини ушлаш, гапни чўзиб юборадиганларни ман қилиш ва ёмонликлардан сақланиш учун ҳозирда эшикбон бўлиши мустаҳаб ‒ яхши иш, дейдилар».
Саҳиҳ ривоятлардан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзан эшикбон тутганлар. Мисол учун, боғда қудуқ қирғоғида ўтирганларида энг яқин саҳобалари бирма-бир кирганлари ҳақидаги машҳур қиссада ҳам, хотинларидан алоҳида бир хонада ўтирганларида ҳам эшикбон бўлган. Умар розияллоҳу анҳу ўша эшикбондан у зотнинг ҳузурларига кириш учун изн сўраб беришни илтимос қилганлар. Шу каби баъзи ҳолатларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам айрим заруратлар юзасидан эшикбон қўйганлари маълум ва машҳурдир. Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам эшикбони бўлган ва мурожаат билан келган кишилардан халифани огоҳ қилиб турган.
«Саҳиҳи Бухорий»нинг шориҳларидан Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадислар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикбон тутганлари ҳақида келган хабарларни мувофиқлаштириш хусусида шундай дейди: «Бу икки хабарни бирлаштиришнинг йўли қуйидагича: у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳллари билан машғул бўлмаган, ўзларига хос бирор иш билан банд бўлмаган пайтларида одамлар билан ўрталарида тўсиқ қўймаганлар, ҳожати бор кишиларга бевосита ўзлари рўбарў бўлганлар».
Ислом шариатида қозилар ҳам халқ билан бевосита мулоқотда бўлишлари шарт. Ҳатто Ибн Тиннинг нақл қилишича, аллома Довудий: «Қозилар янги ўйлаб топган нарсалардан бири ‒ ўта пардаланиб олиб, даъвогарнинг фақат хатинигина киритишлари бўлди, салафи солиҳларнинг иши бундай эмас эди», дея одамлар билан бевосита гаплашмай, хат орқали мурожаат қабул қилишни ҳам танқид қилган. Аммо кўпчилик уламолар бу гап доим ҳам тўғри бўлмаслигини, салафи солиҳлардаги ахлоқ кейинги асрларда йўқолгани боис, энди вазият ўзгарганини, раҳбарлар мурожаатларга шароитга қараб жавоб қилиш усулини танлашлари мумкинлигини, даъвогарларни тартиб билан қабул қилиш, қозининг хаёлини чалкашишдан асраш, унинг ўзини ҳимоя этиш, таом ва ибодат билан машғул бўлганида одамлар уни безовта қилишининг олдини олиш вазифалари учун эшикбонлар бўлиши зарурлигини таъкидлайдилар. Аммо нима бўлганда ҳам, ҳар бир фуқарода раҳбар ва қозига бевосита мурожаат қилиш имкони мавжуд бўлиши лозимлигини барча бир овоздан айтган.
Уламоларимиз раҳбар ва қозиларга эшикбон бўлган кишининг вазифалари, ахлоқи қандай бўлиши кераклигини ҳам баён қилиб, жумладан, шундай дейдилар: «Эшикбон ва соқчиларнинг вазифаларидан бири ‒ ҳокимга келган одамнинг ким ва нима ҳолатда эканини етказишдир. Хусусан, аъёнлар келган бўлса, нима иш билан келганини билдириб қўйиш керак. Бўлмаса, у даъвогарлик қилиб келган бўлса ҳам, ҳоким уни зиёрат учун келган деб билиб, шунга яраша муомалада бўлиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, даъвогарга ўзига хос муносабат керак».
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Уламолар биринчи келган одамни илгари қўйиш, шунингдек, мусофирни муқимдан олдин киритиш, айниқса, ҳамроҳларидан қолиб кетиши эҳтимоли бўлганда шундай қилиш мустаҳаб эканини, шу билан бирга, ўзига эшикбон ёки соқчи қўядиган одам омонатдор, ишончли, номусли, билимдон, ҳуснихулқли, одамларни танийдиган кишини танлаши лозимлигини бир овоздан таъкидлайдилар».
Бошқача қилиб айтганда, эшикбон ва ҳожиблар ҳам раҳбарнинг халқ билан мулоқотда бўлишига кўмаклашиши ва бу жараённинг тартибли, ҳар тарафлама манфаатли кечишини таъминлайдиган бўлиши керак экан.
Хулоса қилиб айтганда, Исломда одамларга раҳбар бўлган шахс уларнинг мурожаатлари учун ҳамиша эшигини очиб қўйиши лозим. Ислом таомилига кўра, кишилар мурожаат қиладиган асосий шахслар ‒ ҳоким ва қозилар халқ билан мулоқотни тўсишлари мумкин эмас. Улар ўз юмушлари билан ёки бошқа заруратлар билан машғул бўлган пайтларидагина кишиларнинг мурожаатларини қабул қилмай туришлари мумкин, бошқа маҳал улар билан халқнинг мурожаатлари ўртасида тўсиқ бўлмаслиги керак. Афсуски, кўпинча одамларнинг ўзлари раҳбарнинг халқдан узоқлашишига сабаб бўлишади, айримлар раҳбарнинг атрофига йиғилиб олиб, уни халқдан узиб қўяди, баъзан шахсий манфаатлар учун кураш ҳам шу ҳолатни келтириб чиқаради. Буларнинг барчаси шариатга зид ҳолатлардир.
Қадимда ҳаёт содда бўлгани учун ҳамма ҳам бевосита қабул қилинаверган. Кейинроқ, аҳоли сони ортиб, даъволашувлар кўпайиб, можаролар катталашиб кетгач, мурожаатларни ёзма равишда қабул қилишга ҳам рухсат берилган. Бугунги кундаги виртуал қабулхона замонавий арзхона бўлиб, раҳбарларнинг халқ билан бевосита боғланишига имкон бераётгани айни динимиз мақсадларига ҳамоҳангдир. Ушбу қабулхонадаги масъуллар айнан эшикбон вазифасини ўтаётирлар, десак ҳам бўлади. Бинобарин, улардаги масъулият ниҳоятда каттадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейин саҳобаи киромлар халққа раҳбарлик қилганларида одамлар билан бевосита мулоқотда бўлишган. Мана шу ҳолат ўз даврида Ислом умматининг хусусиятларидан ва диний мажбурият саналган. Шу боис, ҳоким ва қозиларнинг эшикбон тутиш масаласи уламолар томонидан муҳокама қилиб келинган.
Исломга кўра, раҳбар шахс халқ тарафидан халқнинг маълум ишларини бажариши учун сайланган кишидир. Ислом шариатида қозини ҳам халқ сайлайди. Халқ ўз ишига мутасадди этиб танлаган одами билан бевосита мулоқот қила олишга, ўрни келса, ундан ҳисобот олишга ҳам ҳақлидир. Умуман олганда, ҳар бир мансабдор, мутасадди шахс халқнинг умумий мулкидан ойлик маош олиб ишлайдиган омилдир. Шу боис, инсон қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, ўзини халқ хизматидаги ходим, халқнинг маош олиб ишлаётган ишчиси эканини унутмаслиги керак. Мана шу ҳақиқий, тўғри ва табиий қарашдир. Одамларимизнинг тушунчаси ана шу савияга кўтарилгандагина том маънода тараққиётга эришиш мумкин.
Давлатнинг асл вазифаси халқнинг талабларини тартибли равишда бажариш ва бошқа давлатлар билан бўлган муносабатда халқнинг номидан иш кўришдан иборат. Давлат ўзида халқнинг иродасини ифода этиши, бунинг учун халқнинг хоҳиш-иродасига кўра иш олиб бориши керак. Халқ билан давлат ўртасида жиддий зиддият бўлиши мутлақо мумкин эмас. Уларнинг ўртаси ниҳоятда шаффоф бўлиши даркор. Давлатнинг ягона манбаи халқ экан, унинг бошқарув кучи ҳам, қарашлари ҳам халқдан олиниши лозим. Ана шундай халқни, бундай давлатни ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди.
Халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот самимий ва манфаатли бўлиши учун унинг дебочаси мусаффо бўлиши керак. Шу боис, ҳадиси шарифларда раҳбарлик, мансабдорлик каби масъулиятли ишларга киши ўзи талабгор бўлмаслиги, балки бошқалар, яъни халқ уни шу ишга таклиф қилиши ўринли экани таъкидланади.
Имом Бухорий Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй Абдурраҳмон ибн Самура! Амирликни талаб қилмагин, чунки у сенга талабинг туфайли берилса, ўзингга ташлаб қўйилади, талабингсиз берилса, унда сенга кўмак берилади».
Нақадар буюк насиҳат! Банда агар раҳбарлик ишларида илоҳий кўмак бўлишини истаса, ўша лавозимга ўзи талабгар бўлиб чиқмасин экан, балки бошқалар уни шу ишга таклиф қилсин экан. Агар ушбу таомилга амал қилинса, кони яхшилик бўлади, порахўрлик, таниш-билишчилик каби иллатларга имкон қолмайди, ҳар бир ишга ҳақли одам мутасадди бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |