Т.Ш.Шодиев
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси ўринбосари, и.ф.д., профессор
А.Н.Самадов
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш илмий котиби, и.ф.н., доцент
М.А.Махкамова
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қошидаги илмий семинар раиси, и.ф.д., профессор
КИРИШ (докторлик диссертация аннотацияси)
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳон бозорларида товар ва хизматлар бренди мустаҳкам ўрин эгаллаши, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда юқори қиймат ҳосил қилувчи, чуқур қайта ишланган саноат тармоқлари, хусусан, автомобиль саноати корхоналарида самарали маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш, уларни истеъмолчиларнинг дид ва истакларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётнинг глобаллашув шароитида фаолият юритаётган автомобиль саноати корхоналарининг юқори даражадаги рақобатбардошлигини таъминлашнинг асосий йўналиши сифатида маркетинг стратегияларидан қай даражада фойдаланилаётганлиги билан баҳоланмоқда. Шу жиҳатдан, жаҳонда 2017 йилда жами 97,3 млн.дона автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, уларнинг 75,4 фоизи енгил автомобиллардир1. 2017 йилда автомобиллар савдоси 71,7 трлн АҚШ доллари ёки 96,8 млн.дона ташкил этиб2, жаҳон банки маълумотларига кўра автомобилсозликнинг жаҳон ЯИМдаги улуши 4,82 фоизга тенг3.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида автомобиль саноати корхоналари харажатларининг катта қисми юқори технологияли ва илмий сиғимли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, халқаро бозорларга мўлжалланган маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш, тармоқда маркетинг стратегияларини амалга ошириш, инвестицион салоҳият ва рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган илмий тадқиқот ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Бу борада, автомобиль саноати салоҳиятини кенгайтириш, унинг глобал бозордаги барқарор иқтисодий тараққиётга қўшаётган ҳиссасини оширишга қаратилган маркетинг стратегияларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, автомобиль саноати корхоналарида маркетинг самарадорлигини баҳолаш мезонлари, уларнинг шаклланиш жараёнлари, бозорда ҳукмрон кучга эга истеъмолчиларнинг хулқ-атвори, нафлилик даражасини ўлчаш билан боғлиқ маркетинг изланишлари халқаро илмий тадқиқот институтлари ва ассоциациялари томонидан самарали амалга оширилмоқда ҳамда уларнинг натижалари амалиётга жорий этилмоқда.
Ўзбекистонда саноат салоҳиятини ошириш вазифаларини амалга оширишда автомобиль саноати корхоналарида маркетинг стратегияларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу масала Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида «юқори технологияли қайта ишлаш тармоқлари, аввало, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга қаратилган сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш орқали саноатни янада модернизация ва диверсификация қилиш»4 муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган. Мазкур вазифаларнинг самарали бажарилиши Ўзбекистонда автомобиль саноати корхоналарида маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги
«Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сонли фармони, 2018 йил 1 июндаги «Автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» ПҚ-3028-сонли қарори, 2018 йил 7 мартдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3698-сонли қарори ҳамда саноат ишлаб чиқаришини ривожлантиришда инновацион фаолликни кучайтириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга қаратилган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда мазкур диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |