Автомобиль йўллари давлат кадастри объектлари кадастр дафтарини юритиш қоидалари
I. Умумий қисм 1. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг кадастр дафтари автомобиль йўллари давлат кадастрининг (бундан кейин – АЙДК) асосий ҳужжати ҳисобланади ва “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Кадастр хизмати томонидан юритилади.
2. Кадастр дафтари маълумотлари асосида “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг объектлари бўйича жамлама ҳисобот тузилади.
3. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг кадастр дафтарини тузиш учун бирламчи рўйхатдан ўтказиш маълумотлари – ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда амалга ошириладиган давлат ер кадастри, автомобиль йўллари давлат кадастри, автомобиль йўллари объектларини техник инвентаризациялаш маълумотларидан иборат.
4. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси объектларини жорий кадастр ҳисобига олиш ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотларининг (бундан кейин – ҲЙЭТ) “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг кадастр дафтарларини юритувчи кадастр хизматлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар бўйича юритилади.
5. Автомобиль йўллари объетларининг бирламчи техник тавсифлари ҲЙЭТ кадастр дафтарларига киритилади ва улар тасдиқлангандан сўнг “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси автомобиль йўллари объектларини кейинчалик жорий кадастр ҳисобига олиш ишларини юртиш учун базавий маълумотлар ҳисобланади.
6. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг кадастр дафтари ҲЙЭТ кадастр дафтарининг ўзидан иборат, у йўл хўжалиги туман пудрат таъмирлаш-эксплуатация корхоналари (бундан кейин – ЙХТПТЭК) кадастр бўлинмалари томонидан бевосита жойларда юритилади.
7. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг кадастр дафтарлари маъмурий туманлар бўйича, ҳар бир ҲЙЭТ учун ва “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг ҳар бир хўжалик юритувчи субъекти учун алоҳида юритилади.
II. Кадастр дафтарини тўлдириш тартиби 8. Кадастр дафтарининг шакли йигирма тўққизта графадан иборат (1-илова). Кадастр дафтарини тўлдириш йиғма жилднинг материаллари бўйича қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Биринчи графада ёзувнинг тартиб рақами кўрсатилади.
Иккинчи графада автомобиль йўллари объектларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги 492-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларини шакллантириш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ берилган кадастр рақами кўрсатилади.
Кадастр рақами бир маротаба берилади ва автомобиль йўлларининг эгаси ўзгарган тақдирда ўзгармайди.
Учинчи графада автомобиль йўллари объектининг мавжуд расмий ҳужжатлар бўйича “Автомобиль йўллари давлат кадастри объектлари классификатори”га мувофиқ номи келтирилади.
Тўртинчи графада автомобиль йўллари объектининг мулкдори ёки унга бўлган бошқа ашёвий ҳуқуқлар эгаси бўлмиш бошқарув органи, корхона, ташкилотнинг номи қайд этилади.
Бешинчи графада мулк шакли, ушбу объектга бўлган ҳуқуқ тури кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 167-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларида бўлади.
Оммавий мулк давлат мулки демакдир, у республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилишлар мулкидан (муниципал мулкдан) ташкил топади.
Олтинчи графада ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатнинг номи, у ким томонидан, қачон ва қандай рақам билан берилганлиги, шунингдек ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган вақт кўрсатилади.
Еттинчи графага почта манзили ёзилади, у почта индексидан, туман (шаҳарда), кўча, йўлнинг номидан ташкил топади.
8-9 графаларда ер участкасининг ер участкасига оид кадастр йиғма жилди материаллари бўйича майдони тўғрисидаги ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар, шу жумладан автомобиль йўллари қопламасининг майдони келтирилади.
10-11 графаларга жами автомобиль йўлларининг, шу жумладан шаҳарлар (туманлар) тасарруфидагиларининг узунлиги киритилади.
12-17 графаларда автомобиль йўлларининг техник кўрсаткичлари, шу жумладан қуйидагилар кўрсатилади:
12-графада автомобиль йўлларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.08.2005 й.даги “Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 194-сонли қарорига мувофиқ рақами кўрсатилади.
13-графада автомобиль йўлларининг аҳамияти кўрсатилади.
14-графага автомобиль йўли эксплуатацияга киритилган сана (Давлат комиссияси далолатномаси тасдиқланган сана) ёзилади;
15-графага автомобиль йўлларининг тегишли таъриф бўйича (қопламаларнинг типлари, капиталлигига қараб материаллари, енгиллаштиришлар ва ҳ.к.) лойиҳага мувофиқ конструктив типи киритилади.
Автомобиль йўлининг конструктив типи МКН 01-2007 “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник ҳисобга олиш ва паспортлаштириш бўйича йўриқнома”га мувофиқ қабул қилинади.
16-графада техник ҳолат (яхши, қониқарли, қониқарсиз) кўрсатилади.
17-графага объектнинг техник инвентаризациялаш ва объект ҳолатини белгиланган тартибда баҳолаш натижасида олинган қиймат баҳоси киритилади, лойиҳавий қиймати ҳам қабул қилиниши мумкин.
18-24 графаларда автомобиль йўллари чегараларидаги инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг техник кўрсаткичлари, шу жумладан қуйидагилар кўрсатилади:
18-графага инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг (кўприклар, кўприкйўллар, туннеллар, қувурлар ва ҳ.к.) номи киритилади.
инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг номини МКН 01-2007 “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник ҳисобга олиш ва паспортлаштириш бўйича йўриқнома”га мувофиқ белгилаш зарур.
19-графада инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг материалга (темирбетон, металл, бетон ва ҳ.к.) қараб, лойиҳага мувофиқ типлари кўрсатилади.
20-графага иншоот ва иморат эксплуатацияга киритилган сана (Давлат комиссияси далолатномаси тасдиқланган сана) ёзилади.
21-22 графаларда автомобиль йўллари чегараларидаги инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг техник параметрлари (сони, узунлиги ва ҳ.к.) кўрсатилади.
23-графада инженерлик иншоотлари ва иморатларнинг техник ҳолати (яхши, қониқарли, қониқарсиз) кўрсатилади.
24-графага объектнинг инвентаризациялаш ва объект ҳолатини баҳолаш натижасида олинган қиймат баҳоси киритилади (лойиҳавий қиймати ҳам қабул қилиниши мумкин).
25-26 графаларга ободонлаштириш объектларининг МКН 01-2007 “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник ҳисобга олиш ва паспортлаштириш бўйича йўриқнома”га мувофиқ материаллари ва ҳолати киритилади.
27-графада автомобиль йўлларига тегишли ажратилган ерлар минтақасининг автомобиль йўллари эгаллаган ер участкаларини инвентаризациялаш натижалари бўйича ўлчамлари кўрсатилади.
28-графа қуйидаги тарзда тўлдирилади:
а) кадастр (инвентаризация) йиғма жилдининг рақами кўрсатилади;
б) туман (шаҳар) ер-кадастр дафтарининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги тегишли ёзувига ишора қўйилади;
в) шаҳар (туман) кадастр плани (картаси) тегишли листининг номенклатураси кўрсатилади.
29-графада кадастр дафтарини юритувчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси кўрсатилади.
Кадастр дафтарининг охирида кадастр дафтари юритилишининг тўғрилиги текширилганлиги тўғрисидаги белгилар қайд этилади.