Хулоса ва таклифлар НАРХ ШАКЛЛАНИШИ - товарлар ва хизматларга белгиланган яарснинг бир қатор омиллар таъсирида юзага келиши жараёни. Умумий маънода - нархнинг шаклланишига давлат органлари (солиқ, кредит ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа кўринишлари орқали) ҳамда иқтисодий фаолият субъектларининг ўзлари таъсир кўрсатади. Тор маънода - фирмаларнинг ўз нарх стратегиясини ишлаб чиқиши.
Нарх шаклланишининг 3 асосий - эркин, маъмурий ва аралаш типлари мавжуд. Эркин Нарх шаклланиши талаб ва таклиф асосида юзага келади. Барча товарлар ва хизматлар нархларининг бевосита маъмурий белгиланиши маъмурий, эркин ва маъмурий нарх шаклланишининг турли нисбатларда қўлланилиши аралаш «Нарх шаклланиши» деб юритилади. Нарх шаклланиши жараёни товар ишлаб чиқарувчи фирмадан бошланиб, бозор нархи ўрнатилгач, тугалланади36.
Нарх шаклланишининг бозор реал шароитига асосланган 5 асосий қоидаси мавжуд; харажатларни қоплаш қоидаси - нарх даражаси товарлар сотилганда фирманинг товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари тўла қопланиб, тадбиркорга минимал фойдани таъминлаши керак. Агар бу қоида амал қилмаса, фирма зарар кўради ёки тадбиркор хеч бир даромад олмай ўз ишини тўхтатади.
Харажатларни қоплаш зарурати нархнинг энг қуйи чегарасини белгилайди ва нархнинг бундан паст бўлиши иқтисодиёт учун мақбул эмас; фойдани максималлаштириш қоидаси - нарх ўртача харажатлардан юқори қилиб белгиланиши, товар шу нарх билан сотилганда иқтисодий фойда олиниши керак. Фирма ўз товарига нарх қўйганда фойдани максималлаштиришни мўлжаллайди37.
Фойдани максималлаштирувчи нарх, одатда, монополлашган бозорда амал қилади; рақобатда енгиш қоидаси - белгиланган нарх даражаси харидорларни ўзига оғдириб, рақибни бозордан сиқиб чиқариш имконини бериши зарур. Бунинг учун оддий товарлар нархи вақтинча паст белгиланади, фойда камаяди, лекин йўқотилган фойда рақобатда енгиш учун хизмат қилади. Мазкур қоида нуфузли товарлар нархини юқорироқ белгиланишини билдиради, чунки уларнинг харидорлари пулдор табақа ҳисобланади; пешқадамлик қоидаси - турдош (ўринбосар), яъни бир хил эҳтиёжни қондирувчи товарлар нархи пешқадам фирма белгилаган нархга биноан шаклланади.
Бошқа фирмалар нархни пешқадам нархини мўлжалга олиб унга яқин қилиб белгилайди. Бу қоида одатда олигополия бозорида амал қилади. Бундай бозорда фирмалар озчилик бўлиб нархларни бир-бирига яқин белгилаган ҳолда, асосан, сифат ва сервис билан рақобатлашади.
Юқоридагилар асосида, курс ишинини тайёрлаш давомида “Нархнинг моҳияти ва унинг шаклланиши” мавзуси доирасида қуйидаги хулосаларга келинди:
Нарх ўзида фақат нафлилик ёки ижтимоий меҳнат сарфларининг бирини эмас, балки ҳар иккаласининг бир вақтда пулдаги кўринишини ифода этади. Демак, нарх - реал бозор иқтисодиёти шароитида товар ва хизматларнинг ижтимоий қиймати ва ижтимоий нафлилигининг пулдаги ифодасидир.
Нархнинг даражасига таъсир этувчи омилларни билиш муҳим аҳамиятга эгадир. Булардан асосийлари бўлиб қиймат ёки ишлаб чиқариш сарфлари; товарнинг нафлилик даражаси; мазкур товарга талаб ва таклиф нисбати; рақобат ҳолати; давлатнинг иқтисодий сиёсати, пулнинг қадр-қиммати ва ҳ.к. ҳисобланади. Бу омиллар ичида товар қиймати ва нафлилиги унинг нархини белгиловчи асос бўлиб хизмат қилади.
Нархнинг жуда кўп турлари мавжуд бўлсада, уларнинг барчаси бир-бири билан ўзаро боғланган, чунки уларда жамиятдаги иқтисодий ресурсларнинг ишлатилиш самараси ўз ифодасини топади.
Маъмурий-буйруқбозликка асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтаётган барча мамлакатларда давлатнинг нарх соҳасидаги сиёсати кўп жиҳатдан нархларни эркинлаштириш, миллий бозор нархларини жаҳон бозори нархларига яқинлаштиришга қаратилади.
Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг ўзига хос тамойиллари, мамлакатдаги вазият ва аҳолининг турмуш даражаси ҳисобга олиниб, нархларни аста-секинлик билан ва босқичма-босқич эркинлаштириш йўли танлаб олинди.
Республикада нархларни босқичма-босқич эркинлаштириш аҳолини ишончли иқтисодий ва ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари билан бирга олиб борилди.