Қовун сайли - ўзбек деҳқонларининг ҳаёти, меҳнати ва ҳосилини йиғиб олиш муносабати билан ўтказиладиган тантаналардан бири бўлиб бу тантана соҳибкорларнинг полизларида қовун, тарвузларни йиғиб олишдан бошланиб раста ва бозор майдонларида ҳам давом этган. Сайил бозорда айни полиз маҳсулотлари кўпайган вақтда бир неча кун, ҳаттоки бир неча ҳафта давом этган. Сайилда дорбозлар, масхарабозлар, созандалар ва хонандалар ўз санъатларини намойиш этганлар. Тантанада томоша ва мусобақалар ҳам уюштирилган. Қовун сайлида энг, яхши қовун нави ва энг яхши ширин маҳсулот етиштирган деҳқонлар «Ўста қовунчи» дёб тан олиниб, унга дуппи ва тўн кийдирилган. Жанубий Ўзбекистон қишлоқларида ҳам «Қовун сайли» маросими жамоа иштирокида тантанали тарзда ўтказилган. Қовун, тарвузлар пишиб етилган бир пайтда деҳқонлар қишлоқ аҳолисини қовун сайлига чақирган. Деҳқон бир кун бурун ҳамқишлоқларини: «Эрта фалон вақтга пайкалга қовун сайлиги боринглар», деб таклиф қилган ва бунга олдиндан махсус тайёргарлик ҳам кўрган. Эрта тонгда ҳаво исиб кетмасдан пишиб нишона берган қовунлар ўзилиб салқин жойга олиб қўйилган. Сайилга келганлар қовун тарвуз ва турли хил таомлар билан меҳмон қилинган. Маросимда қариялар, ёшлар, хотин - қизлар ва болалар иштирок этишиб, эркаклар ўтган -кетганлардан ўзаро сухбатлашиб ўтириришган. Ёшлар эса қўшиқ, ўлан айтишиб, ўйин -кулги қилганлар. Сайил охирида қариялар тантанани уюштирган миришкор деҳқоннинг ҳосили баракали бўлсин, ризқига қут - барака олиб келишини тилаб, дуо қилганлар. Қарияларга, яқин қариндошларга ва қуни-қўшниларга қовун, тарвуздан бериб юборилган. Кексаларга, беморларга ҳам қовун, тарвуздан йуқланган. Пайкал бошида ҳеч қачон қовун, тарвуз сотилмаган. Чунки бундай қилинса, ҳосилдан барака кетишини деҳқонлар яхши билганлар. Шунингдек қовун, тарвуз айни ғарк пишганда қовундан - «қора қоқ», «қовун қоқи», тарвуздан - « шира бўғдой» (тарвуз мағзи билан бўғдой аралашмаси қайнатмаси) тайёрлашда ҳам деҳқон хонадонида жамоатчилик асосида ҳашар уюштирилган75.
Ҳосил байрами. Куз фаслидаги тўкин - сочинлик билан боғлиқ байрамлар ҳам мавжуд. Шулардан бири ҳосил байрами бўлиб, у тантана ҳам халқимизнинг қадимий удумларидан бири ҳисобланади. Байрам кузда барча экинлар ҳосили, мевалар йиғиб - териб олингандан кейин, кўпинча қишлоқ, жойларда, шаҳарларга яқин ҳудудларда ўтказилган. Байрам кунлари (2-3 кун) деҳқонлар сайил жойларига етиштирган маҳсулотларни сотишга олиб келганлар. Байрам сайилгоҳига шаҳар ҳунарманд - косиблари жумладан қандолатчилар ҳам ўз молларини олиб чиққанлар. Бу ердан ҳар ким ўзига керакли маҳсулотларни харид қилиш имконига эга бўлган. Сайил кунлари қишлоқ жамоаларида пойга, кўпкари, кураш ва бошқа мусобақа ўйинлари уюштирилган76.
Баъзи қишлоқларда туя, қўчқор, така, хўроз уриштириш одати мавжуд бўлган ҳамда мол сўйиб, элга худойи ҳам берилган. Ҳосил байрами ва у билан боғлиқ маросимлар бир мунча ўзгаришлар билан шу кунларгача етиб келган. Ҳар йили дала ва боғларда етиштирилган ҳосил йиғиб олингандан кейин қишлоқ жамоалари маълум кунларни «Ҳосил байрами» деб эълон қиладилар. Бу кунларда етиштирилган маҳсулотлар белгиланган жойларга келтириб сотилади. Қишлоқларда ҳосил байрами хўжалиги марказида тукин дастурхон атрофида тантанавор тарзда ўтказилади ва меҳнат илғорлари муносиб тақдирланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |