Сумалак сайли. Ўзбекистонда Наврўз баҳор ойининг шоҳона ва тансиқ таоми – Сумалак анча кенг тарқалган бўлиб, у асосан жамоа иштирокида тайёрланган. Сумалак базми икки қисмдан: сумалак тайёрлаш ва сумалакхўрликдан иборат бўлган. Бу таом асосан хотин-қизлар гуруҳи томонидан пиширилган. Мазкур таом маҳалла (гузар), туп, тупор чойхонасида жамоа томонидан тайёрланган. Айрим ўзига тўқ хонадон томонидан хайр-эҳсон («садақа») сифатида ҳам сумалак пиширилган. Чунки халқимизда бир рўзғорда етти марта сумалак пишириб тарқатилса ниҳоятда савобга қолади, деган удуми ҳам мавжуд.
Агар сумалак жамоа томонидан ташкил этилса уни тайёрлаш учун зарур бўлган буғдой, ун, ёғни шу жамоа аъзолари баҳоли қудрат йиғиб берганлар ва сумалак пишганда эса ўз улушини олганлар. Сумалак пишириш жараёнида ердан ўчоқ ковлаш, ёқилғи ҳозирлаш, сув ташиш каби турли оғир юмушларни уддалашда эркаклар аёлларга кўмаклашганлар. Сумалакни тайёрлаш жараёнида аёллар қозон атрофида эртаклар, ривоятлар, латифалар айтганлар, ўйин-кулги уюштирганлар. Сумалак пишириш маросимида аёллар доира чалишиб рақсга тушганлар, қўшиқлар, ўланлар айтишиб хурсандчилик қилганлар, маросим бошидан охиригача ўйин кулги билан ўтказилган. Сумалак қозони атрофида ўйнаб юрган гўдакларнинг дўпписи ёки кўйлаги елкасига майса гуллар тақилиб, шу гўдаклар келгуси сумалаккача coғ-саломат юришларини, ҳамда эл-юрт учун сидқидилдан хизмат қиладиган қобил фарзанд бўлиб етишишларини ният қилишган68.
Хуллас сумалак сайли маросими бирдамлик ва аҳиллик туйғусини шакллантиришда катта рол ўйнаган. Чунки сумалак тайёрланадиган жойга жамоа аъзолари имкониятига яраша буғдой олиб келганлар, биргаликда таомни пиширганлар ва бир қозонда тайёрланган сумалакни ҳамма тенг баҳам кўришган.
Дарвишона. Ўрта Осиё халқлари, хусусан Жанубий Ўзбекистон вилоятларида баҳор фаслида Наврўз байрами («йил боши») дан бурун ўтказиладиган маросим дарвишонадир. Бу маросим қишлоқда турли касалликлар тарқалганда, ўлим кўпайганда, очарчилик бошланганда ва қурғоқчилик келганда хамда фалокатлар содир бўлганда улардан халос бўлиш учун ва янги йил ҳосиятли, баракали келиши ҳамда деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш ва бошқа эзгу ниятларда худога сиғиниш, ундан мадад сўраш ниятида уюштирилган. Жанубий вилоятларнинг баъзи туман ва қишлоқларида бу маросим кенг далалар, тоғ ён бағирларида экин - текин юмушлари олдидан сайил тарзида ҳам ўтказилган. Ҳар йили баҳор фаслида шаҳар ва қишлоқлардаги маҳалла (гузар), тупорларда 2-3 киши хонадонма-хонадон юришиб, пул, буғдой ва озиқ-овқат маҳсулотлари тўплаганлар. Йиғилган пулга бозордан ҳўкиз сотиб олинган.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Қатағон ва ёндош қишлоқларда ҳамал арафасида ҳар йили дарвишона ўтказилиб келинади. Қишлоқ оқсоқоли ва қариялари раҳбарлигида арбоб ва мутасаддилар ҳар бир хонадондан баҳоли қудрат пул, ғалла, ун йиғишади. Йиғилган пулга бозордан ҳўкиз сотиб олинади ва сўйилиб гўшти дошқозонда осилади, гўшт ва ёрғучокда тортилган буғдой ёрмасидан бир кеча давомида қайнагач пишади. Дарвишонада кексалар раҳбарлигида ёшлар хизмат қилишади.
Дарвишонада кишилар ўтган йилдаги офат, ўлим ва қийинчиликлар янги йилда такрорланмаслигини ният қилганлар. Қатағон қишлоғи аҳли ҳатто ўзбек халқи удумларига пойтеша урилган мустабид шўро тузуми йилларида ҳам «юқори»нинг таъқиқлашига қарамасдан дарвишона маросимини ўтказишни тўхтатмадилар69.
Хуллас, этнографик тадқиқотларнинг тасдиқлашича дарвишона одамларни орзу, эзгу ниятларини ифода этадиган, масъулиятли юмушлар бошланганда ёки турли офатлар содир бўлганда барчани ҳамжиҳат қилиб уюштирадиган энг кадимги халқчил маросимлардан бири сифатида ҳамон умрбоқий яшаб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |