Кириш
Мавзунинг долзарблиги. Тарихдан маълумки, ҳар бир элатнинг этник келиб чиқиши (этногенези) ва этник тарихи узоқ тарихий даврни ўз ичига олади. Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларида жойлашган Қашқадарё воҳаси жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири саналади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек “2700 йилдан зиёд қадимий тарихга, қадимий маданият ва цивилизация дурдоналарига эга бўлган Қашқадарё замини бизга Яратганни марҳамати билан ато этилган бебаҳо ва буюк заминдир”1.
Ўзбекистоннинг географик харитасида ўзига хос қулай жойлашган Қашқадарё воҳаси бу қадимги ҳудудда аҳолининг деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик каби анъанавий хўжалик машғулотлари билан азалдан шуғулланишлари учун қулай имкониятлар яратган. Воҳа Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Шу билан бирга воҳа аҳолисининг этник таркиби хилма – хиллиги, ўзига хос маданияти билан бошқа ҳудудлардан алоҳида ажралиб туради. Буни воҳанинг қадимги тарихини ўрганган археолог ва этнограф олимлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳам тўла исботлади.
Ўтган XX аср 70 йилларидан воҳада тизимли археологик изланишлар олиб борилди. Академик А.Сагдуллаев раҳбарлигида Қашқадарёнинг юқори қисмидаги Оёқчисой, Қуруқсой, Сангиртепа, Узунқир манзилгоҳларини ўрганиш натижасида бу ердан сўнгги тош асрига оид ашёлар топилди. Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрининг 2700 йиллиги 2002 йилда жаҳон миқёсида нишонланди. Профессор Р.Сулаймонов раҳбарлигида қадимий Ерқўрғон, Шулликтепа манзилгоҳларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида Қарши шаҳри 2700 ёшда деган хулосага келинди. Ва 2006 йилда ЮНЕСКО ташкилоти раҳнамолигида юбилей тантаналари ўтказилди.
Шу сабабли воҳа аҳолисининг, хусусан ўзбекларнинг шаклланиши, этник тарихи, анъанавий хўжалиги, моддий ва номоддий маданий тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, воҳа ҳудудини этнографик жиҳатдан холисона таҳлил қилиш элшунослар олдида турган долзарб масалалардан бири саналади.
Қашқадарё воҳаси Ўзбекистонда ўзига хос этнографик макон ҳисобланиб, халқимиз миллий қадриятларининг аслияти кўпроқ сақланиб қолганлиги билан характерланади. Шу боисдан мазкур воҳа доимо тадқиқотчиларни ўзига жалб этиб келган. Воҳа этнографияси бўйича олимлар томонидан бир қанча изланишлар олиб борилган. Лекин Қашқадарё воҳасини этнографик макон сифатида жаҳон цивилизацияси тизимидаги ўрни алоҳида илмий тадқиқот шаклида ўрганилмаган. Шу боисдан ҳам ушбу мавзу магистрлик диссертациясига мавзу сифатида танлаб олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |