2-БОБ. ПЕРИФЕРИК АСАБ ТИЗИМИ КАСАЛЛИКЛАРИ. Периферик нерв тизими орқа мия олди, орқа ва ён шохчасида жойлашган нейронлар танаси, краниал нервларнинг ҳаракат ва сезги ўзаклари, симпатик ва парасимпатик тугунлар, периферик ва краниал нервларни ҳосил қилувчи аксонлардан ташкил топган. Нейронлар танасида оқсиллар, липидлар, гликопротеидлар синтезланиб, аксоплазматик ток орқали нерв толалари перифериясига узатилади. Ҳар бир нерв толаси, миелинлиги ҳам, миелинсизи ҳам, шванн қобиғи билан қопланган. Периферик нерв тизими касалликларида 3 турдаги патоморфологик ўзгаришлар тафовут қилинади.
1. Валлер қайта тикланиши - нервни кўндаланг кесилишига реакция. Унинг учун қуйидагилар: зарарланган жойдан пастда нерв ва пардаларнинг дегенерацияси, нерв бўйлаб ўтказувчанликнинг сусайиши хос. Ҳаракат нерви зарарланганда у иннервация қиладиган мушак атрофияга учрайди, регенерация секин рўй беради.
Аксонал дегенерация - нейрон танасида метаболизм бузилганда (токсинлар таъсирида) ривожланади, асосан периферик нерв аксонал цилиндри зарарланиши билан кечади.
Сегментар демиелинизация - миелин бирламчи парчаланганда ёки уни ҳосил қилувчи шванн ҳужайралари зарарланганда ривожланади. Сегментар демиелинизацияда периферик нерв аксони сақланган бўлади, бироқ, нерв бўйлаб ўтказувчанлик бузилади, бунинг оқибатида сезги бузилиши ёки иннервация қилинаётган мушаклар бўшлиги ва атрофияси ривожланиши мумкин.
Периферик нерв тизими касалликлари невропатиялар деб аталади: битта нерв зарарланганда - мононевропатия, бир нечта нерв зарарланганда - полиневропатия, дейилади.
2.1. Мононевропатиялар.
Мононевропатиялар гуруҳига алоҳида нерв (ҳаракат ёки сезги) ва илдизчалар зарарланиши киради. Мононевропатияларга ҳаммадан кўп шикастланиш сабаб бўлади. Нерв устунининг суяк-пай каналларида механик эзилиши ёки касбий шикастланишлар, спорт шикастлари сабаб бўлиши мумкин. Мушак элементлари билан компрессияга учраши алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
Травматик ва туннел мононевропатиялар. Периферик нерв тизими зарарланишининг бу тури нервнинг ўткир шикастланиши ёки анатомик тор жойларда (туннелларда) сурункали компрессияси оқибати ҳисобланади. Туннел невропатияларнинг ривожланиши асосида нерв устунининг микрошикастланиши, механик эзилиши ва ишемияси ётади. Кўпчилик ҳолларда нервлар бўғимлар ёнида тирсак, билак, тизза, болдир туннел зарарланишига учрайди.
Касаллик кўпинча 20-30 ёшларда ривожланади. Эндокрин ўзгаришлар (гипотиреоз, акромегалия, қандли диабет), очлик (ёғ қатламининг камайиши нервларнинг суяк пайларга жипс ёпишишига олиб келади, бу эса уларнинг шикастланишини келтириб чиқаради) - мойил қилиб қўядиган омиллар ҳисобланади.
Билак канали синдроми. Билак каналида кўпроқ оралиқ нерв сурункали шикастланишга ва компрессияга учрайди. Билак канали синдроми ривожланишига каналда жойлашган мушаклар ва пайларнинг зўриқиши ва қалинлашиши сабаб бўлади. Каналнинг табиий торлиги сабабли аёллар кўпроқ касалланадилар.
Беморлар қўлнинг I, II, III бармоқларининг асосан тунда оғриши ва увишишидан шикоят қиладилар.
Баъзан оғриқ билакка ҳам тарқалиши мумкин. Қўлни юқорига кўтарганда оғриқнинг ва увишиш кучаяди. Билак соҳасида нерв устуни перкуссияси оғриқ кучайишига ва унинг кафтга тарқалишига олиб келади (туннел синдроми). Бир оз вақтдан сўнг оғриқ ва парестезияларга тенар мушаклари атрофияси қўшилади.
Билак соҳасида оралиқ нервдан ташқари тирсак нерви ҳам компрессияга учраши мумкин (Тийон ўрни синдроми). Бунда бемор қўлининг IV ва V бармоқларида оғриқ ва қувватсизлик ривожланади, қўлларини бир-бирига яқинлаштира олмайди. Тирсак нерви невропатияси кўпинча билак соҳасидаги нервнинг рул, асбоб ёки қўлтиқ таёқ билан сурункали шикастланиши оқибатида ривожланади.
Сон нерви невропатияси. Сон нерви компрессияси кўпинча чов боғлами соҳасида, нервнинг сонга чиқиш жойида, чаноқ - сон бўғими ёнида ривожланади. Сон нервининг эзилишига - қорин бўшлиғининг шикастланиши ёки спонтан гемотома ёки чаноқ -сон бўғими соҳасидаги шикастланиш жараёнлари сабаб бўлиши мумкин. Беморлар човдаги оғриқдан шикоят қиладилар, у соннинг олдинги ички соҳаси ва болдирлар ички соҳасига тарқалади. Вақт ўтиши билан сон олдинги қисми терисида сезги бузилиши ва тўрт бошли мушак атрофияси қўшилиши мумкин.
Қуймич нерви невропатияси. Қуймич нерви думғаза-ости боғлам ва ноксимон мушак орасида эзилиши (ноксимон мушак синдроми) невропатияни келтириб чикаради. Ноксимон мушак спазмига кўпинча умуртқа бел соҳаси остеохондрози сабаб бўлади. Касалликда болдир ва оёқ кафти ташқи томони бўйлаб қаттиқ ачишиб оғриши ва парестезиялар билан намоён бўлади. Ноксимон тешик соҳасини пальпация қилганда ва соннинг ички ротациясини пайпаслаб кўрганда оғриқ зўраяди (сон ротацияни оёғини тизза ва сон - чаноқ бўғимларидан букган ҳолатда қилинади) оғриқ кучаяди. Қуймич нерви туннел невропатияси ва L5-S1 радикулопатиясини фарқлаш анча қийинчилик туғдиради. Ноксимон мушакни оғриқсизлантирувчи моддалар билан блокада қилишнинг ижобий таъсири ташхислаш мезони ҳисобланади.
Туннел невропатияларини даволаш. Туннел невропатияларни даволаш дастури ҳар бир бемор учун алоҳида бўлиши керак. Гематома оқибатида нерв сиқилганда жарроҳлик усули билан даволаш керак бўлади. (сон нервини сиқиб турган қорин орқасидаги гематома олиб ташланади). Туннел синдромининг бошқа турларида компрессия жойига кортикостероид препаратларни оғриқсизлантирувчи воситалар билан бирга юборишдир. Билак канали синдромида билак каналига 50 мг гидрокортизон 1 марта ёки 6-7 кун оралиқ билан 2-3 марта юбориш тавсия қилинади. Регионар қон айланишини яхшилаш учун вазоактив препаратлар (никотин кислота, трентал ва бошқалар), диуретик воситалар билан (диакарб, триампур 3 кун давомида) буюрилади. Тунда кучли парестезиялар бўлган беморларга карбамазепин қаторидаги препаратлар (тегретол 200 мгдан кунига 2-3 м) буюрилади.
Туннел невропатияларини жарроҳлик усули билан даволашга кўрсатмалар: 1) нерв фаолияти йўқолиши белгилари тез кўпайиши (қўпол ҳаракат ва сезгининг бузилишлари); 2) тўлиқ ҳажмда олиб борилаётган консерватив давонинг наф бермаганлиги.
Жарроҳлик усули билан даволаш нервни декопрессия қилишдан иборат. Жарроҳлик усули билан даволаш ўткир компрессия ҳолларидагина эмас, балки касаллик узоқ вақт кечганда ҳам жуда яхши таъсир қилади.