Даволаш ва прогноз.
Д а в о л а ш. Неврологик ва нейрохирургик клиникаларнинг диагностик имкониятлари кенглиги ўсмаларни қисқа вақт ичида аниқлашга имкон беради ва унинг жойлашишига қараб радикал ва паллитив жарроҳлик муолажаси ўтказилади.
Нейрохирургик аралашувларни патологик жараённинг жарроҳлик муолажаси ўтказиб бўлмайдиган жойда жойлашганлиги (масалан, базал ўзаклар, мия устуни ўсмалари ва бошқалар), метастазлар кўплиги, беморнинг оғир аҳволи, жараённинг тарқалиб кетганлиги, систем касалликлар ва бошқалар туфайли ўтказиш мумкин эмас.
Миядан ташқаридаги хавфсиз ўсмаларни касаллик энди бошланганда олиб ташлаш радикал жарроҳликка киради. Радикал жарроҳлик усули билан даволаб бўлмайдиган ўсмаларда бош мия гипертензиясини бартараф қилишга қаратилган аралашув (ички декомпрессия ёки декомпрессив трепанация), палиатив жарроҳлик усули қўлланилади. Мия қоринчаларидаги орқа мия суюқлигини камайтирувчи ва оқишини яхшиловчи нейрохирургик муолажаларда бош мия гипертензияси камаяди.
Консерватив терапия (химиотерапевтик ўсмага қарши воситаларни: неоцид таоТЭФ ва бошқалар, гормоно- ва рентгенотерапияни қўллаш) ёрдамчи усул бўлиб, биринчи галда жарроҳлик муолажасига тайёрлашга қаратилади ёки нейрохирургик аралашувни ўтказиш мумкин бўлмаган ҳолларда ўтказилади. Ҳамма ҳолларда ҳам бош мия гипертензиясини камайтиришга қаратилган дегидратацион даво ўтказилади.
Натрий хлориднинг изотоник эритмаси ёки 5% ли глюкоза эритмасида тайёрланган 10-20% ли маннит эритмаси тайёрланиб, 0,5-1,5 г/кг ҳисобида қўлланилади. Диакарб (фонурит) 0,25 г дан кунига 2 маҳал; магний сульфатнинг 25% ли эритмаси мушак ичига юборилади. Охирги вақтларда глицерин 0,2-0,5 г/кг (80-150 мл кунига) ичишга ва кортикостероидлар (дексазон, гидрокортизон) кенг қўлланилмоқда.
Психомотор қўзғолишни бартараф қилиш мақсадида беморлар реланиумнинг 0,5 % ли эритмасини (1 мл) ёки галоперидол 0,5% ли эритмасини оладилар.
Эпилептик тутқаноқларда шайтонлашга қарши даво: финлепсин 0,2 г кунига 2-3 маҳал, фенобарбитал 0,1 г кунига 2 маҳал, седуксен тайинланади.
Нур терапияси. Жарроҳликдан сўнг ва баъзан мустақил даво усули сифатида қўлланилади. Нур билан даволашни кўпинча кимёвий терапия билан бирга олиб борилади. Хавфли нейроэктодермал ўсмалар ва миядан ташқаридаги хавфли ўсмалар саркомалар ёки ангиоретикулосаркомалар, нур билан даволашга кўрсатма бўлади. Бош миядаги хавфли метастазларни олиб ташлагандан кейин ва гипофизнинг баъзи ўсмаларида ҳам нур билан даво қилинади, бундан ташқари хавфсиз, радиосезгир ўсмаларни (эпендимома, ангиоретикулема даволашда нур билан даволашга индивидуал ёндошиш зарур.
П р о г н о з. Ўсмаларнинг гистологик хусусиятлари ва жойлашишига қараб, беморлар бир неча ойдан 30 йилгача ҳаёт кечирадилар (масалан, вестибулокохлеар нерв невриномасида). Миядан ташқарида жойлашган ўсмаларни жарроҳлик ва аралаш усулларда даволагандан сўнг бемор тўлиқ ёки фаолиятнинг бир оз бузилишлари билан тузалиши ёки узоқ ремиссия бўлиши мумкин. Мия ичи ўсмаларида жарроҳлик муолажаси қисқа муддатли самара кўрсатади, холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |