Қарши давлат университетида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда коррупцияни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
ҲИСОБОТ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Буюк келажакни ҳар томонлама етук ва юксак малакага эга мутахассис кадрларни тайёрламасдан қуриш мумкин эмаслиги барчамизга маълум. Шу боис, мамлакатимизда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи бўлган таълим-тарбия муҳитини шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим ва устувор вазифамиз ҳисобланади.
Олий таълим соҳасидаги коррупциянинг асосий ва кенг тарқалган хавф-хатарлари, яъни манфаатлар тўқнашуви, плагиатдан фойдаланиш, ўқишга қабул қилиш ва билимларни баҳолашдаги порахўрлик ёки таниш-билишлик ҳолатлари, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа масалаларни атрофлича ўрганиш, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш ҳамда уни олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш долзарб масалага айланмоқда.
Давлатимиз томонидан олий таълимга долзарб соҳалардан бири сифатида эътибор қаратилиб, уни чинакам “коррупциясиз соҳага” айлантириш мақсадида жадал ислоҳолатлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Қарши давлат университетида ҳам коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда коррупцияни олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Университетда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021/2022 ўқув йили давомида амалга оширилиши режалаштирилган йиллик чора-тадбирлар дастури, университетда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда коррупцияни олдини олиш бўйича йўл харита ҳамда иш-режалар ишлаб чиқилган. Мазкур дастурда белгиланган вазифаларга асосан, университет профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирокида факультетлар кесимида мунтазам равишда ўрганишлар, социологик сўровномалар, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда. Шу билан биргаликда университетда Тартиб-интизом кенгаши ҳамда Одоб-аҳлоқ комиссияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан университетда олиб борилаётган ташкилий-бошқарув, ўқув ишлари, қурилиш-таъмирлаш ва маънавий-маърифий ишлар мунтазам кузатилиб борилади хамда аниқланган камчилик ва хавф-хатарлар жамоатчилик томонидан муҳокамалари ташкил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |