ТИЛЛАНИСО
СУНБУЛА
«Қаранг, ингиллаган итларга қаранг.
Сирли энтикади яланғоч дарахт,
Бари унутилиш истайди бари…”
Рауф Парфи
Мен бу аёлдан нафратланмайман, лекин унга қандайдир камситувчи нигоҳ ташлашимни сезарди шекилли, мен билан тузук-қуруқ гаплашмасди. Бирга яшаётганимизга ўн ойдан зиёдроқ вақт бўлди, бироқ мен у ҳақида деярли ҳеч нарса билмайман. У билан очилиб дилдан гаплашиш ҳодисаси фақат бир гал содир бўлганди. Уй эгасини йўқлаб Қозоғистондан меҳмонлар келишган, у меҳмонларга дастурхон тузаган, мен уйга бироз кечроқ кириб келгандим. Яхши кўрган одамим менга кийим совға қилиш учун дўконга олиб борган, мен танлаган кийимга пули етмай, мен уни карточкамдаги пулга сотиб олган бўлсам-да, хурсанд эдим. Кийимдан ҳам кўра унинг менга қилган ғамхўрлигидан хурсанд эдим. Биз меҳмонлар билан ўтирмасдан, ошхонада бирга овқатландик. У менга уйига бориб юрган, онда-сонда эса биз яшаётган уйга ҳам келадиган турк йигити ҳақида гапира кетди. Мен турк ҳақида уй эгасидан у-бу гапларни билар, Лайло билан уй эгаси бу ҳақда гаплашганини эшитгандим. Лекин Лайлонинг ўзи бундай воқеалар ҳақида умуман индамасди, айниқса, менга. Турк ҳақида гапирар экан, лаблари қимирлаётгани ҳам сезилмас, паст гапирар, шунга қарамай орада кулиб қўярди. Ёдимда қолгани шуки, турк бизнинг пойтахтда қурилишда ишлайди, унинг шаҳар марказида яхшигина жиҳозланган ижарахонаси бор, онда-сонда Лайлони ўша ерга етаклаб кетади. Лайлони Туркияга олиб кетмоқчилиги, уйланиши, шу каби яна нималарнидир гапирганди. Мен ҳам ора-сирада уни саволга тутардим. У ҳеч нарсани яширмас, орзулари ҳақида минғирлагансимон имиллаб, балки ийманиб гапирарди. Яхшироқ эътибор берсам, у маст эди. Доимгидек.
Бу очиқликнинг, илтифотнинг (ҳа, мен буни ўзимга кўрсатилган илтифот деб қабул қилгандим) сабабини тушингандай бўлдим. У одатда ҳушида бўлмаган пайтларигина одамлар билан гаплашар, қолган вақтларини аксар ухлаб ўтказарди. Мастликдан ташқари бу ерда бошқа сабаб ҳам бор. Иккаламиз ҳам хурсанд, айни ўша лаҳзаларда кўнглимиз орзу ва ишончга тўла эди. Табиий, бу орзулар иккимизда ҳам эркакка боғлиқ ҳиссиёт ва кечинмалар ортидан уйғонган;
қалбимиздаги ҳаётдан розилик бир-биримизга бахт тилашимиз учун имкон берарди.
**************
Бир ҳафтадирки, у деярли ичмайди, лекин уй эгасининг айтишича “ичгани дурустроқ эди”, ичиб келган пайтлари бир-икки соат жанжал қиладию, шу билан ҳолдан тойиб, ухлаб қолади. Ярим кечаси ухлаганига довур шомда уйғонади.
Бу уйга кўчиб келишимдан аввал у уй эгаси билан менга уйдаги энг катта хонани – жиҳозланган, ҳамма шароитлари бўлгани учун бўлса керак, меҳмонхонани беришганди. Хона эшиги ойнаванд бўлгани сабаб эшикнинг иккала тарафига ҳам газета қоғозлари ёпиштириб чиқилганди. Ўша газета парчалари ҳозиргача эшикда турибди: “Набоков дунё фуқороси эди.” Лайлони кўчиб келишимдан олдин бир бор кўрганман. Кўчишдан олдин бу ерга бир-икки марта меҳмонга келган ва охиргисида уни кўргандим. У бу уйга, умуман пойтахтга ҳам энди кўчиб келган эди ўша пайтлари. Аъло деган дугонаси билан ярим тунда кўчага чиқиб кетар экан, олдимга келиб телефонини қолдирганди: “Мен бу уйда сизга ва Д. акага ишонаман (ваҳоланки, мени биринчи марта кўриб туриши), шунинг учун телефонимни сизга қолдириб кетаман, уларга ишонманг (ошхонада яшайдиган бошқа қизларга ишора), улар ўғри,” деганди. Мен табиий феълимга мувофиқ унга ўзимни яхши кўрсатиш учун жилмайган кўйи “майли” деб қўйдим. Лекин бир томондан фақат сизга ишонаман, деган гапидан ғашим келган бўлса, иккинчи томондан гаплари бироз ҳайратлантирган эса-да, деярли эътибор бермадим унга. Ўшанда ҳам унинг мастлигини сезмаганман. У кетгач, уй эгаси “Ўлгудек маст, ҳамма қизлар билан уришиб чиқди”, деганидан кейингина унинг мастлиги ҳақидаги ахборот хотирамда қолган. Уй эгаси Лайло билан мана шу илк учрашувимиздан аввал менга у ҳақда гапирганди: уйига янги бир жувон келгани, қадди-қомати тик, кўзлари катта-катта жон олувчи эканини ва уни севиб қолганини айтганди. Уй эгасининг гапларига ҳам парво қилмагандим. Агар уй эгасини яхшироқ танимаган биров бўлса ва унинг актёрлар каби ҳаёжонланиб, оғзидан кўпик сачратиб, “шуннаққа чиройли” деб кўзларини юмиб, урғу бериб гапиришларини эшитса, унга чиппа - чин ишонган бўларди. Ишомаслигимга сабаб жаноб Д. (уни ўз феълидаги иронияга мувофиқ, унга бўлган меҳриму, аммо ҳурматсизлигим юзасидан шундай деб сизга таништира қоламан) мен билан илк танишган кезларида бошқа жувонлар ҳақида ҳам худди шу каби гапларни айтган, мен эса Худо унинг 25 ёшлигини менинг сиймомда қайтариб берганини, умр бўйи кутган одам эдим назарида. Д буни такрорлашдан чарчамасди. Мен албатта болаларча арзон иймонимга мувофиқ пичинг, кесатиқ ва киноя билан қабул қилганман гапларини. Бироқ у ўша кезлари олдимга борганида худди ўқитувчисининг ҳурматини қозонмоқчи бўлган ўқувчидек ўзини тутар, довдирар эди. Бир гал ҳатто нонга ҳам бир пул топса, бир тополмайдиган одам узоқ йиллардан бери таъқиқдаги шоирнинг китобларини қўлтиқлаб шаҳарнинг у четидан бу четига – менга олиб келганди. Эъҳтимол, менинг кўзимда мана шу китоблар туфайли қувонч кўрмоқчи бўлган. Бироқ жаноб Д.нинг сўзларидаги ошириш, бўрттиришлар қанчалик нотабиий бўлса, мендаги менсимаслик, кесатиқ ва одамларга бўлган бадгумонлик ҳам қуюшқондан шунчалик ошганди.
Мени бу уйда “устоз” деб чақиришди. Кўчиб келган кунимдан бошлаб эга бўлгандим бу лақабга. Жаноб Д. “ўзидан кўра кўпроқ китоб ўқиганим, яна ундан фарқли китобларимни чиқаришга улгурганим” билан изоҳлади бунинг сабабини. Аммо сабаби бугина эмаслигини тушинардим. Унинг уйида аввал ҳам жуда кўп қизлар турган – кўпинча пойтахтга иш излаб келган, оиласидан ажрашган ё жуда ночор оиланинг қизлари. Узоқ пайт мана шу уйда туриб, Россияга ишлагани бориб, ҳомиладор бўлиб қайтган, қизчасини шу уйда дунёга келтириб, жаноб Д. қизчани ўз набирасидай катта қилган, чақалоқни жаноб Д.га қолдириб ўзи эса куни ўтиши учун пул топиб келган Норхол исмли жувоннинг опаси айтмоқчи, ижарада турган қизларнинг барчаси жаноб Д.нинг қўлидан “бир-бир” ўтган. Бу гапни менга жаноб Д.нинг ўзи айтган: “Турсуной бало-да, ҳамма нарсани фаҳмлайди”, деганди. У бундай гапларни айтар экан, уялиб ё хижолат бўлганини сезмаганман. Ўз ҳақиқатларини ўн етти йиллик деярли ҳеч қаерга чиқмасдан, ҳеч қаерда ишламай ўтаётган ҳаёти давомида ирония билан қабул қилишга ўрганиб қолганди. Бу ерга кўчиб келган илк кунларимда мана шу ҳақиқатларини айтавериб қулоқ-миямни еган, қайси қиз, қайси жувон, қайси аёл билан қандай муносабатда бўлган – борини гапирар, “сиздан ҳеч нарсани яширишни хоҳламайман”, дерди. Мен ҳам албатта унга бошида ҳукмлар чиқарган, тинимсиз айблаган, бу айбловлар ортида унга бўлган ҳурматим, муносабатим ҳам кескин ўзгарган бўлса – у айбловларимни яна ўша юзидаги азобли мазахона жилмайган ифода билан “хўп бўлади устоз, сиз нима десангиз шу” (менинг куйиб-ёниб, вазиятнинг ҳар томонини ҳисобга олиб, одилона баҳо бериш, бунда ўқиганларимни ҳам бир-бир хаёлдан ўтказиб, энг тўғри гапни айтиш учун тинимсиз жаврашларимга нисбатан муносиб жавоб эди бу), лекин назаримда мени умуман эшитмас эди. Кейинчалик жаноб Д.нинг гапларидан ҳафсалам пир бўла борди, шундай ҳолга келдики, мен деярли уни эшитмайдиган ва гаплашмайдиган бўлдик. Фақат бир гал у, ошхонада кино кўриб ўтирар эканмиз, яна ўша қизлар ҳақида гап бошлаб қолди. Ҳар ҳафта қайси қиз унинг ётоқхонасида қай тартибда навбатчилик қилганини гапирди. “Мен у қизларни айбламайман, кимдир жалаб деб ўйлар, лекин мен уларга “жалаб” деб сўккан бўлсам ҳам, аслида бундай ўйламайман. Улар куни бўйи итдай кафеда ишлар ё бировнинг кирини ювар, цехда соатлаб кийим тикарди. Кечқурун кимдир пул бераман мен билан бир кеча ёт деса, “овга” чиқиб кетишарди. Мен ҳам уларга “Ў, жалаб, пул учун бировларга берасанку, менга ҳам берсанг нима қипди” деб айтардим. Уйимда яшагани учун улар бир тин пул бермайди. Мен эса шундан фойдаланганман. Шу бечора қизлардан фойдаланганим учун ўзимдан нафратланаман”, деб айтганди. Назаримда у “устоз” деган номни айни шунинг учун, мени ҳам ўша қизлардан бири деб гумон қилмасликлари, у қизлар орасида алоҳида ҳурматга эга бўлишим ва менга нисбатан шаҳват назари билан қарамаслигини таъкидлаб туриш учун ҳам берганди. Мен аввалига унча эътибор бермаганман. Доимгидек, жаноб Д.нинг ҳамма нарсани ошириб юборишининг маҳсули деб қабул қилганман. Бироқ, бора-бора бу ном бизнинг орамиздаги самимиятга кескин таъсир қилди. Лайло ҳам Жаноб Д.га эргашиб, менинг исмимни айтмай, устоз деб чақирарди. Назаримда, у уялар ва менинг олдимда ўзидан ҳижолат бўларди. Қолаверса, у мендан негадир қўрқарди. Шунга устоз деб чақириш унга ҳам қулай, ҳам бунга барча уялиш, ҳижолатлик, қўрқув билан бирга бегоналик сингиб кетганди. Эҳтимол, орамиздаги мана шу бегоналик иккаламиз учун қулайи эди. Деярли бир йилдирки, мен ўзим яшаётган одамлар орасида ўз исмимни эшитмас эдим. “Устоз, сигаретингиз борми”, “устоз, ҳожатхонага кирмайсизми”, “устоз овқатланасизми”, “устоз кўчага чиқасизми”– энг майда, энг беъмани нарсаларда, айниқса, бир уйда яшайдиган одамларинг орасида ўз номингни устоз деб эшитиш сенга бачкана ва ҳам аламли, ҳам даҳшатли масъулият юклайди. Мен мана шу ном остида ўз исмим ортида яширинган самимият, камчиликлар, гоҳида болалардек ҳаёжонланиш, гоҳида кўз ёш тўкиш, ўзимни бир оддий одамдек тутиш, яхши ва ёмон хислатларимни тўла намоён қилиш эркидан, энг муҳими уларга яқин одам бўлиш имконидан маҳрум бўлдим. Улар ўзлари билмаган ҳолда мени ўзларидан узоқлаштира боришди. Мен “устоз” эдим, мен ўзимнинг муаммоларим ҳақида уларга айтолмас, очиқ гаплашолмасдим. Оддий уй ишларида ҳам кўп нарса қўлимдан келмасди. Лекин мен буни тан олмас, ўзимни мағрур тутар, “истасангиз шу” дегандек уйда бирор ишга қўл урмасдим. Уларнинг майда, икир-чикир, аммо дилдан гаплашаётган гапларига аралашмас, гўё қизиқмаётгандек кўрсатардим ўзимни. Бора-бора мен улар билан гаплашмай қўйдим, яна ўзимга ва ўз хонамга қамалиб олдим. Ўз хонамга бекиниб кўз ёш тўкар, ичар ва чекар, кимлардир билан телефонда гаплашардим– менинг барча ожизликларим, инсонийликларим хонамнинг ичида эди. Хонамдан чиқар эканман, мен ҳатто ўз ожизлигимни ҳожатхонага ҳам олиб чиқмасдим. Мен бу ерда ёлғиз, гўё алоҳида оролчада яшардим. Лайло ва Жаноб Д. эса эҳтимол қалбан айро, аммо ҳаётий кичик ташвишларда, жанжаллаша туриб, бир-бирин ҳақорат қила туриб, бир-бирига меҳр кўрсатишда истаклари, ҳиссиётлари бирлашиб кетганди. Мендаги мағрурлик, вақт ўтиб, кибр даражасига етди. Мен уларни иккаласини ҳам менсимай қўйдим. Балки мендаги кибру-ҳаво ва менсимаслик аввалдан бўлган, Жаноб Д. буни сезиб, феълидаги ўша иронияга мувофиқ, атайлаб берган бўлиши мумкин эди бу лақабни. Нима бўлганда ҳам, тан олиш керак, у ҳамма нарсани жуда тиниқ ҳисобга олади. Д. худди менга лақаб топгани каби Лайло учун янги исм ўйлаб топди. Бу лақабни мен кўчиб келган пайтларда эмас, вақт ўтиб одат ва атворини кўргач, берганди унга. “Жунгли” эди у топган янги ном. Жунгли наинки Лайлога қўйилган лақаб, биз яшаётган уй ҳам жунгли эди унинг айтиши бўйича. Аввалига у ўз уйини Ғор дер эди. “Ўн беш йилдан бери ҳеч қаерга чиқмайдиган одам, ота-онаси ўлган, хотинлари ташлаб кетган, ўйнашлари бевафо, пешонаси шўр, йўқлаб биров келмайдиган одамнинг уйи чинакамига ғор бўладида, устоз” деб тушинтирарди. Бир гал менинг танишларим – икки ёзувчи йигит Д.нинг олис ўтмишда, ёшлик йилларида ўша даврнинг номдор журналида босилган қиссасини ўқиб, йўқлаб кириб келиб қолишди. Табиийки, узоқ йиллардан бери одамлар билан мулоқот қилмаган, ҳатто суҳбатлашиш кўникмасини йўқотган эзма одам тонг отгунча гапириб, бечора йигитларнинг миясини қоқиб қўлига тутган, уйқу бермаганди. Ўша йигитларнинг бири “қамоққа тушган одамларни сиз билан жазолаш керак” деб ҳазил қилганди унинг кўп гапиришига ишора қилиб. Чиндан ҳам у бугун сўнгги кунидек, ичидаги бор гапларни айтиб олиши керакдек, ҳар бир янги суҳбатдошини ёқса-ёқмаса ўзини эшитишга мажбурлар, у билан гаплашадиган одам шунга маҳкум эди. Бошида менга ҳам худди шундай муносабатда бўлган, бора-бора мен унга чарчаганимни, эшитгим келмаётганини кескин, силталаб айтадиган бўлдим. Шундан кейин у мен билан беш дақиқалик суҳбат учун ҳам “раҳмат” дейдиган бўлди. Албатта, у Лайло ва унга ўхшаш қиз-жувонларга бундай муносабат қилмасди. Уларни бир қарасанг сўккан, бир қарасанг хушомад қилган, мақтаган, киноя қилган, устидан кулган, эркалаган, бир қарасанг ҳасратлашган, ялтоқланган, баъзан кунлаб, ойлаб шу аёлларнинг муаммоси, дарди ташвишини ҳал қилиш билан андармон бўлиб қоларди. Яъни у бу аёллар билан муносабатда ниҳоятда табиий эди, бир оддий одам каби эркин ва борича тутарди ўзини. Мен ва дўстларим билан узоқ пайтлардан бери қондирилмаган руҳий, ақлий истакларини зўр бериб қондираман деб, натижада ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб чарчатиб қўярди. Йигитлар шу бўйи узоқ пайт йўқолиб кетишди, таклиф қилса ҳам келишмади. Шунда у яна ўз феъл-атворига сингиб кетган ирония билан “мен энди уйимнинг номини ўзгартираман, уни ғор эмас, жунгли деймиз, ғордан чиқиб кетолмаймиз деб, бир бор келганлар ҳам қайта келишмаяпти” деганича ёзғирганди. Очиғи, бу ўринда ёзғирганди дейиш хато. Мен унинг ёзғирганини кўрмаганман. Унинг ёзғиришлари, тақдирдан ё эҳтимол ўзидан норозиликлари (бироқ норизо бўлганини эслолмайман), ўз-ўзига ачиниш ё бечораликлари ҳам киноя ва ирония оҳангига сингиб кетганди. У уй номини Ғордан Жунглига ўзгартиришни Лайлога Жунгли лақабини берган ўша тонгда эълон қилди. Мен одатдагидек, кечроқ уйғониб ҳожатга борар эканман, Д. ошхонада эди. Тушинишимча Лайло доимгидек маст ҳолда тонгга яқин кириб келган ва ошхонада ухлаб қолганди. Эҳтимол, жанжал қилган. Д. мени кўриши билан ошхонага ўтмаслигим учун эшикнинг олдига келиб туриб, олди. “Яна ичиб келган, қип ялонғоч ётибди жунгли” деди-да менга қарата, адёл топиб Лайлонинг устига ташлади. Унинг нима учун ялонғоч бўлиб ётганини билмайман, балки исиб кетганидан, балки Р. билан жанжаллашганда жаҳли чиқиб, атайдан шундай қилгандир. У кейин ҳам тез-тез шунақа тўлиқ ечиниб ётадиган бўлди. Жунгли дейишига яна бир сабаб, у ичган пайтлари ақлини йўқотиб қўйиши, “кришаси” кетиши етмагандек, сийиб қўядиган одат чиқарди. Кейинчалик билдикки, у аввал ҳам ичган пайтларида ижарахонасида ухлаб ётган пайти сийиб қўяверган. Кўпчилик шу сабаб уни уйидан қувиб юборган экан. Бир рус эркаги билан яшаганида, шу туфайли кўп таёқ еган. Лайло Д.га ўша одам учун ишлаб келган пулидан ароқ олиб келишини, бу ҳам етмагандек у билан бирга ётишга мажбур қилишини гапириб берибди. Д.га сени мени ҳурмат қилганинг учун яхши кўраман дебди. Д. бундай гапларни (бошқа жойларда ҳам сийиб қўйишини) ҳеч айтмасди, ногоҳон айтиб юборди, деди. Чиндан ҳам ҳушида бўлган пайтларида у бундай гапларни сира кўтаролмас, ўзи ҳақида бир оғиз ёмон гап, камситувчи нигоҳга умуман тоқати йўқ, менку унга деярли гапирмас, мабодо Д. нимадир деганда ҳам жанжаллашар ё йиғларди. Жанжалнинг энг кўпи у бутунлай “ўчиб қолган”, эҳтимол тайёқ еб, эҳтимол пулини ололмай келганида ёки шунчаки абгор бўлган ҳаёти эсига тушиб кетганиданми, мижозлари олдидан ўзини буткул билмай қайтиб келганида (чиндан Д. Лайлога сийсанг ҳам, чичсанг ҳам шу уйга келиб қил, кўчада ўлиб кетишингни истамайман деб кўп айтарди.) рўй берарди. Кўпинча тонга яқин бўлгани учун мен ҳам бу жанжаллардаги гапларнинг кўпини эшитганман. Бундай пайтлари унга Д.нинг нигоҳи ва гапиям ёқмас, “нега менга ўқрайиб қараяпсан” дер ва шундан жанжал бошланарди. Д.нинг қиз-жувонларнинг пулига яшаётгани, мендан ва ундан олган пулларини эски ўйнашига элтиб беришини йиғлаб ва тинмасдан гапирар, Мош (Д.нинг эски ўйнашининг қизчаси) сендан бўлган-да, а, ўзингга “отмазка” қилиб набирам дейсан. Устоз ва мен сенга дори ол ўзингга деб, сенга раҳмимиз келиб берган пулларни ҳам унга элтиб берасан. Мен сенинг кирингни юваман, овқатингни пишираман, мен бўлмасам ўлиб кетардинг, сен бўлса тинмай Норхолни (Мошнинг онаси) мақтайсан, ўша тожик бошингни яхшилаб айлантирганда” деб йиғлар, асабийлашиб, бу гапларни яна қайта-қайта такрорларди.
Р.нинг бу уйда аввал яшаб кетган қиз-жувонлар билан қандай ётиб турганини юзига солар, мен жалаб бўлсам ҳам сенга ўхшаган фалонмасман, номусимни, қадримни биламан, деб, ўзигами, Д.га раҳми келибми, ачинганамо йиғларди. Д аввалига уни бўралаб онасидан сўкар, булар наф бермагач, “келинг, энди ухлай қолинг” деб яхши гапирар, Лайло унинг гапларидан барҳо авжланар, охири Д. тақдирига тан бериб, “майли гапир, сен менинг жазойимсан” деб жимиб қоларди. Фақат ора-орада “секинроқ гапиринг, устоз уйғониб қолади” (эҳтимол, Д. мендан уяларди) дерди. Лайло эса атайлабдан, “билсин, ҳа, билсин, устоз уйғонганда ўзим ҳаммасини айтиб бераман. Сенинг қанақа одамлигингни билса, бу ерда турмайди” деганича сўкиниб-сўкиниб йиғларди. Д. менга Лайлонинг бу каби жанжалкашлигини тушинтирмоқчи ё оқлаган бўлиб, “Болаларини соғинади-да. Шунинг аламига чидай олмайди. Кимга бўлса ҳам заҳрини сочади. Буям менга берилган жазо”, дея ўксиниб қўярди.
Мен бу каби жанжалларни доим ҳам эшитавермас, лекин бир сафар юқоридаги гапларни айтаётганда уйғониб кетган ва жимгина тинглаб ётгандим. Лайлодан очиқдан очиқ жирканар, ичган пайтлари (ичмаган пайтлари кам бўлар эди) ойпарастга ўхшаб у хонадан бу хонага бемақсад кириб юришлари, ниманидир ағдариб ёки тўкиб юбориши, оёқ остига қусаверишлари, мен билмасдан бир неча бор босиб олганим, тўшакларимизга сийиб қўйишлари, дидсизларча бўялган тирноқлари ва кўча аёллари каби қуюқ ва хуник бўяниб олиши, аллақачон Лайлонинг қаримсиқ бўлиб қолганини илғамай Д.нинг “ух, жудаям чиройлида” деб қилпанглаб қўйиши ғашимни келтирарди. Эҳтимол, шу ғашлик ва жирканиш орамизга катта тўсиқ қўйганди. Лекин бу гал унинг асабий айбловлари, ўзини билмаган тарзда истаган гапини айтаётгани ва хунукдан хунук сўкиниб йиғлаётгани кўнглимда қандайдир илиқлик уйғотганди. Бу ҳавас ҳам бўлиши мумкин, бироқ бу бир томондан жирканч, бир томондан эса ожизона ҳавас бўлади.
Мен ўша пайтлари ақлдан мосуво бўлиш, Байроннинг “ақлим–дўзахим” деган эътирофию, “табиятнинг ноёб исёни – аёлдан даҳо чиқди” деб эътирофланган Камила Клоделл 35 ёшда ақлидан жудо бўлиб, камига бу дунёнинг “олтинчи палатасида” 80 ёшга қадар телба бўлиб умр кечиргани ҳақида нимадир қораламоқчи бўлиб юргандим. Ҳа, Байронга қойил эмасдим. Ақлнинг дўзах бўлиши ҳали ҳеч нарса эмас. Биз ҳаммамиз аслида шу дўзахда ёнишга маҳкум қилинганмиз. Анъанавий дўзах ҳақидаги тушинчалардан фарқли биз аросат дўзахида ёнамиз. Қайси томонга тегишли бўлишни, нима тўғри нотўғрилигини билолмай, аросат дўзахида ёнамиз. Энди билдим, энди тушиндим деганда олдимиздан яна бир тилсим чиқади. Бу йўл шунақа, тилсимга тўла. Аммо бу йўл ҳам, ақлнинг бу дўзахийлиги ҳам бутун одамизотнинг чекига тушган жўн қисмат. Аммо ақлдан мосуво бўлишчи?! Бунга ачиниш керакми?! Лайлонинг Д.ни аямай айблаши, энг чиркин, энг тубан айбловларини, нафратини яширмагани кўксимда бижғиб ётган айбловларимни ковлаб юборганди. Ҳар биримизнинг ҳам ичимизда дунёга, атрофимиздаги ҳар бир одамга, севганимизга, яқинларимизга нисбатан шундай айбловлар муйиб ётибдики, буни ташқарига олиб чиқиш учун баъзан ақлдан мосуво бўлиш керак деб ўйладим ўша тонгда. Лайло назаримда Д.ни энг майда, энг тубан айблар билан айбситдики, менинг Д.га нисбатан айбловларим олдида бу арзимас эди. Д. менга тез-тез мендан нафратланасиз дерди. “Мен ҳақимдаги қиссани ҳам шундай бошланг: “Мен бу одамдан нафратланардим.” Унинг тиржайиб айтган бу гаплари қанчалик ғазабимни қўзитар, асабимга тегар, буни фақат ўзим биламан.
Мен чиндан ундан нафратланардим. Нафратимнинг сабабини қай даражада аниқ тушинаман? Буни ўзим ҳам билмайман. Ёмон тарафи мен ўз уйимдан йироқда кечаётган умрим давомида бирга яшаган инсонларимнинг кўпидан нафратланиб яшаганман. Эҳтимол, бу болаликдан қолган жароҳат эди. Уйимизда онам ва момом бир-биридан нафратланиб яшаган. Гоҳ онамни, гоҳ момомни эшитавериб, гоҳ онамга, гоҳ момомга яхши бўлишини истаб, юқтирган нафратларим ич-ичимга, юрагимга сингиб кетган эди. Ёки одам кимнидир севиши баробарида, бошқа бировдан ўлгудек нафратланиб яшайди. Мувозанатнинг шарти шу, дунёнинг шарти шу. Д.дан нафратим эса шу пайтга довур мен нафратланган, йўлимда учраган бошқа кимсаларга нисбатан нафратдан фарқ қиларди. Бу нафрат менинг ич-ичимга, ўзакларимга доир эди. Кунларнинг бирида мен ишга кетарканман, у эшикни ёпиб олиш учун мени кузатиб чиқди. Хайрлашар экан, яна ўзи ва ўша нафрат ҳақида сўз очди. “Мен ундан ҳеч қачон китобини чиқармагани, машҳур ёзувчи бўлмагани учун нафратланаман”, деб ёзинг деди кулиб; гўё самимий, аммо фақат ўзигагина хос киноя-ирония билан. Мен ҳам унинг ўз одатини ўзига қўллаган ҳолда кинояли жилмайиб қўя қолдим. Лекин у тўғри топганди. Нафратимнинг бир четида айни шу сабаб бор эди. Баъзан шубҳаланардим, “Наҳотки у хонамга кириб менинг кундалигимни ўқиса”, нега мен ўйлаган фикрларни ўзимга айнан гапириб беради? Ҳа, бир гал “Сиз психологик китоблар ўқиманг, ўзингизни кузатинг, ўзингизни билингда, ёнинггиздаги одамни ҳам ҳурмат қилиб, у ҳам шу каби ўйлайди деб ишонинг” деганди. Эҳтимол, у ҳақдир. Юқорида гапи ҳам менга ёқмаган эди, гўёки мен уни ё бошқаларни ҳурмат қилмайману, у атайлаб шунга урғу бераётгандек эди. Энди ўйласам, нафратим ҳам унга нисбатан бошланган ҳурматсизликлардан бошланганди, энг аввало. Мен уникига кўчиб келмоқчи эканимни эшитаркан, хурсанд бўлганди, “Яхши бўлди. Бу ердаги қизлар мени ҳурмат қилмай қўйганди. Қайтанга сиз келсангиз, муносабатлари ўзгаради”, деди. Бунда у ва мени асосан ижод туташтиришини, қизлар ҳам унга омади юришмаган бечора сифатида эмас, талантли ёзувчи сифатида қарай бошлашларини назарла тутганди. Менинг нафратим, айниқса, ухлаётган пайтлари жуда зўраядиган бўлди. Тўғри, унинг уйқуси менга у гапираётган, асабимни қитиқлаётган ё ўзи амал қилолмайдиган бир тартиб-қоидага бошқалар бўйсунмагани учун ҳукм чиқараётган пайтларидан кўра афзал, безарар эди. Аммо уйқуси шу қадар хавотирли, азобли, хуррак отиши бўзлаб йиғлаётганга ўхшар, гўё охирги нафасини олаётгандек чуқур “иҳраб” нафас олар, гоҳ-гоҳида чўчиб уйғонарди. Айниқса, ёз кунларида у ҳам, мен ҳам хоналаримиз эшигини очиб ётганимиз учун унинг уйқуси алламаҳалгача менга тинчлик бермас, қалбим қийналар, раҳмим келар ва ачинар, ҳатто бориб бўғиб ўлдириб қўйгим келарди. У жуда кўп ухлайди. Ўзининг айтишича кичкиналагидан шундай бўлган. Онаси кўп ухлагани учун кўп уришини гапириб берганди. Ҳозир эса “борадиган жойи, қиладиган иши йўқлигидан” кундузлари ҳам аксар ухлаб вақт ўтказади. Бироқ уйқусида танаси шу қадар қийналардики, даҳшатли махлуқ билан олишиб чидаб бўлмас азобни бошдан кечираётганга ўхшарди. Мен танаси, жинсий эҳтиёжларини қондиролмаётгани учун ҳам балки уйқусида қийналиб чиқар деб ўйлаганман. Ўша пайтлари ўзимдан жаҳлим ҳам чиққан. “Агар мен бўлмаганимда уйга аёллар олиб кела оларди, енгиллашарди” деб ўйлаганман. (Тан оламан, виждон туйғусига ҳеч қачон ишонмаган бўлмас ҳам, мен доим ортиқча виждонли бўлиб яшаганман. Ёмон одам бўлишдан қўрққанман. Бу азбаройи олий виждон туйғуси туфайли эди. Ёмон одам бўлишдан қўрқувим эса мени яхши ҳам бўлолмаслигимга сабаб бўлган. Ёмонидан қўрқиб, туйғулингга эрк бермас экансан, сен аслида яхши, бошқалар ва оилй виждонинг томонидан “оқ” деб билинадиган туйғуларга ҳам эрк бермайсан. Натижада биқиқ, ҳаётни хаёл орқали яшагану, реал оламда бир одамдек яшаш учун ҳеч қандай тажрибаси йўқ эрксиз бадбинга айланасан.) Аммо бу уйдан топганим ҳаловат ва қулайлик ҳаққи яна ижарама-ижара юришнинг сарсонликларига ўзимни маҳкум қилгим келмаган. Балки Лайло билан ҳам улар ўйнаш мақомида эдилар (албатта бу шундай бўлган, мен буни кейин фаҳмлаб қолдим), аммо менга сездирмаганлари учун мен билмасдим ёки “бунақа нарсаларни” гап-сўздан илғаб ололмайдиган даражада гўлман. Кейин эса у руҳан қийналганидан, ичдан адо бўлганидан шундай ёмон, қийноқ ичида ухлайди деб ўзимни ишонтирдим. Уйқу эмас, бу нақ азобда ёнишнинг ўзи эди. Унинг уйқуда чиқарадиган йиғламсираганга ўхшаш товушларини эшитар эканман , гўё дунё бирдан йўқ бўлиб, бизнинг борлигимиз ҳам, барча эришганларимиз ҳам соп бўлган каби ёхуд худди у истаган ҳаёт унга насиб бўлмагандек мен кутган кун ҳеч қачон келмайдиган каби, қалбим ҳувиллаб, бетаскин қолардим. Нима қилишни билмасдим.
У ўзини доим машҳур ёзувчи деб атарди. Аммо бу дунёдан фарзандалари бору, лекин отасини билмайдиган, истеъдоди бору, аммо уни ўз вақтида кашф этолмаган бир инсон сифатида ном-нишонсиз ўтаётганини яхши биларди. Эҳтимол, айни шу ҳислар важидан ҳам унинг иронияли киноялари, кулгуларию, ухлаганда йиғлаганга ўхшаш чиқарадиган товушлари, иҳрашлари ҳаёлимда битта нуқтада туташарди. Бу икки нарса – ирония ва уйқу четдан қараганда бир-бирига мос келмасада, аммо айни бир ҳолатнинг ифодаси эди. Фақат бири ҳушда бўлса, бири уйқуларида.
Унинг уйқуси билан боғлиқ менинг нафратим, бу – қўрқувдан эди. Ҳа, мен қўрқардим. Аввало ундан вақтидаёқ ўзини ўлдирмагани, бунга ожизлик қилгани учун нафратланардим. Кўп овқат егани сабаб ҳар соатда Лайло ва менинг кўзимдан панада нималрнидир кавшаниб тургани, шалпиллатиб овқат еганини кўрганимда ундан ижирғанар, фақат қиз жувонларга эмас, исталган одамга –жумладан менга ҳам, уни ҳурмат қилишлари учун турли кўйларда ялтоқланаётганда ғазабимни тиёлмас, ҳали ҳамон аёллар олдида қилпанглаб турса-да, аслида фақат қуруқ танаси қолган, бесўнақай танасини судраб юрган тирик мурдалигини билардим, қандай қилиб бундай яшашга тоқат қилиш мумкинлигини тушунмасдим. Мен ҳам ўзимни тирик мурда деб билардим, шунга қарамай олдимда нимадир бордек туйилаверарди. Бу ҳам навбатдаги ўзини алдаш бўлишидан жуда қўрқардим, ҳа, қачондир унга ўхшаб қолишдан қаттиқ қўрқар ва нафратланардим. У каби бўлишдан қўрқардим. Ўзимни намоён қилоломай ўлиб кетишдан, ном, шуҳрат топаман деб, шедевр ёзаман деб қилаётган ҳамма ҳаракатим беиз кетишидан, у каби ожиз, омадсиз бўлиб қолишдан, ҳеч ким назарга илмайдиган, кимсасиз, уйдан ташқари чиқмайдиган инсон бўлиб қолишдан қўрқдим. Мен унинг бу аҳволга тушиб қолишида ўзини айблардим ва шу қадар ожиз бўлгани учун ҳам ундан нафратланардим. Нега унинг тақдиридан қўрқишимда сабаб бор. У билан энди учрашган пайтларимиз, бир-биримизни била бошлар эканмиз “сиз худди менинг 25 ёшимга ўхшайсиз. Оллоҳга шукрки, менинг 25 ёшлигимни сизнинг қиёфангизда қайтариб берди, энди ҳаётим ўзгаради, энди бошқача яшайман”, деб айтган эди. Чиндан ҳам мен унга, тўғрироғи, менинг истакларим унинг 25 ёшида қилган истакларига жуда ўхшар эди. Ўрни келган экан биз у билан қандай топишганимиз ҳақида сўзламоқчиман.
*****
Лайло телефон ўғирлаб келганди. Йўқ бу сафар бошқа хато қилган экан. Тушлик қилаётгандим, кўчага чиқиб кетган Д. ҳам ташқарида савалаб ёғаётган ёмғирдан усти боши жиққа ҳўл, кириб қолди. Лайло доимгидек ошхонадаги диванда ётар, олдидаги нарсаларни тўкиб сочган, мастлигида қорни очган шекилли, кеча мен келтирган тузланган карамни қайнатилгану лекин пўсти арчилмаган картошкага аралаштирган, унинг устидан эса совуқ сувда ивитилган самарқанд нон бўлакларини тўғраб, карма-кўрма бўтқа тайёрлаб еганди. Одатда у мастлигида қорни очиб, нимадир қидириб қолишини айтмаса, уйда овқатланмасди. Эрталабга яқин кириб келганига тушдан кейин уйғонса ҳам, кечгача туз тотмас, уйда ейишга айтарли нарса бўлмас, мен эрталаб чиқиб кетганим бўйи кечда қайтар, табиийки, овқатланишим ҳам кўчада бўлар, Д.нинг бирор бир даромади йўқ, ўзи айтмоқчи, “Худо автобус ёки таксига пул бермаса ҳам, ҳар кун ейиш-ичиш учун ризқини қайдандир оқизиб турибди.” Д.нинг қўлига пул тушиб қолганда ё мен стипендиямни олган бўлсаму, бозорлик қилиш кайфияти тутиб қолиб, нимадир кўтариб келсам, ё қишлоқдан онам мўл қилиб сумкамга гўшт ва шунга ўхшаган нималарнидир олиб келган пайтлардагина қозон қайнарди бизнинг уйда. Унда ҳам Лайло ҳушёр бўлган пайтлардагина бўларди бу. У Россияга ишлагани бориб, танишининг ресторанида ошпазлик қилган, бундан ташқари онаси келинликка яхши тайёрлаган, қайнона-қайнотасининг уйида келинлик вазифаларини яхши ўтаган шекилли, ҳар қандай овқатни ширин пиширар, уй юмушларига қўли тез қопар, ўзи жуда чаққон эди. Лайло мабодо очиққанини сезса ҳам, кўчадан бир ярим литрлик боклашкада пиво ва тузлама олиб чиқар, унинг асосий тамаддиси шу эди аксар.
Мен тушлик қиларканман, Д. ҳам ёнимга келиб ундан-бундан гапирган бўлди. Кечаги ҳангомаларни сўзлади. Такси чақирибдими, пулини бермабдими ҳайдовчига, яна нимадир... Худди шу пайтда Д.га телефон бўлиб қолди. Д. нариги томонни бироз эшитар экан бақира этди:
Манга қара ука, бу санинг ишинг эмас, участкавой шуғилланмайди бундай масала билан. Манга пўписа қилма. Қанақа 200 доллар, қанақа телефон, туҳмат қилмасин, айт. Ман ҳозир учрашувда юрибман, депутатнинг ишончли вакилиман. Вақтим йўқ сан билан гаплашишга, деб телефонни ўчириб қўйди. Унинг ранги бўзарган, сочлари тикка-тикка бўлганди. Кўзлари беўхшов олайганди. Айтганча, Д.нинг кўзлари табиий ҳолатда унажин учун ипини узмоқчи бўлаётган ҳўкизнинг кўзидек доимий ҳолда сузилиб турар, бир опамиз унга “сенинг кўзинг жалаб ” деб ҳазиллашар, бунда ҳақиқат бор эди. Бироқ мана шу нигоҳларда сузуклик билан бирга худди ўлаётган буқанинг норози олайишидек қандайдир синиқлик ва сўниклик ҳам аралашиб кетган, мен аввал бировда учратмаган, кўрмаган нигоҳ эди бу. Кўчада юрганда эса, тасодифан узоқдан кузатиб турганман, юришлари ҳам, қадами ва нигоҳида ҳам кибр бор, худди қарчиғай каби ҳамма нарса ва ҳар кимга нигоҳининг учи билан назар солиб, тепадан қарарди. Албатта, у менинг кузатиб турганимни билмаган бундай пайтлари. Чунки менинг борлигимни, кузатаётганимни билиб қолса, менинг ёнимда ўзини ҳокисор тутганидек – яна камтар, ҳокисор қиёфага кирар, нигоҳлари ҳам мулойим тортиб қоларди. Мен уни узоқдан кузатиб, унинг кибор қадам ташлашига, бургут нигоҳларига қараб юрагим қанчалик эзилса, ичимни нимадир тирнаса, ёнимда бўлган паллаларда эса ундаги киборлик, қарашлар менга кўчар, гўё унинг на бирор ҳаракати, на гап-сўзини назарга илмаётгандек тутардим ўзимни, у эса ёш боладек тавозели ва ҳалим бўлиб қоларди. Албатта мен ўзимни атайлаб бундай тутмасдим, лекин нега ўз-ўзидан кибор қиёфага киришимни ҳам тушинмасдим.
Билдимки, кеча тунда Лайло ўлгудек маст бўлишига қарамай, бир мижози кўпроқ пул бераман деган экан. У эса Д.дан такси чақиришини илтимос қилган. Айтилган жойга етиб борганида эса мижози фикридан қайтиб телефонини ўчириб қўйган. Табиий, Лайло чўнтагида бир тийини йўқ, такси пулини мижоз тўлайди деб бамайлихотир бўлган. Мижоз рад этгач, ўша такси билан ортга қайтар экан, ҳайдовчи билан билган “иши”ни қилган. Шу сабаб унга йўл ҳақини бермай, уйга чиқиб келаверган. Тунги бирларда эшик тақиллаган кимса эди ўша куни роса. Мен Д.га кимдир тақиллатяпти, Лайло келди шекилли, деб айтсам “йўқ, индаманг, у эмас” деб қўя қолганди. Ўша тақиллатган ҳайдовчи экан. Қанчадир вақт кутиб ҳам пулини ололмагач, кейин нозирларнинг олдига борган. Эртаси куни нозир уст-устига телефон қилавергач, Д. Лайлога бақириб:
Ў, қанжиқ, бер ўша 60 минггини (Лайло бу пайт ухлаб ётарди). Менда бўлганда-ку ўша арзимас пулни кечанинг ўзидаёқ берворардим,бошимга ғавғо орттирмасдан, – деб оғзидан тупик сачратиб бақирарди. Аввалига Лайло парвосига келтирмасдан, ғингшиб-ғингшиб ухлашда давом этди. Д. сўкинишини бошлагач, қаҳр билан “менга бақирманг” деб ўрнидан шарт турганча пулни Д.нинг олдига отиб кетди. Ва шанғиллаш навбати энди Лайлога ўтганди:
Ким деб ўйлайсан ўзингни. Бақирасан, бақирасан.
Яна алламбалолар деб тўнғилларди. Нима дейишни, аламини қандай олишни билмай алмойи-жалмойи гапирар, Д. нинг сўкингани нафсониятига теккани равшан эди.
Д. сўккани билан атиги ўн дақиқа ўтмасдан Лайлонинг ёнида пайдо бўлиб, “Маликам” деб қилпанглашга тушар, кўнглини олишга тиришарди. Шу каби чигал, жанжалли вазиятларда юзига сўккани билан ортидан уни оқлаб ўтирарди. Масалан, ҳайдовчи билан бўлган машмашаларни ҳам менга Лайлони оқлаб гапириб берганди.
– Мошинни ичида ҳайдовчи билан бўлган. “Соатим” фалон пул деб айтган. Таксист эса ҳемир ҳам бермаган. Шунга бу (яъни Лайло) йўл ҳақини бермай, қочиб чиққан уйга, – шундай деганча эркакларнинг номардлигини, қурумсоқлигини, бир ожиз аёлдан қандай фойдаланиши ҳақида ёзғириб кетарди. Д. қизиқ эди, аввалбошда Лайлони севиб қолган, кейин эса унинг тинимсиз ичиши, ўзини тутолмаслиги, жанжалкашлиги, дуч келган жойга сийиб қўйиши, ўлгудек мастликдан кўчаларда ухлаб қолиши, мижозларининг буюмларини ўғирлаб келиши, оқибатда мижоз эркаклар билан ур-тўполонлар Д.нинг уйида ҳам давом этиши важидан, асабийлашиб, уни ҳаммага ёмонлаб чиққанди. Бу ёмонлаш сабаб менинг ҳам, тутинган набирасининг онаси – Норхолнинг ҳам Лайлога муносабати кескин ўзгариб, ундан ижирғана бошладик. Д. эса энди уни оқлашга ўтиб олганди, мен унга фоҳиша сифатида эмас, одам сифатида қарайман дер, Лайлонинг фазилатларини, рўзғор тутишга усталигини, қўли ширинлиги, ҳушига келган пайтларида бир оғиз гапирмаслиги – ориятлилигини айтиб мақтарди. Норхолнинг Р.нинг мақтовларига, Лайлони алқашларига ғаши келар, менга ҳам бошида ёқмаган. Бу фикрларига қарши чиққан бўлсам ҳам, бора-бора бундай гапларига кўникдим ёки ўзимни Лайло билан тенгламаслик кераклигини тушиниб қолдим. Д. аёлларнинг олдида бошқа бир аёлни мақтасанг табиий суратда қизишиши, жаҳли чиқишини билар, феълидаги иронияга мувофиқ бундан усталик билан фойдаланарди. (Айтмоқчи, Лайло ҳам маст пайтларида Д.дан Норхолни ёки мени мақтагани, алқагани учун қасос олар, “мени ҳеч алқамайсан” деб уришар, ваҳоланки кирингни ювиб бераётган ким, овқатингни ким пишириб беряпти, мен бўлмасам аллақачон ўлиб кетардинг” деганича Д.га миннат қилиб ўтирарди.)
Д. борган сари уни кўпроқ ё тушиниши, ё унга бўлган ачиниш, ҳамдардлик туфайли Лайлога муносабати ўзгарганди. Лайло ҳақида ҳайдовчи билан бўлгани каби машмашалар ёки у ичиб олиб кўтарадиган жанжаллардан кейин менинг олдимга келиб “Устоз, кўряпсизми, мана менинг тирик фожеам (Лайлога ишора қилиб), Худо менинг жазойимни шу дунёда беряпти. Шунисига ҳам шукр қиламан” дерди. Лайло унинг тирик фожеаси экани ва у бир қадар Д.га ўхшаши, унга ўзини эслатишида ҳарқалай асос бор эди.
Д. менга касалланиб қолгунига қадар ашаддий ичувчи бўлганини, ўн беш йил ҳеч қаерда ишламагани ва аёллар билан маишати ҳақида гапнинг бир учини чиқариб қўйган, аммо батафсил айтмаганди. Кунларнинг бирида уйимизга Р.нинг таниши вилоятдан меҳмон бўлиб келиб қолди. Д. ва Лайло йўқлиги учун меҳмонга бир муддат мулозамат қилиб туриш менинг чекимга тушди. Меҳмон мендан Д. ичяптими, йўқми деб сўради. Мен йўқ дейишимга қарамай, ишонқирамади. У билан ишлаган йилларида – олис эмас, яқин йилларда эди бу, Д. тинимсиз ичган, бошлиқдан маош сўрамаган, фақат “томоғи” ўтиб турса бўлгани. Бу “томоқ ўтиб” туриши еб-ичиш билан эмас, ичкилик билан ҳам боғлиқ бўлган. То ўзини билмай қолиш даражасига келгунича деярли ҳар куни ичган. Меҳмон шуларни айтар экан, Д.дай ашаддий ичкиликбознинг ўша зормандани бунчалик тез ва тўла ташлагунига ҳайрон бўлиб ўтирарди. Мен касаллик туфайли шундай бўлганини тушинтирдим. У аввалига қанд касалига йўлиқди. Кейинроқ эса (биз танишган пайтларимиз бўлган эди бу) инсултга чалинди. Д. бундай касалликка чалинишида хайр кўрди чиндан ҳам. Дори ичиш ёки ўз танаси, соғлигига эътиборли бўлиш баҳонасида у яна меъёрий ҳаётга қайта бошлаган – энг муҳими ёза бошлаган эди. Ўзининг ёза бошлаши, адабиётга қайтишида менинг ўрним бор деб билар, шунга бўлса керак, уйидан кетиб қолишимдан ҳадиксирар, ниҳоятда кайфиятимни авайлаб муомила қиларди. Д. айтардики, йўқотган дўсти ўрнига Худодан унга ато қилинган иноятман. Румий деганидек, “Йўқотганларинг учун куйинма, улар бошқа бир шаклда албатта топасан”. Д. бу гапларни кўпчиликка – меҳмонга келадиган дўстларимга, телефонда хабарлашиб турадиган дўстларига тез-тез такрорларди. Шундан бўлса керак, дўстларим менга “Сен ҳақидаги баҳоларига ишониб қолма, у сени идеаллаштиради” дейишарди. Д.нинг энг азиз кишиларидан бири – ораларига ўн йиллар олдин совуқчилик тушиб йўқотган дўсти ва мен ўша дўстидан қолган бўшлиқни тўлдириш учун тақдир томонидан юборилганим ҳақидаги фикрлари бежизга эмас эди. Бизнинг танишишимизга тасодиф – битта ишхонада ишлай бошлашимиз сабаб бўлган бўлса, яқинлашиб қолишимиз дўсти билан боғлиқ эди. Дўсти номи чиққан ёзувчи ва Д. бир пайтлар уни “худди қизни севган каби” астойдил яхши кўрган эди. Эди дейишим нафсиз, зеро у ҳозир ҳам дўстини худди ўша йиллардагидек яхши кўриши, қалбида у билан боғлиқ хотираларни ардоқлаб яшашини билардим. Аслида Д. дўстини ва ўзини истеъдод жиҳатидан тенг деб билар, фақат дўсти нима бўлишига қарамай ёзган, яшаш бахтини ёзиш ва китоблардан излаган, Д. эса аввал ҳаётни кўрай, кейин ёзаман деган ниятда ҳаётнинг ҳар кўчасига кириб чиққан, бу кўчаларда аёллар ва маишатга берилган, натижада узоқ йиллар ёзмай кетган, бу каби сандироқлашлар унинг ҳаёт тарзига қаттиқ таъсир қилган, уч бор уйланиб, ажрашган, энди ёзишни бошлайман деб ўзига келганида эса аллақачон кеч бўлган, унинг поезди кетиб бўлганди. У ўз қисматининг шу тарзда кечгани ҳақида гапирар экан, қандайдир ўксиниш, аммо ризолик билан: “Менинг пешонамга шу битган эканда, устоз” деб хаёлга чўмиб кетарди. Ҳа, унда алам ёки норозилик йўқ, аксинча феълидаги бироз иронияга мойилликни айтмаса, жуда хокисор ва раҳмдил эди. Мен уни яқиндан била бошлагач, ундаги энг катта топган фазилат – аламзада эмаслиги эди. Замонамизда кўпчилик – қўйнида ёри, бағрида фарзандлари, умуман, ўзи истаган нарсалар бўлишига қарамай, афсуски, аламзада. Энди ўзи излаган нарсасини топганларни, бошқалар наздида “одам каби” турмуш кечирмаётганларнику қўятуринг. Юз-кўзидан чак-чак алам томади. Кўпчилик ҳаётидаги кемтиклар ўз айби билан содир бўлганини тан ололмайди ва ҳаммасини одамларга, қисматнинг бевафолигига юклаб аламзадага айланади. Унинг чўнтагида ҳемири йўқ, оиласи йўқ, уйи тўкилиб қолган, касаллигида ортидан йўқлаб борадигани йўқ, боз устига ҳаётдан ва ўзидан кутганлари содир бўлмаган – гарчи узоқ йиллар ёзмаганига қарамай, мудом китоблар ва сўз ичида яшаган, бунинг эвазига ҳеч нима кутмаган ва ололмаган, аммо ўзининг айби қаердалигини билар, очиқ тан олар ва шунинг важидан аламзада бўлолмасди. Айбдорлик туйғуси туфайли ҳаётдан олган сабоқлар туфайлими ёки “ҳеч вақосиз” бўлгани учун бировнинг уни менсимай қўйгани учунми, жуда ҳокисор бўлиб қолган. Мен унинг кўчада мағрур юриши ва бегоналар билан “минг қўйли бойдек” тепадан келиб муомала қилишлари ҳақида айтгандим. Эҳтимол, бу бир ниқоб эди – одамларнинг менсимай қиладиган муомаласидан ўзини иҳоталаш учун ниқоб эди. Аммо уни яқиндан билганингиз сари қалбидаги мана шу хокисорликка дуч келардингиз. Бир томондан у қалбига ҳавони хокисорликдан топган – Лайло қусадими ё сийиб қўядими, у қусуқни ёки сийдикни тозалашдан орланмас, буни миннат қилмасди. Иккинчи тарафдан у уйида яшаб кетган ҳар бир қиз жувон олдида ўзини бурчли деб билар, ўша қиз жувонларнинг бирор муаммоси чиқадими, боласи касалланадими, қарзга пул лозим бўладими Д.нинг олдига келар, у энг муҳим ишларини ташлаб уларнинг дарду ташвиши билан андармон бўлиб юрарди. Қўлига каттароқ пул тушиб қолса, ўша қиз жувонларга улуш чиқарар, дориларига сарфлаши керак бўлган пулни хомталаш қилаётгани учун Лайло ва менинг эса аччиғимиз чиқарди. Нафратланишимнинг бир учи унинг қалбидаги хокисорлик олдида менинг қалбимдаги ёшлик мағрурлиги ва кибри довдирашига, довдирашдан жазавага тушишга бориб тақалар, довдирлик туфайли мен баттар Д.ни хўрлагим, камситгим, ҳар бир сўзига қарши чиққим, ожизлигини юзига солгим келарди ва мен буни моҳирона амалга оширардим.
Уйнинг совуқлиги, кирлиги, чироқ йўқлиги–хуллас шу каби барча икир-чикир камчиликларни ундак кўрар, очиқча эмасу, аммо ичимдан уни айблар ва ижирғанар, у эса буни кўзимдан илғоб оларди. Ҳа, у мени тушунмаганида яхшироқ бўлар эди. Мен унга ҳеч қачон қалбимни очмас, шунга қарамай мени тушинишини билардим. Бу менинг баттар ғашимга тегар, нафратимни қўзирди. Тушунгани билан ё менга раҳми келаётганини, ё устимдан кулаётганини сезиб турардим. Одамлар икки туйғу орқалигина ўзаро бир-бирини тушинади, холос. Изтироб чекаётган бошқа бир одамни кўрадию, унда шафқат уйғонади. Айни ўша лаҳзалардагина изтиробмандга шафқат қилгимиз келиши, табиий равишда бахт тилай олишимиз ё хайрихоҳлик қилишимиз мумкин. Бошқа пайтда эса зимдан бир-биримизга душманмиз ва доимий зиддиятдамиз. Мен узоқ йиллар олдин ташлаб кетган ўз уйимда, яқинларим олдида ҳам, неча йиллардан бери ижарама ижара яшаётган сарсон ҳаётим давомида ҳам кўп бор илғаганман буни. Ҳар гал илғаганимда бу дунёдан даҳшатли бегоналикни ҳис этардим. Ҳа, менга бундай шафқат остида тиланган бахт ҳам, кўрсатилган хайрихоҳлик ҳам керак эмасди. Бу ақлнинг кибрими, ё қалб мағрурлиги важиданмиди, билмайман. Аммо шу сабаб бўлса керак, кўнглимни бировга очмасдим. Одамлар бир бирини тушинишидаги иккинчи эҳтимолий вазият эса, ўша қалбини очиб, изтиробини баҳам кўраётган инсоннинг изтиробларини ўзимиз кўрган кечирган азоблар олдида чакана деб баҳолаймиз ва изтиробмандга тепадан қараб, ўз изтиробларимизнинг уникидан кучлилигига, қуюқлигига бўлган ишончда қоламиз. Бу шунчаки бировнинг изтиробига тепадан қараш эмас, аксинча, унинг устидан зимдан, ичдан кулиш. Ҳа. Д. шундай қиларди. Мабодо унга қандайдир муаммони айтмоқчи бўлсам, ўзини эшитмаётгандек тутар, ёки изтиробларим “ҳеч нарса” эмаслигини таъкидлар, албатта бу билан у ўзи чеккан дарду фиғонлар олдида меники арзимаслигини назарда тутарди. Юраги ёнаётган одам учун кимгадир кўнглини очмоқчи бўлиб кўрсатган самимияти рад этилишидан ёмони йўқ. Ҳа, сезардим, у ҳатто Лайлога қулоқ тутганчалик ҳам, менга қулоқ тутмасди. Инсонларни ўзаро бир-бирини тушинишда кафолатланган биринчи вазиятга кўниш, уни қабул қилиш мумкин. Ҳар ҳолда унда ҳали инсонийлик бор. Аммо иккинчисини алсо кечириб бўлмайди. Юрак ёнғини ҳақида гап кетаркан, бировники бировникидан майда, катта ё кичик деган муқоясанинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Мен ҳам Д.ни кечиролмасдим. Аммо шунда ҳам олий виждонимга кўра, уни тушинишга уринар, узоқ йиллик кимсасиз ҳаёт уни наинки лўттибозга, айлантириб қўйганди. Унга ўзаро ҳамдард бўлиш учун жабрдийдалик кафолати керак эди. У ўзини ҳаётда ниҳоятда жабрдийда, бечора деб билар ва шу сабаб ўзи айтмоқчи “ҳаётда урилган-сурилган аёлларга” гўёки ҳомийликни бўйнига олганди. Ўша “урилган сурилган” фоҳиша қизлар Д.дан нафратланиб, уйини ташлаб чиқиб кетган бўлишига, уни зиғирча ҳурмат қилмаслигига қарамай, у ўзини ўша жувонларнинг “ҳомийси”ман деб ўйлашдан тийилмасди. Аслида уларнинг кўпи жабрдийда эмас, ҳаётини истаган пайтда янгидан бошлаши мумкин бўлган аёллар эди. Аммо Д. буни тан ололмас, тан олишни истамас, жабрдийда роли уларга мослигига қатъий ишонар ва шу сабаб унинг жувонларга ҳамдардлиги кафолатланган эди. Шу ҳамдардлик туфайли дунёдаги энг олийжаноб ишни қиляпман деб ўйларди. Бу ҳамдардликда ўзининг ҳам ожизликлари пинҳон. Жабрдийдалик унга қулай мақом бўлиб қолганди. Аслида у ҳаётидаги бирор нарсани ўзгартириш ё ўзини қўлга олиш учун ҳеч қачон курашмаган, ўзига муносиб деб билган иш жойларидан ҳам фирибгарлиги учун ҳайдалган, бундай фирибгарликни ҳозир ҳам қилиб турар, ўзи ҳақидаги ҳақиқатларни нечоғлик менга тан олган бўлмасин жуда кўп нарсани яширган, ё ёлғон айтганди. Эски жазманлари ниманидир баҳона бўлиб уйимизга келган пайтлари билиб боргандим мен буларни. Лайлога ҳам кўрсатадиган меҳр-шафқатининг ортида шу нарса ётар, қанча ўзини оқламасин, муравватли кўрсатмасин, бу сезилиб турар, қолаверса, Лайло унинг охирги севимли ўйнаши эди. Лайло бир гал мастлигида йиғлаб менга айтиб берганига кўра, мижозларга хизмат қилиб келгач, Дўзига ҳам “хизмат” қилишига мажбур қилади уни. “Буни сиз билмайсиз-да, сизга ҳеч қачон айтмаганман, Д. нинг обрўсини тўкмай деганман”, деганди у.
Д. менга ўзимнинг хонамдан камдан кам чиққаним, Д. билан ҳам, Лайло билан ҳам айтарли гаплашмаслигим учун “бошқа мамлакат фуқароси” дея таъриф берганди. Ҳа, менга Д. билан гаплашиш, унинг мени ҳеч қачон тушинолмаслиги ёки тушина туриб устимдан виқор билан кулишидан кўра гаплашмаслик, доимий тунд қиёфа ва ундан нафратланиш маъқул эди. Наинки Д., бошқаларнинг ҳам мени тушинишига унча ишонмас, ҳатто Д.дан нафратимни ҳам бировга айтолмас ва тушинтиролмас, тушинтиролмаётган кезларим эса қалбимда ва чеҳрамда Мона Лизанинг табассумига ўхшаш кибрли, аламли табассум пайдо бўлар, шу кўйи ҳеч кимга ҳеч нимани индамай қўя қолардим. Ўша табассум менга аламнинг кибрли, виқорли табассуми бўлиб туйиларди. Шундай кезлари ўзимни жуда эркин, озод одам сезар, ҳеч кимга ҳеч нарса тушинтириш учун ҳафсала ва куч қолмас, энг муҳими тушинилиш истагининг ўзи бўлмас, хонамга биқиниб олганча кўпрамга бурканиб ер юзига илк тушган одамдай ва ер юзида мендан бошқа кимса йўқдай уйқуга кетар ва тонгда уйғонганимда ёнимдан ўтиб бораётган жўшқин, тўхтовсиз ҳаёт оқими ичида эмас, кимсасиз биёбонда ё сайҳонликда, ё қандайдир жар тепасида кўз очардим. Ҳа, ўзимни бу оламга ҳам, Д.га ва бошқа инсонларга ҳам жуда бегона сезардим. Эҳтимол, мен Д.ни мени тушинишни истамагани ё тушиниб ҳам устимдан зимдан кулгани учун уни менсимай қўйдим, худди бошқалар қилгани каби очиқдан-очиқ камситдим. У эса бу менсимаслик, камситишлар туфайли Лайлога кўпроқ яқинлашди, ҳамдард бўлди. Лайло ҳам деярли Д. билан бир хил ҳолатда, тўғри, уларнинг ички кечинмалари, қиладиган амали ва виждон туйғуси билан боғлиқ тушунчаларини умуман таққослаб бўлмайди, бироқ унинг ҳам ҳаётдан кутадиган бирор нарсаси қолмаган, қаттиқ аламзада, тундаги мижозларини айтмаганда деярли Д.дан ташқари ҳеч ким унга одам сифатида қарамай қўйган (жумладан, мен ҳам), одамларнинг ҳар бир сўзи ва нигоҳидан титрар, фақат ўзига ўхшаган ҳаёти изидан чиққанларнинг олдидагина очилиб қолар, бошқа пайт (маст бўлмаган, ҳуши жойида пайтлар) гўё у бу оламда йўқдай кундузи умуман кўчага чиқмас, “чурқ” этиб оғиз очмас, кундуз пайтлари кўчага чиқишдан қўрқарди ҳатто. Ҳа, у чиндан Д.нинг раҳм-шафқатига муҳтож эди. Эҳтимол, ҳаётидаги бирдан бир нарса– Д.нинг унга ғамхўрлиги, одамдай муносабатда бўлиши ва кўрсатадиган такаллуфи. Бундай хорлик, бундай ожизлик уларни қанча бир-бирига яқинлаштириб, ҳамдард қилган бўлса, менинг ёввойи кибру ҳавом шу қадар ўзимни яккалаб қўйди. Аммо баъзи воқеалар сабаб Лайло ва Д.га муносабатим ўзгарди ва ўз ожизлигимни пайқаб қолдим.
*********
Лайло оиласи билан узилиб кетмаганди. Оиласи деганда, ровий сифатида ота-онасини назарда тутишга мажбурман. Чунки у болалари билан алоқа қилмасди. Кунда кунора телефонда ота-онаси билан гаплашар, пул ҳам юборарди. Кўпинча акаси ё укасининг хотинлари ота-онасига Лайлони ёмонласа, ё унинг қандай йўл билан пул топаётгани ҳақида қишлоқда гап-сўз кўпайса, онаси телефон қилиб йиғлар, Лайло уни тинчлантирар, лекин оила Лайлодан бораётган пулларни рад этишга журъат этолмасди. У бир бора телефонда “ўзим ҳаром, пулим ҳалол бўлдими” деб йиғлаганини эшитиб қолгандим. У гаплашаётган пайтда ўзини ҳокисор тутар, бир кам фаришта, гўё фақат ота-онасини ўйлаб яшаётган меҳрибон фарзанд; синглисига телефон қилиб, “сен мен юрган йўлдан юрма –сен ноқобил бўлма–фарзандларинг бағрингдаку – фарзандинг маникига ўхшаб бегона қўлда қолганида гўр эди”, деб йиғлар, ёзғирар уришарди. Синглисининг эри бировдан катта қарз олиб, кейин қайтаролмай, хотини иккинчи ўғлини дунёга келтирган куни оғилхонада ўзини осиб қўйди. У ёғда ўғил дунёга келган, бу ёғда эр мурдага айланган. Шундан кейин синглиси эр уйига сиғмаган, ота уйига кўч-кўронини йиғиштириб қайтиб келган. Айтганча, синглиси мен тенги эди. Эшитганман, Лайло синглисига кўп бор ҳаёт учун курашишни таъкидларкан, мени ўрнак қилиб кўрсатарди. Ваҳоланки мен ичимда ва умуман ҳаётимда нималар билан яшаб юрибман, буни билмас ва англамас эди. Ота-энага қарайдиган бирдан бир фарзанд ўша сингил, аммо у ҳам охирги пайтларда Лайло каби ичадиган, эркакларга илашадиган бўлиб қолганмиш. Лайлога онаси телефон қилганида фарзандларидан нолиб ўтирарди.
Лайлонинг оиласи ғалати эди. Акалари бир неча бор хотин олиб, хотин қўйган, хотинлар жанжалкаш, ота-онага қарашмас, алоҳида яшар, шундай бўлса ҳам эна-ота яшаб турган уйнинг Лайлога қолишини билиб катта жанжал кўтаришган, ҳатто акаси бу хабардан кейин ота-онасини чопиш учун болта кўтариб борибди. Воқеалар Лайло уйига борганда – Янги йил байрами куни содир бўлган. У нима қилишини билмай типирчилаб, Д.га телефон қилган, Д. эса Лайлонинг уйига милиса жўнатган. Милиса акасини нечадир суткага қамаб қўйганмиш. Опалари ҳам тинч эмас, кимдир онасини ёмон кўради, кимдир опа-сингиллари билан чиқишолмас, юз кўрмас бўлиб кетган, қайсинингдир эри Россияга ишлагани кетиб ўша ерда уйланган ва қолиб кетган, қайсидир бири ота-онасига қарз бериб, қайтариб ололмаётгани учун жанжаллашарди.
Айтганча, Лайлонинг жияни–опасининг 18 ёшли қизи яқинда ўзини осиб қўйди. Ота-онаси чет элда ишлаётган қиз “бузилиб кетяпти” тамғаси билан катталардан ҳадеб таъна-дашном эшитаверган. Ҳатто Лайло бориб унга панд насиҳат берган, уришган, сўккан, қиз қўлидаги телефонни синдириб отган. Кейин эса у ўзини осган. Лайло жаназадан икки кун ўтиб, уйга қайтган ва ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутар, азадор одамга ўхшамасди.
Оилада кўп қиз бўлгани, камхарж, аёлмандлиги учун қизлар эрта узатиб юборилган, Лайлога совчи келиб, тўй куни белгилангач, опаси ғингшиб аввал мен эрга тегаман деб оёқ тираб олгани учун, ўн саккиз кун ичида опага куёв топиб узатиб юборилган, Лайлонинг ҳам тўйи енг ичида–катта дабдабаю маросимларсиз ўтган, куёв узоқ вилоятлик –Лайлони тўртта аёл юзига чиммат ёпиб куёвникига олиб борган ва юзини очишганида илк кўрган нарсаси эр молхонасининг томи бўлганмиш. Лайло бу гапларни сархушлиги энди тарқаб, ўзига келаётган пайтлари кулиб айтиб берарди. Д. унинг ўтмишини ҳажв қилар экан, у ҳам кулиб-кулиб, гоҳ ҳиринглаб қўшилиб ўтирарди. Эри ва болалари ҳақида умуман гапирмас, эри ва болалари билан боғлиқ ўтмишдан фақат тўй ва том ҳақидаги хотираларни ва нега эрининг уйидан қувилганини билардик холос.
Эрининг тўқсонга кирган бобосини чўмилтириб қўйгани ва оёғини уқалагани учун эри рашк қилиб, Лайлони урадиган бўлибди. Ва эрининг қандайдир дўсти ҳам рашк билан боғлиқ можорага алоқадор эди. Табиийки, Лайло мени ўзига яқин олмагани учун бўлса керак, унинг айбини ошкор қилувчи ҳар бир воқеани тушириб қолдирарди. Д.нинг муносабати шундай эди, Лайлони гўё фақат ўзи айблашга ҳақли –унинг кимлиги, ҳаётида бўлиб ўтган воқеалари, оиласи, эри, ўйнашлари ҳақида ҳазил-мазах қилиб устидан кулар (мен ҳам аксар нарсаларни шу ҳазил-мазах давомида билиб олганман), лекин биров айблашини хоҳламасди. Ўйлаб қарасам, Д.ни ҳар қанча аламзада эмас эди, ўзгаларга ҳамдард бўлишга ошиқарди демай, унда шу йиллар давомида садистлик ҳам кучайиб борганди. Фақат у имкон кутарди холос. Қайси вазиятда кимни мазах қилиш мумкин? Ҳа, у шу вазиятни кутиб яшарди. (Лайло Д.нинг собиқ ўйнаш аёлларини ёмонлагандагина Д. роҳат қилиб кулар, рашкдан ёмонлаяти деб ўйларди.) Менингча, кимгадир ғамхўрлик қилувчи, ўша кимдир учун масъулман деб ўйлайдиган одамларнинг ҳар бирида бор бундай феъл-атвор бўлади –ўзи истаган муомаласини қилиши мумкину, аммо бошқалар жим турсин! Лайло оналик ҳуқуқидан ҳам жудо бўлганди. Маҳрумлик сабабини ҳеч қачон айтмас, Д. ҳам яширарди. Лекин пайқаганларим ва Д. оғзидан қочирган баъзи гапларга кўра, у алкашлиги, ичкиликка муккасидан кетгани ва эр уйидан кетгач “овларни” бошлаб юборгани учун эрининг қариндошлари ишбилармонлиги туфайли оналикдан маҳрум қилинганди. Лекин Лайло кунларнинг бирида эр уйидан кетиб, Россияга ишлагани борганида ҳали “ов” йўлига кирмаган бўлгани, ошпазлик қилиб пул топгани, пулларини йиғиб эр уйига тунда кириб келгани, эр эса яқиндагина уйланган “янги” хотинини ҳайдаб, Лайло билан яшай бошлагани, пул тугагач, Лайлони қувиб солиб, яна янги хотинни олиб келганини айтиб йиғлаган экан. Лайло болалари ҳақида сира гапирмас, фақат рўза тунларининг бирида саҳарликни кутиб телевизор кўриб турар эканмиз, “кинони кўриб юрагим эзилди. Кинодаги бола менинг ўғилларимга ўхшаркан” деб хўрсинди. Эрини эса Д.нинг айтишича, тез-тез қўмсаб туради. “Эримни севаман, қачондир пул топиб, оппоқ Прадо миниб бораман, у менинг оёқларимга йиқилади ва мен билан яшайди”, деб орзуга берилармиш. Лайло яқин ойларда бозорда тасодифан “қачонлардир оёғларига йиқиладиган” эрини кўриб қолибди. Лайло ҳозирги ўйнаши билан кетаётган, эри эса кичкина жуссаси билан “беланги” бўлиб сотиқчиларнинг юкини тортиб келаётган, “пўшт, арава” деб бақираётган бўлган. Бунга жавобанан Д. “олдига бориб саломлашмадингми, ахир ҳалиям севасанку эрингни” деб, ҳазил-мутойиба қилганди.
Лайло Д.нинг уйига келиб-кетувчи бошқа жувонлардан фарқли яна турмуш қуришни ўйламасди, назаримда. Д.нинг аввалги ижарачилари бўлган ва ҳар замонда келиб турувчи Лайлога ўхшаш жувонлар доим янги жазман топганини ва жазман унга уйланмоқчилиги, қоп-қоп ваъдалар бергани учун юраклари ҳапқириб ҳар гал янги ҳикоялар билан кириб келишарди. Бироқ бирортаси ҳам эрга теголмади. Лайло жазманлари берадиган ваъдага ишонмасмиди ё ўзи хоҳламасмиди, ё у қизлардан фарқли бир пайтнинг ўзида бир нечтаси ҳаётида бўлиши ёки унга ҳеч ким уйланмаслигини билар – ўзини алдагиси келмагани учунми ҳеч қачон яна оилам бўлади, турмуш қураман деб айтган. Шундай бўлишига қарамай биз томонларда қурилишда ишлаб юрган турк эркаги Лайлони “ов” маҳали кўриб, ёқтириб қолибди. Кейинчалик уйига олиб кетадиган бўлган, ҳатто уйланишини, бу ерлардан олиб кетишини ваъда қилган. Ўша пайтлар Лайло бундан хурсанд, Д. билан таништириш учун ош қилиб, уйимизга чақирган, туркчани ўргана бошлаган, эрга тегишига чинакам ишонаётган эди. Бироқ ишончлари оқланмади. Турк “Сен менинг айтганимга кирмадинг, ичишни, чекишни ташламадинг, жазманларингнинг қўйнига киришдан тийилмадинг”, деганича йўқолиб қолди. Д. ҳам Лайлони айблаб юрди. Сўнг-сўнг дугонасидан бир хабар олиб келдики, ўша эркак Лайло билан бирга “ов”га чиқадиган аёлга ҳам никоҳ таклиф қилиб роса авраган экан. Негадир турк билан бўлган воқеалардан кейин Лайло Д.нинг олдида тили қисиқ бўлиб қолгандай, у эрга теголмагани, ташлаб кетилганидан эмас, бор-йўғи менга тили қисиқлигидан аламзададай туюларди. Дугонасининг гапидан кейин кўчада танга топиб олган ёш боладай қувониб юзи юришиб қолди. Камига ўша туркнинг юртида бир эмас, иккита хотини, болалари борлигини билиб юрагига муз солингандай кўнгли яхтак бўлиб қолганини сезардим. Энди ўзини айбдор сезмас, айбдорлик елкасидан улоқтириб ташлангани учун хурсанд, Д.га туркни ёмонлаб ўтирарди. Гарчи бўлган ишлар учун ўзини зарра ўксимагандай тутсада, бироқ турк билан энди-энди учрашаётган маҳали ёш қизлардай боши айланиб қолган, ҳаётида бўлаётган ширин воқеалардан сармаст эди. Ҳатто ҳеч қачон менга ўз сирини бермайдиган, узоқ мастликдан кейин ўзига келгач умуман гапирмай қўядиган аёл севиб қолган ўн саккиз ёшли қиз қанчалик бидирлоқ бўлса, у ҳам шунчалик бўлган-бўлмаган нарсаларни завқ билан сўзлаб ўтирадиган бўлди. Туркнинг уни ҳашаматли ижарахонасига олиб боргани, уйида хизматкор борлиги ва халақит бермасин деб уни чиқариб юборишгани –хуллас шу каби икир-чикир гапларни Д. ҳам қолиб, менга айтиб берарди. У жуда сокин, осойишта гапирар, уни тинглар эканман, ҳудди ўз бошидан кечирган воқеаларни эмас, бутунлай бошқа бир ҳикоя –эртак эшитаётгандек бутун танам бўшашиб, кўзим илинай деган, унинг гаплари эмас, аксинча айтиб бериш тарзи мени элитиб юборган, натижада унинг ҳикояси қолиб, ўз орзуларимга берилиб кетгандим. Муҳими эса бу эмас. У шуларни айтар экан, орасида бошқа бир воқеани сўзлай кетди. Бунинг туркка алоқаси йўқ, бутунлай бошқа йигит ҳақида эди. Айтишича, дугоналари билан мижоз қидириб, барда ичиб ўтиришган. Бир йигит –келишган, бақувват экан жуда, – мусиқа қўйилиши билан келиб шунча қизлар орасидан Лайлони тортиб олибдида даст кўтарганча рақсга тушганмиш. Йигитнинг уни қандай кўтаргани, айланиб турган ёниб-ўчувчи чироқлар остида қандай рақс тушганлари – минғирлаётгандай овози чиқар-чиқмас, бироқ жуда осойишта сўзлаб берганди. Билмадим, у бахтлимиди ўша пайтлар ёки ҳаётидаги унга гўзал туюлган бир ҳодиса бошқасини ҳам эслатиб юборганмиди –ҳар ҳолда иккаласи ҳам бўлиши мумкин. Ахир ҳар бир одам ўзини бахтли сезса, орзуманд бўлса ва бахтли лаҳзалари ҳақида гапираётган бўлса, бошқа бир бахтли кунларидаги ҳикояни бошқаларга ҳовлиқиб-ҳовлиқиб айтиб бериши тайинку. Бошқалар эса бу бахт ёки орзуни бир пулга оладими ё устидан куладими, тубан деб, бахт эмас деб ўйлайдими ё унга қўшилиб суюнадими айни ўша лаҳзаларда, бахтли одамга заррача қизиғи йўқ. Қолаверса, ҳар бир одам ҳаётида бошқаларга айтиб беришга лойиқ, бошқаларнинг ҳавасини келтирадиган ё ҳайратини қўзғатадиган бир ҳикояси бўлишини истайди ва шу ҳикоясини сўзлар экан, севгилисига бидирлаб энг арзимас нарсаларни ҳам тўлқинланиб гапираётган, қалб сирларини очаётган маҳбубадай дилкаш ва гапдон бўлиб қолади.
Лайло қандай қилиб бу йўлга кириб қолганини кўп ўйлайман. У Россияга борганида ҳам ўзи айтганидек “оппоқ” бўлганига ишонмайман. Россиядан ногоҳонда анча йилга депорт бўлган. Бундай бўлишига ҳам эркаклар сабабчи бўлганини тахмин қилардим. У ўз ҳаётидаги ёлғизликка чидолмаганди. Айни ўша сабаб ёт эллардаёқ “шу йўлларга” кирган деб ишонаверардим. У пайтлари пул учунмас, таянч, суянч қидирганидай шундай қилган. Яхши ошпаз бўлгани учун мўмай пул топган четда. Ўзи англайдими ё йўқми, ёлғизлик у ерларда қаттиқ таъқиб этган уни. Лайло ҳозирги эркаклардан фақат пул талаб қила олишини билар, пулдан бошқасини ҳам кутмас, аммо Д.га руҳан суяниб қолган, шу сабаб Д.нинг мен ёки келиб-кетувчи жувонлар билан қиладиган илиқ муомаласига тоқат қилолмасди.
Россиядан қайтгач, бира тўла уч ўғлидан айрилгани (ҳа, болалари учта экан. Бизга эса шу пайтга довур иккита ўғли борлигини айтиб келган. Қайси гапи рост, қайсиси ёлғонлигини ажратиш учун у билан узоқ вақт яшаш кераклигини сезганман ўша дамда.) уни ботқоққа отиб юборган, воқеаларнинг кутилмаган бундай ўзгариши олдида унинг на тоқати, на сабри бўлган. У ўзининг ичкиликка бу қадар муккасидан кетганини “ҳаммасини унитиш” истаги билан оқларди. Д. айтмоқчи, “кришаси” кетгунча ичмаса ўша кун ўтмаган ҳисоб эди у учун.
Мен ва Д. унга тайинли иш ҳам қидириб кўрдик. Аммо борган жойларида бир кундан ортиқ ишламас, ишхонадаги эркакларга илашиб ё бошлиқ томонидан ҳайдалар ё ўзи ишни ташлаб кетарди. Юрагида муттасил олов ёнадиган инсоннинг қўли ҳеч қандай ишга бормаслигини яхши тушинаман. Гарчи Лайлони бошидаги ташвишларни бир четга суриб, ўзини қўлга ололмаётганликда, бошқалар каби “ҳалол” ишнинг этагини тутмаганликда айбласам-да, унинг ўзига ва ичидаги ёнғинга тоқат қилолмаслигини яхши тушинардим. Бундай одам ўзини ўзи кўтаролмай қолади, мақсади қандайлигидан қатъи назар ўзини дуч келганга ураверади. Шундай пайтлари одам ҳаётда кимлиги, тубан ё ахлоқлиги, сендан фойдаланяптими ёки йўқ – фарқсиз, бошқа одамлар борлиги учун миннатдор бўлади. Ичида ёнғин ёнаётган одамга кўнгил тўлиши муҳиммас. У кўнгилни бемалол бир четга суриб қўя олади. Асосийси вақт тўлсин. Лайлонинг арзимаган пул учун дашном эшитиб, таёқ еб дуч келган эркак билан ётиб-туришини ўйласам, бундан бошқа сабаб келмасди ҳаёлимга.
Лайлонинг фожеасида жамиятни айбдор қилишим ҳам осон.
*******
Д.нинг аввалги қиёфасини билмас эдим. Мен у билан танишганимда хоксорлигини, чўкиб қолганини, менинг олдимда довдираб, Лайло билан эса иронияларга берилган тарзда қилпанглаб туришини кўрардим, холос. Фақат кўчада юргандагина қирғийназар, унча-мунчани кўзига илмайдиган одамлигини зимдан кузатардим. Унинг ўлгудек ичиб, уйидаги қизларни қувлаб, сўкиб, яна қизлар қочиб кетмасин деб эшикбонлик қилиб ва эшик олдида тик оёқда ухлаб қолиб, қизлар эса олдидан сакраб ўтиб, барибир қочиб кетгани ҳақидаги ҳикояларини уйга келиб кетувчи қизлардан эшитию ҳайратланганман.
У менга “Ҳаммасини тан олишни истайман” деганида ҳам, энг тубан қилмишларини айтиб берганда ҳам, ниманидир яширган, энг муҳимларини ўзида олиб қолганди. Ҳатто Лайло маст ҳолда ярим тунда келиб, жанжаллашганда ўша сир тутганларини юзига солганида ҳам “устоз, эшитмасин”, деган ҳадик бўларди ичида. Лайло овозини барҳо баравж қўяр, мен эса аллақачон уйғониб уларни эшитиб ётган бўлар, ичимдан улардан кулар, бу кулги қўзғатган ўз-ўзимдан қониқиш туфайли уларнинг иккаласини ҳам оёқ учида кўрсатишга сабаб топилар, изтиробманд пайтларимда эса Д.нинг ўша жанжал пайтидаги аввал ҳадикли, сўнгра эса қисматига тан берган, бардош, азоб, ирония битта ифодага йиғилиб, юзида акс этиб турган қиёфасини тасаввур қилиб ўтирардим. Мен бундай қиёфани осон тасаввур қила олардим. Чунки бу юз ифодасини жуда кўп кўрган, лекин бошида бу менда ҳеч қандай таъсир ҳам, тасаввур ҳам уйғотмас эди. Аввалбошда у мени ўша довруқли ёзувчи дўстига таниш бўлганлигим учун қадрлар эди. Орадаги ўн бир йиллик узилишига қарамай у дўстини жуда яхши кўрар, қўмсар, у билан фахрланар, аммо ичида аламзадалик ва нафрат ҳам бу туйғуларига қоришиқ эди. У менга дўстини мақтар, кўкларга кўтарар, мен ҳам шундай одам билан танишлигимдан эмраниб ўтирардим. Сўнг-сўнг у дўстини ёмонлай бошлади. Унинг ҳар бир айбини, қўрқоқлигини, биринчи хотинига қилган ноҳақликларини, Д.ни ҳимоя қилиш керак бўлганда ҳимоя қилмаганини, Д. эса у ёзаётган нарсаларга қаноат қилиб, дўстининг ёзганини ўзиники деб билганини гапирарди. Унинг дўсти ҳақида айтаётган ҳар бир қора сўзига дўстини оқловчи жавоб сўзим, фикрим бўларди. Ва бу фикрим билан – унинг сўзларини бостириб ташлар, у ҳаётининг бир чеккасида қолган одам, ҳаёти изидан чиққан, адабиётда ҳам ўзини тополмаган – шу сабаб менинг сўзим уникидан кўра ҳақроқ эди. Бора-бора дўсти хусусидаги мунозарамиз, тортишувимиз баҳсга, жанжалга айланиб қолди. Мен уни сиз унга ўхшамайсиз, сиз ҳаётда қандай яшашни билгансиз – аёллар билан кўнгилхушлик қилгансиз, фирибгарлик қилгансиз, ичгансиз, у яшашни билмагани учун ҳам ёзган дердим, ё эшитишни хоҳламаганимда, “бўлди қиласизми, йўқми” деб гапини кесардим. У улар бир-бирига ўхшаганларини исботлашга уринар, ҳар қандай исботи эса менга таъсир этмаётганини билгач, ўша қиёфага дуч келардим. Бу қиёфада доимо менинг олдимда ўзини тутадиган каби айбдорлик акс этмас, довдирамас, аксинча, қатъий ва барқарор эди. У доим кўп гапирарди, лекин шу қиёфа остидагина жим эди.
Д. ҳаётида кўп имкониятни ўтказиб юборгани, ҳеч нарсага эришмагани, бундан ўкинса ҳам, “менинг қисматим шундай эканда, устоз” деб қисматидан норизо эмаслигини айтганда ҳам, сўзида, юзида –ўша мен кўниккан хокисорлик бўлар, бироқ буни кимдир юзига солса, айни шунинг учун бир тинга қиммат омадсиз одамга қарагандек қараса, у ўша қиёфа билан жим қоларди. Мен омадсизлиги учун ундан нафратланардим. Қачондир келиб худди у каби одам бўлишдан қўрқардим. Ва шу қўрқув туфайли ҳам ундан нафратланардим. Буни ҳеч қачон унга айтмаганман. Лекин ўзи ишга ё кўчага кетаётганимда эшик олдида кузатиб қолар экан, мен ҳақимдаги асарингизни “ундан нафратланардим” деб бошланг деганди кўп бор. Самимий айтарди. У истеъдодсизлигим учун ўзимдан нафратланишимни, шу сабаб мен ҳам бахтиқаро ёзувчи бўлиб қолишдан қўрқишимни, бундан менда баттарроқ нафрат уйғонишини, нафратим эса охири унга қаратилишини сезиб турарди.
Ўртаер шаҳридан Норанжга қайтар эканмиз, у маршруткада бошини бир нотаниш йўловчи аёл елкасига ташлаганча хўриллаб ухлаб қолганди. Аёл асабийлашар, елкасини силкитиб юборар, унинг боши елкадан оғиб, муаллақ қолгач, кўзларини очар ва яна ўтирган ўрнида ухлаб қолаверар, боши яна аёл елкаси томон тушиб кетаверарди. У хунук хуррак отиб ухлаётгани учун йўловчилар бир-бир ижирғаниб қараб қўяр, кўпларнинг эса йўлда тинчгина хаёл суриб кетишига халақит бераётгани сабаб очиқдан-очиқ ғазаби қўзиб турарди. Мен азбаройи у билан ҳамроҳ эканимдан уялганимдан, нотаниш аёл билан ўрин алмашиб, Д.нинг олдига ўтиб олдим. Шаҳарчага биз мени пропискага киритиш учун келгандик. Прописка олсам, ишли бўлардим. Аммо у билан учинчи кун уринишимизга қарамай, ҳаракатларимизнинг бирортасидан наф чиқмади. Яна у тоғда яшайдиган танишини ҳам шаҳарга чақирган, у бизга ёрдам бера олишидан умид қилганди. Д.нинг таниши бўлган ўша кампир ҳам уни беҳудага чақирганимиз учун оғринган, ора-сирада кесатиқ гаплар айтарди. Д. ҳар бир ташкилот ё мансабдорнинг олдига кирар экан, ўзининг машҳур журналист ва ёзувчилигини, мамлакатнинг президент канали дейиладиган энг олд ТВсида ишлашини айтар, кейин эса муддаосига кўчарди. У мурожаат қилган одамларнинг бирортаси гапларига парво қилмас, фалончи бўлсанг менга нима, деган каби аҳмоққа қарагандек қарашарди. У ҳаётдан орқада қолган, ўзининг 20-30 йил олдинги ҳолини қумсар ва ўша ёшлик йилларидаги қоидалар билан ҳамон иш битирса бўлади деб ўйлар, ҳамон ўзининг ҳам, сўзининг ҳам қиймати борлигига ишонарди. Ўзи айтмоқчи “ҳаётдаги урилган-сурилган аёллар ҳомийси” бўлиб, уйидан қувилган, ажрашган, кўчадан нон топадиган аёлларга у ёки бу тарзда ёрдам берганидек, менга ҳам ёрдам беришга уринар, кўп пайтларда эса унинг ёрдами тескари натижа олиб келарди. Иложсиз қолган пайтларимда у “хотиржам бўлинг, ундай қиламиз, бундай қиламиз” деб мени юпатган бўлар, умидлантирар, чора топишга уринарди ҳам. Бироқ менинг умид билан ишим йўқ, таскинбахш гапларидан зарра умид қилмас, шунга қарамай бирор ёрдам таклиф қилса, ортидан лаққа эргашиб кетаверардим. Оқибатда эса ундан ҳафсалам баттарроқ пир бўлиб борарди. Шаҳарча майдончасида кампирни кузатиб қўйиб, ўриндиққа ҳорғин ўтирарканмиз, унга ичимдаги шу каби гапларни тўкиб солган эдим. У ҳафа ҳам бўлмади, одати бўйича ирония қилиб, нималардир дегандек бўлди. Аммо маршрутда хунук ҳўриллаб, ҳамманинг асабини қўзир экан, менинг ёнимга ўтгач ҳам боши силкиниб ўридан тушиб кетар экан, елкасидан туртиб бир-икки марта ўзингизни тутинг деганча намойишкорона жеркиб қўйдим. Унинг кўзларида ўша пайтда мулзамлик, айбдорлик, тақдирга тан бериш каби ҳиссиётларни кўргандим ўшанда. Ваҳоланки мен бу нигоҳни майдончадаёқ кўргим келганди. Ўша пайтдаёқ айбдорлигини тан олишини, ҳар бир айтаётган сўзим ҳақ эканлигини исботлашини хоҳлагандим. Кейин нигоҳидаги бу каби ҳиссиётларга бошқа дуч келмадим.
У тез-тез ва дуч келган жойда ухлаб қолишини касаллик оқибати деб атаганди. Прописка воқеасида мен ҳали уникига кўчиб ўтмагандим. Кўчиб ўтгач унинг ингроққа ўхшаш бадбин хурраги хоналар бўйлаб мени тунлар таъқиб этадиган бўлди. Кун-тун ухлай олмасдим. Уни уйғотардимда, хуррак отяпсан, мен ухлолмаяпман деб аччиқ қилар, у эса нима қилишини билмай кечирим сўрар, бир муддат туриб, чордона қуриб ўтирар, лекин шу ўтиришида яна ухлаб қоларди. У чиқараётган овозлардан баъзида уни ўз ўзини уйқусида қондиряпти деб ўйлар ва эшик орқасидан зимдан кузатгим келган бўлса ҳам, бунга журъат қилмагандим. Ҳансирашлари, инграшлари ўзини қондираётган одамни эслатарди. Лайло билан унинг орасида турган Қора Ботирдек ҳам сезардим ўзимни. Д.га бошқа жувонлар ҳам телефон қилиб турар, уйга келмоқчилигини, у эса “йўқ, жияним бор” деб қайтарарди. Лайло уни чўмилтириб қўяр, суйкалар, қичиқ гаплар қилар, маст бўлиб келганида уришган пайтларини истисно қилганда чўлпиллатиб юз-кўзидан ўпар, устига чиқиб худди қовушаётган каби ғалати ҳолатда ётиб олар, баъзан ёнингизда ётай деб хархаша қиларди. Д. Лайло уни хотинликка олишини сўраганини, Лайлонинг энаси “уйни ўз номингга ўтказиб ол, Д. ўлгандан кейин сенга қолади”, деган гапини анча пайтгача кесатиқ киноя қилиб айтиб юрди. Айниқса, бу гапни Д. менинг олдимда айтиб қолгудек бўлса, ўзини изза бўлаётгандек сезиб “Оғзингизга қараб гапиринг, гап экан деб ҳар балони гапираверадими” деганча хонадан чиқиб кетар, Д.нинг оғзига урарди. Д. парво ҳам қилмас, баттар ҳазил-мазахга зўр берар, агар Лайло чиндан ҳафа бўлганини билгудек бўлса, “Маликам, сиз учун нима қилай” деб ортидан ялиниб юрарди. Ҳа, Д. менинг кўзимга ялтоқ масхарабозга ўхшаб туйиларди. У Лайлога ё бошқа жазманларига эмас, умуман жуда кўпчиликка – дўстларига, танишларига ялтоқлик қилаётганини кўрганман. Бошида менга ҳам шундай муносабатда эди.
Менинг ҳар бир хатом, ҳар бир ўхшамаган ишим учун гўё менинг “буюк”лигимни, бошқаларга ўхшамаслигимни ё бошқаларни ер тишлатганимни айтганида аслида устимдан кулаётган бўларди.
Унга на самимияти йўқлигини, на ҳақиқатни тушунмаслиги ва тан ололмаслиги, бутун умри ёлғондан ва фаҳшдан иборатлигини айтганимда доимгидек ўзини масхарабозларча тутган. Айнан шунинг ўзи ҳақиқатни тан ололмаслигининг исботи эди. Ё жуда борса ўзини жабрийда сифатида кўрсатиб, ҳаётда ҳеч омади юришмагани, нимагаки қўл урмасин хато бўлиб чиққани киноя ва кесатиқ билан изҳор этарди. Лекин у мендан на жабрдийдалиги учун, на мазхарабозлиги учун хайрихоҳлик ололмасди. Мен унга ва унинг ҳар қандай гапига, ҳаракатига хайрихоҳ бўлишни ўзим истамасдим. Шу гапларни унга айтар эканман, унга ҳам жуда қийинлигини ҳис қилиб тутардим . У ўзини қиз-жувонлар билан овутар, улар билан валақлашиб умрини ўтказар экан, ҳаётда бундан арзирлироқ умрини ва вақтини тўлдирадиган маъноси йўқ эди. Ҳар холда энди йўқ эди. У Лайло ва унга ўхшаган аёлларни ҳам йўқотишдан қўрқиб яшарди. Ўша аёллар ҳаётга боғлайдиган бирдан бир илинжи эди. Бошқа – кўнгли талпинган одамларига ҳар қанча ялтоқлик қилмасин, ҳар қанча яқинлашишга уринмасин, уни бир тинга олишмаган ё ташлаб кетишганди. Мен ҳали ҳамон билмасдим, бир ёш қалб кўпроқ руҳий касалми ёки ёнимда яшайдиган мана шу икки одам? Кибр, шуҳратпарастлик, жамиятнинг энг тубан иллатлари билан касалланганимда ҳам, ҳатто одам ўлдириб қамоққа кетганимда ҳам, буларда арзирли маъно кўринмасди. Улар яшашга халақит бермайдиган даражада аҳамиятсиз эди менга. Аммо дунёнинг ҳар кун илиниб яшайдиган бошқа қандай маъноси бор? Бор бўлса нега мен уни тополмайман, тополмасдим?.
Лайло Д. билан ётиб юрганини тахмин қилсам ҳам, аммо аниқ билмас эдим. Лекин у уйга мен бўлмаган пайтларимда мижозларини олиб келиб юрарди. Д. тан олмаса ҳам, бунга ўзи рухсат берганди. Бунақа воқеалардан кейин, икки-уч бор, уйга киролмай кўчада қолар эканман, уйдан кетаман деб оёқ тираб олдим. Д. бунга кўнмади. Лайло ҳам энди бировни изидан эргаштириб келмайдиган бўлганди. Д. аввал ҳам уйида яшайдиган жалабларга мижозларини етаклаб келишига рухсат бергани, қизлар оладиган пулни тенг ярмидан арра қилгани ҳақида Д.нинг уйга бошпанасиз қолганда тўнаб кетадиган собиқ маъшуқаларидан эшитган эдим. Лайло Д.дан қанча қўрққани, унинг “уйдан йўқол” деган дашномларини кўп эшитган бўлмасин, Д. уйдан узоқроққа кетгудек бўлса, ўзи билибми ё мастлигида билмайди барибир орқасидан “лайча” илаштириб келарди. Ўша куни ҳам шундай бўлганди. Лайлонинг белигача ялонғоч танаси, сўлқиллаб осилиб қолган кўкраклари яхши эсимда. Д. музофотга кетган эди. Бир неча кун келмади. Мен уйга кеч қайтдим. Д.нинг собиқ маъшуқаларидан бири ҳам уйсиз қолгани учун вақтинча биз билан яшар эди. Мен зиёфатдан қайтган, ширакайф эдим. Ичкилик туфайли ҳушимдан кетиб, уч-тўрт дақиқага миям ҳамма нарсани унутган бўлса ҳам, тезда ўзимга келдим. Мен шу куни энг яқин деб билган, борлигимнинг исботи бўлган одамдан жудо бўлгандим. Жудо бўлишни ўзим хоҳладим. Чунки қолишимнинг ўзи ўзлигимни ё`қотиш билан тен эди. Қолаверса, қалбимдаги нафрат, ғазаб ва рашкка чидай олмас эдим. Қололмас эдим. Шунча йиллар давомида фақат шу муносабат туфайли ўзимни бор деб билиб келганим ва энди ҳеч нарсам аслида ё`қ эканини тушинишнинг оғир даври бошланганди менда. Бунга тоқат қилиб бўлмасди. Лайло мен туфайли кўп бор Д.ни қариндошлари ёки олисроқ жойлар кетгудек бўлса, дарров йиғлаб чақириб оларди. У деярли тун оғиб тонг отишига яқин кириб келар, мен эса қаттиқ уйқу сабаб эшитмасдим. У эса эшик остида қолиб қўшнилардан кўп гап эшитган, кўчада қолган ва дарров Д.ни чақириб оларди. Д.га нима деб йиғлаб-сиқтайди, бундан хабарим йўқ, аммо шунчалик таъсирлантирса керакки, Д. оёғини қўлига олиб югириб келарди. Шундай пайтлари Д. очиқ айтмаса ҳам Лайлога эшик очмаганим учун ўзича дашном берарди. Мен Д.га қанча ғазабланиб қарамай, индамай қўя қолардим. Чунки ишонмасди барибир менинг гапларимга. Д. бор бўлган пайтларда ҳам Лайлони излаб келган эркаклар кўп бўлган. Бу кўпинча унинг ниманидир ўғирлаб ёки ўмариб келганида содир бўларди. Эркаклар Лайлони урган -сурган, Д. аралашмас, фақат Лайло қоплонга ўхшаб уларга ташланмоқчи бўлса, оёқ-қўлидан ушлар:
Онангни... жалаб, бер олган нарсангни, - деб сўкар, йигитларнинг уйгача бостириб киргани, оғзидан боди кириб, шоди чиқишидан орланар, Лайло бўш келмас, Д.дан ҳам, йигитлардан ҳам таёқ еганига қарамай, қайта-қайта уларга ташланар, йигитлар у ўмариб келган телефонми ё бошқа нарсами – ўшани олиб жўнаб кетишганда ҳам жазаваси босилмас, Д. унинг олдида қилпанглаганча овутиб ўтирарди.
–Комедия,–дер эди бунақа пайтлари Д. менга. –Устоз, фожеа такрорланса комедия бўлади, деб кинояли куларди.
Лайлонинг таёқ еб келган пайтлари ё “қотиб қолган” пайтлари роса уриб, кўчага ташлаб кетилган, кўчадан миршаблар топиб олиб кетган пайтлари кўп бўлган. Д. айтишича таёқ ейишига асосий сабаб ичгач ўзини билмай қолиб ва сийиб қўявериши экан. Машинага сийгач, уриб-уриб кўчага улоқтириб кетишади. Тонг отгач эса Д. Лайлони миршабхоналардан топиб келарди. Лайлонинг асл исми Марҳамат эканини ҳам унинг миршабхонадаги сўроқ-савол ҳақидаги гапларидан билиб олгандим. Д. доимо Лайлонинг қаердадир ўлиб-нетиб қолишидан хавотирда яшар, тонгача ухламасдан йўлини қўриб чиқарди.
Ўша тунда мени собиқ маъшуқа чақириб чиқди. Хаёла эди унинг исми. Тун ярмидан ошган, бомдод яқин эди. Хаёла ваҳима билан нималарнидир валдиради. Мен чиққанимда жанжал авжида, Лайло ярим-ялонғоч, йиғлар, йигитлар кўринишидан мардикор эди. Бири сўкар, бири тинчлантиришга уринар шеригини, сўкинаётгани телефон камерасида ялонғоч Лайлони, Хаёла ва ич кўйлакдаги мени видеога олар, тарқатиб юборишини айтиб таҳдид қилар, Лайло осилиб қолган кўкраклари билан унинг икки оёғидан қучганча, илтижо қиларди. Жанжал нимадан чиққан – жанжал қилаётган йигит Хаёлани тотиб кўришни хоҳлабди. Лайлонинг ўзи камлик қилган, Хаёла эса “Сен билан ётмайман” дегач жанжал кўтарилган. Хаёла сумкаларини йиғиштириб тун ярмида югурганча уйдан чиқиб кетар экан, милиция чақириб келаман деб қичқирди. Йигитлар унинг гапини парвосига ҳам илдирмади. У қочиб кетганини йигитлар ҳам, Лайло ҳам, мен ҳам сезиб турардик. Лайло амаллаб хўкиздай икки йигитни зинагача судраб чиқарганини айтмаса, унгача айтарли ҳеч нарса бўлмади. Тўғрисин айтганда жанжаллар менга ёқарди, айнан нимаси, айтолмайман, бироқ жанжал ичида ўзимни муҳим одамдай ҳис қилардим. Лайло ҳам зинага чиқиб, жанжал ташқарида давом этгач, мен ҳам эшик олдида мудраганча буларнинг барини кузатиб турардим. Лайло ҳали-ҳамон йиғлаб-сиқтар, йигитларга ғудурланар, жанжалкаши эса сўкиниб, бутун под`езни бошга кўтарарди. Мен қўшнилар чиқиб қолишидан хавотирда эдим.
Йигитлар ниҳоят кетишгач, Лайло ҳам уйга кирмоқчи бўлди. Мен ташқарига чиқмай, ҳамон эшик олдида турардим. Ногоҳонда Лайлони уйга киргизгим келмади ва қулфлаш учун эшикни илкис тортдим. У белигача ялонғоч, дийдираб, титраб келаётган эди. Маст бўлишига қарамай, менинг эшикни қулфламоқчилигимни, уни уйга киргизмоқчи эмаслигимни сезиб қолди шекилли (чунки аввал ҳам бундай қилгандим, атайлабдан уни киргизмасдим уйга), эшикни ўзига зарб билан қаттиқ тортди. Унинг қўллари чайир, яраланган йўлбарсдай кучли эди. Қопқа қўлимдан чиқиб кетди,тушиндимки, уни уйга киргизмасликка кучим етмайди, ва мен уни бор кучим билан қаттиқ итариб юбордим. Нега бундай қилганимни билмайман. Узоқ пайт ўз-ўзига қамалиб яшаган одамнинг юрагида туғилган нафрат кутилмаган оғриқли, вайронкор истакни етаклаб келади. Мен шунчаки эмас, бутун ғазабим, нафратим билан битардим уни. Лайло маст эмасми мувозанатни сақлолмади, зарб билан зина тутқичига бош билан урилди. Оғриқдан чинқириб юборди. Эшикни ёпганимда унинг “қўйдим сенга ҳам, Д.га ҳам қўйдим, сенинг олимлигингга ҳам қўйдим”, деб дод солиб бақираётгани эшитиларди.
Д. уст-устига менга телефон қилар, ҳамма тафсилотларни қочиб кетган собиқ маъшуқасидан эшитган, менга “Лайлони бир амаллаб ётқизингда, ухлатинг” демоқчи бўлган экан. Буни қайтганидан кейин айтиб берди. Хонамга киргач, телефонни ўчирдимда, ўрнимга ётдим.
********
Д. уч кундан кейин қайтди. Лайлонинг ўлгани ҳақидаги хабарни биз бир ҳафталардан кейин эшитдик. Д. паришонхотир бўлиб юрганига қарамай, унинг уйида ўлиб қолмагани учун хурсанд эди. Улар даҳанаки жанжаллашиб ёки тортишиб қолишса, Д. доим “Ишқилиб менинг уйимда ўлиб қолманг, истамайман ўлигингиз ҳам даҳмаза бўлишини” дерди. Тўғри, у бу гапларни гўёки ҳазиллашиб айтар, Лайло эса қаҳ-қаҳ отиб кулар эди. “Ҳа, ҳаммаларингизни яхши кўргансиз. Мени эса севмайсиз, ўлсам ҳам фарқи йўқ сизга”, деганича аразлаган бўларди. Бунақа пайтлари кўзлари ичкиликдан сузилган ва ичига ботиб кетган, юзи эса ириб, оқиб кетаётган каби туюлар ва турган жойида ухлаб қоларди.
Лайлонинг жасадини Фоти деган ўртоғининг уйидан олиб кетишган. Феруза ҳам уйимизга кўп келган, бир бор ментларни етаклаб келганди. Ўшанда иккаласи тоғга-дачага борган, мижозлар пулини бермагач, телефон ўғирлашган, эртаси куни эса аввал Феруза, кейин Лайлони қўлга туширганди ментлар. Ферузадан Д. қаттиқ хафа бўлиб юрди – ментларни етаклаб келгани учун, Лайло парво қилмаган эди.
Лайло йиқилганидан уч кун ўтиб ўлган. Унгача Ферузаникида бўлганми, билмайман, ўша ярим яланғоч ҳолда қаерга боргани менга қоронғу. Бунинг дарагини Д.ҳам билмас эди. Суриштириб ҳам ўтирмади. “Сиз ўлсангиз ота-онангизга нима деб жавоб бераман” дерди Д. Лекин ота- онаси ҳам унга телефон қилгани йўқ. Фақат бир ҳол бўлди.
Лайлонинг ўлимидан кейин Д. сасий бошлади. Албатта дарров сасишни бошламади. Аввалига ундан чиркин, бадбўй ҳид кела бошлади. Мен чўмилмаётгани учун шундай ҳид чиқаряпти деб ўйлардим. У касал эди, инсулт олган, қанд касали бор, ўзи чўмилолмасди, Лайло уни чўмилтириб қўяр, гоҳ бу чўмилиш ойларга чўзилиб кетар, Д. Лайлонинг орқасидан ялиниб юрарди чўмилтиришини сўраб. Қолаверса, у жуда оч эди. Лайлонинг ўлимидан кейин у пулдан қаттиқ қисилиб қолди, асосан Лайло берадиган пулга ва Лайло маишатидан олиб келган егуликлари ҳисобига кун кўрарди. Менинг ижара ҳақи учун берадиган пулим бир ойлик яшаш учун урвоқ ҳам бўлмас, овқатланишим ҳам асосан кўчада, уйга озиқ-овқат ташиб ётмасдим. Лайло ўлгандан кейин ҳам шундай яшашда давом этдим. Онда-сонда нон келтириб турардим, холос. Оч одам ҳам оғзидан нохуш ҳид чиқариб, сасий бошлашини билардим. У Лайлонинг ўлимидан кейин мен билан аввал қандай гаплашган бўлса, шу тарзда гаплашишини давом эттирди.
Д.нинг сасий бошлагани баҳор келиб, кунлар исий бошлаганда айниқса, яққол сезилди. Уйдаги бу ҳидга чидаб бўлмай қолди. Мен ундан “очмисиз” деб сўрар, у ҳеч қачон “ҳа” деб айтмас эди. Гарчи очлигини билиб турардим. Очликдан сасияпти деб ўйлаб, онда-сонда овқат олиб келардим кўчадан. Ора-орада ювинолмасада сочиқни ҳўллаб баданини артаётганини кўрардим. Шунга қарамай унинг сасишию, уйдаги бадбўй ҳид ҳали ҳамон турғун эди. Ҳидга чидаб бўлмай қолди. Мен бурнимни ушлаб юрар, ётганда ҳам ниқоб тақиб, хонамга атиру, ҳаво тозалагич сепиб, деразани қийғоч очиб ухлардим. Аввалига истеҳола қилиб унинг сасиётганига шаъма қилар, у эса ота-онаси йўқлиги, хотинлари бевафо чиққани, ўйнашлари ташлаб кетгани ҳақидаги шаблон гапларидан гапининг кифтини келтириб, яна иронияга ўтар, балиқдек сирғаниб чиқиб кетарди вазиятдан. Ўзига сув юқтирмас эди. Кунлардан бир куни эса оёғи чирий бошлагани аввал бармоғи чиригани, диабет туфайли унга гангрена ёпишиб олгани, операция қилиш зарурлигини айтди менга. Аммо унинг оперция қилдириш учун пули йўқ, ҳеч ким унга қарз бермаслигини, чунки қарзини қайтара олмаслигини яхши биларди. Мен унга ҳеч нарса демадим. Сасиш – йиринг ҳидига ҳам, ювилмаган тана ҳидига ҳам, очлик туфайли оғиздан чиқадиган бадбўй ҳидга ҳам ўхшамасди. Қандайдир бадбўй, булардан ўткирроқ чиркин ҳид эди. Уйга кеч келардим, эрта чиқиб кетардим. Унинг олдига умуман кирмай қўйдим. Фақат ҳожатга чиққандагина тўқнашардик, холос. Шунда ҳам “сасиб кетяпти” деб эшик-деразани очиб қўярдим. Унинг юриши ҳам оғирлашиб қолди. Айниқса, у ётадиган хона бадбўй ҳидга қўшилиб у чиқарадиган ел билан янада кўнгилни оздирадиган эди. Унинг ўзи бу ҳидга қандай чидаяпти, ҳайрон бўлардим. Мен кунлар илиқлашиб қолгани учун энди ҳамма деразани очиб қўйган, шунга қарамай бу бадбўй ҳиддан умуман ухлолмасдим. Лайло йигитларини уйга етаклаб келган тунда ҳам ухлолмаганман. Улар қачон келди, жанжал қандай бошланди, ҳаммасини эшитиб турардим. Яқин одамим билан ўша кун алоқани узганим учун эмас, мен бу уйга кўчиб келгандан бошлаб умуман ухлолмаганман. Лайло буни биларди. Туннинг бир пайтида кайфда кириб келиб Д. билан жанжаллига, айтадиган гапларига қулоқ солиб ўтирардим. Кўп гапларни, мен ҳақимдаги фикрларни ҳам ўшанда билганман. Лайло бир бор ухламаганимни билиб ярим тунда ичкилик кўтариб кирди хонамга.
– Кўп сиқиласизде, сиз ҳам манга ўхшаб, ухлолмайсиз. Сиз билан ичмоқчиман, деди. Иккаламиз учун ҳам ичкилик қуяр экан, нима дардингиз бор, ҳеч гапирмайсиз-а. Тўғри қиласиз, айтгандан нима фойда? Мен ҳам гапирмасликка ўрганганман, ичимдагиларни,–деганди у. Шунга қарамай дискотекада ўша куни нима бўлгани, кийимлари хароблиги учун яхши мижоз чиқмагани, брендлардан кийинадиган “қизлар”нинг бозори чаққонлиги, бир кунда фалонча пул топишини, ўзи эса топганини жўнатгани учун дуруст кийинолмаслигини айтиб минғирлаётганди. Мени эшитмаётганимни, ҳеч қандай муносабат ҳам билдирмаганимни кўриб, –узр, узр–деганича чиқиб кетганди.
Сасиш шу даражага етдики, ҳатто кийимларимизга ўтириб қолди. Кўчага чиқсам, ёнимдан ўтаётганлар олайиб қарар, автобусга чиқсам, кўпчилик тушиб қолар, ишхонамдагилар мен билан бирга ўтирмаслик учун турли баҳоналар топар ва бурунларини бекитиб юрарди. Д. эса умуман кўчага чиқолмай қолди. ОёғИ юриш учун қанчалик халақит берса, ундаги чиркин ҳид уни одамлардан шунчалик узоқлаштирганди. У ҳатто ҳеч кимга телефон қилмай қўйди. Мен Д.дан қандай қилиб қутилиш ҳақида ўйлардим туну кун. Оёғидаги чириш туфайли у барибир тезда ўлиб кетишини билардим. Аммо ўлигиям менга даҳмаза бўлади. Мен буни истамасдим. У буларнинг ҳаммасини сезиб турарди. Бир кун уйга келсам, уни тополмадим. Кийимлари жойида турар, телефонини ташлаб кетган, ўзи эса йўқ эди. Ҳужжатлари, кимлиги ҳам, автобус чиптасига қўшилиб стол устида ётарди. Уч кун кутдим, у қайтиб келмади. Ниҳоят унинг ҳеч қачон қайтиб келмаслигини тушинган эдим. Эшикда эса газеталар илиб ташланганди: Наваков ҳамон дунё фуқароси эди. МЕН ЭСА БУ ЁЛҒИЗЛИК САЛТАНАТИДА ЭНДИ ЎЗИМНИ БЕГОНАДЕК ҲИС ҚИЛМАС ЭДИМ.
Do'stlaringiz bilan baham: |