Самарқанд дарвоза даҳанинг қадимий маҳалларидан бири. Зангиота, Чақар, Захариқ, Kамолон маҳаллалари билан чегарадош бўлган, бир чеккаси Чақарариққа ёндашган. Ҳудyдида шаҳарнинг 12 дарвозаларидан бири – Самарқанд дарвозаси жойлашган (номи шундан келиб чиққан). Мустақиллик йилларида дарвозанинг рамзий кўриниши ҳозирги замон транспорт ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда қайта тикланди. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий шу маҳаллада яшаб ижод этган. Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланган. Чилонзор туманидаги Қатортол шохкўчаси Самарқанд дарвоза кўчасининг давоми сифатида вужудга келган. Кўча Қатортол қишлоғи ҳудудидан ўтганлиги сабабли кейинчалик Қатортол номи билан атала бошланган. Кўча катта карвон йўли бўлиб қадимда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва яқин шарқ мамлакатларига карвонлар қатнаган. Ўтган асрнинг 70-йилларида кўчанинг ҳар икки томонига кўп қаватли бинолар қурилган. Кўчада “Илонлиқтепа”, “Нуғойқўрғон” каби қабристонларнинг бир қисми сақланиб қолган.
Сузукота маҳалласи. Шу маҳалла фаолларидан бўлмиш Асқархожи Обидов тўплаган маълумотларга кўра маҳалланинг асосчиси Сузукота (Мустафоқул) XII асрнинг ўртаси XIII асрнинг бошида яшаган. Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли Мустафоқул 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Болалик чоғида бобоси Аҳмад Яссавий хизматига борганда, бобосининг назар мубораклари тушиб, муҳаббат ила: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”- деб қарши олганлар.
Шу-шу, Мустафоқулни яқинлари Сузук деб атай бошлайдилар.
Отаси Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган. Кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш ва обод қилиш учун Сузукота туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ва яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берилгач, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қилишни бошлаб юборишган.
Маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи деб ҳам аташган. Кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузукота 1240 йили вафот этган. Шундан бери бу жой Сузукота маҳалласи деб аталиб келинган.
Буюк саркарда Амир Темур Тошкентда кўплаб масжид-мақбаралар қурдирганида Яссавийнинг эрка набираси Сузукотага ҳам атаб мақбара масжид ва мадраса бунёд эттирган.
XX асрдан бошлаб маҳалла номи бир неча марта “Бауман”, “Қахрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг, 1992 йилдан бошлаб қайтадан Сузукота маҳалласи деб атаб келинмоқда. Бу маҳалла таркибига 1945 йилдан кейин “Чақар” маҳалласи қўшилган бўлса, энди атрофдаги “Андижон”, “Мирлар”, “Миср”, Чўпонота” ва “Чўқур кўприк” маҳаллалари ҳам қўшилди.
Маҳаллада бир қанча кўҳна обидалар мавжуд бўлиб, улар:
-
“Чўпонота” маҳалласи масжиди (XII аср);
-
“Сузукота” жоме масжиди (XIV асрнинг охири);
-
“Андижон” маҳалла масжиди (1817 йилда қурилган);
-
“Чақар” маҳалла масжиди (1820 йилда қурилган);
-
“Чуқур кўприк” маҳалла масжиди (1850 йилда қурилган);
-
“Сузукота” мақбараси;
-
Шогирдлари дафн этилган сағана-даҳма;
-
Йўлбарсли ота сағанасидир.
Бундан ташқари маҳалла ҳудудида қадимий қўшсинчлик, тоқилик уйлар сақланиб қолган.
Сузукота уста-ҳунармандларнинг пири, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир. Унинг вафотидан кейин усталар маҳалласи Сузукота номи билан атала бошланган.
Арпапоя Чақардан бир мунча шарқроқдаги жойлар Ўрпапоя, яъни «жар қобоғининг этаги» деб юритилган. Чунки шаҳардан ташқарига жойлашган бу ерлар жарликдан иборат бўлиб, у ерда кейинги асрларда ташкил топган маҳалла тошкентликлар ўртасида Арпапоя номи билан шуҳрат топган (А.Муҳаммаджонов). Ҳозирда Муқимий номли театр биносидан бошланувчи бир кўчанинг номи Арпапоя номида сақланиб қолган.
Do'stlaringiz bilan baham: |