Яланғоч мавзеси Ҳозирги Мирзо Улуғбек туманининг маҳаллаларидан бири. Илгари Шайхонтоҳур даҳасининг мавзелаларидан бири бўлиб, Қашқар маҳалласининг деҳқончилик билан шуғулланадиган қисми. Маҳалла аҳли ёз ойларини шу ерда ўтказганлар.
Ўзбеклар таркибига кирган қабилалар орасидаги Сарой қабиласининг катта гуруҳи таркибидаги уруғларидан бири Жланғоч сарой, Яланғоч номида сақланиб қолган. Ялонғоч ота- ўтмишда ўзбек ва қозоқ халқларида шамол ҳомийси Ялонғочга эътиқот қилиш Тошкент атрофлари ва Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар ўртасида кенг тарқалган.
“Муштум” сатирик журналининг ўтган асрнинг 30-йилларидаги сонларидан бирида Абдулла Қодирийнинг “Яланғоч эшон ёхуд Яланғоч эшшак” – номли мақоласи босилган. Мақолада муаллиф Яланғоч эшон номи билан шу мавзедаги Ялонғоч қабристонида фирибгарлик қилиб юрган шахс билан атайлаб бориб, суҳбатлашганлиги ҳикоя қилинади.
Оққўрғон – қадимги Тoшкент атрофидаги мавзеларнинг бири. Оққўрғон ҳудуди Оққўрғон ва Дархон (Дархонотасой) ариқларидан суғорилган.
Ўрта аср вақф ҳужжатларида Оққўрғон ерлари Хожа Аҳрорга қарашли бўлиб, кейинчалик Хожа Аҳрор мадрасасининг вақф ерлари ҳисобланган. Шаҳарнинг шу мавзега қараган Оққўрғон дарвозаси (1830 йилдан Қашқар дарвозаси) деб аталган. Оққўрғонда Шайхонтоҳур даҳаси маҳаллалари аҳолисининг дала ҳовлилари бўлиб, халқ ёз мавсумини шу ерларда ўтказган.
1865 йил 9-майда Черняев аскарлари билан амир лашкар Алимқул қўмондонлигидаги Тoшкент мудофаачилари ўртасидаги бўлиб ўтган беомон жанг (ҳозирги Мустақиллик кўчаси Ҳ. Олимжон метроси бекати) мана шу Оққўрғон ҳудудида Черняевни чекинишга мажбур қилган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳ ҳам шу жангда қатнашиб, жанг тафсилотларини ўзинингг «Тошкентнинг янги тарихи» асарида тасвирлаган. Ҳозирги Оққўрғон ўрнида Оққўрғон, Улуғбек, Дархон ва бошқа маҳаллалар мавжуд.
Қўйлиқ мавзеси Миробод ва Сергели туманларидаги турар жой массави. Тошкент автомобил халқа йўли жанубий қисми билан чегараланган. Лойиҳалаш ва қурилиш ишлари 1967 йил бошланган. Қўйлиқ ўрнидаги мавзе қадимдан мавжуд бўлган. Бу ердан илгари карвон йўли ўтган. Чирчиқ дарёсининг шу жойида кечув бўлган.
Тошкент Қуқон хонлиги тасарруфида бўлган даврда хон Тошкентга ташриф буюрганида шаҳар ҳокими (бекларбеги) қозикалон ва бошқа аёнлар аҳолини ўша ерга йиғиб хонни тантана билан кутиб олардилар.
Қўқондан бошланувчи йўл Қўйлиқ кўпригигача, Қўйлиқ кўпригидан бошланган Фарғона йўли кўчаси шаҳарнинг Қўқон дарвозасига келиб туташган. Қўйлиқ атамаси хусусида турли фикрлар юради. Булар:
-Мўғул саркадаларидан бирининг исми Қўйлиқ бўлган. Тошкент унинг назоратида бўлган;
-Қўйлиқ-қўйилиқ яъни пастлик сўзининг ўзгарган кўриниши;
-Бу ерлар қўй –қўзиларга сероб жой бўлган. Қўйлиқ бозорида қўй-қўзилар сотилган.
-Қўйлиқда масжид қурдириб имомлик қилган Ҳофиз Шайх Қўйлиқий яъни Қўйлиқ ота номи билан боғлиқ деган фикрлар ҳам бор.
Тарихдан маълумки 92 бовли ўзбек қабилалари таркибида Кўкчулак, Қўйли каби бирқанча уруғларни бирлаштирган Дўрмон қабиласи бўлган. Қабиланинг Қўйли уруғи ХV асрда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, шу ҳудудда ўрнашиб қолган. Жой номи шундан десак хақиқатга яқинроқ бўлади. Ҳофиз Қўйлиқийни эса Қўйлиқлик деб тушунмоқ керак.
Қўйлиқ ота. Хўш унда Қўйлиқ ота ким? Ҳофиз шайх Қўйлиқий бўлиб, самарқандлик ҳазрати Нўғай ота авлодларидан, яъни азиз шайхлар сулоласидандир. У киши амир Имомқули Баҳодирхон даврида Самарқандда аълам (имомларнинг имоми) бўлган олим шайхнинг она томонидан Тошкентдаги бобоси эдилар. Оналари қадимги Бонукент (Нўғойқишлоқ ҳозирги Ўзгариш) қишлоғига келин бўлиб тушганлар, ислом дини илмидан анча хабардор бўлганлар.
Оталари, оналари ва Нўғойқўрғондаги боболаридан тасаввуф султони Ҳожа Аҳмад Яссавий тариқатига оид «Жаҳрияйи Яссавий»ни ўрганган Ҳофиз Шайх Қўйлиқдаги масжидда имомлик қилиш билан бирга ўзи қурдирган хонақоҳда зикр тушиш, иймон ва эътиқодга оид мавзуларда суҳбатлар ўтказиш билан бирга машшоқлар ва ҳофизлар иштирокида Қуръон оятлари ҳамда Аҳмад Яссавий ҳикматларини куйга солиб, қўшиқ айтдирганлар.
Айниқса, ўша даврдаги Қуръон суралари ва оятларини баъзи юзаки шарҳловчиларга нисбатан чориёрлар улуғлигини исботловчи далиллар билан ул зот Қўйлиқий тахаллуси билан рисолалар ёзганлар.
Қўйлиқ ота вафот этганларидан кейин таҳминан ҳижрий 893 (милолий 1475) йили ҳозирги Қўйлиқ бозори ёнидаги даҳмага дафн этилганлар. Ҳозирги янги мақбара 1994 йилда махсус лойиҳа асосида қурилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |