ҲАНИФЛАР
Худди шу даврда араб халқининг асрлар узра ҳукмрон бўлиб келган эътиқодидан воз кечиб, мукаммал фалсафий динга етишиш учун интилишининг рамзи сифатида ҳанифчилик (таҳаннуф) ҳаракати юзага келди. Ҳанифлар очиқдан-очиқ санамларни масхара қилар, жамиятда кенг тарқалган ичкиликбозлик, қимор ўйинлари, зино ва бошқа зарарли иллатларга қарши курашга чақирардилар. Қуръоннинг тўққизта сурасида ҳанифлар зикр қилинган. Бу сураларнинг мазмунига кўра ҳанифлар «яҳудий ҳам, христиан ҳам, мушрик ҳам эмас, балки Иброҳимни ўзларига ўрнак қилиб олган кишилардир». “Ман иттабаъа миллата Иброҳима ҳанифан”. Ибн Ҳишом ўзининг “Сира”сида ҳанифлардан Зайд бин Амр, Варақа бин Навфал, Убайдуллоҳ бин Жаҳш, Усмон бин Ҳувайрисларнинг қисқача таржимаи ҳолларини келтириб, улар кичик бир гуруҳ (усба) ташкил қилганлари, қурайшларнинг тоат-ибодатлари ва маросимларини инкор қилганларини қайд қилади.
СОБИЙЛАР
Қуръонда жоҳилия арабларининг яна бир тоифаси тилга олинган: улар собийлардир. «Ас-Соби'уна» сўзи Бақара сурасида яҳудлар ва насронийлардан бевосита кейин (62-оят), ал-Моида (69-оят) ва ал-Ҳаж (17-оят) сураларида эса уларнинг ўртасида эслатилган.
Албатта, мўминлар, шунингдек, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса ҳамда солиҳ амалларни қилса, уларга Раббиларидан ажр бордир, уларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.
Албатта, имон келтирганлар, шунингдек, яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) ва насронийлардан Аллоҳ ва охирги Кунга имон келтириб, савобли иш(лар)ни қилганлари учун (охиратда) хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
Дарҳақиқат, имон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар), насронийлар, мажусийлар (оташпарастлар) ва мушрик бўлганлар – аниқки, Аллоҳ қиёмат кунида уларнинг ўртасини ажрим қилур*. Албатта, Аллоҳ барча нарсага шоҳиддир.
Ислом арафасида диний тафаккур тез ривожланганининг яна бир ёрқин далили – ҳар хил ақидаларнинг кўп бўлганлигидир. Жоҳилия арабларининг “даҳр” ақидасига алоҳида тўхташ лозим. Бу ақида инсоннинг тақдири олдиндан белгиланганлиги, у эркин ирода ёки ихтиёр эгаси эмаслиги, пешонасига «ёзилган» нарса албатта содир бўлажаги ва ундан қутулиб бўлмаслиги ҳақида эди. Аксарият жоҳилия араблари шу ақидада эдилар, деб тахмин қилиш мумкин. Зеро, тақдири – фалакка ишониш улар дунёқарашининг асосини ташкил этарди. Нариги дунё борлигига, бу дунёда заҳмат чекканга у дунёда ажр, гуноҳ ишлар қилганга азоб берилишига ишонч йўқ эди. Борлиқнинг эгаси, олий ҳокими сифатида муайян бир худодан кўра кўпроқ қандайдир «Даҳр» – инсон иродаси билан ҳисоблашмайдиган ва ундан юқори турадиган тасодифий ўзгаришлар жараёни тасаввур қилинарди. Уларнинг эътиқодича, ўлимдан сўнг ҳамма нарса тугайди, шунинг учун кайф-сафо қилиб, бугунги кун билан яшаб қолиш керак. Бундай кайфият айниқса Қурайш зодагонлари орасида кучли эди.
«Аллоҳ» тушунчаси дастлаб арабларда қачон пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин. Ислом арафасида “Аллоҳ” араблар худоларининг энг улуғи (Жоҳилия шеъриятида Аллоҳ билан қасам ичиш – “воллоҳи, биллаҳи” иборалари кўп учрайди), Исломда эса у яккаю – ягона, борлиқнинг яратувчиси, Қиёмат кунининг Парвардигор – эгаси, инсонларга Муҳаммад (сав)ни ўзининг элчиси сифатида юборган Худодир. Қуръонда Аллоҳ томонидан жазоланиб, йўқ қилиб юборилган қавмлар орасида Самуд қабиласи эслатилади. Ана шу самудларнинг Раввафадаги ибодатхонасидан топилган II-III асрларга тегишли ёзувда Аллоҳ исми аниқ-равшан ўқилади. Матн таржимаси қуйидагича: «Бу - Аллоҳнинг коҳини, робатулик Магидунинг ўғли Ша'удат бизнинг хожамиз-ноиб жанобларининг ҳомийлигида Аллоҳга - Самуд худосига атаб қурган уй». Демак, милоднинг II-III асрларида, яъни ислом таълимотидан қарийб 5 аср олдин самудлар ўзларининг бош худосини Аллоҳ деб атаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |