"Банияти шифо"
Қулбек ака қариндош-уруғлари орасида ва маҳаллада нуфузли кишилардан ҳисобланиб, манманлиги ва қаттиққўллиги билан ажралиб турган.
У табибга бориб:
— Қарийб бир ой бўлдики, кўнглим ғаш, сал нарсага ҳам тутақиб кетаман, иштаҳам ҳам яхши эмас. Ҳатто фарзандларим ва хотиним кўзимга ёмон кўриниб кетяпти. Даволашингизни сўрайман.
— Табиб унинг томирини ушлаб туриб: — касалингизни тузатадиган дори-дармон кўп, лекин уларнинг орасида тез фойда берадигани шаробдир.
— Ҳазиллашаяпсизми, шаробни ичиш у ёқда турсин, ҳатто кўриш гуноҳдир. Уни ичганимдан кўра ўлганим яхшироқ.
— Ихтиёр ўзингизда, сизга бошқа дорининг нафи йўқ.
Қулбек ака аччиқланган ҳолда чиқиб кетди, лекин бир неча кундан кейин яна табибга учради:
— Соғлиғим оғирлашди, ажалим етганга ўхшайди, нима бўлсаям даволанг.
— Сизни дарддан холи қилиш учун аввало иштаҳангизни очиш лозим. Шунинг учун ҳам шароб ичишни таклиф этган эдим. Биз табиблар одамларнинг касалига қараб шароб, чўчқа, ит гўшти ва ёғларини дори сифатида тавсия этамиз. Ваҳоланки, улар шариат бўйича ҳаром ҳисобланади. Бироқ, улар касални тузатиш мақсадида истеъмол қилинса гуноҳ бўлмайди. Фақат "банияти шифо", яьни дарддан холи бўлиш ниятида истеъмол қиляпман, дейилса, бас. Шароб истеъмол қилишнинг шарти шуки, бемор тузалгунча ичилади. Сўнгра ундан дарҳол юз ўгириш лозим. Акс ҳолда оқибати фожиа билан тугалланади. Шу шартга асосланиб шароб ичишни тавсия этгандим.
Иложсиз қолган Қулбек ака кечқурун хона эшигининг орқасига тамба қўйиб, кўзини чирт юмган ҳолда катта пиёлада шаробни "банияти шифо" деб ичиб юборди. Бир оз фурсатдан сўнг у ўз-ўзидан кулаверди. Яна бир пиёла ичганда кайфи ошди:
— Эй шароб! Жаҳонда тенги йўқ мўъжиза экансан. Сени яратганнинг жойи жаннатда бўлсин. Сен билан аввалроқ учрашганимда ўтган умримга ачинмас эдим. Ҳозир бамисоли бургутга ўхшаб осмонда парвоз қилиб юрибман. Энди менинг ҳам даврим келди, одамларга ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўяман. Шароб омон бўлса, ақлимга ақл қўшилиб, ҳеч бўлмаганда шаҳарга ҳоким бўламан. Сўнгра подшоҳ саройига яқинлашиб, у ердагиларни ҳам ичишга ўргатиб дўстларни кўпайтираман. Ажаб эмас, тахтни ҳам қўлга олсам.
Қулбек ака шу тариқа ичишга одатланди. Унда манманлик ва мақтанчоғлик пайдо бўлди. Ҳатто кечани бегона аёллар билан ўтказадиган бўлди. Шароб Қулбекнинг бутун аъзои баданини қоплабди. У шаробни ҳаёт рамзи ҳисоблаб, унга сиғинди. Уни ичиш олдидан "банияти шифо" дейишни ҳеч унутмади. У бу иборани бегона аёллар билан муомала қилишдан олдин ҳам айтаберди. Аёллардан бири —"банияти шифо"нинг маъноси нимада? — деб сўраганида:
— Дардга чалинганимда, табиб "ҳаром" нарсаларни "банияти шифо" деб истеъмол қилинса, гуноҳ бўлмайди, деган эди. Иккаламизнинг орамиздаги ўзаро алоқа никоҳсиз ва ўғринча бўлганлиги учун ҳаромдир. Шунинг учун қўшилишимиздан олдин "банияти шифо"ни айтишни унутмайман. Сен ҳам бу иборани ишлатишга одатлансанг, гуноҳларинг ювилади.
— Энди вақт ўтди. Ҳаром йўлга кирганимга 15 йилдан ошди. Келажакни ўйлаб ваҳимага тушаман. Ҳеч кимим йўқ, халойиқ мендан ҳазар қилади. Пироварди-да хор-зор бўлиб ўлсам керак.
— Менинг аҳволим ҳам ачинарли, бола-чақам олдида юзим қора бўдди. Топиш-тутишимнинг баракаси учди. Яхшиямки, бойлигимни асраш учун сенга бериб қўйган эканман. Бўлмаса "икки бармоғимни бурнимга тиқиб" қолардим. Ҳозир уни сендан олмоқчиман.
— Берган омонатингиздан тонмайман, лекин у менга жуда керак. Мен фақат унинг илинжида сизга ўз ихтиёримни берган эдим. Наҳотки, буни англамаган бўлсангиз.
— Менда англаш ва узоқни кўриш қобилияти бўлганда ичкилик ва бузуқчилик кўчасига муккамдан тушар эдимми?! Бу камдек бойлигимни хотиним ва фарзандларимга ишонмай сенга берардимми?! Мен нодонларнинг нодони ва аҳмокларнинг аҳмоғи бўлиб чиқдим.
"Банияти шифо" деган ҳикматли сўзнинг асл маъносига тушунишни истамай уни барча ножўя ишларимда ишлатиб гуноҳимга гуноҳ қўшдим. Мана энди ичкилик ва бузуқчилик иккаласи биргалашиб мени жар ёқасига келтирди, обрўйим ва бойлигимдан айрилдим .
— Менга шафқат қилиб, жилла бўлмаса бойлигимнинг яармисини қайтариб бер.
--Кўп бошимни қотирманг, барибир мендан ҳеч нарса ололмайсиз. Сиз сўраган бойликнинг ярмини пул илинжида аёлларга илашадиган йигитларга сарфлаб, бошини айлантириб тегиб оламан.
— Мен сенинг эрга тегишинг кафилини олган эмасман, ўз ҳақимни талаб қиляпман.
— Яхшиликча бу ердан қорангизни ўчиринг, бўлмаса шармандангизни чиқараман.
— Шундайми?
— Шундай... Бу гапдан ларзага тушган Қулбек аканинг кўзи косасидан чиқиб кетди. Тутақиб уни бўғиб ўддирди. Бир оздан кейин юраги ёрилиб, ўзи ҳам бу дунёдан ўтди.
Do'stlaringiz bilan baham: |