ҚАБУЛ БЎЛИМИ ИШИ ВА УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
Қабул бўлимининг ишини ташкил қилиш ва бу бўлимнинг вазифалари. Қабул бўлими (қабулхона) поликлиника ва тез ёрдам станцияларидан юборилган ёки мустақил равишда ёрдам сўраб мурожаат этган беморларни қабул қилиш учун мўлжалланган.
Қабул бўлими қуйидаги вазифаларни бажаради:
- кечаю – кундуз, барча келиб тушган, ёки қабул бўлимига мурожаат қилган беморларни текширади;
- ташхис қўяди ва даволанишга муҳтож бўлганларга юқори малакали тиббий ва консультатив ёрдам беради;
- бирламчи кўрув ўтказади ва агар зарур бўлса, ташхисни аниқлаштириш учун бир неча мутахассислардан маслаҳат олади;
- ноаниқ ташхис билан келган беморларни динамик кузатади;
- шифохонанинг ихтисослаштирилган ёки махсус бўлимларида беморларни саралаб ётқизишни амалга оширади;
- нопрофил беморларни бирламчи тиббий ёрдам кўрсатгандан сўнг, уларни касаллик ёки травма профили бўйича бўлимга ўтказади ёки яшаш жойидаги амбулаторда даволанишга юборади.
- шаҳардаги барча тезкор тиббий ва оператив тиббий хизматлар билан доимий алоқада бўлади
Қабул бўлимида кутиш хонаси, регистратура, маълумот хонаси ва кўрикдан ўтказиш хоналари мавжуд. Қабулхона бўлимлари лабораториялар, диагностика бўлимлари, изоляторлар, операция хоналари, боғлов хоналари ва бошқалар билан яқин алоқада бўлади.
Тозалашга қўйиладиган талаблар: Қабул бўлимининг хоналарини тозалаш нам усул билан кунига камида 2 марта ва белгиланган тартибда, тозаловчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланган холда амалга оширилади. Тозаловчи ускуналар белгиланган бўлиши ва мақсадга мувофиқ ишлатилиши керак. Фойдаланилгандан кейин у дезинфекцияловчи эритмада ивитилади, сувда ювилади, қуритилади ва махсус мўлжалланган хонада сақланади. Ҳар бир беморни текширгандан сўнг кушеткалар, клеенкалар, елимли ёстиқлар ҳозирги кўрсатмага мувофиқ эритмада ивитилган латта билан ишлов берилади. Ҳар бир бемордан кейин текширув хонасида дивандаги чойшаблар алмаштирилади. Амалиёт ўтказиш хонасида, боғлов хонасида, шунингдек кичкина операция хонасида нам тозалаш кунига 2 марта, 6% водород пероксид эритмаси ва 0,5% ювувчи восита ёки дезэритма билан амалга оширилади. Ишлатилганидан кейин каталкаларга (замбилғалтакларга) жорий кўрсатмаларга мувофиқ дезинфекцияловчи восита билан ишлов берилади.
Кутиш хонаси бемор ва унинг яқин қариндошлари учун мўлжалланган.
Бу хонада маълум миқдорда стул, кресло, каталкалар (беморларни ташиш учун) бўлиши керак.
Деворда даволаш бўлимининг иши, даволовчи шифокор билан суҳбат соатлари, беморларга олиб келиш мумкин бўлган озиқ-овқатлар рўйхати, шифохона маълумотномасининг телефон рақами кўрсатилади.
Бу ерда беморлар билан кўришиш мумкин бўлган кун ва соатлар кўрсатилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |