Эй мўминлар, савдо-сотиқ ҳам, дўстлик ва шафоат ҳам бўлмайдиган Кун келмай туриб сизларга ризқ этиб берганимиздан эҳсон қилинглар. Кофирларгина ўзларига зулмкордирлар.
Иймон келтирган саодатли кишилар Аллоҳ ўзларига ризқ қилиб берган нарсалардан Унинг йўлида инфоқ-эҳсон қилиб, охиратда катта мукофот ва улуғ даражаларга эришишади. Чунки бу нарса фақат дунё ҳаётидагина мумкин, холос. Бу дунёда мол-мулкини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфламаган бадбахт кимсаларга охиратда на савоб-мукофот, на ошна-оғайнилари ёрдами, на шафоат қилувчиларнинг қўллаши бўлади.
Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир. Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди. У энг юксак ва буюкдир!
Мўминлар Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай тангри, илоҳ йўқлигига, жамики оламлар ва махлуқотлар Унинг мулки эканига иймон келтиришган. У ҳамиша тирик ва абадийдир. Ҳеч ким бошқаларни Унинг изнисиз шафоат қилиб, қўллай олмайди. У инсонларгача бўлган ва улардан кейин бўладиган нарсаларни ҳам билади, инсонлар эса Унинг Ўзи англатганидан бошқасини била олишмайди. Унинг Курсиси − Арши барча осмонлару ва Ердан ҳам кенгдир.
«Курсий ояти» деб номланган ушбу ояти карима Қуръондаги энг буюк оятдир. Унинг фазилати ва савоби ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким ҳар намоздан сўнг Курсий оятини ўқиса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсади», дейилган.
Динга мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, у, ҳақиқатан, ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
«Тоғут» – «Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш» маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Қуръони Карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди (яккахудолиги) бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.
Аллоҳ мўминлар дўстидир, уларни зулматдан нурга чиқаради. Кофирларнинг улфати эса тоғутлардир, уларни нурдан зулматга чиқаради. Ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолажаклар!
(Эй Муҳаммад,) Аллоҳ подшоҳлик бергани сабабли Иброҳим билан Парвардигори ҳақида тортишган кимсани кўрмадингизми? Иброҳим: «Менинг Парвардигорим тирилтиради ва ўлдиради», деганида у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Аллоҳ қуёшни, албатта, шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар-чи!» деди. Шунда кофир талмовсираб қолди. Аллоҳ золимларни ҳидоятга бошламайди.
Иброҳим алайҳиссалом замонларида подшоҳлик қилган Намруд салтанатига мағрурланиб, келганларни ўзига сажда қилдирар эди. Иброҳим алайҳиссалом келганларида сажда қилмадилар. Намруд: «Нега менга сажда қилмадинг?» деб сўраганида: «Мен Парвардигоримдан бошқага сажда қилмайман», деб жавоб бердилар. У: «Мен ҳам Парвардигорман», деди. Ҳазрати Иброҳим: «Бир томчи сувдан пайдо бўлган инсонни парвардигор санамайман, менинг Парвардигорим ўлдиради ва жон ато қилади», дедилар. Шунда Намруд зиндонда ётган икки маҳбусни олдириб келиб, ҳамманинг олдида бегуноҳини ўлдирди, гуноҳкорини озод қилиб юборгач: «Кўрдингми, мен кимни хоҳласам, ўлдираман, кимни хоҳласам, омон қолдираман», деди. Кейин ҳазрати Иброҳим подшоҳ агар шунчалик қудратли бўлса, унда Парвардигор шарқдан чиқараётган қуёшни ғарбдан чиқаришини буюрдилар. Кофир подшоҳ бунга қодир бўлмагани учун талмовсираб шармандаси чиқди.
Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: «Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: «Қанча ётдинг?» деди. У: «Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим», деди. «Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр», деди. Булар аниқ бўлгач: «Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим», деди.
Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани ҳамма кўриб ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор иймон келтирди.
Иброҳим: «Эй Парвардигорим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат!» деганида, У: «Ишонмадингми?» деганини эсланг. У: «Ишондим, лекин дилим хотиржам бўлиши учун», деди. Аллоҳ: «Тўртта қушни олдингга тўпла-да, уларни бўлаклаб, ҳар бўлагини турли тоғларга жойла, кейин уларни чақирсанг, тезда олдингга келишади ва билки, Аллоҳ, албатта, қудратли ва ҳикматлидир», деди.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳукми билан тўрт парранда (товуқ, қарға, товус ва кабутар) олиб келгач, уларни боқиб ўзларига ўргатдилар. Паррандалар ҳам у зотни таниб қолишди, қачон чақирсалар, чопиб келишарди. Кейин ҳаммасини сўйиб, бир тоғ устига қушларнинг бошини, бошқасига танасини, яна бир тоққа оёқларини ташлаб келдилар. Ўзлари ўртада туриб, паррандалардан бирини чақирдилар. Унинг боши учиб келиб, ҳавода турди, кейин тани келиб қўшилди, сўнг қаноти ва оёқлари келиб бирикди, олдиларига югуриб келди. Қушларнинг қолган учтаси ҳам шу тарзда тирилиб келишди.
Молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли биргина дондан етти бошоқ чиқиб, ҳар бирида юзтадан дон бўлгани кабидир. Аллоҳ хоҳлаганига кўпайтириб беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |