Талоқ икки мартадир. Кейин яхшиликча ушлаб қолиш ё хурсанд қилиб қўйиб юбориш. Сизлар учун уларга берган нарсани қайтариб олиш дуруст эмас. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликдан қўрқишса, мустасно. Бас, эр-хотиннинг Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликларидан қўрқилса, хотин эваз қилиб берган нарсада икковларига гуноҳ йўқ. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларни бузманглар ва ким Аллоҳ чегараларини бузса, ана ўша золимдир.
Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларда шундай қоида бор эди: улар ўн марта, йигирма марталаб талоқ қилиб, иддаси тугамай яна хотинларини қайтариб олишаверар эди. Шу тариқа хотинларнинг аксарияти қийналар, азият чекиб, ҳаққи топталар эди. Ана шу зарарли одатни ман этиб тушган юқоридаги ояти карима буюрадики, бир эр ўз хотинини икки марта талоқ қилса, кейин иддаси ичида яна қайтариб олса бўлади. Лекин идда муддати ўтиб кетса, аёл мустақил бўлиб қолади. Эр хотинини икки марта талоқ қилганидан кейин яна учинчи бор талоқ қилса, унда хотини бошқа бир кишига турмушга чиқиб, иддаси тугамагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди.
Эрлар учун хотинларига берган маҳрларини талоқ эвазига қайтариб олишлари ножоиздир. Агар икковлари ажрашмаган суратда Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига мувофиқ турмуш кечира олмасликдан қўрқишса, бу ҳолатда хотин маҳрини ёки молини бериб ўзини қутқариб олса ва эр ҳам бу молни қабул қилиб хотиннинг жавобини берса, икковларига ҳам гуноҳ бўлмайди. Бу нарса шариатда «хулуъ» дейилади.
Агар у яна талоқ берса, аёл бундан кейин бошқа эрга никоҳланмагунича унга ҳалол бўлмайди. У эр ҳам талоқ қилса-ю, Аллоҳ чегараларида туришларига ишонишса, бир-бирларига қайтишларининг гуноҳи йўқ. Булар Аллоҳнинг билувчи қавмга билдирган чегараларидир.
Бир киши ўз хотинини бир ёки икки талоқ қилса ва идда ичида унга яқинлашмаса, кейин иддаси тугагач, учинчи талоқни берса, уларнинг эр-хотинлиги тугайди. Ушбу ояти карима баён этяптики, агар аввалги икки талоқ устига учинчиси қилинса, жами учта бўлиб, энди у аёл талоқ қилган эрга ҳалол бўлмайди, уларнинг эр-хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Бордию кейинги теккан эри вафот этса ёки талоқ қилсагина, унда аёлнинг аввалги эри билан турмуш қуриши гуноҳ бўлмайди.
Хотинларингизни талоқ қилганингизда иддалари тугаса, уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки яхшиликча жавобини беринглар. Уларга зулм билан зарар етказиш ниятида ушлаб қолманглар. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил санаманглар. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини, насиҳат учун туширган Китобини ва ҳикматини ёдда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ва билингларки, Аллоҳ, албатта, ҳамма нарсани билувчидир!
Хотинларингизни талоқ қилганингизда уларнинг иддалари тугаса, шариатга мувофиқ ўзаро келишишган бўлса, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманглар. Бу насиҳат Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларгадир. Бу сизларга сафолироқ, покликроқдир ва Аллоҳ билганини сизлар билмассизлар!
Эмизишнинг тўкис бўлишини истаган оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишади. Уларни яхшилаб едириш-ичириш ота зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиғи юкланмайди. Боласи туфайли она ҳам, ота ҳам зарар кўрмасин. Меросхўр ҳам шундай. Агар ўзаро келишиб ва маслаҳатлашиб сутдан ажратишни исташса, гуноҳкор бўлишмайди. Агар болангизни эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни яхшиликча тўласангиз, гуноҳ бўлмайди. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳ нима қилаётганларингизни, албатта, кўриб турувчидир.
Боланинг онасига уни икки йил эмизиш ҳукми бор. Бу ҳукм эмизиш муддатини тўкис қилмоқчи бўлганлар учун, бундан оз муддатда ҳам сутдан чиқариш мумкин. Бу ҳукм никоҳда турган онага ҳам, талоқ қилиниб иддада ўтирган онага ҳам, иддаси чиққанга ҳам баробардир. Эмизиш чоғида ота она-боланинг нафақаси, яъни унинг таоми ва кийим-кечаги каби эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар бирор зарурат туғилса, ота болани эмизишга бошқа аёлни ёлласа ҳам бўлади, унга бериладиган ҳақни олдиндан рози қилиб тўлаб қўйишининг гуноҳи йўқ. Агар ота ўтиб кетса, яъни вафот этса, боланинг меросхўри эмизувчи онанинг таом ва кийимини таъминлайди. Бошқа эмизувчи топилганида ҳам боланинг онаси ҳаққига нуқсон етказилмайди.
Вафот этиб, жуфтларини қолдирганларингизнинг хотинлари тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашади. Муҳлатлари тугагач, ўзлари борасидаги яхши ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Бундан илгари келган оятларда талоқ қилинган хотинга уч ҳайз муддатида интизор ўтириш (идда) ҳукм бўлган эди. Энди вафот этган кишининг қолган хотини тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашлари айтилмоқда. Агар бу муддат ичида хотиннинг ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлса, бошқа киши билан никоҳлана олади, агар боласи борлиги маълум бўлса, у туғилгунича кутади.
У аёлларга ишора билан совчилик қилишларинг ёки буни дилингизда сақлашларингнинг гуноҳи йўқ. Аллоҳ улар ҳақида ўйлашларингни билади. Лекин улар билан яширинча ваъдалашманглар. Яхши гаплар айтсангиз, майли. Иддалари чиқмагунича никоҳ боғлашга қасд қилманглар. Англаб олингларки, Аллоҳ дилларингиздагиларни билади. Ундан эҳтиёт бўлинглар, Аллоҳ кечирувчи ва ҳалимдир.
Бу ояти каримага кўра, иддадаги хотиннинг интизор муддати тугамагунича бир киши никоҳига ололмайди, унинг очиқ ваъдасига кўз тутолмайди, никоҳсиз қўшилса, гуноҳга ботади. Лекин дилида «шу хотиннинг иддаси тугаса, унга уйланаман», деб ният қилса ёки бу мақсудини аёлга ишоратлар (масалан, «мен бир хотин ахтариб юрувдим» дейиш) билан билдирса, ҳеч қиси йўқ. Бундан ортиқ сўзлашиш шариатда ман этилган. Аллоҳ таоло дилларингиздаги ҳамма нарсани билиб туради, Унинг амрларидан чекинишдан эҳтиёт бўлинглар. Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирувчи, ҳалим Зотдир.
Тегинмай ё бирор маҳрини аниқ қилмай туриб хотинларингизни талоқ қилишингизнинг гуноҳи йўқ. Бойларингиз қодирлигига қараб, йўқларингиз қўлидан келганича, уларни манфаатлантиринглар. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир.
Агар никоҳ вақтида маҳр зикр қилинмай, маҳрсиз никоҳ бўлиб қолса, ҳеч қиси йўқ, маҳр кейин айтилса ҳам бўлаверади. Лекин шу ҳолатда эр хотини билан яқинлашмай туриб, талоғини берса, эрга ҳеч қандай маҳр лозим бўлмайди. Шунга қарамай, эрнинг ўз ҳолатига қараб хотинга уч сидра кийим, кўйлак, рўмол каби нарсаларни хурсандчилик билан бериши лозимдир. Хотинга қўшилмай туриб унинг жавобини бериш гуноҳ бўлмайди.
Агар маҳрини белгилаб қўйган ҳолда тегинмай туриб уларни талоқ қилсанглар, белгиланганининг ярмини берасизлар. Лекин аёл ва никоҳ битими қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсизлар. Афвингиз тақвога яқиндир. Ўзаро яхшилик қилишни унутманглар, Аллоҳ нима қилаётганларингни кўриб туради.
Агар никоҳ вақтида маҳр белгиланиб, кейин эр тегинмай туриб хотинини талоқ қилса, ана шу белгиланган маҳрнинг ярмини беради. Агар хотин ё эр афв этишса, бу ҳолда уни бермаса ҳам бўлади. Хотиннинг афви шуки, ўша собит бўлган ҳақнинг ярмини ҳам олмайди. Эрнинг афви шуки, хотинига белгиланган маҳрнинг ҳаммасини беради ёки олдин маҳрини тўла берган бўлса, ярмини қайтариб ҳам олмайди. Эрнинг афв этиши тақвога яқиндир, чунки Аллоҳ таоло никоҳ ақди (тугуни)ни унга топширган, никоҳни бузмаслик, уни асраш унинг қўлидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |