Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, унинг қандай бўлишини билдирсин, сигир бизга мавҳум бўлиб қолди, бизлар, Худо хоҳласа, тўғри йўлни, албатта, топамиз», дейишди.
(Мусо): «У Зот: ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, нуқсонсиз, ҳеч қандай доғ-дуғи йўқ бир сигир», деяпти», деди. Улар: «Энди тўғри гапирдинг», дейишди. Кейин улар уни сўйишди.
Бани Исроил қавмидан бир кишини номаълум кимса ўлдириб кетади. Унинг меросхўрлари учраганга туҳмат қила бошлашади. Мусо алайҳиссалом: «Бир сигирни сўйиб, бир бўлак гўшти билан ўликни урилса, ким ўлдирганини ўзи кўрсатиб беради, Аллоҳ таолонинг ҳукми – шу», дейди. Улар шундай қилишган эди, ўлик тирилиб, ўз қотилини кўрсатиб берди.
Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда жанжаллашганингизни эсланглар. Аллоҳ яширмоқчи бўлган нарсангизни ошкор қилувчидир.
Шунда: «Уни сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дедик. Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради. Шоядки, тушунсанглар, деб қудрати белгиларини кўрсатади.
(Эй мусулмонлар,) уларнинг иймонга киришидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб-тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди.
Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: «Иймон келтирдик», дейишарди. Бир-бирлари билан холи қолишганда эса: «Улар Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлатмайсизларми?» дейишар эди.
Яҳудийлардан баъзи мунофиқлар ўз Китобларида келтирилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавсифларини мусулмонларга хушомад тариқасида баён қилиб беришарди. Бошқа яҳудийлар бундан хавотирга тушиб: «Китобингиздаги далил-исботларни нега мусулмонларга билдиряпсиз, улар воситасида мусулмонлар сизларни мағлуб қилишади-ку!» деб ўша мунофиқларга эътироз билдиришар эди.