) эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда, саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди
(Эй Муҳаммад,) эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда, саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди.
Одам алайҳиссаломнинг пайдо бўлгани хабари фаришталарга етганида улар бу зотнинг шаклу шамойилларини кўриб: «Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам, оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ», дейишди. Парвардигор уларга жавобан: «Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан», деди. Аллоҳ таоло нарсалар номини Одамга фитрий таълим берди, бундан фаришталар ожиз эди, оқибатда улар Одамга ато этилган илму фазл баракотидан унга сажда қилишди.
Ва Биз: «Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар», дедик.
Кейин шайтон уларни йўлдан оздирди ва турган жойларидан чиқарди. Ва Биз: «Энди тушинглар, баъзингиз баъзингизга душмандирсиз, Ерда сизларга маълум муддат фойдаланишингиз учун жой бор», дедик.
Оятдаги «баъзингиз баъзингизга душмандирсиз» жумласида инсонларнинг бир-бирига ғанимлиги эмас, балки Одам авлодлари ва шайтон ўртасидаги душманчилик зикр этилган.
Кейин Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У Зот унинг тавбасини қабул қилди. У, албатта, тавбаларни қабул қилувчи, ниҳоятда меҳрибондир.
Биз: «Ҳаммангиз бу ердан тушинг, агар Мендан сизларга ҳидоят келганида кимлар ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди», дедик.
Шайтон ўзи лаънатга учраганидан кейин Ҳазрати Одам ва Момо Ҳаввонинг жаннатда роҳат-фароғатда юришларига рашк ва ҳасад қилиб, бунга чидай олмаганидан тоқати тоқ бўлди. Охири қасам ичиб уларни алдади ва Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан едирди. Шунда икковлари Аллоҳ таолонинг ғазаби билан жаннатдан чиқарилишди. Ҳазрати Одам бир қанча вақт ҳайрон ва паришон ҳолда йиғлаб юрганларидан кейин Аллоҳ таоло раҳм этиб, бир неча сўз (дуо)ларни илҳом билан маълум қилди. Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олди. Ана шу калималар баракотидан у зотнинг тавбалари қабул бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло Одам ва унинг авлодларига: «Агар Менинг ҳидоятимда юрсангизлар, сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, икки дунёда иззат-икром кўрасизлар», деб амр қилди. Ўргатилган дуо будир: «Роббана заламнаа анфусана ва ин лам тағфирлана ва тарҳамна лина кунна минал-хосирин».