Эй оқиллар, сизларга қасосда ҳаёт борки, шояд, тийилсангизлар!
Бировингизга ўлим келганида мол-дунё қолдираётган бўлса, ота-онасига ва қариндошларига муносиб равишда васият этиш сизларга фарз қилинди. Бу тақводорлар зиммасидаги бурчдир.
Бу васият мерос оятлари тушишидан олдин ҳукмда эди, сўнгра фарзлиги қолмади, балки истеҳбоб даражасига тушди, шунда ҳам ворисга бўлмаса. Аммо халқ билан муомаласи бор кишига муомалани соф қилиб кетиш учун васият этиш ҳар ҳолда фарздир.
Ким буни эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи ўзига бўлур. Аллоҳ, албатта, эшитувчи ва билувчидир.
Васият шариатга мувофиқ бўлса, уни ўзгартириш гуноҳ бўлади. Агар бир инсон васиятида бир томонга оғса, ёки ғалати васият қилса, ёхуд шариатга хилоф васият қилган бўлса, бу ҳолда ҳар икки томонга шаръий маслаҳат бериб, ислоҳ қилиб қўйилса, бу ўзгартиришга кирмайди, ислоҳ қилувчи гуноҳкор ҳам бўлмайди.
Ким васият қилувчининг оғиши ёки гуноҳ бўлишидан қўрқиб орани ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ, албатта, мағфиратли ва раҳмлидир.
Эй мўминлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар.
У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир.
«Қодир бўлмаган кишилар» дейилганда кексайиб қартайган ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган, булар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим.
Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса, рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шунда тақводор бўлурсизлар.
Ояти каримадаги «фурқон» сўзи «ажратувчи» маъносини билдиради, яъни Қуръони Карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир.
Исломнинг илк даврида рўза янги фарз қилинганида ҳар бир мусулмон рўза тутиш ёки фидя беришда ихтиёрли эди. Кейин бу ихтиёр бекор қилинди. Фидя бир мискинга икки маҳал тўйгунича таом беришдир, агар бундан зиёда бўлса, янада яхши. Энди ҳар бир киши Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса, мискинга фидя беради.
(Эй Муҳаммад,) агар бандаларим Мен ҳақимда сўрашса, Мен яқинман, дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Улар ҳам Менга жавоб қилишсин, Менга иймон келтиришсин, балки, шунда тўғри йўлни топишар?
Сизларга рўза кечаларида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларга пардадир, сизлар уларга пардасиз. Ўзларингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул этиб, афв қилди. Энди уларга яқинлашаверинглар ва Аллоҳ сизларга ёзган нарсани талаб қилаверинглар. Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар, сўнгра кечгача рўзаларингизни тўкис қилинглар. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманглар. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларга асло яқинлашманглар. Инсонлар тақво қилишсин, деб Аллоҳ оятларини мана шундай очиқ баён этади.
Рўза ибодати янги фарз қилинган даврда кеча аввалида еб-ичиш ва хотин билан яқинлик қилиш жоиз бўлса-да, бир ухлаб турилгач, буларнинг ҳаммаси ман этилар эди. Баъзилар бу ҳукмни бузиб қўйишди ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб қилмишларига иқрор бўлишди ҳамда қандай тавба қилишни сўрашди. Шу воқеа устида юқоридаги оят туширилди ва кечанинг ҳаммасида еб-ичиш ва хотин билан яқинлашишга ижозат берилди. Лекин масжидларда эътикоф ўтирганда кечаю кундуз хотин билан яқинлашишга рухсат йўқ. Баъзи муфассирлар оятдаги «оқ ип»ни субҳ деб, «қора ип»ни кечқурун, деб таъвил қилишган.