VIII. ХУЛОСА
Ўтмиш меросимизнинг бир бўлаги ҳисобланган, тарихда ўзига хос чуқур из қолдирган бугунги кунда вайрона ҳолида суқутга чўмган мақон-собиқ пойтахт шаҳар Ахсикент ҳақида қисқача ҳикоя қилдик холос. Чунки, қарийиб XIX аср (эрамиздан аввалги III асрдан, эрамизнинг XVII аср бошигача) ҳаёт қайнаган, қолаверса, шаҳар-қалъа, Фарғона водийсининг пойтахти мақомини олган, минглаб инсонлар яшаган ва қўлигул моҳир ҳунарманд-у, зуққо, фозил кишилар истиқомат қилган, жангу - жадал ва тараққиётни бошидан кечирган макон тўғрисида кўп фикр юритиш мумкин эди.
Ушбу Ахсикент шаҳристонининг-тарихий, моддий маданий мерос эканлиги тўғрисида кўплаб қизиқарли, илм-фанга тегишли бўлган қимматли маълумотларни баён қилишимиз, ҳамда ўрганиб янада кенгроқ тушунчага эга бўлишимиз зарурдир. Бу ҳам бугунги кунда энг зарур, муҳим, долзарб бўлиб турган маънавиятимизга эътибор ва эъзозни кўрсатиб беради. Чунки, нафақат Ахсикент, бошқа жойлардаги археологик, моддий маданий ва тарихий ёдгорликларни, ўз ўтмиш меросимизни синчиклаб ўрганиш, уларни кўз қорачиғидай сақлаш, келгуси авлодларга ҳам жонли, ишонарли гувоҳ, далил сифатида қолдиришимиз зиммамиздаги маъсулиятли маънавий бурчимиздир.
Шунингдек вилоятимиз ҳудудида ҳам қадимий шаҳарлар ва диққатга сазовор муқаддас қадамжоларнинг мавжудлигидан келиб чиккан холда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик тантаналарида юртбошимиз И.А.Каримов Ахсикент, Наманган, Андижон ва Қўқон шаҳарларининг ҳам юбилей тўй-ларини ўтказиш вақти келганлигини таъқидлаганлари диққатга сазовордир.
Муаммоларнинг бири жойлардаги оддий фуқаролардан тортиб рахбар шахсларгача ёдгорликларга нисбатан бефарқлик ва лоқайдлик билан қарашлари, ҳатто уларни оёқ ости қилиш, салбий холатларнинг содир бўлишидир. Жумладан, Ахсикент археологик ёдгорлигида ҳам шу ҳолатлар содир этилган эди. Давлат муҳофазасига олинган ва аниқ чегараси, майдони белгилаб қўйилганига қарамай, шўролар тузуми даврида ёдгорлик майдонининг бир қисмига пахта ва бошқа экинлар экилган. Маданий катламлар мавжуд бўлган жойларга сув қўйиб юборилган ва бир неча минг йилдан бери ер остида сақланиб келган ашёвий далилларнинг бузилишига йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейинги йил-ларда ҳам шунга ўхшаш нохуш ҳолатлар яна тақрорланиб, томорқа ёки экин майдонига айлантириш ишлари юз берган. Жуда катта кийинчиликлар билан бундай салбий холатлар олди олиниб, тартибга келтирилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Археология мероси объект-ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги 2009 йил 13 октябрда қабул қилган Қонуни айни муддао бўлди. Ҳозирги кунда ушбу Қонуннинг ижросини таъминлаш борасида вилоятдаги мавжуд археологик ёдгорликлар давлат муҳофазасига олиниб уларнинг сақланиши ва келгуси авлодга бус-бутун етказилишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва тарих маданият ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Энг муҳими шундаки, Ахсикент археологик ёдгорлиги ҳақида бошқа мамлакатларда ҳам маълумот, тушунчага эга бўлингани, халқаро ташкилот-лар томонидан қайд этилганлигини алоҳида таъқидлаш ва фахрланиш мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак. Мустақилликдан кейинги йилларда Ахсикент археологик ёдгорлигига бўлган қизиқиш нафақат Республикамиз балки чет эллик олим ва сайёҳлар томонидан ҳам ортиб бормоқда. Ёдгор-ликнинг бебаҳо ҳазина эканлиги, уни чуқур ўрганиш ва жаҳон халқларига илмий асосда маълум қилиб бориш кераклиги, шу билан бирга очиқ музей ташкил қилишлик ҳақидаги фикрларни изҳор қилишди. Масалан, 1994 йил январ ойида Ахсикент ёдгорлиги билан қизиқиб, яқиндан танишиб чиққан БМТ нинг Ўзбекистондаги вакили Холид Малик ўз таассуротлари ва қимматли фикр-мулохазаларини изҳор қилди. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти-нинг 2007 йил октябр ойидаги Шанхай Конферанциясида Ахсикент археоло-гик ёдгорлиги ташкилотнинг махсус рўйхатига расмий равишда қиритилди.
Юқоридагилардан ҳулоса қилиб, Ахсикентни нафақат Ўзбекистондаги балки, Марказий Осиёдаги антик даврдан бошлаб ривожланган, кейинчалик пойтахт шаҳарга айланган, буюк ипак йўлида жойлашган ва жаҳон тараққиётига ўзига хос ҳисса қўшганлигини ҳисобга олиб, Ахсикентнинг 2500 йиллик тарихини илмий асосда ўрганиб, уни халқаро миқёсда тарғиб қилиб, жаҳон тарихи дурдоналари сафига олиб чиқиш мақсадида турли тадбирлар ўтказишни долзарб масала қилиб қўйиш пайти келди деб ҳисоблаймиз. Бу эса ўз навбатида истиқлолимизнинг бугунги кунда берган имкониятларидан тўғри фойдаланиш ва миллий ўзлигимизни англашимизни, маънавиятимизнинг юксалишини кўрсатиб беради.
Қискаси, Ахсикент ҳақида тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари, Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд, Гулқишлоқ ва Ахси қишлоқларида истиқомат қилувчи фуқаролар жиддий қайғурадиган, кенг жамоатчилик эътибор берадиган ва ёдгорликни эҳтиёткорлик билан сақлашдек муқаддас, савобли ишга ўз улушларини қўшадиган вақт аллақачон етиб келди.
Ахсикент ёдгорлигини стационар равишда ўрганиб келаётган Ўзбекис-тон Республикаси Фанлар Академиясининг Яхё Ғуломов номидаги Архео-логия институти ходимлари ҳам янги топилмалар, қимматли маълумотлар ҳақида ҳабарлар бериб боришлари янада аҳамиятли ҳисобланади. Қазишма ишлари жараёнида ва кейинги тадқиқот ишларида шу соҳага яқин бўлган мутахассисларни жалб этиш ва ёдгорликни чуқур ва кенг ўрганилиши учун замин бўлишини эътиборга олиниши муҳимдир.
Ахси, Ахсикат, Ахсикент ҳақидаги маълумотларни ва фикрларни баён қилар эканмиз, Наманган шаҳрида бу табаррук ном билан аталувчи кўча ва турар жой мавзеи борлигини ёритишни зарур деб хисобладик. Ахси кўчаси шаҳарнинг марказий қисмида бўлиб, Сардоба даҳасидаги аҳоли қадимдан яшаб келган кўчадир. Наманган шаҳрида аҳолининг ўсиши ва янги турар жойларнинг барпо этиш масаласини хал этиш мақсадида 1988 йилда шаҳарнинг шимолий қисмида янги турар жой массиви ташкил этила бош-ланди. Унга ўша йили Ахсикент номи берилди. Ҳозирги кунда 1-2- Ахсикент мавзеси аҳоли гавжум яшайдиган масканга айланди. Бу хол Наманганлик-ларнинг ўтмишдаги Ахсикент шаҳрига бўлган ҳурмат эхтиромларининг бир кўриниши дейишимиз мумкин.
Ахсикент археологик ёдгорлигида сайёҳлик йўналишини кенг йўлга қўйиш, уларга қулайлик яратиш мақсадида ҳимоя ҳудудида алоҳида маскан – кемпинг ёки карвонсарой қуриш, ундаги сервис хизматини талаб даражасига келтириш ҳамда археология музейи ташкил этилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ушбу рисола билан танишиб чиққан муҳтарам китобхонларимиз Фарғона водийсининг пойтахти бўлган Ахсикент ҳақида чуқур мулоҳазалар юритадилар ва шу каби ёдгорликларимизни асраб авайлашдек шарафли ишга ўз ҳиссаларини қўшадилар деб ўйлаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |