Ахборотни криптографик ҳимоялашнинг дастурий воситалари – мустақил ёки бошқа тизимлар таркибида ишловчи ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун уни криптографик ўзгартирилишини таъминловчи маълумотларни ишлаш тизимининг дастурий ва техник элементлари мажмуи. Қуйида ушбу дастурий воситаларга тааллуқли хорижий ва мамлакатимиз компанияларининг махсулотлари келтирилган.
Криптопровайдер КриптоПро CSP 3.6 – ахборотни криптографик ҳимоялашнинг сертификацияланган воситаси бўлиб, иккита асосий масалани хал этади: стандарт ва ҳамма жойда ишлатилувчи Microsoft фирмасининг ишончли Россия криптографиясили иловалардан фойдаланиш имконияти (корпоратив фойдаланувчилар учун) ва Microsoft фирмаси махсулотларидан фойдаланган ҳолда янги, ишончли ҳимояланган иловаларни яратиш имконияти (тизимли интеграторлар учун).
Ахборотни ҳимоялаш тизимининг Secret Disk оиласи шахсий компьютердан муайян фойдаланувчилар учун ҳимояланган ахборот элтувчиларини виртуал мантиқий дискларини ташкил этиш йўли билан ахборотни ҳимоялашга имкон беради. Фойдаланувчилар учун маълумотларни шифрлаш “шаффоф” режимида амалга оширилади, яъни ахборот ёзилишида автоматик тарзда шифрланади, ўқишда дешифровка қилинади.
КриптоАРМ – криптографик воситалар билан ишлашнинг қулайлигини таъминловчи универсал дастурий таъминот. КриптоАРМ ахборотни ишончли ҳимоялашга ва Интернет тармоғи бўйича узатиладиган ва турли хил элтувчилардаги (дискетлардаги, флеш карталардаги, токенлардаги) электрон маълумотларнинг муаллифлигини кафолатлашга мўлжалланган.
E-XAT – ҳимояланган электрон почта тизими фойдаланувчилар орасида электрон хабарларни ҳимояланган алмашишни ташкил этишга мўлжалланган. Ушбу тизим ахборотни криптографик ҳимоялаш воситаларидан ва ахборотни криптографик ҳимоялаш соҳасидаги давлат стандарти асосидаги электрон рақамли имзо (миллий криптопровайдер) воситаларидан фойдаланади.
Тармоқни ҳимоялашнинг дастурий воситалари. Аксарият хужумга уринишлар ташқаридан бўлиши сабабли тармоқ хавфсизлигига алоҳида эътибор бериш зарур. Тармоқлараро экран – маълум протоколларга мувофиқ кирувчи ва чиқувчи маълумотлар пакетини фильтрлаш вазифасини бажарувчи аппарат ёки дастурий воситалар комплекси. Қуйида муайян ташкилотлар учун тармоқлараро экран ишлашини созлаш ва тайёр вариантларини танлаш имконини берувчи дастурий маҳсулотлар келтирилган.
Trust Access – тақсимланган тармоқлараро экран Россиянинг “Ҳисоблаш техникаси воситалари. Тармоқлараро экранлар. Рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоялаш. Ахборотни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоялаш кўрсаткичи” талабларига мувофиқ сертификатланган.
Security Studio Endpoint Protection – ўзида тармоқлараро экранни, хужумларни аниқлаш ва вирусга қарши воситаларни бирлаштиради. Тармоқ ресурсларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлайди, спам ва турли хил ташқи таҳдидлардан ҳимоялайди.
UserGateProxy&Firewall – фойдаланувчиларнинг Интернетдан фойдаланишларини, трафикни қайд этишни ва фильтрлашни, ресурсларни ташқи хужумлардан ҳимоялашни ташкил этишга мўлжалланган.
CISCO IDS/IPS – хужумларни қайтариш бўйича ечим. Унда анъанавий механизмлар билан бир қаторда тармоқ трафигидаги нонормалликларни ва тармоқ иловаларининг нормал ҳаракатидан четланишларини кузатувчи ноёб алгоритмлар ишлатилади.