1. Қадария ва жабария таълимотининг пайдо бўлиши. Қадаpия таълимоти илк ақидавий оқимлардан бири бўлиб, бу таълимотга кўра, инсон ўз тақдирини ўзи яратади ва белгилайди. Ушбу таълимот ирода эркинлиги масаласида бошқа таълимотлардан ўзгача ғояни илгари суради. Бу таълимот жабария таълимотига қарама-қарши ғоя асосига қурилган эди. Қадария таълимотига кўра, инсон барча қилган амалларининг яратувчиси ҳисобланади. Таълимот вакиллари, жабарийлар таъкидлаган «банда мазлум» деган ғоядан йироқлашиш мақсадида, банда ўз феълларининг холиқи, деганлар. Уларнинг фикрича, одиллик Аллоҳнинг асосий сифатларидан биридир ва Аллоҳ гуноҳни олдиндан белгилаб қўйган бўлиши мумкин эмас, Аллоҳдан фақат адолатли тақдирни кутиш мумкин, гуноҳ ишлар эса инсоннинг ўз фаолияти билан боғлиқ. Демак, инсон ирода ва фаолият эркинлигига эгадир. Шунинг учун у гуноҳ қилади, деган хулосага келадилар.
Қадарийлар сиёсий жиҳатдан умавийлар хонадонидан бўлган халифалар ҳокимиятига қарши турардилар. Уларнинг таълимотини VIII аср охирларидан муътазилийлар изчил тарзда давом эттирдилар. Лекин муътазилийлар ўзларини қадарийлар деб аташдан бош тортганлар. Қадария таълимоти тарихда турли оқим ғояларига сингиб кетганлиги боис муътазилийларга ҳам, муржиийларга ҳам қадарийлар нисбаси берилган.
Қадарий ва муътазилийларнинг машҳур олими Сумома ибн Ашрас ан-Нумайрий (ваф. 828 й.) имонни хорижийлар таълимоти асосида тушунтирган, яъни гуноҳи кабира қилган инсон тавбасиз вафот этса, тўғри дўзахга тушади деб, таъкидлаган. Маъмун ва Муътасим даврида қадарийлар етакчи сиёсий куч ҳисобланган. Сумома ибн Ашраснинг ақидавий қарашлари натижасида қадарий-муътазилийлар таркибида «сумомия» деган оқим пайдо бўлган.
Шунингдек, қадарий-муътазилийларнинг яна бир олими Муаммар ибн Ибод Сулламий (ваф. 830 й.) Аллоҳнинг сифатларини тубдан инкор қилиб, инсон ўз феълларининг яратувчиси, деган ақидани илгари сурган. Унинг ақидавий қарашлари негизида қадарий-муътазилийлардан яна «мауммария» деган оқим пайдо бўлган. Сумомия ва муаммария оқимлари ҳақида юқорида тўхталиб ўтган эдик.
Калом илмида катта аҳамият касб этган яна бир ақидавий оқим – жабарийлар VII аср охири – VIII аср бошларида пайдо бўлган ақидавий таълимот ҳисобланади. Жабарийлар таълимотига кўра, инсонда ирода эркинлиги мутлақ йўқ, деб ҳисобланган. Бунга кўра, инсон Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилган яхши ёки ёмон амални мажбурий тарзда бажариши шарт. Шунинг учун ҳам бу таълимот «жабария» (мажбурлик) деб номланган. «Ирода эркинлиги» тушунчаси жабария таълимотида мутлақ инкор қилинади. Бу эса, банда томонидан қилинган ёмон ишларда банданинг айби йўқ, деган тушунчани келтириб чиқарган. Абул Муин Насафийнинг «Баҳр ал-калом» асарида, «жабарийлар, инсон худди ҳавода учаётган япроқ кабидир, шамол япроқни қаерга элитса, ўша ёққа учгани каби, деб таъкидлаганлар» дейилади. Аҳли сунна вал жамоа таълимотига кўра, Аллоҳ ҳеч қайси бандани бир нарсани қилиш ёки қилмасликка мажбурламайди.
Улар ўзларининг ақидаларига Қуръондан қуйидаги оятларни далил келтирганлар:
...